Prof. Sherzod @profsherzod Channel on Telegram

Prof. Sherzod

@profsherzod


Оддий инглиз университетида дарс бераман. Олий таълим, саёҳат, адабиёт, Япония, Англия, университетлар, футбол ва ҳоказо мавзуларда кундалик ёзувлар. PhD (Cantab).

Prof. Sherzod (Uzbek)

Prof. Sherzod kanali - bu O‘zbekistonning yetakchilari uchun o‘ziga xos Telegram kanali. Bu kanalda O‘zbek tilidagi fanlar bilan bog‘liq ma'lumotlar, mashhur professor Sherzodning darsliklari va fikrlari jamlangan. Sherzod professori O‘zbekistonning eng yuqori ta'lim muassasalaridan birida dars bermoqda va eng zamonaviy fanlar bo'yicha ma'lumotlar bilan to‘ldirgan. Kanalda uni versiyalar va yangi texnologiyalar mavzusida darslarini topishingiz mumkin. Sherzod professori PhD (Cantab) darajasiga ega va dunyo miqyosidagi ilmiy faoliyati bilan mashhurdir. Agar sizga zamonaviy xalqaro fanlar bo'yicha ta'lim berish va o‘z donishlaringizni oshirish niyatida bo‘lsangiz, Prof. Sherzod kanali sizning uchun ideal manzil bo‘ladi.

Prof. Sherzod

21 Nov, 14:38


Токио метроси—Лондонда

Ёзишларича, Токио метросини бошқарадиган компания (Tokyo Metro Co.) Лондоннинг энг янги темир йўли—Элизабет йўналишини юритишда қатнашаркан. Бу йўналиш Лондоннинг энг янги линияси бўлиб, шаҳарни ғарбдан шарққа кесиб ўтади ва атрофдаги жойлар билан боғлайди. Юқоридаги суратларни ўзим олганман.

Элизабет йўналиши марҳум қиролича номини олган—лондонликлар уни эркалаб Lizzy Line дейди—ва 2022 йилда, қиролича вафотидан бироз олдин ишга тушган. Очилганидан бери Ҳитроу аэропортига бориш осонлашди—марказдан аэропортгача олдин оддий метрода (Пикадилли йўналишида) 1 соат кетарди, энди ярим соат кетади.

Шу орада, британияликлар Токио "метроси" деганда Токиодаги ҳамма поездларни тушунаркан. Ваҳоланки Токиога 80дан ортиқ ерости ва ерусти йўналиши хизмат кўрсатади—ерусти йўналишлар сони (60дан кўп) "метро" йўлларидан (13 та) бир неча баравар кўп.

Фикримча, Элизабет линияси унча ёмон юрмайди, кўп кечикмайди ҳам. Токиоликлар Британиядаги бошқа поездларни юритганда яхшироқ бўларди 😃

@profsherzod

Prof. Sherzod

20 Nov, 03:02


Телефонлар бошимизга етади(ми?)

Бундан бир неча йил олдин (10 йилга яқинлашиб қолди) талабаларимга танаффус эълон қилганим эсимда. 2 соатлик семинар бўлгани учун, 10 дақиқа тоза ҳаво олиб келсин, деган яхши ниятда, "10 дақиқа танаффус!" дегандим. Шунда 15 талабадан биронтаси ўрнидан туриб, ташқарига чиқмади. Улар нима қилди, айтайми? Топдингиз—барчаси ўтирган жойида телефонини чиқарди ва кўзини узмай титкилай бошлади.

Ўн йилларча олдин нима бўлганди ўзи? Нима учун айнан ўша пайтда илк бор юз берди бу ҳодиса? Ҳа-я, 10 йилча олдин экранлари катта айфон 6 ва 6 плюс чиққанди. Айфондан бошқа деярли барча телефон ишлаб чиқарувчилар катталиги ликопчадай телефонларни оммалаштириб бўлганди. Бу даврга келиб, телефонлар анча оммалашганди ҳам—тарихда биринчи бор айнан шу йилларда ўсмирларнинг кўпчилиги телефонли бўлди.

Яна ёшлардан нолияпти, деб ўйламанг—ёзадиганларим барчамизга тегишли.

Албатта, катта экранли телефонлар оммалашганининг ўзи етмади—бу телефонларни диққат магнитига айлантирган нарса—мобил интернет ҳам анча оммалашди. Шахсан мен телефондаги интернет пакетлари қиммат бўлган пайтларни яхши эслайман. Ҳозирда эса тез ва нисбатан арзон интернет катта янгилик эмас.

Натижадачи? Натижада одамлар ҳожатхонагаям телефонсиз киролмайдиган, телефонда бир нарса томоша қилмай томоғидан нон ўтмайдиган бўлиб қолди.

Телефонда кўпчилик нимани кўради? Ўша телефоннинг ўзи (ундаги апплар—Фейсбук, Инстаграм вҳк) танлаб берадиган, қўл теккизмаса бир-бирига уланиб кетаверадиган қисқа видеолар кўради. Бу видеолар шунчалик кўп ва хилма-хилки, улар тугамайди. Бир кунда миллионлаб янгилари чиқади, таржима қилинади, тарқалади. Буларни чиқарадиганлар бундан мўмайгина пул ҳам топади.

Натижада одамларда, айниқса ёшларда, диққатни бир жойга жамлаш, чуқур фикрлашга бўлган кўникма йўқолиб бормоқда. Чуқур фикрсиз, диққатни бир жойга жамламасдан эса бирон бир янгилик яратиш, бирон маррага етиш имконсиз.

Ишдан қайтишда кўча четида телефонидан кўзини узмай мактабдан қайтаётган—кўзини экрандан олмасдан юриб кетаётган—болаларни кўриб, шуларни ўйлайман.

Бу нарса мени қўрқитади, ростини айтсам. Чунки ўзим ҳам телефонга тикилиб ўтирганимни баъзида сезиб қоламан. Лекин биз—телефонсиз катта бўлганлар—телефонсиз ҳаёт қандай бўлишини биламиз. Кўп ирода талаб қилсада, ундан воз кеча оламиз, чунки бизда муқобил дунё ҳақида тушунчалар, хотиралар бор.

Аммо туғилганидан турли катта ва кичик экранлар ва у экранларда тинимсиз қимирлаб турадиган нарсаларни кўриб ўрганган ёшлар нима қилсин? Улардан неча фоизи телефонни четга қўйиб туриб, ҳеч бўлмаса бир соат давомида китоб ўқий олади? Ўрнидан турмасдан нечтаси 2 соат иншо ёзади? Буларни тасаввур қилиш қийин.

Бунга ечим нима? Ростини айтсам, билмайман. Бу жараён ҳали шунчалик янгики, оқибатларини ҳатто олимлар ҳам яхши тушунмайди. Аммо яхшиликка олиб келишини шахсан мен кутмайман.

Сизчи, сиз нима деб ўйлайсиз?

@profsherzod

Prof. Sherzod

19 Nov, 13:18


Инглиз қишининг ҳиди

Бу канални очишимдан бир неча йил олдин, Токио ва Кембрижда диссертация ёзган йилларимда, ўзбек тилида ёзиб туриш учун бир блог очгандим. Кейинчалик иш кўпайиб, блогни янгиламай ҳам қўйдим. Аммо ундаги баъзи ёзувларни ҳануз эслаб тураман. Ҳар йили совуқ тушиб, инглиз уйларининг печкалари осмонга ширин тутун ҳидини таратганда, "Инглиз қишининг ҳиди" номли ёзув ёдга келади. Бугун шу ёзувни сизлар билан ҳам бўлишгим келди.

"Англияда қиш бошланишини нимадан сезаман? Биринчи қордан эмас, чунки бу ерда қор деярли ёғмайди. Мен учун, инглиз қишининг ўз ҳиди бор: каминда ёнаётган ўтин ҳиди. Ноябр охири-декабр бошларида кўчада кетаётиб, бурнимга ана шу ҳид чалинганда, қиш келганини тушуниб етаман. Бу сафар куз билан қиш алмашинуви пайтида Япониядан яна Англияга қайтганим учунми, буни янада яққол сездим.

Бу ҳид менга ҳар йили қишнинг қадамини етказибгина қолмай, болалигимни, раҳматли бобомни эсга солади. Беш-олти ёшларимда, бобом билан бирга қуриган дарахтларни арралаб, қишда печкада ёқиш учун ўтин тайёрлаганимизни эслайман. Бобомнинг катта боғи бўларди (ҳозир ҳам бир қисми бор), унда ҳамма турдаги мевали дарахтлар ҳар йили шохлари ерга тегадиган бўлиб мева соларди. Шафтолининг бир неча нави, олма, анор, хурма, бодом ва яна бир қанча турдаги мевали дарахтлар жануб қуёши остида ғарқ пишган ширин меваларини кўтара олмасдан, шохлари эгилиб мени кутиб турарди бу боғда. Шунинг учун ёзда қишлоққа, бобомнинг уйига боришни интиқлик билан кутардим; бутун кун мевадан бошқа нарса емасдан ўтказардим ёзни. Кузда эса хурма пишарди: меваларини ювиб ўтирмасдан, майкага бир-икки артиб, дарахтнинг тагидаёқ паққос туширардик. Қариб, қуриб қолган дарахтларни эса бобом бошчилигида печкага сиғадиган катталикда арралаб, қуруқ жойга териб қўярдик.

Қиш келгач, ҳудди ҳозир деразамдан кўриниб турган инглиз мўриларидан осмонга оппоқ бўлиб кўтарилаётган тутунга ўхшаш тутун ота-бобом туғилган қишлоқнинг томларидан ҳам кўтариларди. Ҳеч фарқини сезганмисиз, билмадим, лекин мевали дарахт ёнганида тутуннинг ҳиди ҳам бошқача, ширин бўлади.

Ҳар гал Кембриж кўчаларида одамлар уйи олдидан ўтганимда, ширин тутун ҳидини бегона юрт шамоли олиб келганида, олис болалигимни, йиллар олдин меваларини бизга едириб, энди кули кўкка совурилган дарахтларни, дарахтлар остидан менга қараб кулиб турган телпакли-чопонли бобомни эсга оламан."

#ШамолларЮртиданХабарлар #МенБилганАнглия #хотиралар

@profsherzod

Prof. Sherzod

18 Nov, 16:33


Кеча ниҳоят йиллик югуриш масофамни 800 кмга етказдим. Йилда 6 ҳафтача қолганини ҳисобга олсак, бу йил ҳам 1,200 км югуриш режам амалга ошмайдиган кўринади 😔 Энди бор кучимни 1,000 кмлик маррани эгаллашга сарфлайман; жароҳатлар бошқа безовта қилмаса, бунга эришарман ҳам.

Сабаби сентябр ойи охирида яна ўнг тўпиғимни қайириб олиб, бир ойча югуролмадим. Ёш ўтган сари, баъзи эски жароҳатлар қайталайдиган, осон такрорланадиган бўлиб қолади шекилли 😅 Ўнг тўпиғимни охирги 10 йил ичида 4-5 марта қайириб олганман, буларнинг кўпи футболда бўлган.

Албатта, ҳаммасига жароҳатлар сабаб деб бўлмайди; дангасалигим ҳам сабаб бунга. Айниқса йил бошида, январ-феврал ойларида деярли югурмадим ҳисоб. Феврал бизда энг совуқ ой бўлади, кўчага югуриш тугул, одамнинг шунчаки юриб келишга чиққиси келмайди. Янги йилда совуқ ойларда ҳам югура олсам, балки 1,000 кмдан кўпроғига эришарман.

@profsherzod

Prof. Sherzod

17 Nov, 11:52


#КаналгаСаволлар: 1-сон

Ваъда қилинганидек, #КаналгаСаволлар рукни учун берилган саволларингизга жавоб бераман. Барча саволларга жавоб бериб бўлмайди; шу сабаб мен 2-3 та энг қизиқ ё фойдалисини танлайман. Саволингизга жавоб беролмаган бўлсам, олдиндан узр сўрайман!

1. Ibrohim Ahmadxonov: "[Мактаблардаги] дарсликлар сифати бир хил қилиниши керакми? Агар миллий дарсликларни халқаро стандартларга мосилиги жиҳатдан кўриб чиқиш имконияти Сизга берилса, уларни кўздан кечириб чиқишга ёрдам берган бўлармидингиз?"

Дарсликларда танлов бўлгани яхши, аммо барча дарсликлар жавоб бериши керак бўлган умумий (минимал) стандарт бўлиши лозим. Бу дегани дарсликлар бир хил қилиниши керак дегани эмас, умумий талабларга жавоб берган ҳолда ишлаб чиқилиши керак. Сифат соғлом рақобатдан келиб чиқади; турли дарслик муаллифлари бир-биридан яхшироқ маҳсулот таклиф қилиши, мактаблар ёки таълим бошқармалари булар орасидан ўзларига маъқулини танлаб олгани яхши. Шу билан бирга, давлат идоралари дарсликларнинг умумий стандартга тўғри келишини текшириши, бундан аввал эса ўша стандартларни очиқ ва тушунарли шаклда чоп қилиши лозим. Бу тажриба кўп давлатларда (хусусан мен билган Британия ва Японияда) қўлланади.

Менинг дарсликларни кўриб чиқишим мавзусига келсак, афсуски мен ўрта мактаб дарсликлари бўйича мутахассис эмасман. Ҳар ишни ўз мутахассиси бажаргани яхши. Чумчуқ сўйса ҳам, қассоб сўйсин 😊

2. Humoyun: "talaba kunini qanday taqsimlashi kerak, qancha mustaqil dars tayyorlasin-u necha soat uxlasin, bir kunda necha bet kitob o'qiylig-u 1ancha vaqtimizni sportga bag'ishlaylik?"


Талабаликнинг қийинчиликларидан бири—вақтни мустақил идора қилиш. Ўқувчиликда куни бошқалар (мактаб, ота-она, тўгараклар) томонидан тақсимланган ёш талаба бўлгач, бу эркинликдан бироз шошиб қолади. Бу ҳолни 1-курс талабаларимда кўп кузатаман.

Бу жавобим билан Америка очмайман: биринчидан, вазифаларингизга муҳимлигига қараб вақт тақсимланг, иккинчидан, ҳамма нарсада меъёрга амал қилинг. Вазифалар университет, факултет ва йўналишга қараб ҳам фарқ қилади. Олдин энг муҳим вазифалар, масалан эртанги дарсга ё кейинги ҳафтадаги имтиҳонга тайёргарлик, ундан кейин ўрта муддатли вазифалар, булардан вақт ортса, ўзингизга қизиқ бўлган машғулотларга вақт ажратинг.

Спортга бир кунда камида бир соат вақт ажратган яхши, масалан бир кун футбол ўйнаш, бошқа кун югуриш, маълум спорт билан шуғулланмасангиз ҳам, шунчаки юриб келиш ҳам машғулот. Мен 2-3 кунда бир югуриб келаман, югуриш нафақат жисмоний, балки руҳий соғлиғим учун муҳим, кўп нарсаларни ўйлаб оламан.

Охирги маслаҳатим, қанчалик қийин бўлмасин, ҳамма нарсани охирига қолдирманг. Нафақат талабалар, бошқаларга ҳам хос одат бу—ёзма ишни топширилишига бир кун қолганда ёза бошлаш, имтиҳонга икки кун олдин тайёрланиш вҳк. Иложи бўлса, вазифанинг олдиндан бажариш мумкин қисмларини вақт бўлганда қилиб қўяверинг. Тўғри, талабалик шуниси билан қизиқ—ўзим ҳам кўп ҳолларда топширишдан бир кун олдин кечаси ухламай ёзма иш ёзиб чиққанман. Аммо олдиндан бажарсангиз, муҳим бир нарсанинг олдини оласиз—стресс. Ёш ўтиши билан, кераксиз стресснинг олдини олиш соғлиқ учун ниҳоятда муҳим эканини тушуниб етдим.

3. Sardor Juraev: "nima uchun Manchester Yunayted 10 yildan beri (Fergyuson jamoadan ketgandan beri) yaxshi natijalarga erisha olmayapti?"

Сардорнинг саволига қисқа жавоб: клубимизга қарғиш теккан 😅

Жиддий жавоб беришга уринсам: клубнинг тузилишида жиддий муаммолар бор. Футболни тушунмайдиган одамлар футбол клубини пул манбаи сифатида ишлатиб келгани сабаб. Ферги кетишидан кейин юзага чиққан муаммолар Ферги даврида ҳам бўлган, шунчаки унинг буюклиги (клубни ҳам майдонда, ҳам майдондан ташқарида муваффақиятга эриштириш) буларни ёпиб турган.

Саволларингизни чатда қолдиринг—йиғилган саволлар ичидан 2-3 тасини танлаб, кейинги якшанбада жавоб бераман. Саволларингизни кутиб қоламан!

Айни пайтда, жавоблар қониқарлими, рукн қизиқми—умуман олганда каналдаги ёзувларга муносабат ва фикрларингизни ёзиб қолдиринг 😊🙏

@profsherzod

Prof. Sherzod

16 Nov, 15:38


"Каптарларга овқат берманг!"

Болаликдан телевизорда Европа шаҳарлари ҳақида лавҳаларда майдонларни тўлдириб турадиган каптарлар менга қизиқ туюларди. Ҳатто яхши шаҳарларни каптарларсиз тасаввур қилишим қийин эди.

Кейинчалик бу қушларга муносабат жуда салбий эканини ўргандим. Бошқа жойларни билмадим, аммо Англияда каптарларга касаллик тарқатадиган, атрофни булғайдиган паразитлар, "қанотли каламушлар" сифатида қарашади. Мен яшайдиган шаҳар майдонида "Каптарларга овқат берманг!" деган белгилар кўп, атайлаб овқат берганларга жарима ҳам бор.

Мен биолог эмасман; каптарлар балки ростан шаҳарга зарар етказар. Уларга овқат бермаслик қанчалик самарали, ёки тўғрилигини ҳам билмайман (мақсад овқат бермаслик орқали кўпайиш олдини олиш бўлса, туғилиб бўлган каптарларга нима бўлади?).

Менга каптарлар шафқатсиз кўча шароитида яшаш учун курашаётган инсонларни эслатади. Бир нималар еётганимда оёғим тагида ўралашиб, тушган ушоқларни теради, бир-бири билан ана шу майда бўлаклар учун уруш қилади 💔

#ОнаТабиат

@profsherzod

Prof. Sherzod

15 Nov, 02:05


Япониянинг яна бир ажойиб жиҳати—ишлатилган фотоаппарат ва объективлар сотиладиган дўконлар кўплигидир.

Булар ўзи нимага керак, дерсиз. Ҳақиқатдан, ҳозирда телефондаги камералар шунчалик яхшики, профессионал бўлмасангиз, оғирлиги бир килограммлик фотоаппарат, унданда оғирроқ объектив кўтариб юришга ҳожат йўқ. Айфонлар тарқалиши билан фотоаппаратда расмга оладиган ҳаваскорлар тарихда қолди.

Аммо Японияга илк борганим 2008-йилда, ойнали фотоаппарат олиш орзуим эди. Университетда ассистент бўлиб ишлаб, бир йил пул йиғиб суратдаги Никон камерасини минг долларга олганман. Канон ёқсада, Никонга ҳатто 50 йил олдинги объективни ҳам қўйиш мумкинлигини ўқиб, шуни танлаганман. Унинг устига Никон D90 рақобатчи модел Канон 50D дан $300ча арзонроқ эди.

15 йил ўтиб, Никон ҳали ҳам янгидек ишлайди. Йиллар аро, Токиодаги иккинчи қўл фотодўконлардан (2-4 суратлар) унга объективлар олдим. Булар орасида камерадан 20 ёшча катта узун (75-300 мм) объектив ҳам бор, у билан ойни расмга оламан 😊

#МенБилганЯпония

@profsherzod

Prof. Sherzod

14 Nov, 03:16


Глобал инқироз бўсағасидамизми?

Дунёда бўлаётган ҳодисаларни кузатиб, тарихий даврда яшаётганимизни кўп ўйлайман. Ростини айтсам, шахсан мен тарихий даврда яшашдан бироз чарчадим ҳам 😅

Тарихий дейишимга сабаб, йиллар, ўнйилликлар ўтиб, тарихчилар бу давр ҳақида кўпдан-кўп китобу мақола ёзишлари тайин. Нимага дейсизми? Тарихчилар ўзи ҳар бир давр ҳақида нимадир ёзадику, дерсиз?

Бундай дейишимга сабаб, дунёда ҳукмрон парадигма—капиталистик иқтисод устига қурилган либерал демократия—узоқ муддатли инқирозга чўккандек. Бу қадрият ва қоидалар асосида яшайдиган, иш юритадиган энг йирик иқтисодий ва сиёсий тизимларнинг қай бирига қараманг, инқирозда.

Кўп мисол керак эмас: дунёнинг энг йирик тўрт иқтисодиётининг учтасини ташкил қиладиган АҚШ, Япония ва Германияни олайлик. АҚШда нима бўлаётганини ҳамма кўриб турибди, кўп ёзишга ҳожат йўқ. Қисқача баҳо берсак, сайловчиларининг катта қисми иқтисодий қийинчиликлар остида либерализмнинг баъзи унсурларини рад этди. Жамият жиддий бўлинган, бармоқлар бигиз қилинган, муросанинг йўли тор. Бундай вазиятда жамиятдаги энг кучсиз гуруҳни—айни пайтда иммигрантларни—сиқувга олиш одат бўлади.

Иккинчи жаҳон урушида либерал демократик парадигмага қарши қўзғолон кўтариб, урушдан кейин эса уни қабул қилиб юқори чўққиларга чиққан Германия ва Япония ҳам бошбошдоқликка чўккан. Бундан кўпчилик ҳайрон, ахир бу икки давлат ривожланган саноати, тартибли жамияти, барқарор сиёсати билан танилган эди. Аммо иккала давлатда ҳам ҳозирда сиёсий инқироз—мамлакатни бошқарадиган партиялар иккала давлатда ҳам парламентда кўпчилик йиғолмай, кучсизланган аҳволда. Бунинг ҳам ўзагида иқтисодий муаммолар ётади—аммо бу муаммолар ижтимоий, сиёсий келишмовчилик ва бўлинишлар билан қўлма-қўлдир.

Эски либерал-демократик дунё вакиллари орасида ўзини бироз бўлсада ўнглаб олган давлат Британия, аммо у ҳам ўн йилдан ортиқ давом этган инқироздан тўлиқ чиқиб кета олганича йўқ, чиқиб кета оладими, ноаниқ.

Бундай чуқур инқирозлар, афсуски, баъзан жиддий тўқнашувларга олиб келади. Узоқ давом этадиган иқтисодий муаммолар, бироз кечикиш билан бўлсада, сиёсий бўлинишларга олиб келади. Бундай вазиятлардан демагоглар, сохта "пайғамбарлар", сиёсий масхарабозлар яхши фойдаланишади. Тарихда бунга мисоллар кўп.

Инқироз глобал бўладими, ёки баъзи давлатларгагина зарар етказадими, ҳали аниқ эмас. Бунда Трамп бошчилигидаги АҚШнинг ўрни ниҳоятда катта. Трамп келаётган 4 йил ичида АҚШ институтларига, либерал демократияга ичкаридан туриб ҳужум қилиб кўриши аниқ. Бу ҳужумлари нақадар муваффақиятли бўлади, олдиндан айтиш қийин, чунки АҚШ тарихида бундай вазиятлар бўлмаган. Шахсан мен учун, тарихчи сифатида, бу олишувни кузатиш жуда қизиқ.

Аммо бу ёзувни ўқиб, тушкунликка тушишга шошилманг. Саноатлашув даврини—яъни янги тарихни—яқиндан кузатиб, шуни айтиш мумкинки, либерал демократия ва уни ушлаб турувчи институтлар ниҳоятда кучли. Катта инқирозлар буларга зарар етказолган бўлиши мумкин, аммо енгиб ўта олмаган. Шу сабаб, менинг фикримча, ҳаммаси яхши бўлади.

Лекин тарихчилар ҳам адашади 😅

#ТарихчиКундалиги

@profsherzod

Prof. Sherzod

13 Nov, 04:12


Ўзбек тилида шевалар ҳақида гап кетганида, ҳашарот ва бошқа мавжудотлар номларидаги фарқлар кўп эсланади. Ҳамма биладиган мисол, албатта, пашша/чивин. Интернет оралаб, номлардаги минтақавий фарқлар нафақат ўзбек тилига хос эканини кўрдим. Ва бу ҳақда сизга айтиб бергим келди 😊

Суратдаги мавжудот (ҳашарот демоқчи эдим, аслида ҳашарот эмас экан) ўзбек тилида "эшакқурт" дейилади. Мен ҳам болаликдан шундай атаб келганман. Балки бошқа вилоятларда бошқача номлари бордир—билсангиз ёзиб кетинг!

Аммо инглиз тилида, Британия оролида бунинг бир нечта номи мавжуд эканини суратдаги пост комментарийларидан кўриш мумкин. Адабий инглизчада woodlouse дейилса, Шотландияда slater, Борнмутда chucky pig, Редингда cheese log, Уэлсда эса granny grey деб аталаркан. Нимагадир пишлоқ билан боғлиқ номлар кўп экан; cheese log дан ташқари, cheesy bug (пишлоққўнғиз) деб ҳам аталаркан.

Шунча номни ўқиб, бор йўғи 100 километр узоқликдаги туманларда шунча фарқли номлар борлигига ҳайрон қолдим.

#ТилгаЭътибор #ИнглизТили

@profsherzod

Prof. Sherzod

12 Nov, 03:03


Ёнғоқ фасли, иссиқ чой фасли

Куз охирлаши билан, дўконларда тўр халталарга солинган ёнғоқлар сотувга чиқади. Ёнғоқ кеч кузда бозорга чиқиши рост, аммо бу ерда нимагадир айнан байрамолди маҳсулотларга қўшиб сотилади (бу ерда Янги Йил маҳсулотлари камида 2 ой олдин сотила бошлайди).

Суратдаги ёнғоқлар 350 граммли халталарда, халта нархи £3, яъни 50 минг сўм. Килога чаққанда, 140 минг атрофида бўларкан, пўчоғи билан. Истанбулдан олиб келганим дев ёнғоқлардан фарқли, бу ёнғоқларнинг ичида деярли пучи бўлмайди. Пўчоғи ҳам юпқагина, мағзига зарар бермасдан чақиш осон.

Чақилгани ҳамиша сотувда бўлади, аммо ўзингиз чақиб еганингизга етмайди. Кейин, чақилган ёнғоқда ғалати ҳид бўлади.

Шу сабаб, бу халталардан бир-иккитани уйга олиб келиб, авайлаб чақиб қўяман. Эрталаб чой билан, яхши нон билан еб туриб, "Қани энди биздагидек майиз, писта-бодом турлари ҳам бўлса, булар фақат Янги Йил арафасида эмас, бозорларимиздагидек йил-ўн икки ой бўлса," деб қўяман ўзимга-ўзим 😅

#МенБилганАнглия

@profsherzod

Prof. Sherzod

11 Nov, 03:25


#Ручкаларим: Hongdian N6

Рукннинг бугунги қаҳрамони—энг севимли ручкаларимдан бири, Hongdian N6.

Уни илк кўрганимдаёқ, "Буни албатта олишим керак!" деганим эсимда. Сабаби шунчаки чиройли кўринишида эмас (кўриниши чиройлилиги рост—қора билан тилларанг яхши уйғунлашади). Олишни хоҳлашимга сабаб ручка қопқоғида хитойча ва японча иероглифлар калитлари туширилган. Бу калитлар иероглифларнинг туркумини билдирадиган бўлакларидир. Видеога диққат билан қаралса, қуйидаги калитларни кўриш мумкин: 亻(инсон), 扌(қўл), 犭(ит/ҳайвон),弓 (камон), 廴 (қадам) вҳк.

Hongdian N6 нинг ўзига хослиги—"узун тиғ" турдаги перосидадир. Бу перо махсус шаклга эга: ўнгдан чапга тортганда қалин чизиқ чизади, тепадан пастга эса ингичка. Бу ҳуснихат ва каллиграфияда қўл келади, аммо менинг хунук ёзувимга кўп ҳам ёрдам бермайди 😅

Ручкалар сиёҳ тўлдириш усулига қараб ҳам фарқланади. Hongdian N6 пистонли ручкадир, яъни пистонни бураб, танасига сиёҳ тортиш мумкин. Видеоларда ручка Parker Washable Blue сиёҳи билан тўлдирилган.

@profsherzod