Дилга мактублар!.. @dilgamaktublar Channel on Telegram

Дилга мактублар!..

@dilgamaktublar


Сизнинг борлигингиз нақадар яхши
Дунёда, борлиги каби Худонинг!..

Шеърият, дилдаги гаплар, мулоҳазалар...


Фикр ва мулоҳазалар учун:
@tiiamea

Дилга мактублар! (Uzbek)

Дилга мактублар! канали сизнинг борлигингиз нақадар яхши дунёда, борлиги каби Худонинг! Шеърият, dildagi gaplar, muloҳazalar... Агар сиз фикр ва мулоҳазалар қурганда яхши мавзуларда учрашмоқчи бўлсангиз, тенгиз каналга аъзо бўлинг: @tiiamea

Дилга мактублар!..

28 Jan, 04:58


***
Har qandayin bahonalarga
O‘rganadi vaqt, umr va men.
Lekin seni ko‘rgim kelganda
Topolmayman hech qanday taskin.

Senga xabar yozaman yana
Ahvolingni bilgim keladi.
Va yashayman kunlarni sanab:
(keladi,
keladi,
keladi)

Sensizlikka ko‘nikish — bu g‘am,
Sensiz baxtli yasholmayman men.
Azob — uyga kiryotganimda
Ichkarida ko‘rinmasang sen.

Nodira Nazar

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

27 Jan, 15:08


Ajoyib kunlarning birida
Uyg'onib ketaman uyqudan -
Yurakning eng chuqur yerida
Og'riqqa aylangan tuyg'udan.

Bir qo'shiq bo'laman daryoday
Yurakning eng chuqur yerida.
Boqaman dunyoga dunyoday
Ajoyib kunlarning birida.

️Shavkat RAHMON

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

26 Jan, 18:40


***

Йўловчи, айт, қизғин дийдорлар қайда,
Бир сирни англадим дардимни айта,
Бу кўҳна йўлларда биз яна қайта,
Кўришармизми ё кўришмасмизми?

Бу йўл осмон билан туташган йўлдир,
Унда келувчидан кетувчи мўлдир,
Сен менга бир иссиқ табассум қолдир,
Қайта кўришармиз ё кўришмасмиз…

Узрлиман таниш-нотанишлардан,
Кимга наф тан олиш ё тонишлардан,
Бир ҳовуч қор қолдир менга қишлардан,
Қайта кўришармиз ё кўришмасмиз…

Бу йўл икки дунё туташган йўлдир,
Йўловчи, ҳориган кўнглимга қўл бер,
Менга биттагина ширин сўз қолдир,
Қайта кўришармиз ё кўришмасмиз…

Эшқобил Шукур

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

25 Jan, 16:46


Агар шеър бўлмаганда
бутун умр сенга мактуб ёзардим...

Дадахон Муҳаммадий

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

25 Jan, 09:55


Сиз ёққансиз менга ҳамиша,
Фақат буни этмовдим ошкор.
Ўйловдимки юрак топишар,
Биздан кетгач сабру эҳтиёж.

О, мен сизни қанчалар кутдим-
Мана-оқ соч, мана бу ажин.
Кунларимни тортқилаб ютди
Шум ёлғизлик-фаришта ғажир.

Ортингиздан кетишим мумкин,
Йўл тугаса, йўлсиз тентираб.
аммо, айтинг йиғлайсиз нечун
Манглайингиз деворга тираб?

Йўқ, ҳеч сизга етмасин озор,
Тушунаман-йиллар, андиша...
Фақат сизга айтмовдим ошкор-
Сиз ёққансиз менга ҳамиша.

Усмон Азим

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

24 Jan, 20:23


Яна сизга келди ҳавасим,
Яна соғинч қилди тантана.
Мен турибман (рўё эмасми?!)
Эшигингиз олдида, мана.

Очсангизчи?!
(Уйда ҳеч ким йўқ!)
Хиралашар кўнглим ранглари.
Эшитяпман қулоқ тутиб жим,
Сукунатнинг жарангларини.

Ичкарида...
(Гумон тошлари
Юрагимдан отилди бир-бир...)
Юзларимга ёға бошлади,
Манзилини унутган ёмғир.

Кетсаммикан... (Бу йўллар узун)
Эзилади бешинчи қават.
Тўрт томонда кезинар маҳзун,
Севги...
Севги...
Севги...
Ва Ҳасрат.

Бирдан эшик очилди! (Тангрим
Бунчалар ҳам караминг кенгдир!!!)
Сиз қаршимда турибсиз кулиб,
(Бу қувончлар фақат меники!)

... Сизга яна келди ҳавасим,
Яна соғинч қилди тантана.
Мен турибман (бу аслида туш)
Эшигингиз олдида, мана...

Башорат Отажонова

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

24 Jan, 14:47


***
Тирикман-у, яшамаяпман,
Сен йўқдайсан, йиллаб кутганим.
Фақат менинг ўзимга аён
Қачонлардир ўлиб кетганим.

Тирикман-у, яшамаяпман,
Мени боғлаб қўйган қандай куч?
Ёниб, қақшаб югурган билан
Ўликларга келавердим дуч.

Бақирмоқчи бўламан, аммо
Овозини чиқармай ўлган.
Атрофдан ҳам эшитилмайди
"Мен тирикман!" – деган бир овоз.

Одамларга термуламан жим,
Умид, ишонч, орзуси сўлган:
Манов одам армонга чўкиб,
Овозини чиқармай ўлган.

Анависи тирикчиликнинг
Қучоғида чириган, йитган,
Ҳув, анави новча йигитнинг
Нозиктаъб қиз бошига етган.

Йўл оламан майхона тараф,
(Ўликларга термулмоқ нечун?)
Май ичаман ўзимни сўкиб,
Тирикларнинг соғлиғи учун.

Чори Аваз

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

23 Jan, 14:43


СЕН КЕЛГАНДА

Ана, чўмилмоққа ечинар гуллар,
Ойнани синдириб шарқирайди нур.
Эринчоқ керишар мудроқ стуллар,
Бу ерда қолмоғинг жудаям зарур.

Камбағал қучоғин очади шкаф,
Латиф илтифотдан туйгандай сурур.
Жавонда китоблар юборар куйлаб,
Бу ерда қолмоғинг жудаям зарур.

Оёғинг гардини тера бошлар пол,
Ва «уҳ» деб қўяди бахтидан масрур.
Итдай тўрт оёқлаб ялинар стол,
Бу ерда қолмоғинг жудаям зарур.

Ҳайронсан, хонада бор нарсаларга
Гоҳ ийиб боқасан, гоҳида мағрур.
Менга керак эмас, лекин уларга
Бу ерда қолмоғинг жудаям зарур.

Эшқобил ШУКУР

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

22 Jan, 17:26


* * *

Аниқ эсламайман ..
Қилдинг қўнғироқ,
Ёки мен тердимми рақамларингни.
Ҳар ҳолда, тўкилиб кетдию фироқ,
Гусирин эшитдим қадамларингни.

Ҳудди кечагидек...
Ҳудди бир кунга,
Ёки бир сония яшадик айро.
Ахир ўхшатмадим сени ҳеч кимга,
Сен мендан яхшисин топмадинг гўё!

Аслида орадан ўтди бир аср,
Икки умр ўтиб кетди минг афсус,
Кимга жаҳл қилдик, ё кимга жабр,
Кимни бир кўришга муштоқмиз ҳануз?!

Аниқ эсимда йўқ,
Қайси биримиз,
Эшикни қарс этиб ёпдик сўнгги бор.
Кейин бир умрга бизлар иккимиз,
Эшикка термулиб ўтдик умидвор!

Ҳаммадан қизиғи,
ечимсиз жумбоқ,
Овозин кутаман қадамларингни.
...Қизиқ, сен қилдингми бугун қўнғироқ,
Ёки мен тердимми рақамларингни!?

Малика Тавфиқ

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

22 Jan, 14:20


Ҳақиқат

Мен
саҳнада
сўзларини
унитиб қўйдим
ижро этаётган ролимнинг...

Ўз сўзимни айтиб қўйдим мен!!!

Залдагилар олқишлар, аммо,
энди мени ўлдирадилар,
Саҳна ортида...

Гулжамол Асқарова

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

21 Jan, 18:56


КЕЧИРАСИЗ

Кечирасиз, хоним, ухлолмаяпсиз,
юрагингиз оғридими, ёки кўзингиз?
интиҳоси йўқ орзулар бўлса ўйланг,
ёки умидни вақтида узингиз.
Аммо бир гапни айтай,
сиз гўзалсиз ниҳоятда,
ниҳоятда самимий,
жавоб ҳам бермайсиз, сезяпман,
йиғлаяпсиз, ўзингиздан ўзингиз.

Хуршид Абдурашид

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

21 Jan, 05:07


ҲАҚИҚАТГА КЕЛСАНГ ЮЗМА-ЮЗ
Қўрқма, ахир дўстингку сенинг,
Дўстимизку ахир, бизнинг ҳам!
Келиб қолсанг ҳақиқатга юзма-юз
ўзингда журъат топ, титрамасликка!
Кўзларига қарашдан қўрқма,
Унутма, ичингда гина бор, жиндек.
Дадил туриб сўра: «Қаерда эдинг?
Нега кўринмайсан ҳеч, дўстим!
Нега бизга кўрсатмадинг…
Қорангни?!»
Дадил айтолмасанг
йиғламсираб айт,
Тўкиб ташла ичингдагини.
Ҳўнграб-ҳўнграб йиғла
ва бағрингга бос!
Қўйвориб юборма энди ҳеч қачон!

Раҳмиддин Абраев


https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

20 Jan, 06:26


ҚОРА КИЙГАН АЁЛ

Кишилар бир бўлмас, одам боласи,
қўрқоғи бор,
марди бор.
Аммо ҳар кимнинг ўлганидан сўнг
қабри узра йиғлагувчи
Бир қора кийинган гўзал аёлдан
умиди бор.

Сен ўлганда
ким бўлади кўзларингни боғлаган?
Дўстингми бўлади?
Ётми бўлади?
Бу дунёда, балким, сен деб энг кўп йиғлаган
Сен энг кўп йиғлатган хотин бўлади.

Кўз ёшлари ювар қабртошингни,
Қабрингда тўлғониб
дейсан, худойим,
Йиллар бўйи мен йиғлатган бу аёл
қайда яна асрагандир
бу қадар кўз ёшини?!

Бирор марта
на сочини силадим,
на-да кўз ёшин артдим,
Қорачиғимга ботар энди
сочининг ҳар толаси,
Йиллар бўйи
бу аёлга мен ахир дард етказдим.
Нега энди чекар дардимни?!

Бу аёл қабр тошимни
ўпиб силагунча,
Мушти билан урса, урса яхши эди,
Қабримнинг устида қон йиғлагунча,
Қарғаб, қақшаб турса, яхши эди.

Кет, кета қол,
қора кийган аёл,
Йиғингни тўхтата қол, қора кийган аёл.
Бу қабр ҳам минг қабрнинг биридир,
етар, қабртошни босма бағрингга,
Барча мен деб йиғлаганлар тинчиди,
бас, гўр ичига томаётир, йиғлама...

Ромиз Равшан шеъри
Карим Баҳриев таржимаси

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

16 Jan, 19:47


Барчангизни Ўзбекистон ҳалқ шоири Усмон Азим ижодидан баҳра олишга https://t.me/UsmonAzimijodi га таклиф этамиз.

Дилга мактублар!..

16 Jan, 19:05


***
Борлиқ гўзал бўлди бунчалар,
Қараб қўйди қошлари ёйли.
Лаблари - очилган ғунчалар
Бу аёл мунчаям чиройли?..


Юрагим кафтимда ургандай,
Фирдавс боғларида юргандай.
Жоним томоғимда тургандай...
Бу аёл мунчаям чиройли?


Дам, дегани ё шул даммикан?
Шакарлардан ширин ғаммикан?
Ва ё ғами ҳам бир каммикан?
Бу аёл мунчаям чиройли?


Олам гўзал бўлар шунчалар,
Термулганда юзлари ойли.
Сочлари тим қаро - тунчалар
Бу аёл мунчаям чиройли?


Туйғусин тотини билсайдим,
Парими, зотини билсайдим.
Ҳеч к,урса отини билсайдим...
Бу аёл мунчаям чиройли?


Гўё кўкдан тушгандай ҳилол,
Боқсанг азоб, боқмасанг увол.
Дунёдаги энг к,ийин савол:
Бу аёл мунчаям чиройли?..


АҲРОР БАЙЗО

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

16 Jan, 18:50


***
Руҳим – тиниқ ҳасрат –
Тўлқинли.
Куз яна йиғлатди
Кўнглимни.

Куз нола ҳолига
Етишган.
Йўл очиқ – юракка
Кетишга!

Сўз юзига томдим
Ёш монанд –
Ўзинг артиб олгин,
Худованд...

Усмон Азим
“Коллаж” китобидан

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

15 Jan, 18:06


Бир ёқда суйгулинг кўзингдан ғойиб,
Бир ёқда ватанинг ғарларга талош.
Бир ёқда андуҳинг бормоқда бойиб,
Бир ёқда қароққа тўлқин урар ёш.

Бир ёқда шимолга сургун йигитлар,
Бир ёқда жувонлар жамиятга қул.
Бир ёқда ялоғи тиллодан итлар,
Бир ёқда танглайи тешилган булбул.

Бир ёқда Оролдай шўрлаган манглай,
Бир ёқда адашган йўлчидай авом.
Бир ёқда ёлғонни айтишар чиндай,
Бир ёқда алданиш этади давом.

Бир ёқда қулликни тусар кексалар,
Бир ёқда ёшанглар фарқи йўқ ҳар ёқ.
Бир ёқда келажак ҳиссиз ингранар,
Бир ёқда қабрлар ҳайқирар узоқ.

Бир ёқда бемалол қиш келаётир,
Бир ёқда кўчини тўплар тийрамоҳ.
Бир ёқда бемажол дил йиғлаётир,
Бир ёқда самога ўрлаётир оҳ.

Бир ёқда ҳаммаси ўткинчи гўё,
Бир ёқда ҳар бири жон беришга тенг.
Бир ёқда измидан қўймайди дунё,
Бир ёқда бир ёққа кетгинг келар сен.

Нажмиддин ЭРМАТОВ

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

13 Jan, 20:45


Чорбоғларга йиқилар сўлғин
Шамол — бевақт қуриган япроқ.
Нимагадир келмайди ўлгинг,
Яшагинг ҳам келмайди бироқ.


Усмон Азим

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

12 Jan, 20:04


* * *
Бир дийдорга интиқман, Худо,
Ибтидомдан интиҳом қадар.
Ташқаримда алдайман, - дунё -
Чап қўлимда ёзилган дафтар.

Кафтларимдан нафас оламан,
Сўз қадалиб қолган кўзимга.
То сенгача сўнгсиз ёғаман
Ўзим ёмғир бўлиб ўзимга.

Кўрганимга дохил қошида
Кулги, йиғи -- бори йўқ қарзим.
Ҳар тирикнинг еган ошида
Баҳор билан куздаги базм.

Йиғлаб олсин, тошга қулоқ бер,
Сайраётган қушлар камайди.
Юрагимда айланади ер,
Қуёш эса қимирламайди.

То сенгача соғинч бўламан,
То сенгача вужудим қайиқ.
То сенгача сўнгсиз ўламан,
То сенгача тўсиқ халойиқ.

Ташқарида, бардан мосуво
Ҳар на, одам бўлиб юрибман.
Кутдир, кутдир, кутдир, эй Худо,
Уфқларга қараб турибман...

Наргиза ОДИНАЕВА

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

11 Jan, 18:58


Мангу саволлар

Қисмат!
Пасайтирди пилигимизни,
Меҳнат!
Суриб олди илигимизни,
Давлат!
Қўлламади қилиғимизни...
Биз энди нетайлик, Художон?!

Кел дединг,
Келдик биз дунёларингга,
Бил дединг,
Ишондик рўёларингга,
Дил дединг,
Интилдик зиёларингга...
Айт, қайга кетайлик, Художон?!

Кўзинг,
Синдирди шаьн-шамширимизни,
Юзинг,
Сингдирмади ёмғиримизни,
Ўзинг,
Таҳрир қилгил тақдиримизни,
Васлингга етайлик, Художон!

Ўрасак,
Занжирлар кўп зиён экан,
Беласак,
Бешикда ишқ чаён экан,
Сўрасак...
Манзилинг ноаён экан,
Айт, қайда кутайлик, Художон?!!!

2018 й
Гулжамол Асқарова

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

11 Jan, 03:46


***
Менинг ҳам кўп савдо бошимга тушди.
Етиб боролмадим сизга. Иймандим.
Сиздан парвозланган узлуксиз тушни
Қўшиқли руҳ этдим фақат — куйландим.

Қисмат — йўриғимга юрмаган олам.
Умр — сиз тарафга таралган кўнглим…
Бахтли бўлолмайман мен сизсиз.
Ҳеч ҳам.
Сиз эса менсиз ҳам бахтиёр бўлинг.

Усмон Азим
22.10.2015

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

10 Jan, 03:38


Кўз ёш билан ювилган юздан тозароқ юз йўқ аслида!

Шекспир

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

09 Jan, 09:37


Бир кун бу боғларга фусун қайтарму,
Матонат топарму яна гуллашга?!
Ахир бу гулларнинг атрини истаб
Тангри бандасига кўнгил улашган.

Эркка  етармикан бир кун бу тоғлар,
Тилга кирадими сукутдан толиб?!
Кўзларидан сизиб чиқолмаган қон
Бўғзидан отилар вулқон мисоли...

Дарёлар бир куни йиғидан тўхтаб,
Чопиб чиқадими ўзанларидан?!
Саҳроларга сингиб кетавердилар -
Ишорани кутиб само қаъридан...

Бир кун бу булутлар топиб ҳаловат,
Дўпписини ечиб, қаҳ-қаҳ урарми?!
Улар Аршга йўлни тополмадилар,
Ахир гуноҳи йўқ эди уларни...

Бир куни ғалати туш кўриб дунё,
Улоқтириб кўҳна занжирларини,
Қизиқ, қай манзилга чопиб бораркан,
Кимга айтар экан бу сирларини...

Бир кун аригайми кўзимдаги  мунг,
Бир кун пичирлашдан тинарми бу лаб?!
Кўзгуни олдида хижолат тортмай,
Жимгина кетардим Одамга ўхшаб...

Шуҳрат  Ориф

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

08 Jan, 19:48


***
Куйлолмадим
япроқлар каби,
қуруқ шохдай титрар овозим -
сўлиб қолди яна бир баҳор,
сувга чўкди яна бир ёзим.

Куйлолмадим,
куз келди, мана,
қўлин чўзди гиёҳга, гулга,
сайрадилар сўнг бора, боғлар
тўлиб кетди ўлик булбулга...

Қорлар ёғди,
оғриди жоним,
ухлаётган боғлар пойида
куйлолмасдим ва энг ёмони
яшил эдим январь ойида...

1979
Шавкат РАҲМОН

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

08 Jan, 16:24


https://youtu.be/w_8xK_9NgKY?si=pwcpq-rWNQo-vyni

Дилга мактублар!..

08 Jan, 03:33


ЙИГИТ БИР КУНДА БИР...


Кунда бир “уҳ” тортиш – эр қавмига тан!
Буюк ҳовур кўкка ўрлаши керак.
Ҳар кун ўзни қийнаб, ҳар кун ҳаётчан:
Йигит бир кунда бир терлаши керак!

Оқ ишми, қаро иш? – Қизиқмас мутлақ!
Пок ишми, ҳаром иш? – Муҳими шунда!
Бор қалбу шуурин бир ерда бутлаб,
Бир бор терлаши шарт, йигит бир кунда!

У азиз бошини саждага қўйиб,
Букилмас қаддини “Аллоҳ” деб букса...
Қандай бахт, ўзини осийга йўйиб,
Пешона терини “Тавба” деб тўкса!

Хуфтондан кейин ҳам бир ёруғлик бор,
Шунда ҳам хонумон шўрлаши керак!
Олтинчи маҳал у – чархи кажрафтор,
Йигит бир кунда бир терлаши керак!

Ҳеч қачон совимас оловнинг бели,
Бу умр, бу яшаш чексиз фараҳдир:
У сергак туради – уйғонар эли,
О, ўша
паллада
йигит
ярақлар!


Алибек Анварий
январ, 2025 й.

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

07 Jan, 05:14


ҚАРЗ

Умр – қарз дейдилар
Худонинг қарзи.
Тезроқ қутулсайдим
Мен шу қарзимдан.
Ахир қийин...
Ҳар лаҳза қарзингни сўраб турсалар...

Гулжамол Асқарова

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

07 Jan, 05:11


КУН ТАРТИБИ

Тонг. Бир пиёла шакарсиз қаҳва,
Кун. Ишламоқ тириклик учун.
Тушлик. Дўст-у сабрга раҳмат,
ва чекилган аламли тутун.

Шом. Зил замбил бошни кўтариб,
Етқазмоқлик болишга омон.
Тун. Кўнгилнинг ойнасин артиб,
Туш кўрмоқлик у ҳақда. Тамом!

Мирзоҳид Маъмуржон

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

06 Jan, 00:10


* * *
Шароблар ичилди, хум қолди, жоним,
Денгизлар қуриди, қум қолди, жоним.
Асрлар яшалди, фақат ёдимда
Сен билан ўтган бир зум қолди, жоним.

Агарчи ичимда вулқоним тирик,
Агарчи тилимда қалқоним тирик,
Валекин оғзимда талқоним тирик,
Валекин тишимда мум қолди, жоним.

Бошимдан ўтдилар фалокатларим,
Туғилиш, уйғониш, ҳалокатларим,
Хоразмий хатларим, суғдий хатларим...
“Дол”у “зол”, “лом” билан “мим” қолди, жоним.

Нобино кўрларим бинодай ўтди,
Синодай зўрларим Синодай ўтди,
Бир ярим соатлик кинодай ўтди...
Топинмоғим учун ким қолди, жоним?!

Саволми, жавобми бўйла боқишинг,
Муғнинг роҳибидай олов ёқишинг?..
Жавоб бермасанг ҳам майли, хоҳишинг,
Сендан катталар ҳам жим қолди, жоним.

Шароблар ичилди, хум қолди, жоним,
Денгизлар қуриди, қум қолди, жоним.
Асрлар яшалди, фақат ёдимда
Сен билан ўтган бир зум қолди, жоним.

2023 йил 5 февраль
Мансур Жумаев

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

05 Jan, 22:43


***
У боғда сен қолдинг-
Дарахтлар билан.
Қушлар билан қолдинг.
Тушларинг билан...
Юрагингдан мени айладинг барҳам,
Қандайдир беқайғу ишларинг билан.

Бегона мавзулар суҳбатидан танг
Сўзларингда нега шеър йўқ?
Билмайсан.
Фақат қуриб қолган дарахтни кўрсанг,
Йиғлайсан...
Негадир ўксиб йиғлайсан.

Усмон Азим

https://t.me/UsmonAzimijodi
https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

05 Jan, 22:39


Барчангизни Ўзбекистон ҳалқ шоири Усмон Азимнинг ижодидан баҳра олишга https://t.me/UsmonAzimijodi га таклиф этамиз.

Дилга мактублар!..

05 Jan, 21:36


▫️▫️▫️

Чункигача мени қийнади тақдир,
Чункигача бўлган сўзимни унут.
Чункидан кейинги изҳорим ҳақдир,
Чункидан кейинги изҳорим – сукут.

Қаршингда жимгина турарман бедор,
Кутма... шу зайлда мангу қоларсан.
Чункидан кейинги гапимни, дилдор,
Фақат кўзларимдан тинглаб оларсан!

Алибек Анварий

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

31 Dec, 16:11


ЯНГИ ЙИЛ КЕЧАСИ

Кўнгил маъюс тортди йилнинг сўнгида,
Билмам, ниманг билан сеҳрладинг, қор.
Бугун куппа-кундуз кўзим ўнгида,
Яна бир ёшимни ўғирладинг, қор.
Қирқинчи қасримга ўтайми энди,
Кечаги ёшлигим эртакми энди?..

Баҳорим етгудек қўлим узатсам,
Етолмай дилимни не деб юпатсам.
Лайлакқор, азизим, ғалат байрам бу —
Кулиб кузатсамми, йиғлаб кузатсам...
Дардим жим ичимга ютайми энди,
Кечаги ёшлигим эртакми энди?

Сўрсанг, севинчимдан ўкинчим кўпроқ,
Сендан-да кумушроқ сочимдаги оқ.
Йилим келмай туриб, йилим кетмоқда,
Кўзда табассум-у киприкда титроқ.
Мен ҳам сал шошдим-да, қайтайми энди,
Кечаги ёшлигим эртакми энди?

Янги йил,
Келавер қандай келсанг ҳам,
Кимлар етди сенга, кимлар етмади.
Сен янги йўлдошсан, сен янги ҳамдам,
Йўқлаб келганингни ўзи бир байрам.
Қулоғингга бир гап айтайми, энди,
Кечаги ёшлигим эртакми, энди...

Муҳаммад Юсуф

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

30 Dec, 20:51


Ҳар кеча
хотиринг юракка қайтар,
забт этар
лаҳзада
жону жисмимни.
Ташқари чиқаман —
кеча мунаввар...
Шунда
такрорлайман йиғлаб исмингни.

Аммо ўртамизда бепоён кеча —
юлдузлар ўртанган сокин бир хилқат.
Ёлғизим,
мабодо
овозим етса,
ишонма...
йиғлама...
унутма фақат.

Усмон Азим

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

30 Dec, 07:56


***
Ё раб, кимга сўйлай дилда аламни,
Боримни бағримдан юлиб кетди куз.
Бир он тингламади, додим ноламни,
Фурсат қолдирмади айтмоққа сўнгсўз.

Қулоғим остида онамнинг саси,
“Узоқ йўлдан толмай келдингми, болам..”
Дилим қовжирайди, куяр нафасим,
Онамсиз кенгайиб қолдими олам?...

Битдими қисматим нурли куни, ё...
Руҳавзо тушларим келмасми ўнгги.
Тиллоранг рақсига этиб маҳлиё,
Куз ютди шодлигим, умидим... сўнгги.

Ўтар ғариб кунлар далли, дилозор,
Кимдан меҳр тилай, сиздан зиёда.
Соғиндим отажон, кўрсайдим бир бор,
Она, дийдор энди қайси дунёда?!.

Тун... борлиғим карахт, бедор ўйларим,
Англаб улгурмайман росту рўёни.
Умрнинг лаҳзалик эканин сўйлар,
Отамнинг устунда қолган чопони...

Зилола Хўжаниёзова

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

29 Dec, 08:45


ШАРОБ

Ичаман, кўзларим чирт юмиб,
Танимда ёйилар ҳарорат.
Юбораман дардларим кўмиб,
Жураътим тоғларга баробар.

Чалкашиб кетади кун ва тун,
Чувалган от ёли сингари.
Қилолмайди онгимга хужум,
Соатнинг бешафқат миллари.

Бирдан қанот чикарар қўлим,
Ожизлигим келмайди малол.
Сарғайган расмингга термулиб,
Сўнг йиғлай бошлайман бемалол…

Жонтемир

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

26 Dec, 16:50


Қиш. Аёл. 

 Сервиқор либослар сиймин танда хор. 
Кўркам чехраларда жахоний малол, 
Журъатсиз нигоҳла қалашган қатор 
Зиналарни босиб чиқмоқда АЁЛ. 

Бигиз пошналарга босганича лаб,
Чўтир остона ҳам инграр бемадор. 
Ташқарида тунни кундузга улаб, 
Эланиб-эланиб ёғар оппоқ қор.

Эшик очилади-эгилмас сарв қад.
Эшик ёпилади-сарв қад қилт этмас. 
Худойим-ей! Бундай илоҳий талъат 
Инсон боласига хеч насиб этмас...

Калит буралади...
Муздай манглайин
Жуздайин кўзгуга босадир АЁЛ,
Пардани ёпар, сўнг оққуш либосин 
Юлқиган кампирдан яшринган мисол. 

Кўзгу хира тортар-аламли нафас(!!!) 
Лаблар пир-пир учар - ўкинч йўлдоши. 
Зада кўнгил томон пилдираб бесас
Қуйила бошлайди аччиқ кўз ёши... 

Файзсиз уйни муздай сукутга чулғаб
Виқор либослари оёқ ости - хор. 
Ташқарида...тунни кундузга улаб
Эланиб-эланиб ёғар оппоқ қор. 

Занглаган юраги илвирар, ожиз
Ва сўнгги япроқдай титрайди беҳол, 
Сўнг жонсиз либослар (!!!) устига қулар 
Букчайган, бечора, МУШТИПАР АЁЛ....

Б. Йўлдош

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

24 Dec, 17:47


Ўзбекистон халқ артисти, "Меҳнат шуҳрати" ордени соҳибаси, театр ва кино актрисаси Шафоат Раҳматуллаева табаррук 83 ёшда бандаликни бажо келтирибди.
Шарофат Раҳматуллаеванинг оила аъзолари ва барча яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

22 Dec, 04:08


***
Қатор-қатор, қатор-қатор, қатор-қатор,
Саф-саф бўлиб, саф-саф бўлиб, саф-саф бўлиб,
Афгор-афгор, афгор-афгор, афгор-афгор,
Йўқ-йўқ бўлиб, даф-даф бўлиб, ҳайф-ҳайф бўлиб –
Одамизод бу дунёдан ўтиб борар.

Навбат билан тизилганлар, тизилганлар
Эзганлару эзмаганлар, эзилганлар;
“Худо” деган; тангрини бир сезмаганлар –
Одамизод бу дунёдан ўтиб борар.

Югургилаб, бир-бир босиб, ўйнаб-ўйнаб,
Бу дунёнинг ёлғонидан сўйлаб-сўйлаб,
Гоҳ қорнини, гоҳ қадрини ўйлаб-ўйлаб –
Одамизод бу дунёдан ўтиб борар.

Давлатманду хору зорлар, бечоралар,
Дили буту, дили йўғу, дилпоралар,
Ҳукмфармо пошшоҳлару фуқаролар –
Одамизод бу дунёдан ўтиб борар...

Бу қаро ер ютмоқликдан толмагайдир,
Ўлим асло ўз касбидан тонмагайдир,
Во дариғо! Бир кас мангу қолмагайдир –
Одамизод бу дунёдан ўтиб борар.

Қарайману юрагимда тугар бардош,
Қандай қилиб сизни асрай қон-қариндош?
Кўзимда ёш, кўнглимда ёш, сўзимда ёш –
Одамизод бу дунёдан ўтиб борар.

Лаънат айтиб, лаънат айтиб, лаънат айтиб,
Раҳмат айтиб, раҳмат айтиб, раҳмат айтиб,
Сукут айтиб, нола айтиб – ғоят айтиб –
Одамизод бу дунёдан ўтиб борар.

Қатор-қатор, қатор-қатор, қатор-қатор,
Афгор-афгор, афгор-афгор, афгор-афгор,
Кўз ёш каби тизилишиб, тизилишиб,
Ингичка ип – бул Ҳаётдан узилишиб... –
Одамизод, одамизод ўтиб борар.

Биродарим, “баландман” деб этма ғурбат,
Мен – дил бўлдим; сен, ҳеч қурса, бўлгин суҳбат,
Мен ҳам турбат, сен ҳам турбат – келса навбат –
Одамизод, одамизод ўтиб борар.

Усмон Азим

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

17 Dec, 06:10


https://t.me/dilgamaktublar_mp3
Бу канал Дилга мактублар каналининг мантиқий ва мусиқий давоми ...

Хотиралар, ёқимли куй қўшиқлар,
Орзулар ва армонлар,
Кўнгил хотиржамлиги...

Каналга обуна бўлинг ва тингланг!..

Дилга мактублар!..

16 Dec, 10:57


СИҒИНДИ

Ўша кун... ортиқчалик қилдим
жаннатга —
Лаш-лушсиз учдим-у,
Машриққа тушдим.
Қирқ йиллик фироқда жоним увишди —
Либосим япроқ эди.

Худо беҳудага бермас қирқта жон,
Кўнглимни кундага қўйиб чопдилар,
Чопқилар гуллади, чопқилар!
Сотдилар...
Қадримга дунё топдилар —
Дунёси қуроқ эди.

Бир кун остонадан ҳайдалди онам,
Вазифасин янглиш уққани —
Ўғил эмас мени туққани
учун.
Ваҳоланки уларга меҳрим
Ўғилдан кўпроқ эди.

Бошқа ҳаётимда очиқ қабрга
Қўғирчоғим билан кўмдилар,
Ўйладим: "Ҳалиям мен билан бирга
Беркинмачоқ ўйнаяпти улар...
Нега ҳалигача топишолмади?"
Қўрқардим, дилдираб совуқда таним.
Охирги нафасда чақирдим зўрға...
Сўнгра
ҳўнграб-ҳўнграб қоришдим гўрга...
Асосим тупроқ эди.

Яширин, — дедилар, — югур, қопга кир,
Беркитгил, — дедилар, — кўзларинг гўзал.
Қуёш олгани чун юзимдан бўса
Тошбўрон остида чайқалиб боқдим,
(гўё)
Илма-тешик мешдан май каби оқдим...
Кайф-у сафосига қон томиб турган
Кўйлагим — байроқ эди.

Ўз уйи бўлмаган ҳеч вақт аёлнинг —
Отаси,
боласи,
эрининг уйи...
Аъвомнинг умрида энг олий ўйи —
Аёлдан қутилишдай
жирканч озодлик!
Бу эрк — чин қамоқ эди.

Одамзот ғажир ўз қовурғасини,
Ишлашга қўймайди,
Тишлашга қўймас,
Миннатга йўяр-у,
Суннатга йўймас,
Мен туққан оломон ҳуркди ўзимдан,
Нақадар қўрқоқ эди.

Томоғимдан ўтган ҳар томчи сувда,
Рақамлар акс этар ҳисобин жамлаб,
Сўнг қоришиб кетар оби дийдам-ла
Шунчаки,
Малолим келмасин ҳеч кимга дедим,
Уволим келмасин ҳеч кимга дедим,
Истагим топ-тоза авлод ўстириш,
Умидим буроқ эди.
Бироқ энди...

Жаннат оёғимнинг остидалиги
Бошидан сўроқ эди.

Нозима Ҳабибуллаева

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

16 Dec, 10:43


* * *
Ниҳоят тахт қилиб қўйилди сумкам,
Китоб.
Қоғозларим.
Енгил устибош.
Қўлимда-ўзимга тегишли чипта –
Кўнглим ғаш.
Негадир кўзларимда ёш.

Йиғлайман у уйдан бу уйга чопиб,
Кўчада машина...
(Тура тур пойлаб!)
Телефон дафтарни шкафдан топиб,
Кичкина сумкамга қўяман жойлаб.

“Ҳозир, озгина кут...
Ишим тугайди,”
Ўзича гапириб пичирлар лабим,
Наҳот, телефон ҳам жирингламайди,
Кетмасимдан ҳамма унутган каби.

Xосият Рустамова

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

14 Dec, 23:55


***
Tun.
Soat bir.
Seni sog‘inib,
Men oy bilan sirlashaverdim.
Million marta mingga bo‘linib,
Yana qayta birlashaverdim...

Dilmurod Akbarov

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

14 Dec, 13:32


Худойим, қоврилдим, тугайди қачон
Бу гулхан юракнинг ловуллашлари.
Бу тун яна менга бермади ором
Қонимнинг оловли шовуллашлари.

Менчалик ёнмаган ҳеч ким… менчалик
Ҳеч ким ўчмоқликни этмаган орзу.
Боряпман чақмоқнинг бўлаги янглиғ
Лаҳзалик умримни фалакка осиб.

Ҳатто вулқонларда оловлик бекор –
Менинг ёнғинимнинг йўқдир адоғи.
Ичимда майсанинг армонлари бор –
Ёмғирда ўсишнинг ҳасрати, доғи.

О, сасинг етишди руҳ ила танга,
Раҳмат, каломларинг бунча мулойим!..
Мени ўчиртирма бирор бандангга,
Ўзинг ўчир мени… Ўзинг… Худойим…

Усмон Азим

https://t.me/usmon_azim

Дилга мактублар!..

14 Dec, 04:29


Сизнинг борлигингиз
нақадар яхши
Дунёда, борлиги каби
ХУДОнинг!!!


Гулжамол Асқарова

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

14 Dec, 04:06


▫️▫️▫️


Кутубхона. Мармартош зина.
Бурчакларда сунъий арчалар.
Ўй суради бунда жимгина,
Нур тараган ҳазин дарчалар.

Сен ёнимда “Улисс” ўқийсан,
Сочинг оқиб турар партага.
Кўнглим ҳайқиришни тусаган,
Оғир сукут чўкди ўртага.

Ҳарфларга қарайман тойиб,
Димоғимда толиқар ифор.
Китобларни жавонга қўйиб,
Термуламан эшикка, дилдор.

Электр сим. Совуқ жиҳозлар.
Идорада расмийлик доғи.
Диққинафас бўлиб беркилар,
Юрагимнинг тўртта қопқоғи.

Олтин қафас – қўриқчи девор,
Чегаралар қўймоқда бизга.
Тор аквариум ахир, не даркор,
Юр, кетамиз, жоним... денгизга!

Юр, сабога мағрур борайлик,
Қуёш билан юзма-юз бўлиб.
Булутлардан ҳайратланайлик,
Қушлар каби ҳурликка тўлиб.

Китобларни сўмкангга жойла,
Ёниш дами ҳали олдинда.
Сочларингни ҳидлар авайлаб,
Ана, шамол! Эшик олдида!

“Сакина” ва “Жимлик”... (Эҳтимол,
Сергейга ҳам тушгандир кўзим).
“Телба”ни ол, “Бегона”ни ол,
“Азизим”ни олгин, азизим!

Бизга халал беролмас ҳеч ким,
Гарчи булут рақсга тушса-да.
Мурғак майса бўлса-да ғижим,
Гарчи шамол қаттиқ қучса-да...

Майсазорда бепоён афсун,
Ғариб кўнглим сенга мунтазир.
Илҳом – руҳнинг озодлиги-чун,
Саодатдан воз кечсак арзир.


Алибек Анварий

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

13 Dec, 18:40


СИЗГА

Сизнинг борлигингиз
нақадар яхши,
Дунёда гулларнинг
борлиги каби...

Сизнинг борлигингиз
нақадар яхши,
Яшил майсаларнинг
овози янглиғ.

Сизнинг борлигингиз
нақадар яхши,
Муқаддас сўзларнинг
мавжудлигидек...

Сизнинг борлигингиз
нақадар яхши,
Самимий қўлларнинг
эҳтиромидек.

Сизнинг борлигингиз...
Бу гўзал маъно,
Осмон каби улкан,
осмон каби кенг.
Сизнинг борлигингиз
нақадар яхши,
Дунёда борлиги каби
ХУДОнинг!!!

2002 йил
Гулжамол Асқарова
https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

13 Dec, 13:34


Дюбляж устаси, буюк санъаткор Тўлқин Тожиев 88 ёшида вақот этибдилар.
Оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирамиз

Дилга мактублар!..

13 Dec, 03:33


СИЗНИ СЕВИШ КЕРАК…

Эсимда лаҳзалик бахтиёр ҳаёт
Ва бизни бахтиёр қилолмаган қиш.
Барибир ўзимга пичирлайман бот:
“Сизни кутиш керак, кутиш ва кутиш!..”

Тутиб туролмадик бахт келган маҳал,
Мумкинмиди уни бировга сўйлаш?
Энди ўша бахтни топишдан аввал
Сизни ўйлаш керак, ўйлаш ва ўйлаш…

Инсон ўз тақдирин ўзи бошқарар…
Бу ёлғон, ҳамманинг тақдири чалкаш.
Мени-ку тугатиб бўлди бошқалар,
Сизни асраш керак, асраш ва асраш…

Балки бисотимда қолмаган нажот,
Балки эришганим барчаси эриш.
Барибир ўзимга пичирлайман бот:
“Сизни севиш керак, севиш ва севиш!..”

Жўрабек Рамазанов

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

12 Dec, 04:29


Мен сени соғиниб қайтсам қачондир,
Кўксимдан итарма, лабингни бурма.
Тушун, бир тушум йўқ бу азиз жондан,
Мен – шунчаки бўзлаб юрган ғурурман.

Оссанг, деворингга соат бўлмасман,
Боссанг, нон ушоғи бўлмасман, узр.
Мен фақат, кўнгиллар тархида расман
Яшаб юргувчиман – фикрни бузиб.

Эшик эмасдирман, тутқичим йўқдир,
Дераза эмасман, синдирмас шамол.
Мен фақат – муқаддас аталган йўқлик,
Йўқлик – илоҳийёт тимсоли, тамом.

Мен сени соғиниб қайтсам қачондир,
Бўйнимда дор бўлур, санам ё хочмас.
Сени соғинганим – кечганим жондан,
Ҳеч қачон...
Ҳеч қачон эшикни очма...

ФЕРУЗШОҲ

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

11 Dec, 17:05


Учрашмаймиз энди заминда,
Кўришмаймиз қиёматда ҳам.
Биламан, энг аламли кунда
Эслагайсан номимни, санам.

Муштоқларинг камайган сайин
Соғинарсан кутишларимни,
Итингга нон ташлаб атайин:
"Қоплонжо-о-н", – деб ўтишларимни.

Лоқайдланиб сўрсалар ҳолинг,
Ташна кўзлар тушар ёдингга.
Унут бўлган ҳазин тимсолим
Яна маъюс келар олдингга.

Шан туйғунгдан бичарлар қайғу,
Лабларингда бўзаради дард.
Қайғунгдан ҳам излаб мен туйғу,
Дудоғингга қўндирмасдим гард.

Йироқ кетар бўлдим қаҳрингдан
Ва унутдим сени бемотам.
Учрашмаймиз энди заминда,
Кўришмаймиз қиёматда ҳам.


Анвар ОБИДЖОН

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

10 Dec, 18:28


***
Ёлғизлик ортимдан ҳувиллаб қувди,
Токи йиқилгунча югурдим бетин…
Бир аёл туфлимнинг лойини ювди –
Унга севаман деб айтмаган эдим.

Қисмат масхаралаб бизни отганди
Танҳолик кечасин тор қучоғига.
Билмадим, қай маҳал аёл уйғонди
Туфли ювмоқликнинг иштиёқида.

Асли масхаралаш қисмат матлаби,
Аммо ҳайрат ичра гангиди хиёл:
Қувониб (масалан, гул терган каби),
Туфли ювар экан тунда бир аёл.

Менга кўзи тушиб аёл қизарди,
Уялди — қўллари тушди шалвираб.
Энди у қаршимда йиғлаб турарди,
Ёмғир қўйнидаги баргдай қалтираб.

Қўймоғим шарт эди бир жасур қадам, —
Қулаб танҳоликнинг ғариб аршидан.
Чўчидим мен — меҳр кўрмаган одам –
Севги туфли ювиб чиқса қаршимдан.

Кетдим…
Ёмғирдайин ўтдиму кетдим,
Минг аср танҳолик кечди бошимдан.
Минг аср оралаб қайтадан етдим,
Ўша ёлғиз қолган аёл қошига.

У менга бахт берди осмондай улкан,
Мен-чи?..
Мен қоврилдим бахтнинг доғида…
Бедорману нечун уйғонолмайман
Туфли ювмоқликнинг иштиёқида.

Усмон Азим

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

10 Dec, 03:28


ТАСКИН

Юраккинам, бўлмагин хижил,
гарчи ҳали олдинда сир кўп.
Шамолларнинг нафасин ичиб,
озод яшаб ўтамиз бир кун.

Ким қилолгай тушларни табир?
Олиб кетар бизни довуллар.
Ёр кўксига теккан лаб каби,
ловуллаб тур, фақат ловуллаб!

Яқинларга тафтингдан узат,
душманларнинг иғвосин унут.
Булғанмасин — нафсингни тузат —
ичингдаги бокира булут.

Камситмагин, бу йўллар улуғ,
гар учраса ўлим — кўргулик.
Қўшиқ қолсин иккимиздан шўх,
Маҳшаргача куйлаб ўтгулик...

Жонтемир

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

10 Dec, 03:19


Isming - yuragimga urilgan xanjar,
Sug'urib olsalar o'laman.
Men seni shu qadar muhabbat
va azob bilan...
jim sevaman!

Sevaman...
O'limni sevganday
Har lahza ruhimni pichoqlab,
Men mangu yashayman,
go'rda ham
Dilimda ismingni
quchoqlab!..

Zebo Mirzo

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

09 Dec, 04:54


Тангрим, мени “йўқ” де сўраганларга,
Манзилимни ўчир юракларидан.
Туш кўргандай бўлсин бул қари морбоз,
Сира кўринмайин истакларида.

Йўқ, қўл силтамадим, тушундим холос,
Асли эрта чиқди менинг саводим.
Бунча кўнгли нозик кўнгил бергансан!
Руҳимнинг тақвосин бузди ҳаётим.

Тангрим, караминг кенг, қаттиқ яширгин,
Одам бўйи етмас жойларинг борку.
Қушларнинг тушига мени яширгин,
Ваъдангда туғилмай яшаш ҳам борку!

Юрагим совқотди, назар қил, Эгам,
Сўраганимни бер, сўрмагандан қўрқ!
Устимни ёпиб қўй, очилмас қилиб,
Биласан – устимни очгилиги йўқ!

Шодмонқул САЛОМ
https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

07 Dec, 17:08


Бозор экан, ҳаммаёқ савдо,
Бозор экан дунёи қадим.
"Ишқ сотаман", дедим жар солиб,
"Мен ишққа зор", демади ҳеч ким.

Дунё маҳваш туюлди туйқус,
Ва ҳайқирдим: мана мен келдим!
" Кет, эй телба", дедилар, лекин,
" Кел, эй дилдор" демади ҳеч ким.

Бандаларга бахт улашилди,
Мен кечикдим, қолавердим жим.
" Яна ким бор?, сўради Рабби,
"Гулжамол бор" демади ҳеч ким.


Гулжамол Асқарова.

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

06 Dec, 23:35


БУ ЁМҒИР БОШҚАДИР

Ёмғирда эзилма,
бошқар ўзингни,
бу ёмғир бошқадир ва сен ҳам бошқа.
Томчилар рақсига қўшма кўзингни,
бу ёмғир янгидир ҳаддан ташқари.

Тўкилиб-тўкилиб охир тинади,
табиат ҳукмидан ташқи бу илм.
Осмон ҳар ёғишда янгиланади,
сен ҳам осмон бўлсанг нетар, севгилим?

Хотиранг вайрондан вайрона уйдир,
ҳар сафар ўтади томидан томчи.
Бу дард кўпга келган эски бир тўйдир,
ўтказмоқ керакдир кўзларни очиб.

Эски ёмғирлардан умид уз энди,
бекор кўзларингни тўлдирма ёшга.
Ёмғирда эзилма,
бошқар ўзингни,
бу ёмғир бошқадир ва сен ҳам бошқа.

Хуршид Абдурашид

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

04 Dec, 02:36


ШАҲРИЗОДА

                                                          Шеър қуйинг, Жонтемир.                                                               (суҳбатдан)

Шеър қуйиб узатинг, Шаҳзодам,
Қақраган дудоқлар гулласин.
Парилар, валилар фазодан
Тамшаниб гулкоса йўлласин.

Бир қултум улашинг ойга ҳам,
Бир томчи томизинг саҳрога.
Шудрингдек юзига сачратинг —
Майсалар айлансин Заҳрога.

Шеър қуйиб узатинг, Шаҳзодам,
Тўқнашиб, чақнасин қадаҳлар.
Сипқориб кезсинлар шаҳарни
Илдизин кўтариб дарахтлар.

Қушларнинг хушини ўғирлаб
Балиқлар оғзига тил битсин.
Чиллада қор туғиб бер, дея,
Шамоллар булутни силкитсин.

Шеър қуйиб узатинг, Шаҳзодам,
Майпараст дунёга қасдма-қасд.
Ўзлигин унутган одамзод
қонидан қувилсин жазолар.
Виждондек топталган туфроқнинг
яғридан ювилсин разолат.

Йиртқичлар изғийди мастона,
Раҳмондил аларнинг узлати.
Ажалга тик боқиб мардона,
Шаҳзодам, шеър қуйиб узатинг —

Руҳимиз шул оҳанг шимирсин,
Лаззатини кўрайлик баҳам.
То бизларни Исрофил эмас,
Шеър уйғотсин қиёматда ҳам!

Шеър қуйиб узатинг, Шаҳзодам,
Шеър қуйиб узатинг, Шаҳзодам

Жонтемир

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

02 Dec, 20:05


Манзилини тополмайди бахт – 
Бунда ҳамма остоналар лой...

Дилфуза Комил

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

02 Dec, 19:58


***
Изғиринга қилмайди тоқат – 
Жонин олиб қочади қушлар. 
Хушрўй кузги гуллар 
Чорасиз 
Қарғаларнинг кўнглини хушлар. 

Сертаъна, 
Серзарда дунёдан 
Совиб борар қуёшнинг кўнгли. 
Ўчоқларда олар аланга 
Дарахтларнинг кесилган қўли... 

Совуқ тунда 
Йўлин йўқотиб, 
Кўлмакларни кечиб юрар ой. 
Манзилини тополмайди бахт – 
Бунда ҳамма остоналар лой..

Дилфуза Комил

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

02 Dec, 19:53


***

Болаликда кўнглим оқ эди,
Сочим эса эди тим қора.
Кўп яхши, кўп ёмонни кўрдим,
Кездим сарсон, кездим овора.

Ичга урди маккорлар нуқси,
Умр деган жуда ғаройиб.
Сочим энди оқариб борар,
Кўнглим эса борар қорайиб.

Матназар АБДУЛҲАКИМ

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

02 Dec, 06:25


Реаллик

Яшашни истадим ўлмайдигандай,
Чидадим сабрим ҳеч тўлмайдигандай.
Кулсам – чин кўнгилдан кулдим. Йиғласам –
Йиғладим ҳеч қачон кулмайдигандай.


Чин кўнгилдан кимнинг кўнглини олдим,
Ҳеч кимга ёлғон сўз айтмайдигандай.
Қаерга борсам ҳам боримча бордим,
Кетсам ҳам ҳеч қачон қайтмайдигандай.


Дадахон МУҲАММАДИЕВ

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

02 Dec, 00:46


* * *

Умидим кўп эди
ахир,
бу куздан...
Тунда видолашмай кетди ноябрь –
менга синиқ нигоҳ ташлаган қиздай,
унсиз сўзларимга қаздириб қабр.

Кетди қулоқ тутмай саноларимга,
бир лаҳза...
Жунундан чекинмагандим.
Мен ҳатто, суқланиб қанотларига
озор бермагандим, тегинмагандим!

Қани хазонларим – ҳуркак баргларим,
дарахтларга битган хатларим қани?!
Елкангга ботгандек оғир дардларим,
ҳаддим сиғармиди
Сен-ла кетгани?

Қучоғимга кирди –
мурдадек аёз,
юлдузлар суратин чизиб ҳавога.
Кўзларингга чўғдек кўринган ҳамроз
ташрифингни кутар қайси маъвода?

Бу фалак синдирган қовурғасидан
ёғилар укпарга дўнган қон – абрь.
Мен ҳали тўкилиб улгурмасимдан,
Сени – кузни олиб
кетди
ноябрь...


Муҳаммад Сиддиқ

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

30 Nov, 19:05


Дил берганинг сўз бермагайдир,
Жон берганинг туз бермагайдир,
Йўқ, мўъжиза юз бермагайдир...


https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

30 Nov, 19:03


Кезинасан ўгай дунёда
Гоҳи шодон, гоҳида маҳзун.
Қўли баланд ҳою-ҳаваснинг –
Орзуларинг умрингдан узун.

Осийларга қўллар бергайсан,
Йўлсизларга йўллар бергайсан,
Ҳар нокасни қўллайвергайсан
Сени яхши десинлар учун.

Асрорларинг ошкор бўлгайлар,
Бунёдларинг абгор бўлгайлар,
Сендан охир безор бўлгайлар –
Меҳрларинг ҳаддан ошган кун.

Дил берганинг сўз бермагайдир,
Жон берганинг туз бермагайдир,
Йўқ, мўъжиза юз бермагайдир —
Тегирмонга айланар очун…

Ёмон қулсан – ёмонга бординг,
Ёв-ла омон-омонга бординг,
Дўст излаб тўрт томонга бординг,
Истамадинг Роббингни нечун?!

Юз йил яша – тўйдим демассан,
Бахт таъмини туйдим демассан,
Билмассан, биродар, билмассан
Дунё асли бор-йўғи бир кун –

Кун ва якун,
Кун фа якун
Кун…

Дилфуза Комил

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

30 Nov, 03:58


КУЗ

Хазонлар рақсига маъюс термулиб,
Ўтган кунлармидан мантиқ ахтардим.
Илҳом келаётир дўстимдай кулиб
Мунис кузга ифшо этгали дардим.

Мен қучоқ очгайман, дўсти меҳрибон
Пойига тўшайман нигоҳларимни.
Ул билан сирлашмоқ нақадар осон
Ҳаётдан орттирган гуноҳларимни.

Масъум куз минг ёшли донишманд сифат
Оҳиста ғудранар кўзларин юмиб.
Ҳар бир лаҳзасида гўзал бир ҳикмат,
Унга тўймаяпман тинглаб, тикилиб.

Ёшман-ку, не учун асов юракни
Ювош торттиради бу кекса наво?
Севаман баҳорни, қўнғир куртакни,
Кузни ҳам севмасдан бўлурми аммо...

Менинг умрим нима?
Мезондек дайдиб
Ҳақ учун курашга ҳамроҳ истадим.
Аммо кимларгадир дардларим айтиб,
Фақат шеърлар бўлди битмоқ қисматим.

Мана хазонларнинг тилида наво,
Рақс этиб йўқликка қилмоқда сафар.
Покландими шеърим билан бу дунё,
Ахир, битилган шеър эмас-ку зафар.

Ҳувиллаб ётибди қорачиқларим,
Ҳайҳот, мен уларни тўлдиролмадим!
Жангга тайёр турган нажоткор қалбни
Шеърдан бошқасига кўндиролмадим.

Куз эса минг ёшли донишманд сифат
Оҳиста ғудранар кўзларин юмиб.
Бу қандай афсунгар, бу қандай ҳилқат,
Нечун тўймаяпман унга тикилиб

Чори АВАЗ

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

29 Nov, 15:28


Онасига


Тонггача чўзилди сухбатинг,
Кўпайди ғаминг бир нафарга.
Йўқолиб кетманг деб, сўнг йиғлаб,
Кузатдинг олис бир сафарга.

Мен кетдим уйимдан йироқлаб,
Кечиргин, кўнглингни тиғладим.
Манзилга етганда сўнг ўйлаб,
Кечаси сени деб йиғладим.

Онаси, пешона шу экан,
Тақдирдан қочиб ҳам бўлмайди.
Ахир мен сафарга чиқмасам,
Рўзғорнинг ками ҳам тўлмайди.

Биламан, мис халқанг олтинмас,
Олтин деб индамай тақасан.
Дардинг бор сенинг ҳам дилингда,
Сездирмай жимгина боқасан.

Сенда ҳам бор эди минг орзу,
Ҳеч бири қолипга тушмади.
Замона зайлига қарагин,
Бизларни бу ташвиш қўшмади.

Бўй чўзиб боради кундан-кун,
Нарх-наво сингари болалар.
Узатмоқ керак-ку, қизларни,
Шу ташвиш дилимни яралар.

Мен сендан розиман, майлига
Сен менсиз қайдадир кулсанг ҳам.
Сен доим қалбимда, не бўпди,
Бир ўғил туғмаган бўлсанг ҳам.

Куйинма азизам, куйинма,
Бизданда баттар бор, хорлар бор.
Уйлари тилло-ю, қўйни бўш,
Биргина тирноққа зорлар бор.

Онаси, пешона шу экан,
Тақдирдан қочиб ҳам бўлмайди...

Анвар Ҳамроз

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

28 Nov, 03:25


Билсанг, яшамайман умримдан ортиқ,
Нишонга тегади бир кун сўнгги ўқ.
Мен сенга боримни этгандим тортиқ,
Соғинсанг қайтарсан, соғинмасанг йўқ!

Миллион йил сукутда яшашим мумкин,
Қирғоғин соғинган денгиздек сокин,
Чегалаб бўлмайди кўнгилни, лекин,
Соғинсанг қайтарсан, соғинмасанг йўқ!

Ўзга гўзалларга талпинмаса таъб,
Сўзларим болидан тотинмоқ истаб,
Қалбим эшикларин очишим қистаб,
Соғинсанг қайтарсан, соғинмасанг йўқ!

Сокин бир ҳаловат истайди юрак,
Умр якунидан кунда бир дарак.
Сенга топилмаса мендек жон ҳалак,
Соғинсанг қайтарсан, соғинмасанг йўқ!

Малика Салимова

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

27 Nov, 20:29


Channel photo updated

Дилга мактублар!..

27 Nov, 16:17


Бир чолни учратдим,
Қўли қон эди,
“Нима бўлди?” – дея сўрадим ҳайрон.
“Дўстимни душманга сотгандим… –
деди, —
Икки қўлим қондир ўшандан буён”.

Бир чолни учратдим,
Тили йўқ эди,
“Нима бўлди?” – дедим ёнига келиб.
Ғўлдираб нимадир деди, хўрланган
Боболар қабрига ишора қилиб.

Бир чолни учратдим,
Кўзи кўр эди.
“Нима бўлди?” – дея сўрадим ҳайрон.
“Хиёнат қилгандим имонга… – деди, —
Ўзимни излайман ўшандан буён”.

Хуршид Даврон

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

27 Nov, 02:40


***
Ташқарида синди нимадир,
Ва тарсаки тушди тарсиллаб.
Гўдак қотиб-қотиб йиғлайдир,
Қарғанади аёл шанғиллаб.

Биқинига пичоқ ботгандай,
Бир тўлғонди уйдаги эркак.
Шундай қилиб маъсума қизлар,
Хотинларга айланса керак.

Рустам Мурод

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

25 Nov, 17:21


ОТА ДУОСИ

Ўғлим, сўрамасман сендан мол-дунё,
Уй ҳам қуриб берма, майли, аломат.
Майли, кўзларимга бўлмагил зиё,
Ёнимда юрсанг бас соғу саломат.

Майли, кўтармагил мени елкангда,
Қалқон ҳам бўлмагил ёғса маломат.
Бир куни ёстиққа бошим текканда
Тепамда турсанг бас соғу саломат.

Абдулла ОРИПОВ

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

25 Nov, 17:13


Афсуски, шаббода судраган хасман,
Куйим ўзимга тан, ўзим сармастман,
Кўчангиздан қайтиб куйлаб ўтмасман,
Азал менга шуни битган, афсуски.

Иқбол Мирзо шеъри
Сарвара ижросида бетакрор қўшиқ.

https://t.me/dilgamaktublar_mp3

Дилга мактублар!..

25 Nov, 17:10


Нима қилдим койиб, тақдирдан нолиб,
Бу савдолар қондан ўтган, афсуски.
Дўстлар оҳанг тўла юрагим қолиб
Эшигимга қулоқ тутган, афсуски.

Афсуски, ҳалвога дўнмас ғўралар,
Тойчоққа йўл бермас қари йўрғалар.
Бедилнинг кўзларин кўрган қарғалар
Чорбоғимда тупроқ титган, афсуски.

Афсуски, тушмадим мен ҳам осмондан,
Яхшидан ёмонман, яхши ёмондан.
Жон деб кечиб кетар эдим-ку жондан
Онамнинг кутгани кутган, афсуски.

Афсуски, шаббода судраган хасман,
Куйим ўзимга тан, ўзим сармастман,
Кўчангиздан қайтиб куйлаб ўтмасман,
Азал менга шуни битган, афсуски.

Афсуски, шарҳи йўқ жимлигингизнинг,
Сиз ҳам ўйлармисиз кимлигингизни.
Биламан-ку маккор шумлигингизни –
Шайтон бел олишмай ютган, афсуски.

Афсуски, олдинда кўнгил йўқ, дил йўқ,
Карвон сўнгидаман гиёҳу гул йўқ.
Фожиам шундаки, орқага йўл йўқ,
Имкон қўлдан кетган... кетган... афсуски.

Иқбол МИРЗО

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

24 Nov, 10:08


***
Куз бунча совқотдинг
кел ичкари кир!
Остонамда нега турибсан ғариб .
Нон каби ушатсам ушалади дил ,
Пиёланга умрим тушар сирғалиб .

Ўтганлар хақида айтма , эзилма ,
Мана умр ёмғир , мана умр қор .
Қанча юракларга кирди сездирмай ,
Қанча юракларни алдади Бахор .

Қўлларимда титраб турар кўлларинг ,
Нега бу тортиниш ,нега ийманиш .
Кўзларинг , кўзларинг...
О, бу кўзларинг,
Армонга айланган севгимдай таниш .
Куз бунча совқотдинг ....

Муслимбек Мусаллам

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

23 Nov, 21:23


Тўкилма жоним

Юрагимга боқдим, ёнар лолазор.
Кенг дунёга боқдим, ғалвали бозор.
Далаларга боқдим: алдамчи баҳор.
Сен уларга алданиб тўкилма жоним.

Сен учун тўкилиб адо бўламан.
Майсанинг дилида пайдо бўламан.
Ҳатто муҳаббатга худо бўламан.
Ғурурим, дилимдан тўкилмай турсанг.

Ҳиёнатнинг қонин ичдим тўкилма.
Жонбахш кечалардан кечдим, тўкилма.
Сирларни тинини ичдим, тўкилма.
Тўкилма, тўкилма, жоним тўкилма.

Бир куни юрагим гуллайди чунон.
Қўлларим иккимас, бўлар ўн миллион.
Барча рақибларим қолур безабон.
Фақат сен дилимдан тўкилмай тургин.


Ҳалима Ахмад

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

17 Nov, 14:33


Боряпман...
Нишонга тегмаган ўқдай,
Кафтимда дунё бор – гўё бир сиқим.
Шунча оломоннинг ичидан қўрқмай,
Юрагимни баланд кўтариб чиқдим.

Нима ҳам кўрдим мен бу дун ичинда,
Яшаб ҳам бўлдимми?
О, нақадар оз
Онт ичишим мумкин. Бари беҳуда
Фақат муҳаббатим муҳаббат, холос!

Хосият  РУСТАМОВА

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

17 Nov, 04:27


ЗЕРИКИШ

Туйғуларни ақл билан танғиб юриш,
Яна қирқ йил бу дунёда санғиб юриш.
Малол келяпти менга...

Гулжамол Асқарова

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

16 Nov, 20:32


Қарашлар.

Ҳиёбон четидаги ўриндиқдан ажойиб манзара кўринади: Ҳаммага дунёни гўзаллик қутқаришини уқтирмоқчидай, қийғос очилган лолалар.
Бу дунёда энг муҳими шиддат, куч эканини «айюҳаннос» солиб, ноъмалум тарафдан келиб, ноъмалум тарафга вақти бемаҳал ўтиб турувчи поезд. Ва баъзан гўдак қалбидек мусаффо, баъзан бағри хун беванинг кўз ёшидек ёмғирли осмон...
Шунданми, ҳиёбоннинг четидаги ўриндиқлар ҳамиша гавжум.
Ҳозир ҳам ўриндиқларда уч киши ўтирибди. Ҳаммаси ўз ҳаёли билан банд:
- бу поездда қандай бахтли инсонлар кетишябди экан? уларнинг манзили қаер экан?,- ўйлади ёш йигитча қўлидаги китобдан нигоҳини ўтаётган поездга қаратаркан.
-Бу лолаларни очилгандан кейин тақдири нима кечар экан, наҳотки баҳорда сўлиш бўлса бу гўзал гулларнинг битиги?!- ўйлади кўз ёшини кўзойнак ортида бекитишга уриниб аёл.
-Эҳ, яна ҳаво айниди, бу кеча ҳам зирқираб оғриб, жонимга азоб берар бўлдида бу..-дея, урушда ярмини «ташлаб» келган оёғини силаб қўйди мўйсафид.

И.Ҳасанов

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

16 Nov, 19:24


Осень..
Прости меня осень,
Ты не старуха злая.
Просто,
Мне плохо очень...
Осень золотая....

https://t.me/dilgamaktublar да дилга яқин, ажойиб қўшиқ.

Дилга мактублар!..

16 Nov, 18:56


* * *
Дарахтлар шамолни отиб ўйнайди,
Олов вужудини елпиб ётар боғ.
Соғинмачоқ ўйнар
хотирга қайтиб,
юрагим – юрагинг ортида вароқ...

Сатрлар югурди уфқнинг лабига,
Дераза – бўшлиқнинг тутқун кемшиги.
Мен чиқиб кетаман, овозим йиғиб,
Чайқалиб қолади сукут эшиги...

Излаганим эди бепоён оҳанг,
Куйлаганим эди осмоннинг ранги.
Фақат ёмғир бўлдим шеърга ҳамоҳанг,
Сенга юқмасин деб дунёнинг чанги.

Сўқмоқлар қалқиди қадамларимда,
Ернинг белбоғида арғимчоқ учдим.
Учдим,
учавердим,
кипригим – қанот,
Ниҳоят, кўзингга – осмонга тушдим...

Нозима Ҳабибуллаева

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

16 Nov, 04:17


Жануб дея аталган кўча ,
 Акация гуллаган қийғос.
Лида деган ажойиб қизча ,
Шу кўчага жуда жуда хос.
У кўчадан чопиб ўтганда,
Деразадан кўринар акси.
Чиройли қиз,яхши қиз Лида!
Нимаси яхши экан?
Сўранг буни қўшни боладан
Ким дея бу Лида деган қиз
Шу ном билан ухлар у шодон
Шу ном билан уйғонар харгиз.
Ўша уйнинг остонасида
Катта қилиб ёзди у бир кун
ЧИРОЙЛИ ҚИЗ, ЯХШИ ҚИЗ ЛИДА
Ким дея бу Лида деган қиз?
Таъсир қилар ўтган-кетганга
Остонага ёзилган бу хат
Балки Пушкин шундай севгандир
Балки Гейне севгандир шундай
Катта бўлиб машхур бўлади
Ва бу ерни тарк этар бир кун
Бу кўчалар торлик қилади
Бундай юксак мухаббат учун
Йўқдир тўсиқ хеч бир севгига
Хижолат ва хуркиш - бу ёлгон
Куррамизнинг ҳар чоррахасига
Ёзиб қўяр унинг исмини
Олов билан жанубий қутбга
Буғдой билан Кубань чўлига
Гуллар билан Русь даласига
Кўпик билан денгиз бағрига
Тунда осмон сари интилиб
Бармоқларин олар куйдириб
Ва самода порлар шубхасиз
Лида деган янги бир юлдуз.

Ярослав Смеляков
Х.Мирзабдуллаев таржимаси

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

14 Nov, 19:02


ОДАМ

Муслим қишлоқнинг энг муслими эди
Мусичадай ювош,
Қўйдай беозор.
Нисбат бермасдилар унга одамдай,
Муслим камтар эди,
Муслим - вафодор.

Чумолидай меҳнат қиларди тун-кун,
Эшакдай ишларди,
Тотирди қушдай.
Итдай қўриқларди бийдай далани
Тунлар - бўшаганда кундузги ишдан.

Оҳорли киймасди,
Топиб-тутганин
Қора кўзларига илинар эди.
Уйида ҳам тўрда ўтирмасди у,
На қадри, на ўрни билинар эди.

Доим яёв эди,
Қўллар кўксида
Катта-ю кичикка берарди салом.
Одам санамасди, қўшмасди сафга
Хокисор мўминни қишлоқдош авом.

Муслим чивинга ҳам бермасди озор,
Кўпдай кўрар эди топган озини.
Хилватда ибодат этар ийманиб,
Чопонга яширар жойнамозини.

Муслим аёлига тутолмасди зар,
Маъсум нигоҳида меҳр тутарди.
Хотин шанғилларди,
Йиллаб қарғаниб
Эри одам бўлишини кутарди...

Муслим оғриб қолди.
Дард тортарди жим
Тагига қадрдон чопонин тўшаб.
Ҳол сўраган қўшни ғудранар секин:
- Ётмабди-да мунда-ай одамга ўхшаб...

Муслим дуо қилди то сўнгги нафас
Аҳли аёлини, ўғил-қизини.
Калима келтириб мулойим, сокин
Қиблага юз буриб юмди кўзини...

Муслимга йўқ эди ҳеч кимда даъво,
Муслим яшамади ошини ошаб.
Жондан бошқа қарзи йўқ эди унинг,
Қарз ҳам сўрамасди одамга ўхшаб.

...Шу кеча туш кўрмиш кенжатой ўғил,
Йиғлар:
- Жаннатларда юрганмиш отам,
Фаришталар чўкиб турган эмиш тиз:
«Одам келди, - дея,
- Ҳазрати Одам!..»

Дилфуза Комил

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

14 Nov, 03:56


* *

Нигоҳимда эзилган сўқмоқ
Олисларга туташиб кетган.
Кимсасизлик ҳоким хиёбон
Барча товушларни унутган.

Қўзғалади қадамдан чўчиб
Атрофимда заъфарон шарпа.
Бесаришта кезинар кўнгил
Гўё энди охирги марта...

Бектемир Пирнафасов

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

13 Nov, 06:36


* * *
Айрилиқ ўтида
лабларим қуришди,
сўзсиз қолдим
соғинч талвасасида.

Бир келсанг бўларди.

Ёлғонлар
ва ҳақиқатлар керак эмас,
тасалли сўзлар ҳам
излама.

Бу узун ҳижронда
сендан бошқа
ҳамма нарса йўқолди.

Фақат, айт,
ўйларимдаги сени,
тушларимдаги сени –
сендан топаманми?

Бир келсанг бўларди.

Ҳеч бўлмаса,
тушларимдаги
ўзингни бир кўрмоқ учун
бир келсанг бўларди.

Усмон Азим

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

12 Nov, 17:14


Недан норозисан, соласан қовоқ,
Манглай тер тўкмасдан ҳақ сўрадимми...
Бир уюм кесакни кўргандинг раво,
Чўққилари билан тоғ сўрадимми...

Эшитиб туриб ҳам ёлғонларингни,
“Ишонмадим”, дея сапчиб қўйдимми...
Ичиб юриб бетаъм ёвғонларингни,
Нинадан сўз ясаб санчиб қўйдимми...

Хиёнат қилдимми эътиқодимга,
Тилим ё динимни алмаштирдимми...
Оёқ босдимми ё хотиротимга,
Боболарим исмини алмаштирдимми...

Дарахт экмадимми, экмадимми гул,
Кўниб ўтирдимми тикан, янтоққа...
Ҳақ, ноҳақ жангига эрлар олса йўл,
Кулча тугмадимми шойи белбоққа...

Ё бемор қошида чўкмадимми тиз,
Қоқсуяк қўлларин силамадимми...
“Ёр-ёр” билан ота уйдан чиқса қиз,
Она каби иқбол тиламадимми...

Тўмарис эмасман — жасорат пири,
Озгина, озгина ўхшамадимми...
Йилларки, шу элнинг ўтидан кириб,
Кули билан чиқиб яшамадимми...

Недан норозисан, ахир, нимам кам,
Елим пиёлада тутган сувинг — талх.
Кўрдинг, ўз дарёмда сузган кемаман,
Тилимдан учган сўз яккаш “Ватан”, “Халқ”.

Юртим омон бўлсин — Шарқнинг ўзаги,
Ортиғин сўрмасман: бўлсин кўнглинг тўқ.
Фақат бил: руҳи ҳам жисми ўзбаки —
Мулкингда бошқа бир қутли бека йўқ.

Қутлибека Рахимбоева

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

12 Nov, 14:10


Хазил шеър.

Қаранг, куз хам тугаяпти,
Сайр қилиб юрмаймизми?
Менмас, юрак сўраяпти,
Бир учрашиб кўрмаймизми?

Ошиқларнинг мардиман энг,
Кўнгли тоза ва қалби кенг,
Бўйингиз хам бўйимга тенг,
Бир учрашиб кўрмаймизми?

Қилиб ширин хиндча қараш,
Бургер ердик ёки лаваш,
Хамма ўзи учун тўлаш,
Бир учрашиб кўрмаймизми?

Қуёш ботиб, кун сўнганда,
Юлдуз чиқиб, ой тўлганда,
Шу, бекорчи вақт бўлганда,
Бир учрашиб кўрмаймизми?

Расулбек

Бироз кайфиятни кўтарамиз...☺️😄
https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

12 Nov, 13:03


Бари ўткинчи - севги ,
санъат , сайёра, ер,
сен, мен.
Айниқса, МЕН ...


Фредрик Бегбедер
99 франк китобидан

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

11 Nov, 03:19


БУ ДУНЁДА

Бу дунёда орзу қилиш соатлари бор,
Айниқса, тунда, юлдузлар остида,
Яшилгина сайҳонликда, ўтлар устида
Ҳайратни қучоқлаб ётганда.

Бу дунёда азобланиш соатлари бор,
Айниқса, тунда, юлдузлар остида,
Яшилгина сайҳонликда, ўтлар устида
Ҳасратни қучоқлаб ётганда.

Бу дунёда севиш, севилиш соатлари бор,
Айниқса, тунда, юлдузлар остида,
Яшилгина сайҳонликда, ўтлар устида
Хаёлни қучоқлаб ётганда,
Ҳаётни қучоқлаб ётганда,
Аёлни қучоқлаб ётганда.

Хуршид Даврон

https://telegram.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

08 Nov, 19:48


* * *
Боботоғнинг бошига қор тушди, ота,
Ака, дарахтларнинг елкаси бўм-бўш.
Одамнинг бир марта ўлиши хато,
Ажал кўкрагимда ҳайдаб юрар қўш.

Қачондир умримиз жилғалар эди,
Осмонга ҳайқирган дарё бошланди.
Ҳаловат топмайман қайгача энди,
Қулфланган сандиқда нима ташланди?

Соғинчлар – кўзимда тўлғонган ҳумо,
Суягимни ёриб чиқади тишдай.
Яшайман – ўлчовим муҳаббат, аммо
Оғир юмушим йўқ ҳаво ютишдай.

Дундан ичкарида, дундан эшикда
Йиғлаш фаросатин ҳаммага берсин!
Олам оқиб борар улкан қўшиқда,
Мен жимжит турибман, Худо кечирсин!

Кеча – мўлжалимдан ортиб қолган йўл,
Бугун – маромига етмаган фурсат.
Менинг елкамда ҳам бўм-бўш турган қўл,
Ичда сўнгсиз ёққан қорлар бор фақат.

Наргиза ОДИНАЕВА

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

07 Nov, 18:33


Фақат ишқ...
Фақат ишқ...
Бошқаси сароб,
бошқаси шамолнинг оний сурони...

Шавкат Раҳмон

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

05 Nov, 09:52


Истеъдодли шоир Мансур Жумаев вафот этди.
Шоирнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.

Кўзимда ёш,
Сўзимда ёш,
Кўнглимда ёш,
Одамизод бу дунёдан ўтиб борар...


https://telegram.me/usmon_azim

Дилга мактублар!..

05 Nov, 06:28


* * *
Олдинда бир йўл бор кўп йироқ,
тарҳини, топмадим ким бичган:
қиличим дамидан ўткирроқ,
сочларинг торидан ингичка.

Олдинда кўприк бор — ости жар,
билмадим ўзим не бўламан,
азизим, сен ўтгил бехатар,
азизим, сен фақат қулама!

Олдинда чаман бор,
сафо бор,
хотиржам-хотиржам ҳаво бор...
азизим,
унгача озгина
ситам бор,
зулм бор,
жафо бор...

Ишқ дедим кезиб тўрт ёғингда,
ишқ дедим,
чорладим билмайин;
азизим, сен борар боғингда
мен кутиб оларман жилмайиб!

Унгача йўл бордир кўп йироқ,
тарҳини, топмадим, ким бичган:
қиличим дамидан ўткирроқ,
сочларинг торидан ингичка.

Мансур ЖУМАЕВ

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

03 Nov, 06:01


‍Ўжар

Йўқ, ҳечкимни соғинганим йўқ,
Соғинмаган мени ҳам ҳечким.
Титраяпман — қиш. Ҳаво совуқ
Ва шунчаки келяпди ичгим.

Йўқ, ҳечкимдан оғринмадим, рост,
Олчоқ дўстдан худойим қисган.
Телбаланиб қолганман бироз
Тоғда банги девона искаб.

Тутун пуркаб туннинг бурнига
Қўзғатаман ғашин ҳавонинг.
Ой изғийди Исо ўрнига —
Атрофида миллион ҳаворий.

Этим чимчир шўх аямажуз,
Қор ташлади боғлар тулламай.
Овозимни ванг қўяману
Қўшиқ айтиб қах-қах куламан.

Кетаяпман ўзимдан қочиб,
Худди Сизиф думалатган тош.
Бағрим чўккан қабрдай очиқ,
Қароғимда ҳаром қотган ёш...

Йўқ, ҳечкимни соғинганим йўқ.

Жонтемир


https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

03 Nov, 05:26


Кузда гўзал бизнинг Фарғона,
Қиёси йўқ жаннат маскандур.
Уйимизни соғиндим, она,
Боғимизда беҳи пишгандур…

Елар елдек қирда беармон,
Туёқлари чақноқ қулунлар.
Сойда танга сочардур ҳамон,
Ўғил сўраб сулув келинлар.

Сизчи, юрибсизми, ғимирлаб,
Кўнглингизда ғаройиб ҳислар.
Олдингиздан ўтса қиқирлаб,
Сочига қўл тегмаган қизлар.

Мен ҳам ўша-ўшаман, нодон,
Гоҳ панд бериб, гоҳида панд еб.
Машҳур қил деб сўраб Худодан,
Сўрамабман бахтли бўлай деб.

Кузда гўзал бизнинг Фарғона,
Қиёси йўқ жаннат Ватандир.
Хатим тамом. Айтгандек, она,
Зеби эрга тегиб кетгандир?!

Муҳаммад ЮСУФ

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

03 Nov, 05:14


* * *
Яшамоғим зарур
Ҳар дақиқани
Ғазаб билан, севги билан тўлдириб.
Дунёдаги барча қора нарсани
Ёруғ лаҳзаларда ўлдириб.

Токим
Бош кўтариб қарай қуёшга,
Токим кўзларимда ёнсин ҳақиқат,
Токим тош мисоли тегмасин бошга
Мен яшай олмаган
Ҳар бир дақиқа...

Шавкат Раҳмон

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

02 Nov, 11:14


ОНАЖОН

Бир вужудда икки жонни сақлаган,
Бир вужудда руҳим суйиб алқаган,
Болам дея нигоҳини қадаган,
Каъба бўлса, битта Каъбам Онажон!

Йиқилганда кўз ёшимни артасиз,
Уйқуда ҳам ўйлаб йиғлаб ётасиз.
Қуёш бўлиб ҳар тонгимда отасиз,
Жаннат бўлса битта жаннат Онажон!

Қисматимга не битилган билмайман,
Айтолмайман, юрагимда куйлайман.
Хурсанд бўлиб, жилмайганча йиғлайман,
Осмонимда битта юлдуз Онажон!

Устоз деса, устозлардан қисмаган,
Ватан десам, ҳар гўшада сийлаган.
Қўшиғимсиз, ҳар тонгимда куйлаган,
Тангрим билар ҳикматимсиз Онажон!

Ўлим билан кўп олишдим ёшликдан,
Ўғлим дея, жилмадингиз ёнимдан.
Ҳар на ўтса, ўтди гир-гир жонимдан,
Ўлсам, Сиздан кейин ўлай, онажон!

Бир вужудда икки жонни сақлаган,
Бир вужудда руҳим суйиб алқаган,
Болам дея нигоҳини қадаган,
Каъба бўлса, битта Каъбам Онажон!

Хурсандбек ТЎЛИБОЕВ
16.10.2022 йил

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

02 Nov, 09:13


***

Унутман.
Сенсизлик
Айлади асир.

Соғинч зиндонига
Отди боримни.

Нечун эшитмадинг,
Бепарвом, ахир,

Оллоҳ ҳам эшитган
Оҳу зоримни.

Усмон Азим

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

02 Nov, 08:35


* * *
Кўнглим кема,
Кўнглинг бандаргоҳ,
Ёмғир ёғар денгиз оралаб.
Ўртамизда номаълум орол,
Шеър ёзади бизни қоралаб.

Руҳим елкан, руҳим чамбарак,
Олиб кетар шамол йўлига.
Бандаргоҳдан олислаб борар,
Тўлқинларга айланган кема.

Чайқалади денгизранг дунё,
Соҳилларга туш экади тун.
Балиқларга ем бўлар умид,
Кўтаролмай орзулар юкин.

Денгиз чексиз, манзил топилмас.
Елкамизга инади гуноҳ.
Иккимиз ҳам яшаяпмиз жим,
Сенсиз - кема,
Менсиз - Бандаргоҳ..

Шоҳрух Нажот

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

02 Nov, 08:27


Бургутнинг сўнгги сўзи

Бари вақтнинг измига тушди,
Ҳаяллади роса ҳаётим.
Барчангиздан узоқроқ учдим
Ҳеч толмади учқур қанотим.

Барча андуҳ кўкга сиғади,
Терс айланиб тешил товоним.
Тушларимга кириб чиқади,
Баланд тоғлар сўнгги-маконим...

Қўнолмайман ерга, ҳаққим йўқ,
Осмонда ҳам бўлолмам нишон.
Бир бераҳм отган ўша ўқ,
Мени нобуд қилади ишон.

Фазолардан шўнғийман ҳозир,
Лаҳча юрак, лаҳча чўғ бўлиб.
Жонсиз таним тупроққа асир,
Эркинлигим эса йўқ бўлиб.

Энди, бахтга етиб бўлмайди,
Чалинади ҳижрон навоси.
Юрагимга сира тўлмайди,
Озодликнинг эркин ҳавоси.

Рахмат Бобожон

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

01 Nov, 06:55


Ayol sizni hech qachon tark etmaydigandek sevishi va hech qachon sevmagandek tark eta olishi mumkin...

Erix Mariya Remark

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

30 Oct, 18:40


ШAҲAРДA

Шовқин солиб кезсанг жимжит шаҳарни,
йўлингдан чиқмаса ҳасрат тошлари.
Ўриндиққа чўксанг.
Куз.
Ҳорғин боғда,
бағрингда тўлғонса туннинг сочлари...

Ёнингдан имиллаб ўтса мошинлар,
бириси бахтиёр, бириси инграб.
Ўтирсанг, ҳўрсинсанг, унутсанг барин,
дарахтларнинг маюс қўшиғин тинглаб.

Умид сўқмоқлари тораймаса, йўқ...
кўзларинг мисоли сабрларни суй.
"Яна дийдоргача", деса жилмайиб,
Беруний кўчаси,
ўн бешинчи уй!

Уйингга йўл олсанг,
руҳи руҳингда,
юрагингда юрак, кўзингда кўзи.
Тонгга яқин ухлаб қолсанг сўнг, яна
қайтадан уйғотса тонгнинг кулгуси...

Раҳмат Бобожон

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

30 Oct, 18:32


Тошкент сити. 06.10.2024
🎥: И.Хасанов

https://t.me/+wZ7LK_l4WfQ1Yzg6
каналида Тошкентимиз ҳақида...

Дилга мактублар!..

29 Oct, 12:45


Нима қилай? Йиққан доним тўкилишга мойил бўлса,
На қилайким, боққан Алпим йиқилишга мойил бўлса,
Тушунмайсиз, билмагайсиз, асли парво ҳам қилмайсиз,
Авлодларим туғдириш ва туғилишга мойил бўлса.

Ўзим билдим, ўзим куйдим, кўриб туриб тушга йўйдим,
Дийдорини қумсагандим, кўрдим сездим, бездим, тўйдим,
Қўлларимда катта қилдим, оч тупроққа ўзим қўйдим,
Нетай, болам лой маъбудга сиғинишга мойил бўлса.

Нима қилай? Далаларим, деҳқонларим, хирмонларим,
Ёғолмасдан ўтаётган булутларим – армонларим,
Гумонларим, фармонларим, андармон-у дармонларим,
Бошим силаб, сўнг кўнглимни синдиришга мойил бўса.

Ниятларинг – амалингдир, амалларинг – подшоҳингдир,
Кўнгил деган подшоҳ билан иноқ бўлмоқ паноҳингдир,
Босмас изинг, айтмас сўзинг гувоҳингдир, гуноҳингдир,
Ва тегрангда аҳли гумон кўндиришга мойил бўлса.

Кошки дейман, менинг болам оғринишга мойил бўлса,
Бир оғригач, дили қонаб уйғонишга мойил бўлса,
Ўз-ўзига ўт қўйишга – бир ёнишга мойил бўлса,
Ўлмай туриб ўлган болам тирилишга мойил бўлса.

Нима қилай...

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

28 Oct, 18:47


Муҳит сабоғи.

Жудаям толиқдим...
ҳаммаси чиркин,
Дунёга айтгулик сўзим қолмади.
Бўлди, бас, йўқолсин барча гина, кин,
Юзсизлик қилишга юзим қолмади!

Ҳар лаҳза курашиб эгилмасликка,
Ҳар онда ўрганди қулликка руҳим.
Осмонни қучишга шай эди, лекин,
Ер бағирлаб қолди шаъну шукуҳим.

Кел энди, сен ўзинг қутқаргил, Тангрим,
Руҳимни уйғун қил камалакларга.
Ҳеч ҳафа бўлмасдан рози бўламан,
Умримни улашсанг капалакларга.

Кўз очган бўлсам ҳам дунёга келиб,
Дунёни кўришга кўзим қолмади.
Яшагим келяпти, бас, ўзим бўлиб,
Афсуски, ўзимда ўзим қолмади!
Жудаям толиқдим...

Гулжамол Асқарова

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

27 Oct, 23:51


Тангрим, кечир, на келмоқни,
На кетмоқни хуш кўраман!
Тангрим, кечир, тушларимда
Бир аёлни туш кўраман!

Тангрим, унинг ёзу кузи,
Қишларини ёруғ қилгин!
Мендан кейин шу аёлнинг
Тушларини ёруғ қилгин!

Насрулло Эргаш

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

26 Oct, 16:44


Тунда боққа чиқсам, салқин таралган,
Ногоҳ ғусса етган, кузак яралган.

Ойнинг теграсида ойдин доира,
Ғуборлар ичинда шуъласи тийра.

Ҳувиллаб тураман, қунишади дил.
Ҳолинг не кечади, ёзсиз қолган йил?

Усмон Азим

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

25 Oct, 14:29


Куздан менга бир боғ қолар...
Юрагим - ЭНГ САРИҒ БАРГ......

Усмон Азим

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

25 Oct, 14:28


***
Кузнинг дайди қуёши
Девор ошиб санқийди,
Кузги сокин боғларда
Олма хиди анқийди.

Зилол сувга ўзин отди
Навдадан беҳи - шўх шаън,
Ўйнаб қол, бугун борсан,
Беҳи, эртага йўқсан!...

Олма бўйли бол сатрлар
Оқиб мени этар тарк.
Куздан менга бир боғ қолар...
Юрагим - ЭНГ САРИҒ БАРГ......

Усмон Азим

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

22 Oct, 02:42


БЎРИ ОДАМ

Кўп қатори боради ишга,
Портфелини қўлтиқда тутиб.
Гоҳ метрода кўзингиз тушгай
Гоҳ бекатда туради кутиб.

Ювошгина ташларкан қадам,
Кўрсанг ҳатто келади кулгинг.
Туртилмайди тасодифан ҳам,
Бир четидан юради йўлнинг.

Танбеҳ олар гоҳи бошлиқдан,
Галстукни суймайди жини.
Ким ўргатган?
Балки ёшликдан...
Ўз касбига устадир, чини.

Гап сотмайди ўтказмоққа вақт,
Чойхонага йўламас асти.
Талашмайди ҳақми ё ноҳақ,
Гарчи алпдек келбати, басти.

Аммо қачон сўраманг ёрдам,
Йўқ демайди, кундузми ё кеч.
Вале бошин кўтармас ердан,
Кўзларини кўрсатмайди ҳеч.

Хотини бор, ўзидек содда,
Болалари...
Рўзғор отлиғ мушт...
Кўп қатори, хуллас ҳаётда,
Сокингина кечирар турмуш...

Фақат гоҳи,
юраги ёниб,
Жим чиқар-у, тун ярмида,
ҳуувв-
Кимса топмас сўқмоққа бориб,
«Увв» тортади, кўкка қараб,
«увв»
аув... аувв... ауууввв!!!

Жалолиддин Сайид

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

21 Oct, 17:15


Мендан нима қолар:
Икки мисра шеър,
Икки сандиқ китоб,
Бир уюм тупроқ.
Одамлар ортимдан
Нима деса дер,
Мен сени ўйлайман
Ўзимдан кўпроқ –
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!

Мен кетсам, ёмондан
Йироқ бўл, оҳу,
Чунки сен чиройли,
Кўркли бир жувон.
Ёмон кунлар бир кун
Яхши бўлар-у,
Ёмон одам яхши
Бўлмас ҳеч қачон…
Яша чегарада
Тургандек огоҳ,
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!

Уйда ётибман-у,
Сезиб турипман,
Кўкда келаётир
Қушлар қайтишиб.
Хайрлар ёғдириб
Қанотларидан,
Хаста шоирига
Видо айтишиб.
Бор, менинг учун ҳам
Уларга қўл қоқ –
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!

Уларни мен яна
Кўрарманми-а,
Айвондан одамдек
Кузатолмадим.
Куз. Тўйлар бошланди.
Юрагим пора –
Битта қизимни ҳам
Узатолмадим…
Демак, тақдир экан
Тўй кўрмай ўлмоқ,
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!

Бироқ, кўнглим сезар,
Мендан кейин ҳам,
Бир кун бу ҳовлига
Одам тўлади.
Ҳали тўйлар қилиб
Чарчайсан, эркам,
Менинг қизларим энг
Бахтли бўлади!
Келинлар кўйлаги
Руҳимдай оппоқ –
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!

Гулим, яқинроқ кел,
Қара, не савдо,
Бу ажиб ишларни
Дил лавҳига ёз:
Кимга қаср етмас,
Кимга мол-дунё,
Менга эса ҳаво
Етмайди, холос.
Тириклар мудроқда,
Ўликлар уйғоқ –
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!

Кўксим куйиб борар,
Кўкрак ёнмоқда,
Айтинг дўхтирларга,
Ёришса ёрсин!
Жисм ўз улфати –
Жондан тонмоқда.
Бечора жон энди
Қаерга борсин.
Энди осмон йироқ,
Энди ер юмшоқ –
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!

Буну хаёт дерлар,
Унутма асло,
Бир кун очиласан,
Бир кун сўласан.
Қалбимда-ку, фақат
Сен эдинг танҳо,
Қабрим устида ҳам
Ўзинг бўласан.
Сен бизнинг севгидан
Хотира – байроқ,
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!

Аёл қалбинг билан
Сув кеч, олов кеч,
Ғам келса бошингдан
Хушинг учмасин.
Худодан сўрадим:
Мендан кейин ҳеч,
Номард кимсаларга
Ишинг тушмасин.
Уларнинг қўлида
Ҳамиша тузоқ,
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!

Ишинг тушса, иним
Муҳаммадга бор,
Шоирлар ичида
Ишонганим шу.
Бироз ичишини
Айтмаса агар,
Кўкси тиниқ бола,
Ҳалол бола у.
Фақат сал соддароқ,
Фақат сал ёшроқ,
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!

Жон сўнги бошпана
Топаркан онгда,
У юрак остида
Дердим мен бўлсам.
Ажабланма агар
Эртага тонгда
Сени ўпиб, Ўшни
Қучоқлаб ўлсам!..
Ўтинчим – тепамда
Йиғлама узоқ,
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!

Муҳаммад Юсуф
(Шавкат Раҳмон хотирасига)

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

20 Oct, 13:37


Дилимга сен не-не азоблар бериб,
Жонимга сен не-не жабр қилмадинг.
Мен бор-йўғи чорак аср шошилдим
Ва сен чорак аср сабр қилмадинг.

Бу хатони севги тузатар,
Ошиқмиз. Эмасмиз ёш-қари.
Мен ҳаддан ташқари севаман сени,
Сен мени севмайсан ҳаддан ташқари.

Матназар Абдулхаким

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

19 Oct, 15:47


БИР ШОИР ЯШАЙДИ ТОШКEНТ ШАҲРИДА

Бир шоир яшайди Тошкент шаҳрида,
Доимо ўзининг устидан кулиб.

Бир шоир яшайди Тошкент шаҳрида,
Ҳар кун минг туғилиб, ҳар кун минг ўлиб.

Бир шоир яшайди Тошкент шаҳрида,
Катта, чиройли ва ёруғ хонаси.

Бир шоир яшайди Тошкент шаҳрида,
Чакки томар уйда яшар онаси.

Бир шоир яшайди Тошкент шаҳрида,
Тушларида кезиб қишлоқ, воҳа, қир.

Бир шоир яшайди Тошкент шаҳрида,
Онаси, қишлоғи, севгилиси - шеър.

Чори Аваз

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

18 Oct, 10:23


Хаёлга эрк берсам,
Кўришсак...
Ва боғлар солланса турфа ранг.
Сўрмасанг дардимни,
Бўлишсак,
Йиғласам...
Йиғласанг...

Майли, шу хаёлга кўнсам-у,
Кўзингни кўзимга кўмсаму,
Очмасам, кўзимни юмсаму,
Йиғласам...

Не замон чеккайман фироғинг,
Яқининг ёмонми, йироғинг...
Кел, десам, кўзимнинг қароғи,
Йиғласанг...

Ғунчалар оғзи ланг очилгай,
Булбулнинг тиллари ечилгай,
Бу боғлар бир савдо кечиргай,
Йиғласак...
Йиғласак...

Дилором Эргашева

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

17 Oct, 21:38


✍️ Дурдона Бобомуродова шеъри.

🎤Хасанова Нилуфар ўқиди.


https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

17 Oct, 02:49


▫️▫️▫️

У тушларни кўриб бўлганман,
Кўп тингланган, сен айтган эртак.
Такрорлардан итдек толганман – 
Айтилмаган қўшиқлар керак!

Ёдимда – сен жон бахш этган байт,
Оҳангингни хилватга ўнгар.
Битилмаган шеърларингдан айт,
Куни битар, битилса улар.

Чин дунёни аниқ эслолсанг,
Ёлғонида чўчимай гапир.
Беармонсан. Агар... эплолсанг,
Юракларда жимгина ҳайқир!

Алибек Анварий

https://telegram.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

16 Oct, 18:55


Йўлларни ютади автолар
Табиат асабдай бузилган…
Бизнинг ҳам,
кузнинг ҳам қисмати
Энг арзон рангларда чизилган...

Рашид Хўжамов

https://telegram.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

16 Oct, 18:53


Негадир…

Қарши сас топилмас бир ўктам,
Шовқинлар шаҳарни енгади.
Оломон кўнглингни ғажиб ҳам
Ҳижолат чекмайди
негадир.

Йўлларни ютади автолар
Табиат асабдай бузилган…
Бизнинг ҳам,
кузнинг ҳам қисмати
Энг арзон рангларда чизилган.

Ўйласанг қолмаган ўйлиги,
Бир эзғин,
бетизгин яшамоқ …
Узилган ришталар занжирбанд-
Боғланган ришталар қирқ ямоқ.

Забардаст ос(у)мон дардини
Чумоли инига экадир.
Оламлар тушунган-
бир-бирин
Одамлар тушунмас негадир.
Рашид Хўжамов

https://telegram.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

14 Oct, 22:33


***

Кўнглимга хуш ёқди
Ёмғирли кунлар,

Ҳар бир томчисида
Фаришта бўйи.

Ёмғир ораладим –
Ўради мунглар,

Ҳеч кимса сезмади –
Йиғладим тўйиб...

Усмон Азим


https://telegram.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

14 Oct, 22:21


Баҳор рангларини унутмоқдаман
Сарғиш япроқларнинг хонишин тинглаб.
Ёмғирли шамолга қўл тутмоқдаман,
Кўча чироқлари ёнади титраб...

Сўнгги тролейбус тушириб кетар
Бекатма-бекатга одамларини.
Оз қолди, менинг ҳам бекатим кутар,
Ёмғир санай бошлар қадамларимни...

Мендан бошқа барча бахтли бу кеча,
Туш кўриб, ё кўрмай ухлар осуда.
Қанийди, ҳаёллар бир зум тинчиса
Кўзларим уйқуни соғинган жуда.

Шу кеча хаттоки чироқ ёқмадим,
Тун бўйи тингладим битта қўшиқни,
Охири, бағримга босиб йиғладим
Қоронғу хонамда бечора ишқни.

Ойгул Суюндикова

https://telegram.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

13 Oct, 20:43


***
Соғинсак қайтади қувончларимиз,
Чорласак қайтади ҳаттоки ғамлар.
Биродар, ялину ёлвор,
кетказма,
Ҳечам қайтмас экан кетган одамлар.

Қушлар қайтиб келар соғиниб юртни,
Тўлқинлар қайтади соҳилларига.
Ёмғирлар самони айланиб келиб,
Қайтгуси
заминнинг бағирларига.

Шунинг-чун сен одам йўқотма, қалбим,
Ҳатто тиз чўкса ҳам
сен деб оламлар.
Бу дунёга қайтиб келмаганидек,
Қалбингга ҳам қайтиб келмас
одамлар...

Гулжамол Асқарова

https://telegram.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

13 Oct, 04:27


***
Уйғаниб кетаман бемаҳал,
Кўзларинг тушади ёдимга,
Сўзларинг тушади ёдимга,
Ва нафрат кезади дарбадар.

Қотилим...
Жоҳилим...
Кўзларинг-
Аллалар, аллалар кўзимни.
Ўзинга буюрсин ўзларинг,
Сен менга қайтиб бер ўзимни!

Бўғилиб буғланар деразам,
Уфлайман, уҳ тортиб ухлайман.
Ухлаб ҳам бир сени ўйлайман,
Минг ўлиб тирилдим...
Ўлмайман!

Жон бериб бормоқда кулгичим,
Воҳ, сени ўйласам кул ичим,
Иста кир, иста йўқ, иста қоч,
Исмингни басталар- куй ичим.

Мен сени эсламас ёдингман,
Узоққа ҳайдаган ёнингман,
Энг оний лаҳзага соврилиб
Сочилган юз бўлак ё мингман...

Кўзларинг, барибир кўзларинг...

Денгизим, соҳилга оққаним,
Кўзимас, кўнглига боққаним,
Жим қараб жим қадаб кўнглимга-
Муҳаббат михларин қоққаним.
Қалбимга ишқингдан ўт қалаб
Жонимни куйдири-и-и-б ёққаним.

Қаддим тоғ.
Қалбим тоқ.
Дил вулқон.
Ўзимдан Ўзинга кетяпман.
Нафратим эгаси эй, Инсон
Сўзингдан Сўзимга кетяпман

Оҳ, нега кўзларинг ўйласам...

Дурдона Бобомуродова

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

09 Oct, 11:34


АРМОН

Сен ҳақда қўшиқлар куйласайдим шўх,
Қани эди сени гул деб хушласам.
Лекин сен гул эмас, сен бир лаҳча чўғ,
Қўлларим куяди ушласам.

Сен ҳақингда сира бўлмас гап очиб,
Ловуллар куйлаган овозлар...
Чўғни ўйнар оғзидан сочиб,
Фақатгина масхарабозлар.

Матназар АБДУЛҲАКИМ

https://t.me/dilgamaktublar

Дилга мактублар!..

08 Oct, 02:28


ОТАМГА

Олифтаси бўлсам керак одамнинг,
Ҳар кун янги либос олганим олган.
Мен-ку бойваччаман, аммо отамнинг
Эгнидаги чопон бобомдан қолган.

Қўшилиб қолсам бас бирор даврага,
Тамом, ҳеч кимга гап тегмай қолади.
Отам-чи ўзини олиб панага,
Ҳаммага жимгина қулоқ солади.

Ўзимча шоирман машҳуру маълум,
Ўзимча қўлларим осмонга етар.
Мен ширин туш кўриб ётган тунларим,
Отам буғдойга сув ҳайдашга кетар.

Гарчи лотинчага тушунмаса ҳам,
Шеърларимни ўқиб завқланади у.
Ойнаи жаҳонда кўриниб қолсам,
Менинг ўғлим, дея мақтанади у.

Кимнинг кимлигини билмоқ истасанг
Унга қалб кўзинг-ла қараб, боқ экан.
Англадимки яхши шоир бўлишдан,
Яхши ўғил бўлиш қийинроқ экан.

Отам дунёдаги энг яхши одам,
Ёмон ўғилдирман, балки унга мен.
Ҳар лаҳза саждалар қиламан, отам
Соғ-омон ўтказган ҳар бир кунга мен.

Ифтихор Хонхўжаев

https://t.me/dilgamaktublar