БАЙРОННИНГ СЎНГГИ САФАРИ
Чўкиб бормоқдасан кўзим ўнгида
Алвидо, алвидо, эй она диёр.
БАЙРОН
Денгиз теранлиги – сенинг сувратинг,
Кўринур тимсолинг, зимистон қайнар,
Ошиб бормоқдадир мавжлар сурьати,
Сен каби ҳисларим қайновин ўйнар,
Қайда жасоратим, қайда, журьатим,
Қайда у чексизлик самовий куйлар?!
Кўҳна қаср ичра яшар гулжамол,
Тубанда ҳайқирар долға-ғалаён,
Денгиз соҳилида туриб эҳтимол,
У сенинг умрингга келтиргай имон.
Ғамгин кўзларида акс этгай магар,
Аччиқ муҳаббатинг, олис хотирот.
Қани, эй, долғалар, қани тўфонлар,
У каби ғазабга тўлингиз, ҳайҳот!
Қонталаш уфқда интиқом порлар,
Шоир – эрк ўғлони, номус сарвари,
Гўёки хўрланган ҳамширанг чорлар,
Юзландинг қасос, деб сен Юнон сари.
Севган Ватанингда барчаси қолар,
Алданган умиду ғийбатлар бари...
Денгиз ҳайқиради, гирдоб бекарам,
Шоир, кўзларингга денгизлар тўлар,
«...Тождор махлуқларга емнинг ўзи кам
Тишламоқ ва қопмоқ истайди улар...»
Жанг майдони керак жангчига ахир,
Қутлуғ эркинликнинг жасур фарзанди,
Сўнгсиз алам билан телбариб ёндинг,
Она-Ватанингни тарк этдинг, шоир.
Тўлқин гоҳ тош қотар, сапчигай гоҳо,
Сен эса соҳилдан термуласан жим,
Сўнг тинар қаҳрли бу шовқин, аммо
Шундай аниқ тинар менинг-да сасим,
Бир дам ҳасратларда бўларман малул,
Сўнг яна чорлагай бу ҳиддат, туғён,
Сени етаклагай денгиз сари ул,
Ва мени бегона санамлар томон.
Йўқ, бизни ажратмас чеки йўқ денгиз
Ажратмас заминнинг водий, тоғлари,
Бироқ шоирлигинг – қисматинг тенгсиз,
Мени эркалатар юртим боғлари,
Бироқ мумкин эмас курашмоқ сенсиз,
Баьзан кўксим узра дайр тирноқлари.
Наҳот, ёвуз бўрон хасдек учиргай?
Қайнар томиримда оташин қонлар,
Қаҳрим қуюнларнинг изин ўчиргай,
Пойимда ётурлар қора бўронлар,
Уфқ ўтда ёнар, денгиз ҳам нотинч,
«Йўқ эса кўкларга сочиб ҳасратим
Бош олиб кетмасдим Ватанимдан ҳеч,
Сенга қул бўлардим эй муҳаббатим...»
Ўжар хаёлларга бир дам тўларман,
Бир дам сўзларингни тинглайман сокин.
«...Кураш нечун ахир?.. Мен ёш ўларман,
Неча имкон бордир севдим-ку, токим
Тупроқдан эдим мен тупроқ бўларман,
Дунёни тутажак менинг-да хоким...»
1976
Рауф ПАРФИ