#Эски_дардлар
МАНА – БИЗ МИЛЛИОНЛАРНИ ҚАНДАЙ АЛДАЙМИЗ!
Телевидениега жиддий бир кўрсатув учун суҳбатга бордим. Очиғи, бир пайтлардаги экранга ишқибозлик, “кўриниб туриш”га ҳавасмандлик бугун анча “босилиб” қолгани боис даставвал кўпам қизиқмадим. Аммо суҳбат ёшлар ва адабиёт масалаларига бағишланганини билгач, бу борадаги айрим мулоҳазаларимни айтиб олиш имкони туғилганидан хурсанд бўлдим. Аммо...
Студияга кирдим-у, бошловчининг икки оғиз гапидан сўнг “ўчиб” қолдим. У шундай пафосда чуғурлар эдики, карахт бўлдим, ўша тилда айтганда, “шокка тушдим”. Бир қарашда сўзларида ҳеч қандай хато йўқ, ўз таъбирича, эга-кесими жойида. Ҳаммаси чиройли, гўё қовушган жумлалар. Бироқ саволлардан тайинли бирор нима илғай олмадим. Ўта умумий ва “қип-қизил”, кимларнингдир оғзидан тушиб қолган гаплар. “Саволларингиз жуда умумий экан”, десам, “У ҳолда, умумийроқ қилиб жавоб бераверинг”, дейди. “Билмадим, бизни ҳатто академиклар ҳам критиковать қилмаганди”, дея қўшиб қўяди яна. Зўрға чидаб ўтирибман. Ўзимни худди терговчи сўроқларига жавоб бераётган айбланувчидай ҳис қилдим.
Буёғи “бугунги адабий жараён ва унда ёшларнинг ўрни”, “ҳозирги адабиётимизнинг ютуқ ва камчиликлари”дан тортиб “атомдан кучли бўлган адабиётнинг глобаллашув даврида таъсир кучи қолмаётгани”, “ёшлар ижодида қаҳрамон ким” экани, “замонавий асарларда миллийлик” (саволлар шу тахлит давом этади) ҳақида деярли қуруқ гаплар... “Бу нимаси, – дейман ичимда ўзимга ўзим. – Экран ҳадисини олгандинг-ку, гапирсанг-чи. Бурро эдинг-ку, сайрамайсанми!..” Йўқ, сўз келмаяпти, гапира олмаяпман. Устига-устак, ҳар қанча уринмай, бошловчи гапларимни “силлиқлаш”га ҳаракат қилади. Ҳар икки-уч жумладан сўнг “Шу гапингизни бошқачароқ айтинг”, дейди. Ортиқ чидаб бўлмади. Охири “қўл кўтардим” – бошқа гапим йўқлигини айтдим. Бу туришда бирон нима чиқмаслигини билган “суҳбатдош”им ҳам кўна қолди. Ниҳоят, суҳбатга якун ясалди. Охири ҳаммасини монтажга қолдирдик. “Хоҳлаганича кесишсин, агар кесадиган жойи бўлса”, дейман ичимда. Ростдан ҳам, кўрсатув “сип-силлиқ” чиққан кўринади. Ўзим озгина томоша қилдим-у, кўрмасликни афзал билдим.
Дийдиё қилаётганга ўхшаб кетган бўлсам, маъзур тутасиз. Бироқ икки-уч кун шу воқеа таъсирида юрдим. Бу ижодкорга хос ўткинчи кайфият эмас. Жуда хафа бўлдим ўзимдан. Ахир шундай бўлишини олдиндан билардим. У ерга шунчаки кўриниб қўйиш ёки кимларгадир ҳисобот бериш учун бормаган бўлсам-да, кўрсатувнинг ўзи шундай эканини тахмин қилгандим. Мана – биз миллионларни қандай алдаймиз. Мана – нега бизни халқ тингламайди (ўқимайди, қизиқмайди). Мен “ақлли” эса бу сафар ҳам ҳаммаси яхши бўлишига умид қилгандим.
Бу битиклардан мақсад кимнидир қоралаш ё ўзни оқлаш эмас. Узр, ҳозирча айтадиган бошқа гапим қолмабди...
2013 йил, ноябрь
P. S. Ўн йиллар аввал ижтимоий тармоқда шуларни ёзиб қўйган эканман. Фейсбук эслатди яна. Ҳозир шунақа нарсаларни ёзгим ҳам келмайди. Шунчаки беҳуда баҳсга айланмасин, дейман. Аммо кимларгадир яхши маънода таъсири бўлар, дея умидланасан одам...
@Behzod_Fazliddin
#Кайфият #Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Сизга_гапим_бор
https://www.facebook.com/100003319579634/posts/461953850591930/