Тинмай санга атаб шеър ёзган эканман ўзиям. Ҳали кўчирилмагани қанча...
Шароб
Қилолмади ерни истило,
Нуҳда не айб, Муҳаммад Сиддиқ?
Томоққача ютди изтироб,
Руҳда не айб, Муҳаммад Сиддиқ?
Яшаяпмиз ғўр бошни эгмай,
Биз сиғмадик узумзорларга.
Кўнгил – шароб, ичмаса маъшуқ,
Хумда не айб, Муҳаммад Сиддиқ?
Баргларини узиб зорланган
Дарахтларга ачинмас кузак.
Чўлга тушган бўлса эй баҳор,
Қумда не айб, Муҳаммад Сиддиқ?
Кимнинг тили – Хитой девори,
Ўтиш мумкин ундан от қўйиб.
Очилмаса гунгларнинг оғзи,
Мумда не айб, Муҳаммад Сиддиқ?
Маст қилмоқчи эдик дунёни,
Ўзимизга урди-ку мастлик.
Кафтимиздан сирғалиб чиққан
Зумда не айб, Муҳаммад Сиддиқ?
Қайтамизми узумзорларга?
Ариларга таланамизми?
Хумдан-хумга ўтиб тинмагач,
Жомда не айб, Муҳаммад Сиддиқ?
Юр, кетайлик “Ҳақ, ҳув”лашиб ё,
Эплолмаган ҳатто пайғамбар.
До-од десанггу чиқмаса жонинг,
Жонда не айб, Муҳаммад Сиддиқ?
Руҳда не айб, Муҳаммад Сиддиқ?..
Улғайиш, англаш, теранлашиш муборак, шоир!
ДАЛДА
Юрагингни эзма, Муҳаммад,
Баҳор яқин, ўтиб ол қишдан.
Таниганда қалбингни Одам,
Қувилмасди балки беҳиштдан.
Сен шоирсан, шоирсан, тирик!
Тасдиқлайди Тошлоқ тошлари.
Ҳали замон тушинга кириб,
Сўз улашар бобо Қошғарий
Ва Қобилни кўрмаган мунис,
Сур кийиклар изингдан чопар.
Боларини эмиб ўсган ҳис,
Кавсар ювган кўнглингни топар.
Юрагингни эзмагин фақат,
Раҳминг келсин, бола у, бола,
Кўзёшингдан бир томчи узат,
Ғазабимни юмшатиб олай.
Қара, ахир, самога қара!
Оққушларинг сендан шеър сўрар.
Патларини тумшуқда тараб,
Тонг тушлари сендан шеър сўрар.
Интиқ қилма уларни ортиқ,
Мана, оҳанг, мана, қадим соз.
Ютоққанча тамаки тортиб,
Томирларинг чигилини ёз!
Ич-ичингда кечаётир ҳарб,
Очилмайди беркитган сиринг.
"Мен — мурдаман" дейсан, бекор гап,
Сен шоирсан, шоирсан, тирик!
Юрагингни эзма, Муҳаммад,
Сени излаб топар кийиклар,
Изларингдан чопар кийиклар,
Кўзларингни ғам ёмғиридан
Кипригила ёпар кийиклар.
Юрагингни ёқар кийиклар...
Тошлоқ — Муҳаммад Сиддиқ туғилган қишлоқ номи.
ҚУРБОН
М. Сиддиққа
Сен ҳам кетасанми энди шимолга,
мунгли кўзларинга жойлаб ватанни.
Ўсмирлигинг пуллагани,
ғишт қилиб тергани истеъдодингни
қонимиз ичганлар остонасига.
Шеърингда куйлаган афсонали юрт —
ҳубоб
ёрилдими ниҳоят тиғ ургач
очлик ваҳми?
Билдингми қанчалар туллак ўйинчи
бўлсангда,
қашшоқлик қўлида туз чиллик.
Нон — авлиё,
ош — пайғамбар,
Тангримиз — тирикчилик,
Тангримиз — тирикчилик.
Коинот кимнинг қорни?
Бошига тушганми қурт?
Чайнар тоза руҳларни,
икки елкада манқурт.
Тангрига ёқарми ё
ёлғон саҳна кўриниш.
Бунча севмаса дунё
истеъдодли чўрини!
Тиланмагин, бефойда,
хирмонбоши — каламуш.
Гул тилин тушунмас у,
англамайди қуш тилин.
Кўримлар кўчасида
ягона тил — гўшт тили!
Кетасанми маъюсгина синиқчеҳра гўдагим,
бўсанг изи қолмай туриб бирор қизнинг бўйнида.
Телбалигинг бузмай ҳали сокинларнинг тушини,
пўрим-пўрим мижиқилар оғзига урмай сўзинг,
опичлаб нафрат чаққан хотирни — узуқ-юлуқ
кетасанми:
сизга ватан, бизга эса йўл қуллуқ!
Кетаётган сен эмас,
укамни кузатяпман,
отамни кузатгандим,
боламни кузатябман.
Мени сотсанг бир чақага
арзимайман, на қилай?
Шеър билан ёнмас ўчоқ,
шеър билан тўлмас илик.
Заххоксан тирикчилик!
Заххоксан тирикчилик!
Хайр, абжир ёшлигим,
Хайр, чалғи сатрлар.
Хайр, чалма замонни
қўпаргувчи қудратим.
Мункиллаган ҳафсала,
хайр, қалбим чиритган
жаннатчеҳра сафсата!
Бир тарафдан хурсандман,
бунда хушрўйдан хушрўй
капалаклар ёдингни
қуршаб олганли виж-виж.
Энди ватан ҳақида
ёлғон ёзолмайсан ҳеч,
ёлғон ёзолмайсан ҳеч...
Бунча севмаса дунё
истеъдодли чўрини!
Жонтемир
@Jontemir_t