She'r sehri @shersehri Channel on Telegram

She'r sehri

@shersehri


Ўзбек шеъриятининг кечаси ва бугуни бир ерда - ушбу каналда!

She'r sehri (Uzbek)

She'r sehri Telegram kanali - bu O'zbekistonning she'riyati va adabiyoti ustida qurilgan eng yangi ijodlar va klassik asarlar bilan tanishingan joy. Bu kanal kalyonchilari, yozuvchilari va adiblari bilan birga, O'zbekiston she'riyatining zamonaviy yuzini ko'rsatadi. Kanalda, qadimiy she'rlar va yangi she'rlar, maqollar va hikoyalar, asarlar va maqolalar o'qish yoki ta'lim uchun mavjud. She'r sehri - bu boshqa so'z bilan, O'zbek she'riyati va adabiyotini ko'rish va o'rganish uchun eng yaxshi manzil.

She'r sehri

03 Dec, 18:47


***
Borolmayman, ishq qilingan oq,
Diydorlarda vido uxlaydi.
O'ksib-o'ksib har kecha uzoq
Tushlarimda bir qiz yig'laydi.

Idrokimda izg'ib yurar g'am,
O... qo'rqaman uxlab qolishdan.
Sho'rlik qizning ohlari har dam
Eshitilib turar bolishdan.

Kipriklarda qotadi orom,
Yuguraman zulmatlar aro.
Bilmam seni qanday haydasam
Tushlarimdan ey baxtiqaro?!

O... ko'nglimni kemirgan bu dard,
Birozgina olsa edi tin.
Olloh meni keyingi safar
Yuragimdan ayro yaratgin.

...Tushlarimda yashovchi qo'rqib
Men u qizga o'xshamaymanmi?
Ayt, taqdirga la'natlar o'qib
Tushlaringda yig'lamaymanmi?


@majnuna_mirzayeva

She'r sehri

02 Dec, 09:42


📣 DIQQAT! TANLOV!

📰“Jadid“ gazetasining yangi soni nashr etildi: jadid.uz/elektron-gazeta

❗️Endi siz elektron gazetani tarqatish orqali har hafta pul ishlab olishingiz mumkin. Buning uchun
1. @Jadidmedia_testbot manzilida ro‘yxatdan o‘tasiz.
2. “Referal yig‘ish” tugmasini bosasiz. Bot sizga taqdim qilgan postda tanlov haqida batafsil ma’lumot keltirilgan.

Jadid.uz’ga obuna bo‘ling

She'r sehri

02 Dec, 05:10


Menga xush xabar ayt, yolgʻon boʻlsa ham…
Dardu mashaqqatlar oʻtgaydir bari,
Oʻksima, oyoqqa turgaysan, deb ayt.
Umringning farahbaxsh, totli onlari
Hali oldindadir, koʻrgaysan, deb ayt.

Menga xush xabar ayt, yolgʻon boʻlsa ham…
Doʻstlaring bordir-ku hali dunyoda.
Seni kulfatlarda qoldirmas, deb ayt.
Yovuzlik boʻlsa ham haddan ziyoda,
Seni changaliga oldirmas, deb ayt.

Menga xush xabar ayt, yolgʻon boʻlsa ham…
Olis muhabbating soʻnmagan hamon,
To hanuz unutmay yuribdi degil.
Sargʻaygan daftarin varaqlab pinhon,
U seni tushida koʻribdi degil.

Menga xush xabar ayt, yolgʻon boʻlsa ham…


©Абдулла Орипов

@sherSehri

She'r sehri

01 Dec, 09:21


* * *
Men seni olomon ichida
Yarim tovushingdan taniyman.
Tomoq qirishingdan taniyman.
Ismim qadar bilgum soyangni,
Yurak urishingdan taniyman.

Sen haqingda zarra xabar ham
Hayotimga nur ulashgaydir.
Jim sevganlar chin kurashgaydir.
Kipriklarim o’tqalar olov,
Ich-ichimga cho’g’ ilashgaydir.

Adashdim ishonib gohida,
Gohida ishonmay adashdim,
Sarobdan ko’zlarim qamashdi.
Nigohing tushgan har zarradan
Nigohim talashdi, talashdi.

Ichimda hayqiriq zanjirband,
Hayqirib dil sharhi hol istar.
Alamlar o'ldirar ohista.
Sen esa baridan bexabar
Xotirjam yashaysan olisda.

© Yulduz Oʻrmonova

@sherSehri

She'r sehri

01 Dec, 05:18


#Табрик 🎉🎉🎉

Бугун шоир, олим, дўст Дадахон Муҳаммадиевнинг туғилган куни!
Яратган жўрамизга узоқ ва баракали умр берсин!
Илм ва ижодда камол топаверсин!


* * *
Аёл кечирмади, лекин кечмади,
Эшик ёпилмади, бағир тўлмади.
Йиллар ортга қайтди, севги кўнгилга
Аммо... Бўлмади...

Аёлнинг саҳарда илинди кўзи,
Умид энг охирда сўнди йўл қараб.
Тун бўйи ғурурни босиб ўтолмай
Эркак остонадан қайтди эрталаб.

© Дадахон

@Dil_Dost

She'r sehri

01 Dec, 05:06


Бугун ака-жўрам Дадахон Муҳаммадий туғилган кун!

КЕЧИККАН ЙЎЛОВЧИ

Поезд кетиб бўлди. Энди қайтамиз.
Кечиккан йўловчи, не кечар ҳолинг?
Битта чиптачию бир қоровулдан
Бошқа ҳеч кимсага келмас малолинг.

Кечиккан йўловчи, кел, мен билан юр,
Иккиланяпсанми қайтишга, ахир?
Бир шунга қўл силтаб кетолмаяпсан,
Поезд – тақдир эмас, пешонанг – тақдир.

Йўловчи, кўнглингдан нималар кечди?
Ҳар мусофир – меҳмон, бизнинг ақида.
Қўшиқлар айтамиз, шеърлар айтамиз,
Кечикиш ҳақида, кечиш ҳақида...

Кўнглингдан ўтганин мен ҳам сезганман,
Зулматдан гўёки қочиб панага.
Мен ҳам кетмасликка баҳона излаб,
Бир ўзим қолганман чиптахонада.

Қаерга кетяпман – исмсиз манзил,
Чиптага ёзиб ҳам бўлмайдиган жой.
Кечикканинг, балки, фожеамасдир,
Сен ҳам бебахтмассан қолиб, ҳойнаҳой...

Поезд кетиб бўлди. Энди қайтамиз.
Кел, энди, дўстимми, инимми, оғам...
Ҳеч ким кузатгани келмади, тушун,
Атай поездига кечиккан одам!..

©Дадахон Муҳаммадиев

@dadaxonmuhammadiy

She'r sehri

30 Nov, 14:50


ЎТТИЗИНЧИ НОЯБРЬ

Ноябрь яшайди сўнгги кунини,
Сўнги саёҳатда, сўнги соатлар,
Тун тескари кийиб олар тўнини,
Қўлини чўзганча қолар дарахтлар.

О, майда қушлар ҳам билмагай тиним,
Ҳавода рақс этар, барглар уюми.
Ноябрь.
Ноябрь! Айланмас тилим,
Дунёдан кетмоқлик шунча қийинми?

Кексайган булутлар топар йўлини,
Ўзин тўфонига ўзин этар ғарқ,
Наҳот, хазонларга тўла умрингни,
Ноябрь, бир кунда этасанми тарк?

Хосият РУСТАМОВА

She'r sehri

30 Nov, 07:53


ТОМЧИЛАЙ БОШЛАСА ЁМҒИР

Томчилай бошласа ногаҳон ёмғир,
Ойнани шодланиб очган бу гўзал.
Энтикиб қараса кўзлари оғриб,
Айрилиқ рўмолин ечган бу гўзал.

Ёмғирлар рақсига сочларин ёйиб
Шерик бўлсамми деб хаёл сурарди.
Юзига тушганда томчилар тойиб,
Боладек қиқирлаб, маъсум куларди.

Кимнинг эртагидан дераза очди?
Кимнинг эртагига бир зум боқди у?
Сўнгра деразадан соғинчин сочди,
Ёмғирга қўшилиб узоқ оқди у...

👉 @xurshidabdurashid

She'r sehri

29 Nov, 17:45


* * *
Сени кўп ўйладим, ўйлаб соғиндим,
Елиб бораверди умр  -  бешафқат.
Минг рангда тусланди фасллар, аммо
Ўзгармади дилда ҳисларим фақат.

Йилларин етаклаб вақт ўтди шошқин,
Ер-осмон ўзгарди, ўзгарди иқлим.
Дўстлар ҳам ўзгарди, дўст эмаслар ҳам,
Фақат ўзгармади ишқим ва исмим.

Исмим ҳамон ошиқ,
қисмат экан ишқ...
Ўтар умр...
Юракдан ишқ аримайди.
Билдим, бу эскирган дунёю дунда
Висолсиз муҳаббат ҳеч қаримайди!

Дилмурод ДЎСТ

She'r sehri

27 Nov, 16:15


Бугунги ҳамма нарса пул билан ўлчанадиган, иқтисодий манфаатлар маънавий озуқадан устун бўлиб бораётган замонда ижодкорларнинг қўлтиғидан тутиб, асарларини тўплаб, эл дастурхонига қўйиш хайрия учун халққа ош беришдай гап, аслида. Замонамиз жадиди бўлган Sanjar Nazar ана шундай хайрли ишга қўл урди. “Академнашр” раҳбари энг истеъдодли деб топган 15 нафар ижодкорнинг сара асарларини жамлаб, “Излам” туркуми остида чоп эттирди. Тўпламда 8 та шеърий, 5 та насрий ва биттадан публицистик ва адабий танқидий мақолалар гулдастаси ўрин олган.

Уларнинг ижодини туташтирувчи умумий фикрлар, мотивлар ва мавзулар бўлса-да, услубда бир-биридан фарқ қилади. Бири бошқасини такрорламайдиган, муаллифини яшириб ўқисангиз ким ёзганини топиш мумкин бўлган ижодкорлар танланган. Тўпламлардаги умумийлик шундан иборатки, барчаси бугуннинг шоирлари, бугуннинг муаммосини, жамиятимизнинг оғриқларини, юртдошларимизнинг ички сезимлари, қуқвончу ташвишларини бирдек ҳис этади. Бугунги кун ёшлари истаётган, излаётган жамият қандай бўлиши кераклигини, атрофимиздаги инсонлар юраги ураётган тўлқинларни қаламга олади. Шу нуқтаи назардан XXI асрнинг биринчи чорагидаги Ўзбекистоннинг поетик манзарасини мана шу китоблар орқали кўриш мумкин.

Mansur Jumayev нинг фергантроп одамига саволлари, “бир юрак юртига” изҳорлари, севгилисига ва Ҳаққа айтилган илтижолари, тавбаю тазарруларга бурканган мисралари нафақат шоирнинг, балки ҳар биримизнинг кўнглимиздан кечиши мумкин бўлган туйғулар. Ҳаммамиз ҳам илк муҳаббатга дуч келганимизда севгининг ақлга сиғмаслигини тан олганмиз, кўнглимиз тўлиб, саждага бош қўйганимизда “бор дардимни йўқ қила қолгин”, деб Ҳаққа илтижолар айлаганмиз. Онамизга бағишланган “Оқ мактуб”имиз ҳам қалбимизда яширин. Аммо қани бу туйғуларни шоирдек ифода этолсак. Шунинг учун ҳам Мансурнинг шеърлари юрак-юрагимизга етиб боради. Айтмоқчи бўлганларимизни тилимизга чиқаради: қувонтиради, қайғуга кўмади, керак бўлса, йиғлатади...

Шоир шеърларида илоҳий ишқ васфи, тасаввуфий ифодалар устунлик қилади. Унинг “ақлга сиғмаган” севгиси Яратганнинг яратиғига эмас, балки унинг Ўзига экани сезилиб туради. “Тангрига мактублар” туркумида эса бу ҳолат янада яққол наомён бўлади. Висолга етиш иштиёқида ёнган ошиқ мудом ёрини излайди, ундан нажот кутади.

Фақат қонли ёшим бор – тўксам,
Сўзим бордир қарғасам, сўксам.
Бир жанггоҳга айланди дунё,
Бу жанггоҳда наҳот сен йўқсан?!

Лирик қаҳрамон Ҳақни излаш йўлида тинмай тер тўкади, ҳар нега разм солади, бутун дунёда ёр жамолини кўришни истайди, аммо қани тополса. Унинг илтижолари аста-секин жазавали тус олиб, шаккокликкача бориб етади.

...Бир қиёмат кўтарди дунё,
Бу урҳода наҳот сен йўқсан?!

Лирик қаҳрамоннинг бу исёнини салбий жиҳат деб қарамаслик керак. Зеро, у инкорда ҳам Яратганнинг борлигини тан оляпти, унга талпиняпти, сажда қиляпти ва умидини сўндиргани йўқ. Гарчи, “Тузган жаҳонингдан кўнглим тўлмади, Тангрим, қайтадан чиз яхшироғини!” деса-да, “Йўқдан бизни бор айлаган зот”га ихлосини, ишончини яширмайди. Унинг бу илтижолари, исёни замирида ўзига, қалбига ва атрофдаги кимсаларга қарата айтилган, айтмоқчи бўлган пандлар ётади.

Шоир ижодида болаларча соддалик, яхшиликка, эзгуликка ишонч, ёвузликка кучли нафрат сезилиб туради. “Ботинка ҳақида эртак”даги умид, “Қиш”, “Баҳор кулгуси” шеърларидаги самимият, “Катталар учун қўшиқ”даги оғриқли ҳислар унинг шахсиятини ҳам бир қадар очиб берадики, кўз ўнгизда шоирона қиёфадаги тоза кўнгил бир одам намоён бўлади.

Мансурни руҳият шоири, кўнгил кечинмалари мусаввири, деб бемалол айтиш мумкин. Унинг шеърлари ҳали қанча қалбларга севги нималигини, муҳаббат изтироби қандай бўлишини, висол, ҳижрон ва соғинч каби туйғуларнинг асл моҳиятини англатади. Ўзи дунёга нега келдим, яшашдан мақсадим нима, каби саволларни қўйишига сабаб бўлади. Натижада бу шеърият тиллардан тилларга, китоблардан китобларга кўчиб, яшайверади.

Bekzod Ibrohim

She'r sehri

27 Nov, 08:40


https://telegra.ph/Ko%CA%BBkto%CA%BBnliklar-11-27-2

She'r sehri

27 Nov, 06:50


***
Бу Ишқ эди...
гирдоб бағрида
пичирларди бир оят лаби...
Поёни йўқ туғён қаърида
қолдим урён денгизчи каби...
Мени ёндир...
совуқ сўнгаклар
қарсилласин чақин ургандек...
ва даҳшатга тушсин юраклар
Ишқ қонини ичиб кўргандек...
Мен ичдим бу оловли хунни
Бу — Ишқ эди...
Бу — Ишқ эдинг Сен!..
Агар гадо бўлсам бир куни
фақат сени тиланаман мен...

Asqar Mahkam

@sherSehri

She'r sehri

25 Nov, 18:41


KURSDOSHLARIMGA

Kursdoshlarim, olib ketgansiz
Yuragimning bir parchasini.
Sog'inaman siz bilan o'tgan
Talabalar shaharchasini.

Mana, katta hayot og'ushi
Birda baxtu birda esa yo'q.
Qoqilgan chog' ortga boqaman
Suyanchiqsiz, mening ko'nglim to'q.

Goh ranjitib qo'yganman sizni,
Gohi sizdan qildim arazlar.
Qochgan edik necha bor darsdan,
Bugun hayot o'tmoqda darslar.

Har biringiz el xizmatiga
Belni bog'lab turibsiz tayyor.
Yelkamizda millatning yuzi
Jurnalistday sharafli kasb bor.

Oson emas garchi non topmoq,
Nom topmoq eng mushkuli bilsam.
G'ururdaman jon kursdoshlarim
Nomingizni eshitib qolsam.

Axir to'rt yil mehr ulashib,
Hurmat tutdik o'zaro qo'lda.
Simirganmiz birga suv chiqsa,
Kemirganmiz tog' chiqsa yo'lda.

O'zMU - bizga ilohiy olam
Va beg'am baxt berar maskancha...
Unda ishqdan ayrilib takror
Sevgisini uchratgan qancha.

Kursdoshlarim, Vatan Lochini,
Yoningizda burgutman, sorman.
Sevmaganlar begona emas,
Sevganlarning safida borman.

Xudo panoh bo'lsin, kursdoshlar,
Toleyingiz hamisha kulsin.
El baxtiga omon bo'lingu
Safingizda Shavkat ham bo'lsin!

Shavkat Odiljon

@sherSehri

She'r sehri

25 Nov, 17:50


#Tabrik

Bugun hayoti ham, ijodi ham havas qilgulik jo‘ram - Bobur Elmurodning tug‘ilgan kuni.
U bugun 35 yoshga to‘ldi.
Tilagim: umri uzoq, baxti butun bo‘lsin!

___

Fotoapparat va men

Sen boqqan chogʻ nega odamlar,
Xushsuratdir, kulgidan toʻygan.
Men termilsam – sargʻaygan oʻtlar
Va daraxtlar gullamay qoʻygan.

Sen koʻz solsang onam koʻp dilbar,
Otam bardam qad kerib turar.
Men boqqan chogʻ — onam mushtipar,
Otam esa hassada yurar.

Nigohingda doʻstim ulugʻvor,
Bekami koʻst turar muloyim.
Men qarasam u bechorahol,
Oqsoqlanib yuradi doim.

Vaqt yalmogʻiz – uchar xotirjam,
Koʻrganlarim oʻxshamas chinga.
Baxtli boʻlib koʻrinay men ham,
Bir zumgina koʻz tashla menga.

© Bobur Elmurod

@Dil_Dost

She'r sehri

23 Nov, 20:39


***

Кел, суҳбат қиламиз, озгина ўтир,
Барибир ўзгармас дунёи қўтир.

Ўзингдан гапиргин, хотиржам бошла,
Ҳаёт ташвишларин бир четга ташла.

Майли болаликни ёдга ол, рухсат,
Менга энг беғубор пайтимни эслат.

Болалик осмони қор каби оқдир,
Биламан, у биздан анча йироқдир.

Умримиз ипидан узилган варрак,
Биз уни қувамиз сарсон, жонсарак.

Барибир бўлсак-да қанча чопағон,
Қувиб етолмаймиз уни ҳеч қачон.

Орзулар ортидан кетамиз дайдиб,
Кетган нуқтамизга бормаймиз қайтиб.

Қандай асов эдик бир дамлар, қара,
Энди қаршимизда сокин манзара.

Қай бир истагимиз рўёбин кўрди?
Қай бири армонга дўниб улгурди?

Вақт эса бешафқат, тинмай чопади,
Бизга ҳар он битта эрмак топади.

Шу билан андармон ойлар, ҳафталар,
Суғур куни каби ҳар кун қайталар.

Сен эса хотиржам, сипо турасан,
Овқатингни ейсан, футбол кўрасан.

Шундай курашасан ҳаётинг билан,
Бўлса-да, учмайсан қанотинг билан.

Қанот нима керак? Парвозлар унут,
Орзулар олдида улкан бир сукут.

Болалик осмони ҳамон бор, ишон,
Биз уни кўрмаймиз, аммо ҳеч қачон.

Кўнгил соғинчларга тўлиб кетган дам,
Ўйлайман, бир пайтлар болаликда ҳам.

Учиш истагида бўлмаганман мен,
Ҳеч қачон учишни билмаганман мен...

👉 @xurshidabdurashid

She'r sehri

22 Nov, 07:12


ҚАШҚАДАРЁ

Оқ салласи осмонда, этаклари чўлдадир,
Бир боласи адирда, бир боласи йўлдадир,
Уловининг жилови ҳамишалик қўлдадир,
Сафар кўрмаган алпни шер демас Қашқадарё.

Нону ош берса берган, нону ош сўрмаган эл,
Миннатин тўқмоқ қилиб бошига урмаган эл,
Миннатлининг ошига мўлтираб турмаган эл,
Ол дейди Қашқадарё, бер демас Қашқадарё.

Ғурурин Ҳисортоғдай минор қилган улус бу,
Тантиликни ўзига шиор қилган улус бу,
Дунёнинг тенг ярмини диёр қилган улус бу,
Зафар деру забар дер, зер демас Қашқадарё.

Қарши – шуур қалъаси, Китоб – ғурурнинг ери,
Қайга борса тик борар, ўшал – сурурнинг ери,
Мағрибдан Машриққача ўғли Темурнинг ери,
Тери томмаган ерни ер демас Қашқадарё.

Бироз содда, бироз қўрс, бироз тўпори, далли,
Мардга мард келган мудом, дангалига дангали,
Хиёнат кўрса аммо тиғ бўлади чангали,
Ҳиммати йўқ эранни эр демас Қашқадарё.

Аҳли аёлга хожа, ор номус учун тўра,
Дўстдан жонни аяш йўқ, ёвга аёв йўқ, жўра,
Бўрилик қилган дуруст, итлик қилгандан кўра,
Қиммати йўқ эранни эр демас Қашқадарё.

Насафийлар руҳидан ёришган баланд-пасти,
Бедилу Хисрав бўлиб олқишлар икки дасти,
Авлиёлар юртига мен-ку шеър битдим асти,
Балки ёздиқларимни шеър демас Қашқадарё.

© Мансур Жумаев
2019
Қашқадарёликларга улашинг!