Shavkat Rahmon @shavkat_rahmon Channel on Telegram

Shavkat Rahmon

@shavkat_rahmon


Муҳаббат – чиройли капалак,
Қўрқаман шўрликни тутгани.
Капалак қувганим ёдимда,
Ёдимда йўқ аммо етганим...

Shavkat Rahmon (Uzbek)

Shavkat Rahmon Telegram kanali – bu muhabbat, san'at, adabiyot va zamonaviy muloqotlar bilan to'ldirilgan virtual mehmonxona. Kanalda Shavkat Rahmonning mashhur she'rlari, ijodiy ishlarini va so'nggi yangiliklari mavjud

Shavkat Rahmon – bu adolat va erk farovonligining ramzi. Kanal foydali ma'lumotlar, ijodiy ko'rgazmalar va muhim hujjatlar bilan to'ldirilgan. Kanal a'zolari g'amxo'rlik qilingan joyda muhabbat va intizom bilan munosibat kurishadi. Shavkat Rahmon kanaliga obuna bo'ling, yangi ma'lumotlar va ijodiy yangiliklar bilan tanishing!

Shavkat Rahmon

19 Feb, 02:00


***

УМР — ҚУМСОАТ

Умр — қумсоат ҳам яримлаб қолди,
кўнглим тўлгани йўқ билганларимдан.
Ёдимни оғритар кечирганларим,
кўпдир қилмаганим қилганларимдан.
Кечалар тобора ойдинлашади,
кўзингда қуёшнинг чечаги сўлмас,
яшагинг келади, фақат умрни
қумсоат сингари тўнкариб бўлмас.
Гўзаллар ёдимдан ўчдилар бир-бир,
дўстларим бағримдан кўчдилар бир-бир,
йилларим узилиб тушдилар бир-бир,
фақат бу кўнгилни тўлдириб бўлмас.
Кун келди, оҳларинг учадиган кун,
юрагинг оламга сиғмайдиган кун,
юзингни босганча ернинг юзига,
силкиниб-силкиниб йиғлайдиган кун.
Кимни бахтли қилдим, кимни умидвор,
кимларга кўнглимни ёриб сўйладим.
Қўлимни бердимми мозий қаъридан
чўзилган саноқсиз ожиз қўлларга?!
Қуёш далдасида эгилганларнинг
енгилроқ қилдимми оғирлигини?
Айтдимми кимларнинг асл дўстлигин,
кимларнинг ҳақиқий ёғийлигини?!
Кун келди, бошингни эгадиган кун,
ҳаттоки ўзгалар гуноҳи учун
юзингни босганча ернинг юзига,
силкиниб-силкиниб йиғлайдиган кун.
Мендан нима қолур, абадий нурлар
барқ уриб яшнаган дунё томонда?
Уриниб-суриниб, сира тўлмаган
бир кўнгил қолади қолса ҳам мендан.

Шавкат РАҲМОН

Shavkat Rahmon

03 Feb, 06:21


#архив

Атоқли шоирлар Шавкат Раҳмон ва Усмон Азим

Ўзбек шеъриятининг икки атоқли намояндаси, ҳассос шоирлар Шавкат Раҳмон ва Усмон Азим ижоди адабиёт ихлосмандлари қалбидан чуқур жой олган. Бу икки шоир тенгдош, бир авлодга мансуб эди. Усмон Азим Шавкат Раҳмон ижоди хусусида шундай деган эди: “Шавкатдан бир жилдгина китоб қолди. Аммо унинг шеърларини бошқачаям қилиб нашр қилиш керак. Таржималарини ҳам жилдликларга қўшса бўлади. Шоирларнинг таржимаси муаллифлик ишиям саналади. Чунки унда шеър қайта яратилади. Таржимон ёзувчини таржима қилганда унинг қулига айланса, шоир шоирни таржима қилганда,унинг рақиби бўлади. Мана шу рақибликда Шавкатнинг ютиб чиққан жойлари жуда кўп. Гарсиа Лоркани, испан шеъриятини ўзбек ўқувчиларига у таништирди”.

https://t.me/qashqadaryo_adabiyoti

Shavkat Rahmon

30 Jan, 14:42


***

Наҳот шеърлар айтдим
бўшлиққа қараб,
наҳотки соврилди олов сўзларим,
наҳотки ҳақ бўлса, элу юрт асли
қуруқ сўзлар, деган гумроҳ дўстларим?!
Наҳот, бекор ўтди
гулдай умримнинг
минг йилга татирлик олтин чоғлари,
наҳот бирор руҳни уйғотолмади
шоир юрагимнинг қалдироқлари?!
Наҳотки, бирорта дилга етолмай,
беҳуда сарфланиб қанча куч-чидам,
келиб кетаверар ёруғ дунёга,
келиб кетаверар мендай куйчилар?!

Шавкат РАҲМОН

Shavkat Rahmon

12 Jan, 15:42


ЁРИЛГАН ҲАРАКАТ БАЁНИ

Бир одам изладим...
изладим ғариб,
жуфти йўқ бургутдай хунук қишладим.
Кездим армон тўла бир жом қидириб,
малаклар йиғлади,
итлар тишлади...
Умринг узоқ бўлсин,
эй дарёжоним,
ҳуснингга ҳирс билан назар солмадим.
Занжирлар товшига тўлганда ёдим
ўзингдан ўзга бир дилдор қолмади.
Қолмади бир илинж,
ишонч қолмади,
ваҳший даҳоларнинг макри билинди.
Ит базми қизиган ойсиз шомлардан
қизғониб опқочдим дарё дилимни.
Бу чиркин оғизлар...
синган каллалар...
иғводан, бўҳтондан осилган тиллар...
ҳирслар лашкарлари босган паллада
шоҳларин бўғизлаб тишлаган диллар.
Бу қуёш хўрланган...
бу ой зўрланган...
зарлари таланган бу содда жабал.
Қон, ароқ, пешобни эмиб тўралган
буваклар бўкириб йиғлаган маҳал
ё Худо дедиму
нурлар ўйнаган
пешонам илк бора тупроққа тегди,
ё Худо дедиму
эркин гуллаган
дарёдил самога дилимни бердим.
Умринг узоқ бўлсин,
эй, дарёжоним,
кечалар қаърида бир гул йиғлади,
юзимга сачради бир булбул қони.
кўнглимга бу дунё
нечук сиғмади?!
Нечук бағрингдаман,
кимнинг ишқида?
Нечук ёлвораман умрингни тилаб?
Улкан жасадимни тошлар ичида
юварсан энг нозик қўлларинг билан.
Айтгил, эй дарёжон,
бормиди зулм?
Тоғлар силсиласин бузворди нола:
"Гулларнинг баргини емаган, гулим,
булбуллар қонини ичмаган, болам".

Шавкат РАҲМОН

Shavkat Rahmon

07 Jan, 17:05


ЎЗГАЛАР ДАРДИ...

Қушчалар,
сайроқи қушчалар
қафасда бўғилиб сайрашар,
бетоқат потирлаб симларга
ўралган оламга қарашар...
Қушчалар,
озодруҳ қушчалар
оламдан кўзларин узмайди,
чирқираб ўзларин ҳолимас,
ўзгалар ҳолига бўзлайди.

https://t.me/shavkat_rahmon

Shavkat Rahmon

01 Dec, 04:45


***

ХАЁЛ

Дунё...
дуне...
кўп қадим дунё...
на туби бор, на чегараси.
Сомон йули бузилган зиё —
сайёранинг тилло зарраси.
Хаёл ўсган ёруғ лаҳзада
эҳтиёт бўл фосиқ дунёдан.
йиқилмагин оний ларзадан
самоларга талпинган одам.
Эҳтиёт бўл
номард жўрангдан,
синаб кўриш учун дошингни,
олмасин-да тағин мўлжалга
пистирмада ёруғ бошингни.

Шавкат РАҲМОН

Shavkat Rahmon

14 Nov, 05:11


***

ҚИЗИЛ ОЛМАГА ҚАСИДА

Йиқилдим кузакнинг қоралиғида,
тун-да бир чайқалди,
аста тинчланди.
Борлиғу йўқликнинг оралиғида
кўзимга кўринди олам синчлари.
Ётардим тошдайин жимлик тубинда,
хаёлим — бемаҳал сўлган ғунчадир.
Вой, кўнглим, десамми
жимлик сувинда,
айт, кўнглим,
кимларга куйдинг бунчалик?
Вақт ҳам тун бўйи юлдуз қони-ла
уларкан кўнглимнинг синиқларини,
тирилди бир дилбар сабоҳ ёнида
толғин қуш галаси —
хўрсиниқларим.
Шунда димоғимга бўйинг урилди,
тағин юрилмаган йўл бўлди олам —
улкан бир сайёра бўлиб кўриндинг,
мендай бир фақирга, олмажон, олма!
Маним, кичик кўнглим,
ай, шоир кўнглим,
нокаслар раъйига тушмаган кўнглим,
дунёнинг миллион хил ноз сувратидан
бир қизил олмани хушлаган кўнглим!
Олмажон,
тушдингми осмон боғидан,
қайси бир дунёдан элчи бўп келдинг.
Кўнглим сўлар чоғи тун қийноғидан,
наҳотки, фазода оловдай елдинг.
Маним кичик кўнглим,
ай, шоир кўнглим,
тағин кундузларнинг ишқидан бедор.
Олмани оламга отаман тўлиб,
бормисан,
бормисан, бу дунёда, ёр…

Шавкат РАҲМОН

Shavkat Rahmon

12 Nov, 13:24


***

Бобочинор сергак мудрарди
кар, вайсақи шериги билан. 
Аллақайдан келар судралиб, 
кузак — худди уч сариқ илон. 
Бобочинор уйғонди чўчиб, 
таниб қолар илонларни, оҳ, 
тунги елга сийнасин очиб, 
дам оларди ҳомиладор боғ. 
Ғижирлайди безовта чинор, 
огоҳ этиб шовиллайди: ку-у-з, 
аммо учта сап-сариқ илон
оғочларга ўрларди, афсус. 
Ожиза боғ уринди ҳар ён, 
изиллатиб сўнгсиз тонгларни. 
Ногоҳ қутилар кўтарди фарёд — 
оғочларнинг шўрлик жонлари.

Шавкат РАҲМОН

Shavkat Rahmon

03 Nov, 05:50


***
Куйлолмадим
япроқлар каби,
қуруқ шохдай титрар овозим -
сўлиб қолди яна бир баҳор,
сувга чўкди яна бир ёзим.

Куйлолмадим,
куз келди, мана,
қўлин чўзди гиёҳга, гулга,
сайрадилар сўнг бора, боғлар
тўлиб кетди ўлик булбулга...

Қорлар ёғди,
оғриди жоним,
ухлаётган боғлар пойида
куйлолмасдим ва энг ёмони
яшил эдим январь ойида...

1979

Шавкат РАҲМОН

Shavkat Rahmon

21 Oct, 11:58


ПАБЛО НЕРЕУДАГА

Шоирни ўлдирмак -
Жиноят,
Гуноҳ.
Шоирнинг йўли бу - башарнинг йўли.
У башар қалбида ловуллаган оҳ,
Башарнинг зиёга чўзилган қўли.
Ҳали бу заминда зулмат зиёда,
Шоирман -
Бораман зулматга тикка.
Сира ҳам ҳаққим йўқ бу кун дунёда
Шоир бўлмасликка,
Яшамасликка!

Шавкат РАҲМОН

Shavkat Rahmon

12 Oct, 08:34


Зарбалар ёғилар
Бошингга,
Қалбингга михланар
зарбалар.
Тиш қайраб юради дошингга
Шарпалар,
шарпалар,
шарпалар...
Муштингни қисасан,
Нигоҳни
Санчасан ҳар битта шарпага.
Ўзинг ҳам сезмасдан бир куни
Айланиб қоласан
Зарбага...

Шавкат РАҲМОН

Shavkat Rahmon

28 Sep, 19:00


ЎЖАР ДАРАХТ

Қушларидан айрилган дарахт
жимлик билан яшолмас бирга.
Куз тунида кезинар ғудраб,
ҳеч кўника олмай тақдирга.

Чор атрофга қарар дарғазаб:
ҳатто сўнгги қуши сарғайди.
Кўтарганча бўм-бўш қўлларин,
У тошбағир кузни қарғайди.

Яшаб бўлмас бу ғамгин боғда,
қотиб қолган қора чақмоқдай.
Қиш тонгида вазмин, хотиржам
йўлга тушар қорли сўқмоқдан.

Йўл юрса ҳам мўл юрар, охир
чор атрофга севиниб қарар –
бағри тўлар сайроқ қушларга,
ёниб сайрай бошлайди дарахт.

Шавкат РАҲМОН

Shavkat Rahmon

12 Sep, 03:09


#tavallud

ҚАСАМ

Шавкат Раҳмон деган 
бир ўжар шоир,
бир куни қайтадан яраладими?
Ҳаётим маънисин жуда кўп ўйлаб,
сайладим сўзларнинг
сараларини.
Ҳар бир сўз
юз сўзнинг ўрнини босар —
Ватан, Халқ, Жасорат, Кураш, Озодлик.
Ҳар бир сўз етажак юзта умримга,
ҳар бири бахш этар
руҳимга шодлик.
Ҳозирлик кўраркан буюк сафарга,
пуштиранг пардали минглаб дарчадан
мўралаб ўтирган гўзал сўзларни,
қолдириб кетаман энди барчага.
Аслида атиргул бўйин таратган
бу ўйноқи сўзлар меникимасдир.
Менга нондай зарур, қиличдай кескир,
заҳардай мард сўзлар бўлсаёқ басдир.
Сайладим сўзларнинг сараларини,
курашлар шамоли кирди назмимга.
Юртимни кезаман, 
энди ҳар нарса —
эгилган нарсалар тегар ғашимга.
Энди ишлаш керак бу кенгликларда,
токим сўйламасин ёлғонни ҳеч ким,
токим буюк тоғлар салтанатида
эгилган бошларни
қиличлар кессин...

Шавкат РАҲМОН

Shavkat Rahmon

08 Sep, 00:22


ТУРКИЙЛАР

Қиличин ташлади беклар ниҳоят,
босилди тулпорлар,тиғлар сурони,
урҳога ўрганган тилларда оят,
туркийлар таниди комил Худони.

Қиличлар занглади…фалокат ҳушёр,
туркийлар қувватин берди ерларга.
Ҳийлагар дўстлардай яқинлашди ёв
комиллик қидирган жасур эрларга.

Илвасин йигитлар,бобур йигитлар,
саждага бош қўйди ёвга терс қараб,
ғулларни кемириб йиғлади итлар,
буюк бошни кесди қилич ярақлаб.

Туркда бош қолмади…қолмади довлар,
хотин-халаж қолди мотам кўтариб,
«Бизга тик қарама», — буюрди ёвлар,
ёвларга терс қараб яшади бари.

Таланди самовий тулпор уюри,
таланди зарлари,зебу забари,
«Терс қараб ўлинг», — деб ёвлар буюрди,
ёвларга терс қараб жон берди бари.

Лаҳадга кирдилар ўзларин қарғаб,
қолмади арабий,туркий хатлари.
«Туғингиз, — деди ёв, — тескари қараб»,
ёвларга терс қараб туғилди бари.

Туғилди, туғилди, туғилди қуллар,
қирқида қирқилган — имдодга муҳтож,
ёвларга терс қараб итлардай ҳурар,
бир-бирига душман,бир-биридан кож.

Жўмардлар қирилган Туронзаминда
дўзахий тажриба палласин кўрдим:
эшшак суврати бор қай бир қавмда,
қай бирида тўнғиз калласин кўрдим.

Бу ҳолда буваклар бўғилиб ўлар,
қул Билол эзилиб йиғлар фалакда…
Ўзларин ёндирар борлиқдан тўйган
Бадахшон лаълидай асл малаклар.
Мўминлар беш бора Аллоҳни эслар
саждага бош қўйиб жаллод тошига.

Ўгрилиб сал ортга қарайин деса,
бошига урарлар,фақат бошига.
Борми эр йигитлар,борми эр қизлар,
борми гул бағрингда жўмард нолалар,
борми бул туфроқда ўзлигин излаб,
осмону фалакка етган болалар.

Бор бўлса, аларга еткариб қўйинг,
бир бошга бир ўлим демаган эрмас,
шаҳидлар ўлмайди,бир қараб туйинг:
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!

Ёвга терс қараган мусулмон эмас!
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!

Шавкат РАҲМОН

Shavkat Rahmon

27 Aug, 16:49


ОРЗУ ТАСБЕҲИ

Ажойиб кунларнинг бирида
уйғониб кетаман уйқудан,
юракнинг энг чуқур ерида
оғриққа айланган туйғудан.
Бир қўшиқ бўламан дарёдай
юракнинг энг чуқур ерида,
боқаман дунёга дунёдай
ажойиб кунларнинг бирида...

Шавкат РАҲМОН

Shavkat Rahmon

03 Aug, 19:09


***

Болаларнинг кўзлари керак,
жуда керак ҳайратли чўғлар –
бу дунёнинг бор гўзаллигин
фақат сўзлар у қора кўзлар.

Болаларнинг қўллари керак
дарахтларга, ерга, майсага,
болаларнинг тиллари керак
дунёдаги ҳар бир нарсага.

Офтоб чиқар болалар учун,
болалар-чун яшайди шамол.
Дунё турар бир банди каби,
кўксида ғам, кўзида малол.

Дунё фақат болаларники…
Ҳаёт қилган уларга тортиқ.
Фақат зўрлик билан дунёни
болалардан олмангиз тортиб!..

 Шавкат РАҲМОН

Shavkat Rahmon

10 Jul, 08:12


***

ДЎСТ

Одам узоқ яшар,
Жудаям узоқ,
Агар дўсти бўлса суянадиган,
Агар дўсти бўлса ҳар қутлуғ саҳар
Баҳайбат қуёшдай уйғонадиган.

Бугун мен умримнинг қоқ ўртасида
Дил-дан туйганча бир ҳақиқатни,
Севиниб, соьиниб яшай бошладим
Соатга чўзилган ҳар дақиқани:

Умрим узайгани муборак бўлсин,
Рост бўлсин ойлардай теран кунларим.
Умрдай баҳорлар,
Баҳор бўйларин
Таратган ўзгача рангин кўзларим.

Осмондай далани тўлдириб нурга
Бебаҳо тилсимлар ўстирган дўстим,
Юз минг елкаларим,
Юз минг қўлларим,
Юз минг юракларим сеники бўлсин!

Бағрида эзгулик уруғлари-ла,
Асрдан-асрга ўтаётган, дўстим,
сен учун жоним ҳам жисмимни ёриб,
Юз мингта ханжардай
Жаранглаб ўсди.

Умрим узайгани муборак бўлсин.
Оқари рост бўлсин тўкин дарёдай.
Энди кунларимнинг қат-қатларида
Асло ўлимлар йўқ,
Фақат ҳаёт бор!

Шавкат РАҲМОН

Shavkat Rahmon

28 Jun, 09:22


ЧАРХИПАЛАК...

Ғичир-ғичир,
ғичир-ғичир,
айланасан — жонинг ҳалак,
айланасан кун-тун демай, чархипалак,
чархипалак.

Шар-шур этиб,
шар-шур этиб,
қуйилар сув чирик новга,
не азоб-ла олган сувинг тешик новдан оқар сойга.
Анқаган ер куйиб ётар,
бу аҳволни кузатмаслар,
ғайрат қилиб тешик новни ямаб-ясқаб, тузатмаслар.

Ғичир-ғичир,
ғичир-ғичир,
айланасан — жонинг ҳалак,
айланасан абад-абад,
чархипалак,
чархипалак.

Шавкат РАҲМОН

Shavkat Rahmon

11 Jun, 07:36


***
Аму гулдирайди маст туялардай...
Биз ваҳший қудратга тўла комлари.
Кўринар ҳов олис тепаликларда
Хоразм шоҳларин истеҳкомлари...
Бир ёқда яшиллик кўпирган воҳа,
бир ёқ саксовулзор —
саҳро фарёди.
Сарҳадсиз осмондай очиқ кенгликда,
билмайсан,
шамоллар келар қаёқдан...
Ахир ногоҳ қўпган ваҳший шамоллар
ўтган-ку воҳани қумларга қориб.
Гўё дарёданмас,
оғир ўйлардан
кемамиз чайқалиб сузар юқори...
Шунда бир қирғоқдан
гўё ҳозироқ
узилиб тушгандай Момо Қуёшдан,
болалар қийқирди,
оқ кўйлаклари
оққушлар сингари айланар бошда...
Болалар,
мунчалар содда, тўпори,
тиниб-тинчимас оқ кападаклардай...
Юқори сузётган кемага қараб
худди жон киргандай тепаликларга...
Болалар,
Эй, улуғ дарёнинг болакайлари,
дарёдек жўшқиндир ғайратларингиз.
«Жисму жонларингиз муҳаббат бўлсин,
унга қалқон бўлсин
нафратларингиз».
Ваҳший Амударё
қорайиб борар
гоҳ очиб, гоҳ ёпиб ўпқон-домларин.
Кўринмас энди ҳов тепаликларда
Хоразм шоҳларин истеҳкомлари...
Уларнинг ўрнида
энди тирик саф —
узилиб тушгандай Момо Қуёшдан —
болалар... болалар..:
Оқ кўйлаклари
оққушлар сингари айланар бошда...

Шавкат РАҲМОН

Shavkat Rahmon

21 May, 15:28


***

Манови қора тош
Вақт кафтларида
триллион мартаба кичрайтирилган тун
жонсиздай ётаркан, ўткир кўзимга
тобора шубҳали кўринар ҳар кун
гўёки жонлидай, гўё бир куни
тўсатдан гуркираб гуллайдигандай,
гўёки ҳозирча ўтмас кўзлардан
сирини яшириб ухлаётгандай.
Гўёки кузатиб ўткинчиларни
мангу ҳаракатнинг юкин таширкан,
зўр бериб ўйлайди «қай аср қулай,
сирин очса бўлар қайси асрга?..»

Тош ҳам гулларми деб минглаб калтабин
гурзисин дўлайиб йиғилган пайтда
мардона илжайиб, кўрасиз, дедим,
бир куни гуллайди бу тош, албатта.
Балким тош ҳозироқ гуллаётгандир,
минг рангли жилода яшнаб, ўзгариб,
балки бу гулларни кўрмаётгандир
ҳатто шоирнинг ҳам ўткир кўзлари...

Шавкат РАҲМОН

Shavkat Rahmon

19 May, 06:49


ЁШ ЎЗБЕК ШОИРЛАРИГА

Сўзларни қайрайлик, обдан тоблайлик,
Идрокла совутиб тағин қайрайлик,
Ўзбекнинг қоракўз болаларига
битта дунё қолсин ҳайратлик.
Битта дунё қолсин мустаҳкам,
эшилган пўлатдай дарёлар қолсин,
чақилмас тошлардай бир тоғлар қолсин,
мусаффо хаёллар, самолар қолсин.
Сўзларни қайрайлик, дўстлар, жўралар,
ғафлат тўшагида ётмай, шошайлик:
яшамоқ, курашмоқ, ўлмоқ сирларин
болакайлар учун очайлик.
Битта дунё қолсин мустаҳкам,
унга посбон бўлсин ўткир шеъримиз,
токим бу дарёлар бемалол оқсин,
болаларга қолсин жаннат еримиз.
Сўзларни қайрайлик, тағин қарайлик,
токим кескир бўлсин бамисли олмос,
ўткир сўз қолмаса шоирларидан,
ўткир сўз қолмаса... ҳеч нарса қолмас.

Шавкат РАҲМОН

Shavkat Rahmon

10 Apr, 00:54


Ассалому алайкум қадрли каналимиз аъзолари!
Аллоҳ таоло сизу биздан барча солиҳ амалларимизни қабул қилсин!
Кейинги Рамазонга яхшилик ва хурсандчиликларда етқазсин.

Рамазон ҳайитингиз муборак бўлсин!

Shavkat Rahmon

28 Mar, 05:39


***

Елкамда
қақшаган асрлар юки: 
кишанлар, 
фарёдлар, 
сўнгсиз урушлар...
Мен қадам ташлайман чайқалиб, секин, 
оғриқдан юзларим буришар.
Йиқилмак, тўхтамак мумкинмас, 
қаерга бўлса ҳам юрганим яхши.
Менинг ҳар қадамим муқаддас, 
менинг ҳар қадамим 
ўлимга қарши.

Шавкат РАҲМОН

1976

Shavkat Rahmon

23 Mar, 15:02


***

Кўзингизни очинг, қўрқманг, 
зиёдан қамашсин, оғрисин, майли, 
майлига яшамак бўлсин қийинроқ 
очиқлиги туфайли.
Лаззат бор ҳар қандай оғриқда, 
кечалар оғриқдан инграб ётаман 
ва ўша оғриқни беғам, бўғриққан — 
оғриқсиз юзларга отаман...
Изғиринга юринг, очинг кўкракни, 
йиқилинг, барибир кераксиз. 
қийнанг, ўз ҳолига қўйманг юракни 
яшамаслик учун юраксиз...

Шавкат РАҲМОН

1975

Shavkat Rahmon

15 Mar, 03:24


***

Саҳар турдим,
қуёшни кутдим,
шудрингларда ювдим юзимни,
булоқларга лабимни тутдим
ва борлиқда кўрдим ўзимни.
Кўзларимдан тошди сурурим,
тўлиб кетди бағримга наво,
абадийдай туюлди умрим,
абадийдай туюлди дунё.

Шавкат РАҲМОН

1976

Shavkat Rahmon

05 Mar, 06:05


***
Одам узоқ яшар, жудаям узок,
агар дўсти бўлса суянадиган,
агар дўсти бўлса ҳар қутлуғ саҳар
баҳайбат қуёшдай уйғонадиган.
Бугун мен умримнинг қоқ ўртасида
дил-дилдан туйганча бир ҳақиқатни, севиниб, соғиниб яшай бошладим
соатга чўзилган ҳар дақиқани...
Умрим узайгани муборак бўлсин,
рост бўлсин ойлардай теран кунларим,
умрдай баҳорлар,
баҳор бўйларин
таратган ўзгача рангин кузларим,
Осмондай далани тўлдириб нурга
бебаҳо тилсимлар ўстирган, дўстим,
юз минг елкаларим, юз минг қўлларим,
юз минг юракларим сеники бўлсин!
Бағрида эзгулик уруғлари-ла
асрдан асрга ўтаётган, дўстим,
сен учун жоним ҳам жисмимни ёриб,
юз мингта ханжардай
жаранглаб ўсди.
Умрим узайгани муборак бўлсин,
оқари рост бўлсин тўкин дарёдай.
Энди кунларимнинг қат-қатларида
асло ўлимлар йўқ,
фақат ҳаёт бор.

Шавкат РАҲМОН

Shavkat Rahmon

03 Mar, 11:15


***

Мен йўғимда
гуллар очилар,
ташна бўлиб салқин елларга,
майин, тиниқ бўйлар сочилар
ёлгизоёқ,
сокин йўлларга.
Мен йўғимда 
тикилиб йўлга, 
хўрсинмоқда яланг қоратол, 
хотирлардан фаромуш бўлган 
булоқларнинг кўзида малол. 
Мен йўғимда 
тоғлик шамоллар 
оғушида райҳон кулади, 
гузарларда мудраган чоллар 
тунлар бир-бир ғойиб бўлади. 
Мен йўғимда...
Фиғон этармиш
кўкка қараб карнай-сурнайлар. 
Мен йўғимда ташлаб кетармиш 
Фарғонани оппоқ турналар.

Шавкат РАҲМОН

Москва, 1972

Shavkat Rahmon

01 Mar, 14:17


***

Яшамоғим зарур
ҳар дақиқани
ғазаб билан, севги билан тўлдириб,
дунёдаги барча қора нарсани
ёруғ лаҳзаларда ўлдириб.
Токим
бош кўтариб қарай қуёшга,
токим кўзларимда ёнсин ҳақиқат,
токим тош мисоли тегмасин бошга
мен яшай олмаган
ҳар бир дақиқа.

Шавкат РАҲМОН

1974