G'oyalar va soyalar @khurshidyuldosh Channel on Telegram

G'oyalar va soyalar

@khurshidyuldosh


Xurshid Yo'ldoshev falsafasi, tahlili va kuzatuvlari

Blog: https://khyuldoshev.wordpress.com

Youtube: https://youtube.com/@goyalarvasoyalar

G'oyalar va soyalar (Uzbek)

Salom, aziz do'stlar! Bu yerda siz Xurshid Yo'ldoshevning g'oyalar va soyalar bilan tanishishingiz mumkin. Bu kanalda Xurshid Yo'ldoshevning falsafa, tahlili va kuzatuvlari haqida eng so'nggi yangiliklar va maqolalar paydo bo'ladi. Xurshid Yo'ldoshev birinchi shaxslar orasida bo'lib, uning fikrlari va tasavvurlari bilan tanishib, o'z dunyoqarashini o'zgartirishga hujum qiladi. Agar sizga falsafa, dunyo nazariyati va fikrlarining tahlili yoqgan bo'lsa, ushbu kanal siz uchun mo'ljallangan. Xurshid Yo'ldoshevning blogi va YouTube sahifasi orqali uning ishlaridan xabardor bo'lishingiz mumkin. Ayni paytda, uning YouTube kanalida videolar va darslar ham mavjud. Sizning dunyoqarashingizni o'zgartirish uchun Xurshid Yo'ldoshevning fikrlaridan foydalaning va g'oyalar va soyalar bilan tanishib, o'z o'ylaringizni ko'payting. Hojatda qolishingizni tavsiya qilamiz!

G'oyalar va soyalar

10 Oct, 03:59


Yozishga ham, o’qishga ham vaqt topolmasang, podkastga bor, bir soat gurunglashsang, bir ish bitgan hisob. Shunga odatiy mavzumga yaqin bo’lmasa ham, borib Hamid Sodiq bilan suhbatlashib keldim.

Befarqlik masalasi ta’rifidan tortib, mezoniyu sabablarigacha juda murakkab bo’lgani uchun javob berish ham oson emas, ba’zida umuman imkonsiz bo’ladi, shaxsiy fikr aytilishi mumkin, xolos. Dalillar yetarli bo’lmaganda xulosa qilishga shoshmaslik kerak.

@khurshidyuldosh

G'oyalar va soyalar

23 Jul, 06:30


Одамнинг бахти ёки ҳаётдан қониқиши унинг бойлигига қанчалик боғлиқ?

Бахт учун маълум даражада бойлик бўлиши керак, албатта. Буни инкор қилиш ярамайди. Лекин бу ягона сабаб эмас. Яна бир омил борки, кўпчилик бунга эътибор бермайди. Бу – кутилма. Ҳар бир инсоннинг ҳаётдан ўз кутилмалари бўлади. Тасаввур қилайлик, икки камбағал одам – даромади бир хил, турмуш шароити бир хил. Аммо ҳаётдан кутилмалари турли. Бири кўпроқ кутади, бошқаси камроқ. Кутилмаси кўпроқ одамнинг ўз турмушидан норозилиги мос равишда кўпроқ бўлади. Кутилманинг кўпроқ ёки камроқ бўлиши унинг ўзини кимга ёки кимларга солиштириши билан белгиланади. Одатда кутилмаси кўпроқ камбағал ўз турмушини нисбатан бойроқ одамникига қиёслайди. Ижтимоий тармоқларнинг оммалашуви камбағалларнинг бойлар ҳаётидан хабардорлик даражасини оширди. Илгари камбағаллар одатда ўз маҳалласидаги бирор бойга ўзини қиёсларди, ҳозир “Инстаграм”да ўз ҳаётини кўз-кўз қилувчи исталган бойга қиёслаши мумкин. Оқибатда кутилмалар аввалгига нисбатан ортган. Одамнинг ўртача турмуш даражаси ўсиши кутилманинг ўсишидан ортда қолса, у ўзини бахтли ҳис қилиши камайиб бораверади, гарчи ҳаёти яхшиланиб бораётган бўлса ҳам. Кутилма кўтарилиши таълим, соғлиқни сақлаш, экология, озиқ-овқат сифатига нисбатан талаблар ортиб боришида ҳам кўринади. Қачонлардир интернет тезлиги 20 Мб бўлганда одамлар хурсанд бўлар эди, ҳозир бу кам. Қачонлардир одамлар 10 та фарзандидан 5-таси тирик қолса ҳам бахтли эди.

Нима учун баъзида бойроқ жамиятларда одамлар ўзини бахтсизроқ ҳис қилиши сабабини кутилма билан ҳам ўлчаш мумкин. Дунёга ёпиқ, дунё бехабар ва ҳамма камбағал бўлган давлатларда одамлар ўзини бахтлироқ ҳис қилиши мумкин деса, ҳайрон бўлмасдим.

Бахтлиликни фақат моддий кутилма билан ўлчаш ҳам тўғри эмас. Кам сонли бўлса-да, маънавий талаблари бўлган идеалист, романтик одамлар ҳам бор. Масалан, эркинликни истовчи одамнинг реалда эркинлашиш даражаси унинг идеалидаги эркинлик, яъни кутилма эркинлигидан ортда қолса, у ҳам ўзини эрксиз, тутқундек ҳис қилиши мумкин. Ёки перфекционистларда кутилмалар баландроқ бўлгани учун ҳаётда жиғига тегадиган ҳолатларга кўпроқ учрайди.

Кутилмаларнинг юқорилаши жамиятнинг умуман ривожланиши учун яхши, одамлар кўпроқ талаб қилади, каттароғига интилади ва ўсиш бўлади. Аммо бу алоҳида шахсларнинг руҳан зўриқиши ҳисобига рўй беради.

Хуллас, ўзимни бахтсиз ҳис қилсам, ўйлаб кўришим керак: бу ҳаётим реалда ёмонлашгани учунми ёки кутилмам ўсгани учун? Баъзида иррационал истаклар одамни бахтсиз қилади.

Яхши ҳаёт қандай ҳаёт ўзи? Қандай ҳаёт инсон учун муносиб ҳаёт ҳисобланади? Булар фалсафий саволлар. Ана шу саволларга ҳар кимнинг (онгли, англанган ҳаёт кечирадиган ҳар кимнинг) ўз аниқ жавоби бўлиши керак. Менимча, ана шунда кутилмаларни ҳам нисбатан назорат қилиш осонлашади.

@khurshidyuldosh

G'oyalar va soyalar

27 Oct, 05:39


G'oyalar va soyalar pinned «МУНДАРИЖА 1. Nega boshqalarning aqliga ergashmaslik kerak? 2. Individualism nima va u bizga nega kerak? 3. Neojadidlar qayerda xato qildi? Tanqid va taklif 4. Falsafadan nima naf? 5. Axloqiylik mehvari 6. Zaruriyatdagi tasodif – mo’jiza nima? 7.…»

G'oyalar va soyalar

27 Oct, 05:39


93. “Нормал” сўзининг икки тур маъноси
94. Тил ва тафаккур - дефиниция ва дескрипция
95. Ўтмишда илмлар таснифи
96. Тушуниш ва ҳис қилиш
97. Диний рамзлар ва бутпарастлик
98. Исломда ният ва амал
99. Axloqsiz qonun va qonuniy korrupsiya... bo'lishi mumkinmi?
100. Мутахассисдан нимани кутиш керак эмас?
101. Ko’rmuridlik – fikriy go’daklik nimadir?
102. Баҳсларнинг зарари
103. Til va tafakkur: fikriy mujmallik haqida mulohazalar

@khurshidyuldosh

G'oyalar va soyalar

27 Oct, 05:38


МУНДАРИЖА
1. Nega boshqalarning aqliga ergashmaslik kerak?
2. Individualism nima va u bizga nega kerak?
3. Neojadidlar qayerda xato qildi? Tanqid va taklif
4. Falsafadan nima naf?
5. Axloqiylik mehvari
6. Zaruriyatdagi tasodif – mo’jiza nima?
7. Falsafiy so'roqlash nima?
8. "Qur'on ilmlari" ni o'qib...
9. Fakt va naql: din va fan o‘rtasidagi paradigmal farq. Dindagi ratsionallik va irratsionallik qay holatlarda ko‘rinadi?
Fakt va naql: fan va dinning paradigma farqi (javob)
10. Axloq evolyutsiya mahsuli
11. Effective altruism nima?
12. Тарихнинг мафкуравий ўзгарувчан ва турғун даврлари
13. Albert Eynshteyn. Din va fan
14. Христианликнинг чўкиши қандай бошланган?
15. Sotsial konstruksiyalar nima? Ularni qanday farqlash mumkin?
16. Билим нима?
17. Til va tafakkur: fikriy mujmallik haqida mulohazalar
18. Фикрий эксперимент ва илмий фантастика
19. Жон Ролзнинг “Ҳомила” фикрий эксперименти
20. Конкретлик ва абстрактлик нима?
Конкретлик ва абстрактлик нима? (Аввалгининг давоми)
21. Modern davlat payg’ambarlari: Hobbs, Lokk, Monteskye va Russo
22. Илмбозлик васвасаси
23. Исломофобия ваҳимаси
Islomofobiya xavfmi yo bir vahima?
24. Қандай мафкура хавфлироқ?
25. Nima uchun ateizm din emas?
26. Қуллик, тирания, демократия
27. Нима учун чексиз толерант бўлиш либерализмга мувофиқ эмас?
Ҳамма бало тоқатсизликда
28. Руҳий касаллик ва соғломлик
29. Фалсафий матн қандай бўлади?
30. Иммануил Кант ва Мишель Фуко
31. Qadriyat absolyut bo‘lmasligi kerak
32. Хабарни текшириш
33. "1984". Ўзгача талқин
34. Libos shaxsni yashirmasligi kerak
35. Бурқа ва шахсий дахлсизлик
36. Канал номи нима учун "Ғоялар ва соялар"?
37. Шахсиятни ишонч кўрсатадими ёки амал?
38. Догматизм дин билан чекланмайди
Догматизм дин билан чекланмайди (давоми)
39. Исмоил Ғаспирали фикрларидаги айрим зиддиятлар
40. Чор Империясида плюрализм. Адиб Ҳолиддан иқтибос
41. Уламо нега ислоҳотга қарши эди? Адиб Ҳолиддан иқтибос
42. Сунъий ақл ва санъат
43. Конформизм ва ўзгачалик
44. Китоб таржимасидаги қисқартиришлар ҳақида
45. Дэвид Ҳюм. Тарихни ўрганиш ҳақида
46. Ахлоқда аксиома бўлиши мумкинми?
47. Шахсий ва ижтимоий ҳаётни ажратиш
48. Гармония, турфа хиллик ва Хитой
49. Билим ва адабиёт
50. Нозим Сафарий билан чақчақ
51. Шеърият ва сўз эркинлиги
Шеърият ва сўз эркинлиги (давоми)
52. “Табиий” “яхши”нинг маънодоши эмас
53. Хато саволлар ҳақида
54. Fikrning subyektiv yoki obyektivligi
55. Исломда феминизм
56. Мўъжизага ишонасизми?
57. Қоғоз ва бадан. Екатерина II ва файласуфлар
58. Маърифатчилар ва романтиклар маънавият ҳақида
59. “Мен кимман?” ва “Мен учун нима муҳим?”
60. Славянофиллар ва западниклар. Рус консерваторлари ва либераллари ҳақида
61. Консерватизм плюрализмдир, либерализм империялизмдир
62. Жамият ахлоқини бузувчи икки иллат. Ишончсизлик ва қўрқув
63. Хусусий мулк ҳуқуқи чексизми?
64. Далиллар етарли бўлмаганда хулоса чиқаришга шошмаслик
65. Платонча севги
66. Фалсафий матнни ўқиш қандай малакани шакллантиради ва у нимага керак?
67. Истак, фикр, пессимизм ва оптимизм ҳақида
68. Дилмурод Қуроновнинг ижодий эркинлик ҳақидаги фикрларига муносабат
69. Китоб турлари. Қачон нимани ўқиш керак?
70. Беҳуда баҳслар ҳақида
71. Тадбиркор фалсафаси
72. Метафизика нима ва у дунёқарашга қандай таъсир қилади?
73. Huquq falsafasi va huquqshunoslik farqi
74. Yolg‘ondan haqiqat yasash
75. Қуруқ тарғибот нега ишламаяпти?
76. Ҳокимият учун курашнинг уч йўли - қаерда ва қандай?
77. Ёрлиқ осиш - Қудрат ўйини
78. O’lim jazosi haqida
O’lim jazosi haqida (davomi)
79. Ирқчилик ҳақида
80. Оломон цензураси. Кўринмас кишанлар
81. Фалсафа фанми?
82. Ижтимоий фанларда башорат
83. Интеллектуал камтарлик ҳақида
84. Юзакилик ва анахронизм
85. Ирода эркинлиги ҳақида
86. Ma’naviyat bo’lmasa ham, ma’no bo’laveradi
87. Тоқатсизлашаётган Миллий мафкура ва Маънавият
88. Ўзини либерал ҳисоблаётганлар учун бош ғоялар
89. Файласуф ва донишманднинг фарқи нима?
90. Ультиматум ўйини
91. Факт ва назария, эволюция
92. Мистик тажриба ҳақида

G'oyalar va soyalar

27 Oct, 05:36


Мен одатда кундалик ҳайп мавзуларда ёзмайман. Мана шу каналга қўйганим айрим постлар 6-7 йил илгари кундаликка ёзилган гаплар. Бугун ёзиб, эълон қиляпти деб ўйлашлари мумкин. Айримлари бир ой олдин, яна айримлари кўчани айлангани чиққанда туйқус келиб қолган фикр.

Гап шундаки, ижтимоий тармоқлар мен ёзадиган мавзулар учун унчалик боп платформа эмас. Мавзу аҳамияти эскирмаса ҳам, пастга тушиб, йўқолиб кетаверади. Шунгами, ҳаммаси ҳавога соврилаётгандек туюлади. Wordpress каби блоглар сал тузукроқ. Чунки у ерда бир саҳифалик постни таҳрир қилиб, бойитиб, мисолларни кўпайтириб кетаверса бўлади. Баъзида аввалига митти пост кўринишида қўйилган матн бир йилдан кейин 10 саҳифали каттагина мақолага айланган ҳолатлар бўлган.

Телеграм кундалик янгиликларга изоҳ бериш учун қулай экан, ёзасизу унутасиз, тамом. Буниси эса менга доим ҳам тўғри келмайди. Ҳайпга сабаб бўлган ҳар қандай маълумот, хабарга шубҳа билан қараганим боис, янги тафсилотлар чиқмагунча у ҳақда тугал фикрим бўлмайди. Тугал фикр шаклланганда эса ҳайп мавзу эскириб, ҳеч кимга қизиғи қолмайди. Бир ой олдин роса муҳокама бўлган масалада чанг босилгач гапириш эриш туюлади.

Шунинг учун маъқул ёндашув алоҳида воқеалар ҳақида эмас, тенденциялар ҳақида гапириш деб ўйлайман. Тенденциялар бир-бирига сиртдан қараганда боғлиқ эмасдек кўринган, аммо асли бир бўлган жараёнлардир. Уларни каттароқ масштабдаги контекстга қўйиш мумкин, ҳам горизонтал (маконда), ҳам вертикал (вақтда). Бироқ бунақа жараёнлар эса кўпчиликка қизиқ эмас. Масалан, умуман коррупцион тизим ҳақида гапирсанг, ҳеч кимга қизиқмас, аммо Эшмат ёки Тошматнинг аниқ бир бузуқлиги ҳақида гапирсанг қизиқ. Аммо бу менга қизиқ эмас. Чунки Эшмат ёки Тошматнинг бузуқлик қилишига йўл берадиган ҳам, уни чеклайдиган ҳам тизимдир, институтлардир. Янги ва янги эшматвой, тошматвойларнинг бузуқ чиқавериши муаммо одамларда эмас, тизимда эканлигига далолат қилади. Ҳокимни сўкамиз, вазирни лаънатлаймиз… янги ва янгилари келаверади, лаънатлаш акциялари ҳайп кўринишини олади ва вақт ўтиб босилади, муаммо эса жойида қолади. Аслида-ку аксар тизимли муаммоларнинг ечими дунё тажрибасида бор, шунчаки татбиқ қилинмайди.

Шунга Телеграмда канал юритиш қанчалик кераклиги ҳақида ўйлаб қоляпман. Чунки Телеграмга аксар одамлар бирор нарсани жиддий ўқиш учун эмас, эрмакка кўз югуртириш учун киради. Табиийки, мулоҳаза қилишни талаб қиладиган ҳар қандай узун пост тушунилмай қолади.

Канални давом эттириш учун ўзимга баҳона топдим: Кундаликка ёзиб қўяётган мулоҳаза, фикрларимнинг айримларини бошқалар билан бўлишаман. Бу канал ана шу бўлишиш учун бир платформа. Баъзида эски ёзганларимни ўқиб ўтираман, ўшанда қандай фикрлаганим қизиқ. Шу боис илгари ёзилган, аммо вақтга у қадар боғлиқ бўлмаган мавзуларни мундарижа қилиб қўйдим. Ўзимга ҳам керак бўлиб қолар деб.

G'oyalar va soyalar

25 Oct, 16:00


https://khyuldoshev.wordpress.com/2023/10/25/zaif-mafkura-qanday-tarqaladi/
@khurshidyuldosh

G'oyalar va soyalar

17 Sep, 11:44


Ён дафтардан

@khurshidyuldosh

G'oyalar va soyalar

29 Jul, 08:55


>> Хўш, бу воизлар шуни тушунмайдими?
Менимча тушунади, аммо дини ислом ҳимояси учун хийла жоиздир деб билади. Исломга кўра, урушда хийла қилиш жоиз ишдир. Воизлар эса ўзларини “ислом душманлари”га қарши фикрий уруш ҳолатида деб билади. Демак, тарафдорлари сонини кўпайтириш учун, мухолифларни ғирром йўл билан бўлса ҳам мағлуб этиш учун хийла ишлатишни шаръан мумкин деб ҳисоблайди. Бошқача айтганда, каттароқ наф учун кичикроқ зарарга рози бўлади. Шунинг учун, мулла рост гапиради ва доим холис деган мифни улоқтириб ташланг, ёлғонни ҳам, хийлани ҳам оқлаш учун шаръий йўл топса бўлади ва бу уларнинг виждонини анча енгиллаштиради. Хийла қилаётган одам эса ҳеч қачон буни очиқ тан олмайди. Мана, нима учун биз турли диний сайтлар, каналларда текширилмаган маълумотлар, дезинформацияга дуч келамиз, воизлар ҳеч иккиланмай одамларни айблаб ташлаётганини кўрамиз. Улар учун бу дин йўлидаги курашдир, бу курашда хийлага ўрин бор.

Бу гапларим тасдиқланмаслигини жуда истардим, аммо йилдан йилга юзлар очилгани сари эски хавотирли гипотезам тасдиқланиб боряпти.

@khurshidyuldosh

G'oyalar va soyalar

29 Jul, 08:55


Диний воиз Мубашшир Аҳмад миллатимизга турли ёт унсурлар хавфидан огоҳлантирибди. Либерализм, атеизм, деизм, феминизм каби унсурлар бизга ёт, бегона, зарарли эмиш ва кимки буларни қабул қилса, миллатга, динга, ота-боболарига “хоин” бўлар эмиш.

Нима у ёт унсур? Четдан нимадир кириб келиши уни инкор этиш учун етарли асосми? Кимдир четдан кириб келган ниманидир қабул қилса, демак у ота-боболари танлаган қайсидир йўлдан юз ўгирган, яъни хоин бўладими?
Бутун ҳаёт тарзимиз ёт унсурлардан иборат-ку!

Бизда парламент тизими бор. Илгари бизда бўлганми шунақа институт? Номига бўлса ҳам, президентни сайлаш одати бор. Бизда илгари шунақа одат бўлганми? Боболаримиз йўли деб, хонликка қайтайликми? Ёзувимиз кирилл ёки лотинда. Ота-боболаримиз қайси ёзувни ишлатган? Арабми? Араб ёзувидан илгари-чи? Мактабларда қиз ва ўғил болалар бирга таълим олади? Аждодларимиз шундай қилганми? Турли дунёвий байрамлар – мустақиллик, Янги йил, 8 март аждодларимиз байрамими? Қачонлардир аждодларимиз зардуштий, тангричи ёки буддист бўлган. Уларнинг авлодлари исломни қабул қилди. Шунда бизнинг исломни қабул қилган аждодларимиз ўз аждодларига хоинлик қилганми? Яъни, биз хоинларнинг авлодларимизми? Жадидлар янгича таълимни жорий қилмоқчи бўлганда эски йўл тарафдорларининг қаршилигига учраган. Чунки жадидлар ҳам европача таълимни жорий қилиб, боболари йўлига “хоинлик” қилаётган эди.

Ҳозир мен тангричиликни қабул қилиб, йигирма аср илгариги аждодларимиз йўлига қайтсам, хоин бўламанми? Ёки у вақтлардаги боболаримиз бобо эмасми бизга? Қайси бобомизни асос қилиб оламиз?

Четдан ниманики қабул қилиш, аждодларга хоинлик бўлса, ўз қобиғимизга ўраниб яшашимиз керакми? Турли маданий, илмий, фалсафий ғоялар ва қарашлар дунё бўйлаб кўчиб, халқдан халққа ўтиб юради. Демак, биз ҳаммасидан мосуво бўлишимиз ва бобомиз берган “кийим”га садоқат сақлашимиз керак, шундайми?

Бирор инглиз исломни қабул қилса, бу воизлар уни мақтайди, ҳидоят топди дейди. Нега уни "хоин" демайдилар? Ахир боболари динидан кечяпти-ку! Хоинликнинг бирор холис таърифи борми ўзи?

Бу воиз Мубашшир Аҳмад “хоин” сифатида айблаш учун келтирган “аргумент”. Ўзингники бўлмаса, демак хоинсан. Аммо бу моҳиятан пуч аргумент, уни ўзини ўзига қарши ишлатиш мумкин. Чунки бобонинг йўли сифатида ҳимоя қилинаётган исталган ҳаёт тарзи қачонлардир ёт унсур бўлган. Масалага бу тарзда қаралса, боболарига хоин бўлмаган ҳеч ким йўқ. Ҳатто бу одамнинг ўзи ҳам хоин бўлиб қолади. Туркийларнинг авлоди араб маданий экспансиясига хизмат қилмоқда ва бошқаларни хоинликда айбламоқда десам, қайсидир маънода ҳақ бўлиб чиқаман, агар унинг мантиғини қабул қилсам. Агар биз ҳозир янги бир динни қабул қилиб, “хоин”га айлансак, орадан минг йил ўтиб, 3023 йилнинг Мубашшир Аҳмади шу динни боболаримизники деб, бошқаларни хоинликда айблаётган бўлади.

Келинглар, тафаккур уфқимизни кенгайтириб, каттароқ макон ва замон миқёсида қарайлик. Кенг фикрлилик дегани шу бўлади.

Башарти бу миллат турғун бир жойда қотиб қолишни истамаса, янги ғояларга очиқ бўлиши керак. Қайси ғояни қабул ёки инкор қилиш ғояларнинг ўзаро кураши ва мулоқоти асосида кечиши лозим. Муҳолифнинг шахсини ҳақоратлаш, унинг овозини ўчиришга бу тахлит уриниш ютқазишнинг биринчи белгисидир. Тушунаман, ўзгаришлар доим оғриқли кечган. Бошқаларга тоқатлилик, бағрикенглик, тўғрисўзликни, босиқликни ўргатишга даъво қилаётган одам, аввало ўзи ўшандай бўлиши керак эмасми?

Яна бошқа бир жиҳати шуки, бу одам ва у кабилар либерализм, деизм, феминизм каби “ёт” унсурлар ҳақида гапириб, уларга лой чапласа, одатда ўзини либерал ёки деист ҳисоблайдиган кимларнидир эсга олади, уларнинг қилмишини қоралайди ва, мана, либерализмнинг аҳволи дейди. Либерализмнинг алоҳида бирор фундаментал ғоясини олиб, ўшани таҳлил қилаётганини эса кўрганим йўқ. (Таҳлил қилиш учун ҳам билим, ақлий салоҳият ва ҳолислик керак.) Бу худди бирор мусулмон қилаётган ишни кўрсатиб, мана исломнинг аҳволи деган каби иш. Ғоя эмас, шахсларга, гуруҳларга эътибор қаратиш, таълимотни қоралаш учун етарли эмас. >>

G'oyalar va soyalar

07 Jul, 11:51


Юқоридаги видеода фалсафанинг вазифаларидан бири фикрий эркин инсонни тарбиялаш экани ҳақида гапирган эдим. Аммо унинг вазифаси шу билан чекланмайди. Улардан яна бири концептуал таҳлилдир.

Инсон тушунчалар орқали фикрлайди, тасвирлар, сезгилар, ҳислар орқали эмас. Агар тушунчалар чалкаш бўлса, фикрлаш ҳам мужмал, ноаниқ ва, катта эҳтимол билан, хато хулосага олиб боради.

Ҳар қандай тушунча муайян гуруҳга мансуб алоҳида предметларни (ёки ҳодисани) ифодалайди. Уларни бир тушунча атрофида гуруҳланиши эса маълум бир асосий хусусиятлар орқали бўлади. Масалан, олма тушунчаси бир турдаги мевага хос бирламчи барча хусусиятларни жамлайди. Агар “олма” тушунчамизнинг ана шу хусусиятлар таркиби чалкаш бўлса, биз олма билан нокни фарқлай олмаслигимиз ва иккисини бир ном билан аташимиз мумкин. (Тушунча ва сўз фарқи ҳақида алоҳида ютубда видео қилганман. Кўпчилик тушунча билан сўзни фарқламайди. Тушунча мантиқнинг, сўз лингвистиканинг предметидир.)

Одатда моддий, қўл билан ушлаб, кўз билан кўрса бўладиган предметлар ҳақидаги тушунчалар нисбатан аниқ бўлади. Аммо номоддий ёки айрим ҳодисалар ҳақидаги тушунчаларимиз (масалан, гўзаллик, адолат, эркинлик, чексизлик, борлиқ, йўқлик, қотиллик ва ҳк) таркиби ноаниқ бўлиши эҳтимоли катта. Ана шунда биз турли ҳодисаларни бир-биридан ажрата олмай қоламиз.

Тушунчаларимиз таркибини аниқлаштириш жараёни таҳлил, яъни анализ деб аталади. Аммо бу аниқ бир нарсанинг таҳлили бўлмагани учун биз уни концептуал таҳлил деймиз.

Хўп, концептуал таҳлил қандай бўлади? Содда қилиб тушунтирсам, кимдир сизга “Биз адолат ўрнатамиз”, “Борлиқда чексизлик йўқ”, “Эркинлик масъулиятдан олдин келади” каби гапларни айтса, адолат/борлиқ/чексизлик деганда нима назарда тутиляпти, дея уларни аниқлаштириришга уринсангиз, ана шундан концептуал таҳлил бошланади. “Мендан худога ишонасизми?” деб сўрашса, худо деганда нимани назарда тутяпсиз деб сўрайман. Чунки тушунча аниқ бўлмагунча, ўша тушунча қатнашган гап доим ноаниқ бўлади. Бу элементар сўроқлашдир. Айни пайтда тушунчанинг таркибига кириш, у орқали ифодаланган ҳодиса ўзи нималиги ва нима эмаслиги аниқлаштирилиши мумкин.

Фалсафа асосан ана шундай таҳлиллар билан шуғулланади ва инсоннинг яхлит ва изчил дунёқараши шаклланишига ёрдам беради. Нафақат дунёқараш, шу билан бирга, мафкуралар, ахлоқий ва сиёсий қарашлар ҳам изчил бўлиши концептуал (яъники фалсафий) таҳлилни талаб қилади.
@khurshidyuldosh

G'oyalar va soyalar

07 Jul, 08:48


Тарафкашлик, тортишувлар кўпайиб боргани сари одамлар ўзи мансуб бўлган томоннинг ютуғию камчилигини беихтиёр бирдек ҳимоя қилади, қарши томоннинг ютуғиниям нуқсонини ҳам бирдек қоралай бошлайди. Ҳақиқат масаласи бир чеккага сурилиб, ғалаба қозониш масаласи олд ўринга чиқади.

Бу жуда ёмон тенденция, шунинг учун исталган мавзуда баҳслар бошланганда бирдан қўшилиб кетишдан тийилган маъқул. Шунчаки четдан кузатиш керак. Бироз ўтгач, аста ойдинлаша бошлайди. Томонларни эшита бошлайсиз. Агар аввал бошданоқ қўшилсангиз, ўзингизни рақибга қарши чиққан ўйинчидек ҳис қиласиз, натижада ўз томонингиз ва қарши томондагиларнинг гапларини фақат мақсадингизга мослаб қабул қилишни бошлайсиз. Маълумотлар, аргументлар элакдан ўта бошлайди. Ғалаба учун қоранинг қоралигини, оқнинг оқлигини кўрмай қоласиз, буни атай қилиш шарт эмас, шунчаки ақлимиз шундай ишлайди.

Буларни ўз тажрибамдан келиб чиқиб, кузатишларим асосида айтяпман. Ўзимда ҳам, бошқаларда ҳам кузатганман. Чиқарган хулосам шуки, баҳсга қўшилишга шошилма, кузат. Баҳсга қўшилгач, ҳислар алангалана бошлайди, ақл эса аста орқа томонга ўтиб кетади. Ҳар доим одам ўзига ўзи такрорлаб туриши керак: Мақсадим ҳақиқатни билишми ёки ғалаба қилиш. Ҳақиқат баъзида мағлуб бўлади, ёлғон ғалаба қилади. Ғалаба ва мағлубият ҳақиқатнинг мезони бўлолмайди. Омманинг олқиши эса ҳеч нарсани ифодаламайди, Бруно ёқилаётганда ҳам омма олқишлаган.

@khurshidyuldosh

G'oyalar va soyalar

06 Jul, 12:02


Yana bir va'z. 😊 Matn o'qimaydiganlar tezlashtirib tinglashlari mumkin.
https://www.youtube.com/watch?v=FjIG3tWEvwM

G'oyalar va soyalar

05 Jul, 14:49


Youtube’да подкаст интервьюлар кўпаймоқда. Мутахассислар билан суҳбатлар бўляпти. Улар билан суҳбатлашган яхшироқ, албатта. Аммо бир жиҳатни ёдда тутиш керак, ҳеч бир мутахассис ўз соҳасидаги ҳар қандай саволга тўла ва аниқ жавоб бера оладиган даражада билимдон бўлмайди. Соҳалар жуда кенг, камига мураккаблашиб боряпти. Физик билан суҳбат қилинса, у физикага доир ҳар қандай саволга жавоб бера олади деб ўйлаймиз. Тарихчи билан суҳбатлашилса ҳам, интервьючи тарихнинг исталган қисмидан савол ташлайверади. Ваҳоланки, бир инсон бу қадар катта, қамровдор мавзуларни ўрганиб чиқишга улгурмайди, бунга жисмонан имконияти ҳам йўқ. Биргина фарқи, мутахассис ўзи шуғулланадиган соҳанинг методларини билади, эҳтиёткорроқ ёндашади. 20-аср тарихи бўйича, унда ҳам бўлса бирор конкрет мамлакат тарихи бўйича мутахассисдан антик давр ҳақида сўралса, табиийки, унинг жавобида хатоликлар бўлиши тайин ва буни тўғри тушуниш керак. Фараз қилинг, 9-аср Скандинавия тарихчисидан Чор Россиясининг Тошкентга босқинини сўраяпсиз. У ҳатто Тошкентнинг қаердалигини билмаслиги мумкин. У ҳам тарих, бу ҳам тарих. Тарихчи эса ҳаммасини билишга мажбур эмас. Стоматологдан кўз касаллиги ҳақида сўрамаймиз-ку, нега бошқа мутахассисликларга ҳам шундай қараш мумкин эмас?

Мендан ҳам баъзида фалсафанинг исталган бир пучмоғидан масала топиб сўрашади. Фалсафа жуда катта, қийин соҳа. Бир одам ҳаммасини билиши имконсиз. Биргина классик фалсафий китобни ўқиб, уни муайян фалсафий контекстга қўйиб тушунишга йиллар кетиши мумкин. Бошқа мутахассисликларда ҳам шу аҳвол. Бир соҳанинг мутахассиси ўз соҳасини тўлиқ эгаллаши имконсиз экан, бошқа соҳалар ҳақида гапирмаса ҳам бўлаверади. Қолгани шунчаки ҳаваскорлик.

Одамлар ҳар бир саволга мутахассисдан аниқ жавоб кутади. Аммо ҳамма саволга ҳам аниқ жавоб бериб бўлмайди. Соҳаларда баҳсли масалалар кўп учрайди. Ҳақиқий мутахассислар одатда аниқ жавоб йўқлигини тан олади. Одамларга эса ўша мутахассис билимсиздек бўлиб кўринади. Мутахассисмисан, аниқ жавоб беришинг керак деган бир тушунча бор. Камига подкастерлар ҳам "просмотр"ни кўпайтириш учун баҳсли саволларга аниқ жавоб олишни истайди. Баҳсли масаладаги ҳар қандай аниқ жавоб тортишувларга сабаб бўлади, бу эса подкастер учун кони фойда.

Мутахассис бўлмаганларнинг қийқириқларига эътибор бериш керак эмас. Фанда муаммо кўп бақирганнинг фойдасига ҳал бўлиб кетавермайди. Ҳақиқатни билишга астойдил қизиққан одам ўзи изланади.

@khurshidyuldosh

G'oyalar va soyalar

03 Jul, 07:44


Qaqrab yotgan Youtube kanalchamga biroz suv quydim:
https://m.youtube.com/watch?v=VvAxRqljwjc

G'oyalar va soyalar

13 May, 18:37


Ниятга қараб амалга баҳо берилади. Исломда ва айрим фалсафий ахлоқий таълимотларда шундай. Масалан, соғлиғи учун оч юрган одам, агар ният қилмаган бўлса, рўза тутаётган ҳисобланмайди, гарчи таомдан ўзини тийса ҳам. Актёр намоз ўқиётган одам ролини қиёмига етказиб ўйнаса ҳам, унинг ҳаракатлари намоз эмас, чунки ният бошқа. Аммо бир одам холис ният қилиб намоз ўқиса-ю, билмагани сабабли бирор жойини тўғри бажармаса ҳам, у барибир ибодат қилган саналади. Исталган диний амални олинг, ният муҳим. Ният бўлмаса, амалнинг шакли ҳисобга олинмайди.

“Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир. Албатта, ҳар бир кишига ният қилган нарсаси бўлади.” Бу жуда машҳур ҳадис.

Демак, бирор амалнинг қандайлиги аввало ниятга боғлиқ экан. Яъни ният бирламчи, шакл иккиламчи. Бу қоидани, менимча, аксар мусулмонлар тан олса керак. Тан олса ҳам, уни татбиқ қилишда изчиллик йўқ. Мисол келтираман:

Янги йил байрамини Исонинг мавлуди сифатида эмас, шунчаки йил янгиланаётганини ният қилиб нишонласа-чи? Шундай қилган одам насронийларнинг байрамини нишонлаган бўладими? Агар юқоридаги мезон асос қилиб олинса, ундай бўлмайди. Актёрнинг “намози” қанчалик ибодат бўлса, Янги йилни нишонлаш ҳам шунчалик насронийлик байрамини нишонлашдир.

Бирор ҳайкалтарош ҳовлисига бир ҳайкални ўрнатиб қўйса, унинг мусулмон қўшниси, сен бут ўрнатдинг деса, тўғри айтган бўладими? Ҳайкалтарошнинг бутга сиғиниш нияти йўқ. Бу ерда шакл бор, ният йўқ. Шундай вазиятда уни бутпарастлик амалида айблаш ўринлими? У ҳолда актёрнинг “намоз”ини намоз деб атай қолайлик.

Қаердадир бир мақолага кўзим тушди. Унда ёзилишича, Минерва ситини бундай номламаслик керак эмиш, чунки Минерва қадимги Римда бутпарастларнинг худоси номи бўлган экан. Агар кимдир Минерва ситига кетаяпман деса, Минервага ибодат қилгани кетяпман дегани бўлиши мумкинмиш. Бу ерда ҳам яна ўша мезон чалкашяпти. Менервага кетяпман деган одам ибодатни ният қилиш у ёқда турсин, Минерва ўзи нималигини ҳам билармикин? Шу билан у ибодат қилган бўладими? Ният йўқ-ку! Башарти шундай бўлса, озаман деб оч юрган одамга рўза тутган савоби берилмаса, адолатсизлик бўлиб қолмасмикан-а?

Кези келганда айтай, қадимги яҳудийларнинг Эл номли худоси бўлган. Бу худо бошқа худоларнинг боши, пантеон каттаси бўлган. Ана шу Эл худоси билан айни пайтда бошқа худоларни ҳам элоҳ деб аташган. Арабчада бу илоҳ бўлади. Ана шу илоҳнинг аниқлик артикли асосида хослаб, атоқли от шаклига киритсак, Аллоҳ бўлади. Хўш, биз қадимги кўпхудо яҳудийларнинг Элига сиғиняпмизми? Агар шакл ва этимология асос қилиб олинса, ҳа шундай бўлади.

Бир томондан амалларни ниятга боғлаб, бошқа томондан ўзимиз хушламаган ишлар бўлганда, ниятни ҳисобга олмасликни нима деб аташ мумкин? Юмшоқ қилиб айтганда тутуриқсизлик.

Дунёқарашдаги зиддиятлар ҳаммада учрайди. Юқоридаги ҳолат ҳам ана шундай зиддиятлардан бири. Бунақа мисолларни исталганча келтириш мумкин. Бир томондан шаклга эмас, моҳиятга (ниятга) қараш, бошқа томондан шаклбозлик қилиш, яъни шакллар асосида амалларга баҳо бериш одамни жуда нохолис қилиб кўрсатади.

G'oyalar va soyalar

07 May, 12:42


Бутпарастлик ҳақида кўпчилик эшитган бўлса керак. Олдига бир ҳайкални қўяди ва уни худо ҳисоблаб, шунга топинади. Ақл-ҳуши жойида одам бунақа ҳайкаллар худо эмаслигини яхши билади. Шундай экан, бутпарастлар қаердан келган? Улар ҳаммаси шунчалик аҳмоқми?

Йўқ, аҳмоқ эмас, балки бизнинг бутпарастлик ҳақидаги тушунчаларимиз хато. Биз асосан ислом манбалари асосида исломдан олдин араблар бутпараст бўлгани, ҳайкалларга худо деб сиғингани ҳақида эшитганмиз. Ҳатто христиан ва исломий манбаларда бутпарастларни мазаҳ қилиш учун фалончи ёғочдан худо ясаб, унга сиғинибди, сўнг совқотганда исиниш учун худосини ёқворибди қабилидаги ривоятлар ҳам бор. Бу ривоятлар бутпарастлик моҳиятини бузиб кўрсатади.

Аслида ҳеч ким тошга худо деб эътиқод қилмаган. Бу тошлар шунчаки оддий бир рамз эди.
Бунақа нарсалар ҳаётимизда жуда кўп учрайди. Дейлик, байроқни ёки гербни ҳақорат қилганлик учун жавобгарлик бор. Байроқ олдида тиз чўкамиз, қўлни кўксимизга қўйиб, бош эгамиз. Байроқ учун урушларда жон берилади. Аслида булар оддий бир латта. Латтага бош эгиш, латта учун жон беришдек аҳмоқлик бўлмаса керак. Сиртдан қаралса шундай. Аммо булар ватан рамзлари, бор-йўғи шу. Байроқни ёқворса ҳам, ватаннинг бир жойи камайиб қолмайди. Аммо улар ватан рамзи, ўша мамлакат фуқароларининг бирлиги ва иродаси ифодаси.

Ўша бутпарастларни мазаҳ қилишда ҳеч қолишмаган христианларни олайлик. Черковда хоч олдида тиз чўкиб, бош эгиб, дуо қиладилар. Аммо бирорта христиан бу хочни худо ҳисобламайди. Хоч олдида нола қилиб, кўзларидан шашқатор ёш оқизиб турган христиан билан, Апполон қаршисида ундан урушда ғалаба сўраётган бутпараст ўртасида зоҳиран фарқ йўқ (ботинан ҳам).

Бу христианлик дини, унга бузуқ одатлар қўшилиб қолган дерсиз? Аммо исломда ҳам бундай рамзлар оз эмас. Каъбани ҳар йили миллионлаб мусулмон тавоф қилади. Ҳажарул асвадга қўллари учини бир теккизиш учун унга интиладилар. Каъба томонга қараб нола қиладилар. Четдан кузатиб турган, ислом ҳақида тушунчаси бўлмаган одам, булар шу уйга ва тошга сиғиняпти деб гумон қилиши ҳеч гап эмас. Аммо булар илоҳ эмас, дин ҳам эмас, шунчаки рамзлар. Шу Каъбанинг ўзи неча марта тагигача бузиб ташланиб, қайта қурилган. Қора тош эса ҳатто ўғирлаб кетилиб, уриб синдирилган. Мусулмонларда рамзга янада жиддийроқ қаралади. Масалан, Қуръон ёқилганда қандай муносабат бўлишини биламиз. Мусҳаф оддий бир қоғоз ва бўёқ, бошқа ҳеч нарса. Аммо унга кўрсатилган ҳурматсизлик ғазаб қўзғатади. Нега? Чунки у рамз. Исломнинг муқаддас китоби рамзи. Қуръонга қўл қўйиб қасам ҳам ичишади, мусҳаф Худо эмас-ку!

Бугун буддавийлар ёки ҳиндуистлардан ўзлари ҳурмат кўрсатиб таъзим қилаётганлари ҳайкал ҳақида, бу сен сиғинадиган худоми деб сўрасангиз, йўқ дейди. Улар ҳам билади бу бир символ эканлигини. Билсангиз, буддавийлик ва ҳинзуизм теологияси анча мураккаб ва фалсафий. Булар тошни худо санайди дейиш билан ўзимизни алдаган бўламиз.

Динлар рамзлар билан тирик, рамз бўлмаса дин узоқ яшамайди. Одамлар кўриниб турган нарсалар атрофида бирлашади. Бутпарастнинг бути ҳам ана шунақа. Шу учун ибодатхона қуриб, унга ҳайкал ўрнатишган.

Аслида-ку, аксар динлар бир-бирига ўхшайди, рамзлар, номлар турлича холос. Троицани ҳисобга олмаса, христиан теологлари ва мусулмон каломчилари деярли бир хил нарсани гапирган ва аксар ҳолларда бунда Аристотел (бир бутпараст) ва неоплатончилар (яна бутпарастлар) лексиконидан фойдаланишган (илк сабаб, сабаблар сабаби, субстанция, акциденция, зот ва сифат, ақли кул, ақли жуз...). Ибн Сино ва Ибн Рушдни насоро теологлар осон қабул қилгани бежиз эмас. Буни қарангки, икки монотеистик дин вакиллари ўзлари мазаҳ қилган бутпарастлар тушунчаларидан фойдаланган. Бутпараст Аристотел ҳаммаси учун устози аввал бўлиб қолган.

Бир диндагилар одатда бошқа динни танқид қилганда кўпинча зоҳирини нишонга олади. Чунки зоҳирни нишонга олиш осон, хурмодан бут ясаб, унга сиғиниб, кейин уни еб қўйибди, деб кулги қилишдек. Зоҳирий танқидлардан турли стереотиплар шаклланади. Бу стереотиплар эса динлар ўртасида ўзига хос тўсиқ бўлиб хизмат қилади.

@khurshidyuldosh

G'oyalar va soyalar

14 Mar, 16:40


Кимдир тушунишга, кимдир ҳис қилишга уринади. Бошдан кечириш доим ҳам тушунишга олиб бормайди, тушуниш эса доим ҳам адекват бўлмайди. Ҳар иккисига эришиш осонмас. Эришганлар донишмандга айлана бошласа керак.

Баъзи нарсалар жуда ёқимсиз, уларни бошдан кечириб ҳис қилиб кўришни истамаймиз. Масалан, фарзандини йўқотиш қандай бўлишини ҳеч ким ҳис қилиб, кейин тушунаман демаса керак. Бунинг нималигини тушуниш мумкин, аммо чинакамига ҳис қилиш бошқа масала. Айрим ёқимли нарсаларни эса ҳис қилган маъқул, масалан, бирор янги нарсани кашф қилиш қандай бўлишини ҳис қилиш яхшироқ.

Аввалроқ файласуфлар ва донишманлар фарқи ҳақида ёзганимда ҳам шунга урғу берган эдим: донишмандлар тажрибали файласуф, бошқача айтганда кўп нарсани кўрган, аниқ вазиятларни ҳис қилган ва англаган одамлардир. Улар кучли амалий билимга эга бўлади ва конкрет вазиятларда қўллай олади. Файласуфлик эса кўпроқ тушуниш билан боғлиқ интеллектуал машғулотдир. Файласуф ҳеч нарсани ҳис қилмаслиги, аммо барча нарсани абстракт тушунчалар қобиғига жойлаб, тушуниши ва тушунтириши мумкин. Баъзида ўзи ҳис қилмаган бўлса ҳам, ҳис қилганларга ўша ҳиссини тушунтириши мумкин. Математик физикка кашфиётини формулировка қилишга ёрдам бергани каби.

Суқротдан машҳур бир гап бор: “Англанмаган ҳаёт муносиб ҳаёт эмас”. Инсон шахсий ҳаётига бевосита тааллуқли бўлмаган қанча кўп нарсани англаса, у бошқа ҳайвонлардан шунча кўп фарқли бўлиб қолади. Фақат инсон ўзининг яшаши, авлод қолдиришига мутлақо алоқасиз бўлган юлдузлар ёки қайсидир олис қитъадаги жонзотга қизиқиши мумкин.

@khurshidyuldosh

G'oyalar va soyalar

14 Mar, 11:22


Совет даврида (ёки умуман илгари) таржима бўлган ва бугун қайта чоп қилинаётган китобларда кўпинча уни ҳақиқатда таҳрир қилган, таржимон билан бирга меҳнат қилган муҳаррир исми олиб ташланиб, нашриётнинг ҳозирги муҳаррири исми ёзиб қўйилаётганига кўп гувоҳ бўляпман. Китобнинг таржима бўлиб, нашрга тайёрланишида баъзида муҳаррир таржимон билан бир хилда меҳнат қилади. Айрим жуда чиройли таржималарни кўрганимизда таржимон зўр экан деймиз. Аммо шундай ҳолатлар бўладики, ўша таржимани “зўр” қилган муҳаррир бўлади, аммо бу ўқувчига кўринмайди. Совет давридаги эски таржималарни тайёрлашда айрим муҳаррирлар ана шундай меҳнат қилган.

Аммо ўша таржималар бугун қайта нашр бўляпти, муҳаррир номи эса олиб ташланган. Китобни эски нашрлар билан қиёсласангиз, ичига қўшилган бир икки изоҳни ҳисобга олмаса, тайинли қайта таҳрир йўқ. Аммо янги бир муҳаррир исми ёзилган. У нима меҳнат қилиб, нимани қойиллатган, билмайман.

Шунақа ҳолатларга ноширлар жиддий қараса яхши бўларди.

Инглиз тилидаги классик китоблар таржималарига эътибор берсак, уларда таржимон ва муҳаррир номи ёнма-ён ёзилганини кўрамиз ва ўша китоблардан иқтибос келтирилганда кимнинг таржимаси ва кимнинг таҳририда чиққани ҳаволада ёзилади. Китоб қайта чоп қилинганда ҳам бу маълумот ўзгармай қолади. Нима учун шундай? Шунинг учунки, таржимон таржима қилинган китоб бўйича доим ҳам мутахассис бўлавермайди, муҳаррирлар эса соҳага ихтисослашган одамлар бўлади. Бу таржиманинг сифати учун муҳаррир ва таржимон бирдек масъул бўлади деганидир.

Ана шу одатга биз ҳам ўрганишимиз керак. Ўзганинг меҳнатини бошқа бировнинг елкасига тўн қилиб кийдириш яхши эмас.

@khurshidyuldosh

G'oyalar va soyalar

12 Mar, 17:25


Одамлар эртак билан тарбияланаётган, ҳатто нисбатан ўқимишлироқ ҳисобланганлар ҳам илм-фан ҳақида қашшоқ тасаввур билан яшаётган жамиятимиз учун ҳар қандай сифатли контент маърифатчилик йўлида катта ҳиссадир. Рустам Ашуровнинг ютубдаги “Фанкаст” лойиҳаси ана шундай оз сонли контентлардан бири. Мен Рустамни ўзбек маърифатчилигидаги пионерлардан бири ҳисоблайман.

Унинг бу галги подкасти археолог олим Фарҳод Мақсудов билан бўлибди. Кўпчилик учун бу подкаст биттада кўриб чиқиладиган бўлмаслиги мумкин, чунки маълумот ҳажми катта ва ҳаммасини тушуниб, мулоҳаза қилиш осон бўлмаслиги тайин. Тўғри, ривоят тинглаб, оҳ-воҳ қилиб ўтиришдек дам олиш эмас бу, аммо сабр билан тинглашни тавсия қиламан. Илм-фан нима эканини тушуниш учун олимларни кўпроқ ўқиш ва эшитиш керак, шу билан чекланмасдан, журъат қилиб ақлни ишлатиш ҳам керак. Бу соҳада ақлингизни қўллаганингиз учун ҳеч ким сизни дўзаҳга маҳкум қилмайди. 😊

“Фанкаст”га эса обуна бўлиб қўйишни унутманг.