Read'n'Roll @readnroll Channel on Telegram

Read'n'Roll

@readnroll


саволлар учун 👉 @rnrc_bot
реклама

Read'n'Roll (Uzbek)

Read'n'Roll kanali sizning muhokamangizda yangi meroslar, qiziqarli kitoblar va ilmiy maqolalar taqdim etadi. Kanalda oqishga va o'rganishga yo'l qo'yadigan bir nechta qiziqarli mavzular mavjud. Bu o'quvchilar, kitob yomonlari va ilmiy maqolalar ustozlari uchun mo'ljallangan. Read'n'Roll kanalida siz o'zingizga qiziqroq bo'lgan materiallarni topishingiz mumkin. Ulashish uchun: @readnroll

Read'n'Roll

06 Feb, 14:56


​​Оқ тунлар, Ф.М.Достоевский

Достоевскийнинг "Оқ тунлар" қиссасини мен бир неча йиллар олдин ўқигандим. Шундаёқ асар менга катта таъсир кўрсатган бўлса-да, яқинда уни қайта ўқиб чиққач, Достоевскийнинг инсон туйғулари ва ички кечинмаларини бу кичик қиссада қандай маҳорат билан тасвирлаши мени лол қолдирди. Вақт ўтиши билан асарга бўлган қарашим ҳам ўзгар(иб)ди десам хато бўлмайди.

Асарнинг асосий қаҳрамони – Мечтатель (Хаёлпараст), ҳаётдан узоқлашган, ўз ўйлари, орзулари ва хаёллари билан яшайдиган чинакам ёлғиз инсон. Илгари унинг хаёлпарварлигига қараб, унинг ҳаётдан қочишига кўпроқ эътибор қаратган бўлсам, бу сафар унинг ички туйғулари, муҳаббатга, тўғрироғи бошқа инсонга (мулоқотга) бўлган чинакам интилиши менинг диққатимни олди. Унинг Настенька билан учрашуви ва унинг дўстлик ва муҳаббатга умид боғлаши ҳақиқий ва самимий туйғулар билан тўла. Аммо бу муҳаббат якка томонлама эканлигини тушуниши ва севги йўлидаги қурбонлиги қаҳрамоннинг юрагидаги оғриқни янада чуқурроқ ҳис этишга мажбур қилади.

Қайта ўқиб, мен Мечтательнинг қурбонлигини бошқача қабул қилдим. У Настеньканинг бахти учун ўз муҳаббатидан воз кечади ва бу ҳолат унинг шахсий ютқузиши эмас, балки унинг ҳис-туйғуларининг чинакам эканлигини кўрсатади. Илгари бу қурбонлик менга қайғули туйилган бўлса, бу сафар у менга ҳаётдаги ўзаро муносабатлардаги мураккаб ва табиий жараён сифатида кўринди.

Бундан ташқари қайта ўқиш давомида мен Настеньканинг ҳолатини ҳам яхшироқ тушунишга ҳаракат қилдим. Унинг иккиланиши ва қалбидаги қийин танловини маълум даражада тушуниш мумкин: у ўз севганини кутаркан, ёлғизлик ва муҳтожлик туйғулари билан курашади ва шунинг учун Мечтатель билан дўстона муносабат ўрнатади. Аммо, ўйлаб қарасам, Настенька бу вазиятда ўзини ҳали жуда ёш ва бирозгина ақлсиз тутади: у ўз ҳис-туйғуларини яхши тушуниб етмай, Мечтательнинг қалбига қандай оғриқ етказаётганини англамай ҳаракат қилади. Балки у ҳолатнинг жиддийлигини ҳам тўлиқ ҳис қилмагандир. Унинг ҳаракатларини шунчаки ёшлик ва тажрибасизликка йўяқолдим.

Асарни қайта ўқиб, яна бир нарсани чуқурроқ англадим: биз барчамиз вақт ўтиши билан Достоевскийнинг "Мечтатель"ига айланамиз: тўрт девордан чиққиси келмаган, инсонлар билан муносабатлардан қочган ва ўз ўйларида яшашни афзал кўрган хаёлпарастлар. Ҳикоя қаҳрамони каби ёшликдаги орзуларимиз ҳаёт ҳақиқатлари билан тўқнашганда, биз ҳам хаёл ва реаллик ўртасида аросатда қоламиз. Достоевскийнинг қаҳрамони орқали биз ўз ўтмиш хотираларимиз, умидларимиз ва ички кечинмаларимиз билан юзма-юз келамиз.

Қисқа қилиб айтганда, "Оқ тунлар" нафақат муҳаббат ҳақидаги қисса, балки инсон қалбининг мураккаблиги ва орзу билан ҳаёт ўртасидаги кураш ҳақидаги ва, шу билан биргаликда, инсон ҳис-туйғуларини тасвирлашда Достоевскийнинг маҳоратига тенг келадигани йўқ эканлигини янада яхшироқ англашга ёрдам бераоладиган чуқур асардир.

@readnroll

Read'n'Roll

23 Jan, 10:15


​​"Биласизми, мен энди ўтмишни эслаб, ўзига хос бир вақтда бахтли бўлган жойларга қайтишни ёқтираман. Ўзимнинг бугунги ҳаётимни қайтиб келмас ўтмишга мослаштириб қуришни яхши кўраман ва тез-тез ҳеч қандай эҳтиёж ёки мақсадсиз, қайғули ва ғамгин ҳолда Санкт-Петербургнинг жин кўчаларини ва хилват жойларини кезиб юраман. Ажиб хотиралар! Масалан, ана шу ерда, айнан бир йил аввал, айнан шу вақтда, шу йўлак бўйлаб худди шунақа ёлғиз ва қайғули ҳолда кезиб юрганим эсимга тушади! Ва ўшанда ҳам орзуларим қайғули бўлганини, улар ўтмишда ҳам яхшироқ бўлмаганини, аммо қандайдир енгиллик ва тинчлик билан яшаганимни сезаман. Энди менга ёпишиб олган, бу қора фикрлар ва кун-у тун тинчлик бермайдиган қайғули ва қоронғи виждон азоблари ўшанда йўқ бўлганини ҳис қиламан.
Ўзингдан яна сўрайсан: қани энди сенинг орзуларинг? Ва бошингни эгиб, айтасан: йиллар қанчалик тез ўтиб кетяпти! Яна ўзингдан сўрайсан: йилларинг билан нима қилдинг? Энг яхши вақтларингни қаерга кўмдинг? Сен яшадингми ёки йўқ? Қара, ўзингга айтасан, қара, дунё қанчалик совуқлашиб кетяпти. Яна йиллар ўтади, уларнинг ортидан ғамгин ёлғизлик, сўнгра ҳассаси билан ўша қалтирайдиган кексалик ва уларнинг ортидан дард ва қайғу келади. Сенинг хаёлий дунёнгнинг ранги ўчади, орзуларинг сўнади, сарғайган дарахт япроқлари каби қоқилиб тушади..."

Оқ тунлар, Ф.М.Достоевский

@readnroll

Read'n'Roll

16 Jan, 13:28


Homo consumens - бу инсоннинг асосий мақсади аввало мол-мулкка эгалик қилиш эмас, балки тобора кўпроқ истеъмол қилишдир ва бу орқали ички бўшлиғи, бефаоллиги, ёлғизлиги ва кўнгил нотинчлигини қоплашга ҳаракат қилади, дейди Фромм Искусство Быть китобида.

p.s. Консюмеризмнинг асосий психологик сабабларини ўқиган инсон ўзидан ниҳоятда уялиб кетади, бироқ, ўзини тинчлантириб, ичида нима қилай, ожиз инсонман деб қўяди. Бу инсон - мен.

@readnroll

Read'n'Roll

15 Jan, 11:38


​​#smth

Эрих Фромм ўзининг Искусство Быть китобида инсоннинг ривожланиши кўпинча бўйсунмаслик туфайли юзага келишини таъкидлайди. Унга кўра, бўйсунмаслик – бу фақат қоидаларга қарши чиқиш эмас, балки ўз қадриятларини излаш, ҳақиқат сари интилиш ва эркин шахс сифатида ўзини англашнинг муҳим босқичидир.

Прометей афсонаси бу фикрни чуқур англатади, дейди Фромм. Прометей олимп илоҳларининг иродасига қарши чиқиб, одамларга оташни тақдим этади. Бу нафақат инсон ҳаётини осонлаштиришга, балки уларнинг ақлий ва ижодий салоҳиятини юзага чиқаришга йўл очади. Унинг бу жасорати инсониятнинг ривожланишида қандай қийинчиликлар ва қўрқувларни енгиш кераклигини кўрсатади.

Тарихда ва ҳаётда бўйсунмасликнинг бошқа мисоллари ҳам кўп учрайди. Масалан, жамиятдаги қабул қилинган ижтимоий нормаларга бўйсунмасликни олайлик. Баъзан жамият қоидалари инсоннинг шахсий эҳтиёжлари ва ички ҳақиқатлари билан зид келади. Бир инсоннинг ғоялари ёки қадриятлари кўпчиликнинг фикрига қарши бўлиши мумкин. Бироқ, ана шу бўйсунмаслик орқали инсон ўз шахсини намоён қилиши ва жамиятнинг ўзини танқид қилиши мумкин.

Масалан, тарихдаги кўплаб сиёсатчилар, ёзувчилар ва олимлар ижтимоий нормаларга бўйсунмаган ҳолда иш олиб боришган. Мартин Лютер Кингни эслайлик. У бўйсунмасликнинг ёрқин намунаси ҳисобланади. У ирқчиликка ва адолатсизликка қарши тинч йўл билан курашиб, инсон ҳуқуқлари учун янги давр эшикларини очди. Унинг “Менинг орзум бор” нутқи жамиятда тенглик ва адолат ғоясини ёйди. Гарчи кўп қаршиликларга дуч келган бўлса-да, Кингнинг бўйсунмаслиги жамиятни ўзгартириш ва эркинлик учун курашнинг тимсолига айланди.

Шу ўринда, шубҳасиз, бўйсунмаслик ҳар доим ҳам ижобий натижаларга олиб келмаслигини таъкидлаш жоиз. Агар бўйсунмаслик фақат манфаатдорлик ёки деструктив мақсадларда қилинса, у инсон ва жамият ҳаётига зарар етказиши мумкин. Шунинг учун бўйсунмаслик ақл-идрок ва юракдан келиб чиқиши, ахлоқий меъёрларга асосланиши муҳим.

Инсоннинг ўзлигини кашф қилиш ва ҳақиқат сари интилиши учун бўйсунмаслик муҳим. Бу – таниш йўлдан чекиниш, янги манзараларга қадам қўйиш ва ўзлигингизни топиш учун курашишдир. Албатта, бу йўл осон эмас, аммо у инсон қалбида эркинлик ва маърифат ёқадиган нурни ҳадя этади.

@readnroll

Read'n'Roll

09 Jan, 16:44


"Мукаммал бўлишга интилиш ўрнига, шунчаки ўзинг бўлишга ҳаракат қилсанг-чи?"

The Child in You, Stefanie Stahl

@readnroll

Read'n'Roll

08 Jan, 07:25


#recommend

Ҳамма албатта ўқиши керак деб ўйлаган бир китобингиз номини чатда ёзиб қолдиринг.
Балки ўқимоқчи бўлган китоблар рўйҳатларимиз кенгайиб қолар)

p.s. Илтимос, диний китоблар ёзмасликка ҳаракат қилинг. Раҳмат катта)

Read'n'Roll

07 Jan, 18:18


​​#interesting

Смартфонларимизда қадимий Александрия Кутубхонасидагидан кўпроқ маълумот бор¹. Тахминларга кўра², Александрия Кутубхонасида 100 миллиард бит ёки 12,5 GB маълумот бўлган.

-------------
1. Harari, Y. N. (2024). Nexus: a brief history of information networks from the Stone Age to AI. First U.S. edition. New York, Random House.
2. Douglas S. Robertson, “The Information Revolution,” Communication Research 17, no. 2 (1990): 235–54.

@readnroll

Read'n'Roll

06 Jan, 14:12


"Албатта, биз маълумотни тўғри таҳлил қилиб, муҳим ҳақиқатларни кашф қилсак ҳам, бу натижадаги имкониятлардан ақллироқ фойдаланишни кафолатламайди. Донолик одатда “тўғри қарорлар қабул қилиш”ни англатади, лекин “тўғри” нимани англатиши турли одамлар, маданиятлар ва мафкуралар ўртасидаги қадриятлар бўйича фарқ қилади. Янги патогенни кашф қилган олимлар одамларни ҳимоя қилиш учун вакцина ишлаб чиқиши мумкин. Лекин агар олимлар ёки уларнинг сиёсий раҳбарлари баъзи ирқларни камситиш ва йўқ қилишни талаб қиладиган ирқий мафкурага ишонишса, янги тиббий билим миллионлаб одамларни ўлдирадиган биологик қуролни ишлаб чиқиш учун қўлланилиши мумкин."

Nexus, Yuval Noah Harari

@readnroll

Read'n'Roll

06 Jan, 08:16


"Кўп одамлар йўқ жавобини олишдан шунчалик қўрқишадики, ҳани сўрашмайди ҳам. Қизиғи шундаки, уларнинг ҳа жавобини сўрамаслиги йўқ жавобини деярли кафолатлайди."

The Art of People, Dave Kerpen

@readnroll

Read'n'Roll

05 Jan, 16:46


​​#brieview

Stefanie Stahl'нинг "The Child in You" китоби ички болани¹ тушуниш ва даволаш бўйича ажойиб қўлланмадир. Муаллифнинг осон ва самимий услуби психологиянинг мураккаб тушунчаларини кенг аудитория учун ҳам тушунарли қилиб беради. Китоб "Қуёш боласи" (ижобий тажрибалар ва хусусиятлар) ва "Сояли бола" (салбий тажрибалар ва чекловчи эътиқодлар)ни аниқлаш ва улар билан ишлашга эътибор қаратади. Шу билан бирга, у ўз-ўзини англаш ва ҳиссий барқарорликни ривожлантириш учун амалий машқларни тақдим этади.

Ушбу китоб психология назариясини амалий маслаҳатлар билан бирлаштиради ва бу уни бошқа шу каби китоблардан ажратиб туради. Stahl инсон ўзини қабул қилиши ва унинг ҳиссий етуклигини муҳим деб ҳисоблаб, ҳаётга татбиқ этиш мумкин бўлган чуқур ва қизиқарли тушунчаларини ўз китобида ёритиб беради. Айрим ўқувчилар баъзи машқларни такрорий деб ҳисоблашлари мумкин, аммо умуман олганда, китобнинг асосий тузилмаси аниқ ва фойдали.

Агар сиз ўзингизни чуқурроқ тушунишни ва ўзингиз ва атрофдагиларингиз билан муносабатларингизни яхшилаш йўлларини излаётган бўлсангиз, сиз узун "The Child in You" китоби ажойиб бошланғич нуқта бўлиши мумкин.

Бундан ташқари китоб ҳам руҳий, ҳам жисмоний соғлигингизга, шубҳасиз, ижобий таъсир кўрсатади. Негаки унда ҳозирда жамиятнинг барча қатламларида вабо каби тарқалган руҳий касалликларнинг келиб чиқиши ва уларнинг ечими қандай эканлигига ҳам батафсил тўхталиб ўтилган.
Ахир, Канадалик машҳур психолог Eric Berne сўзларини эслайдиган бўлсак², танамизнинг соғлиги руҳий соғлигимизга тўғридан тўғри боғлиқ ва авваллари тиббиётни психологиясиз тасаввур қилиш имконсиз эди.
Демак, руҳий соғлигимиз жойида бўлса, жисмоний касалликларимиз сони ҳам камаяди.

p.s. орамизда overthinker'лар бўлса, бу китобни ўқиш ихтиёрий-мажбурий))

-------
1. Психологияда "ички бола" термини шахсимизнинг болаликда шаклланган ғайриихтиёрий томонларига нисбатан ишлатилади.
2. Berne, Eric , (1982). A Layman's Guide to Psychiatry and Psychoanalysis. Ballantine Books.

@readnroll

Read'n'Roll

30 Dec, 10:14


"Биз ўз туримизни Homo Sapiens, ақлли инсон, деб атадик...
Агарда биз Сапиенслар бунчалик доно бўлсак, унда нега биз ўз ўзимизга бунчалик душманмиз?"

Nexus, Yuval Noah Harari

@readnroll

Read'n'Roll

30 Dec, 03:56


​​Нонкўрлик гени

Ижтимоий тармоқларда тез-тез учраб турадиган чуқур маъноли цитаталарда шундайига ёки шу кабиларига ҳойнаҳой дуч келган бўлсангиз керак: Минг бор яхшилик қил, ҳеч ким эсламайди. Бир бор ёмонлик қил, ҳамма эслайди.
Яъни интернет фойдаланувчиларнинг бу қайддаги арзи шуки, инсонларга қанча яхшилик қилсак ҳам барибир. Бир марта хато қилишимиз биланоқ, бутун яхшиликларимизни унутиб, биздан хафа бўлиб оладилар. Айрим ҳолларда эса ҳаттоки биз билан бўлган алоқаларни бутунлай узиб ташлайдилар.

Инсонлар нима сабабдан бундай нонкўр ва ношукур эканлигини олимлар шундай тушунтиради. Биз яхши ҳолатлардан кўра ёмон ҳолатларга кўпроқ эътибор беришимиз ва ёмонликларни аҳамиятлироқ деб ҳисоблашимиз бизнинг генларимизда ёзилган, дейди Stefani Stahl¹. Яъни биз яхши хабарга эмас, ёмон хабарга диққат қаратишга программалаштирилганмиз. Мисол учун, Тош Даври инсонлари хурсандчилик билан бирор бир нарсани қутлаётганларида, тўсатдан арслон келиб қолса, улар ҳаётда қолиш учун бутун диққат-эътиборларини қўнгил-ҳушликдан арслонга қаратишга мажбур бўлганлар: уларнинг қўрқув ҳислари ёқимли ҳисларининг ўрнини дарҳол эгаллаши керак бўлган.
Ёки ўша давларда тушликка ўсимлик тўплагани чиққан оиланинг тирик қолишига уларнинг захарли ўсимликларни қолганларидан ажрата олишлари муҳим эди. Албатта бу жараёндаги кичик хато дахшатли оқибатларга олиб келиши мумкин эди².

Айнан шу сабабли бизнинг ақлимиз хато ва камчиликларни тезроқ ва осонроқ қайддан ўтказишга ўрганган. Бундан ташқари ушбу ген юзасидан бахтсиз онлар бахтли онларга қараганда кўпроқ эсимизда қолади.
Афсуски, бу ҳолат кундалик ҳаётимизни ва инсонлар билан бўлган муносабатларимизни оз-моз қийинлаштиради: яхши-ёмон кунларда доим ёрдам берган қўшнимиз билан биргина тушунмовчилик юсазидан гаплашмай қўямиз, йиллар давомида энг яқин дўстимиз бўлган инсондан бир марта туғилган кунимизни эсидан чиқариб кўйгани учун воз кечиб юборамиз, бирга катта бўлган ака-укаларимиз, опа-сингилларимиз бир марта қарз бериб турмади деб улар билан алоқаларимизни узиб юборамиз ва ҳкз. ва ҳкз.

p.s. нонкўрлик генига енгилмасликка ҳаракат қилинглар)

---------------
1. Stefanie Stahl (2021), The Child in You, p. 49, Penguin Life.
2. Ҳали ҳам шундай бўлиши мумкин. Захарли ўсимликларни еманглар.

@readnroll

Read'n'Roll

28 Dec, 17:05


"Ахир, биз доимо дард-у аламдан қочишга ва ҳаётдан завқланишга интиламиз. Биз абадий бахтни қидирамиз, бу эса бизни қарамликка¹ мойил қилади."

The Child in You, Stefanie Stahl

¹ейиш, ичиш, шоппинг, наркотик моддалар, спорт, иш, ўйин-кулгу ва ҳкз.

@readnroll

Read'n'Roll

19 Oct, 14:05


Ҳаммага салом!
Анчадан бери "кўришмадик". Ҳозир ҳаммангизнинг ботга ёзган смсларингизни ўқиб чиқдим.
Ҳавотир олганларга, ҳол-аҳвол сўраганларга катта раҳмат.
Чиндан хурсанд бўлдим 💜

Бироз танаффус қилдим. Энди тез-тез "кўришиб" турамиз)
Сизлар қалайсизлар? Нима янгиликлар?

Read'n'Roll

19 Oct, 11:40


"Инсон бахтли эканлигини билмаганидан бахтсиздир; фақат шу сабабдан."

Иблислар, Ф.М.Достоевский

@readnroll

Read'n'Roll

19 Feb, 13:06


​​#smth

Информатив ва руҳлантирувчи кичик пост. Ҳаммага аён, вақт қайтариб бўлмайдиган бойлик. Ҳозир, ҳар кун қилган ишларингиз келажагингиз қандай тус олишини у ёки бу маънода белгилаб беради. Машҳур цитата бор эди-ку, ҳар кун қилган кичик юксалишларинг катта муваффақиятга олиб келади (ёки шунга ўхшаш).

Бир неча ой аввал араб тилини ўрганишга қарор қилдим. Вақтим кўп эмаслиги сабабли аввал бошлашдан бироз чўчидим ва бир неча ҳафта ўйланиб юрдим. Ҳафталик режамга қарасам, иш, спорт, таржима ишларимдан фақатгина бир неча бўш соат қоляпти экан. Бир амаллаб ҳафтада икки соат вақт топа олдим ва ноябрнинг охирги ҳафтасидан дарсларни бошладим.

Мана ҳозир бир неча ойда араб тилининг А2 даражасининг деярли ярмига келдим. Бари, қизиқишим учун ҳафтада атиги бир неча соат вақт ажратганим учун. Ёлғон гапирмай, ўрганиш жараёни осон бўлмаяпти. Араб тили олтинчи тилим ва айрим пайтлар барча билган тилларим ҳақидаги маълумотлар янги тилни эгаллашимга тўсқинлик қиляпти. Айрим пайтлар шу уч ой давомида худди ҳеч нарса ўргана олмагандек туйиляпти. Бироқ, аниқ биламан, буларнинг бари - қўрқувлар, иккиланишлар, қатъиятсизликлар - табиий. Кун келиб, шу қарорни қабул қилганим ва янги билим ўрганишга озгина вақт ажратганим учун ўзимга ўзим раҳмат айтаман.

Қиссадан ҳисса шуки, сиз ҳам ҳозирда бирор иш бошламоқчи, аммо қўрқаётган ёки иккиланаётган бўлсангиз, шунчаки бошлаб кўринг¹. Балки ўхшаб қолар. Ва эсингиздан чиқарманг, режангизни амалга оширмай ўтказган вақтингизни қайтариб ола олмайсиз.

¹ табиийки, ҳар қандай ишни бошлашдан аввал ҳеч бўлмаса тахминий режага эга бўлинг

@readnroll

Read'n'Roll

14 Feb, 09:31


​​#interesting

Билим лаънати

1990-йил Элизабет Ньютон жуда ҳам оддий ўйин устида тадқиқот олиб боргани учун Стэнфорд университетида психология бўйича профессорлик унвонини олади. Ўйин тапиллатувчилар ва тингловчилар эди.

Тадқиқот икки гуруҳ қатнашчилардан иборат эди: тапиллатувчилар (А) ва тинловчилар (Б). А гуруҳ аъзолари йигирма беш энг машҳур қўшиқлар рўйҳатини олади ва уларни Б гуруҳга стол устига қўллари билан тапиллатиб чалиб беришлари ва қарши гуруҳ қайси қўшиқ янграганини топишлари керак бўлади. Тадқиқот давомида тапиллатувчилар 120 қўшиқни чалиб беради. Тингловчилар 120 қўшиқдан фақатгина 3 тасини топа олади, яъни 2,5 фоизини.

Элизабетга профессорлик унвонини бера олган сабаб тадқиқот натижалари эмас, балки бошқа нарса эди. Тадқиқот бошланишидан олдин олимлар А гуруҳ қатнашчиларидан уларнинг тахминича Б гуруҳ нечта қўшиқни топа олишини сўрайдилар. Уларнинг фикрича, энг ками 50 фоиз қўшиқлар топилиши керак эди.

Хўш, бундай тахмин бўлган бўлса нима бўлибди, ким ҳам чамалашда адашмайди, шунга ҳам профессорлик оладими одам деятган бўлсангиз, адашасиз. Қатнашчиларнинг тахмини ва тадқиқот натижалари ўртасидаги фарқ фанда билим лаънати дея аталган ҳолатни англатиб бера олади. Аниқроғи, А гуруҳ қўшиқни тапиллатганда, куй уларнинг онгида янграётган бўлади. Улар аввалдан қайси қўшиқни ўйнаётганликларини, яъни қўшиқ номини билганлари учун, улар қайси куй янграётгани барчага аён бўлиши ва Б гуруҳдагилар уни осонликча топа олишлари керак деб ўйлайдилар. Бироқ (!) тингловчиларга қўшиқ номи қоронғу бўлгани сабабли улар эшитаёган куй улар учун шунчаки шовқин эди, холос. А гуруҳ куй тўғрисида муҳим маълумотга олдиндан эга бўлгани учун, бу билим уларнинг лаънатига айланади.

Кундалик ҳаётимизда ҳам бундай ҳолатга деярли ҳар кун дуч келамиз. Мисол қилиб, бир ботаника ўқитувчиси ва ўқувчиларни олайлик. Ўқитувчи дарс давомида куйиб-пишиб турли хил илмий атамалар билан ўсимликларнинг қўпайиш йўлларини тушунтирди. Ўқитувчи дарсни ўзидан мамнун ҳолда тугатади, негаки у мавзу бўйича билган барча маълумотларини ўқувчиларга етказиб берди. Унинг ҳаёлида, кечки пайт бирор ўқувчини уйқудан уйғотиб, ўсимликларни вегетатив йўл билан кўпайтириш нима деб сўралса, у аниқ ва тўғри жавоб бера олади, чунки у мавзуни билими етгани қадар зўр қилиб тушунтирган. Бироқ воқелик унинг ҳаёлларидан фарқли: деярли барча ўқувчилар синфхонадан чиқиши биланоқ мавзу ҳақида унутган, мияларида у тўғрисида бирор маълумот ҳам қолмаган бўлади.

Бундай мисоллар асли сон-саноқсиз: ишчиларга янги тизимни тушунтиришга уринаётган бошлиқ, мижозига нега бу ранг билан у ранг бир бирига мос келмаслигини тушунтиришга ҳаракат қилаётган дизайнер, бу таомга нега бу зираворлар айтмаслигини тушунтирмоқчи бўлган кулинар, ёқилғи ҳақида заррача билимга эга бўлмаган одамга бензин машина дизелда юрмаслигини англатаётган уста, нега буерда қурилиш бошлаш ҳавфли эканлигини формулалар билан чизиб бераётган инженер ва ҳкз ва ҳкз.

Манба: Heath, C., & Heath, D. (2008). Made to Stick. Arrow Books.

@readnroll

Read'n'Roll

12 Feb, 11:46


​​#smth

Ёзувчиларнинг дўстларидан бири, Дейв, кўп иш саёҳатларига боради. У навбатдаги иш саёҳатларининг давомида кечки пайт бир барга боришга қарор қилади. Дейв барда ёлғиз ўтирар экан, бир нотаниш аёл келиб, унга бир қадаҳ виски сийламоқчи эканлигини таклиф қилади ва у совғани қабул қилади.

Унинг хотиралари айни шу он тўхтайди. Дейв кўзини очганида бир меҳмонхона ҳаммомида ётган бўлади. Қаршисида телефон ва бир қоғоз. Қоғозда "Қимирлама. 911 га қўнғироқ қил!" деб ёзилган бўлади. У ўрнидан туришга ҳаракат қилади, бироқ чидаб бўлмас оғриқдан ўрнидан туриш уёқда турсин, бошини ҳам кўтара олмайди.

Нима бўлаётганини тушунмай, Дейв 911 ни теради. Гўшакни кўтарган аёлга қандай ҳолатда ҳушига келганини айтиб беради ва у аёл қаердандир нима бўланини аниқ билади:
- Тушунарли. Сизга нотаниш одам ичкилик таклиф қилдими?
- Аҳа.
- Нотаниш жойда уйғондингизми?
- Ҳа.
- Қимирлай олмаяпсизми?
- Ҳа. Нима бўляпти ўзи?
- Ҳавотир олманг. Ёрдам йўлда. Жойингиздан қимирламанг. Афсуски, сиз бу шаҳарда фаолият юритаётган буйрак ўғриларининг қурбонига айлангансиз.

👉🏻 ўқиб бўлиб, илтимос, шарҳларга ўтинг

@readnroll

Read'n'Roll

07 Feb, 16:46


Ноам Чомски: 2014-йил 9-июл, Ғазо вақти билан эрталабки соат 03:00 да, Исроил ваҳшийликларининг қоқ ўртасида, Ғазодаги бир ёш журналистдан қўнғироқ олдим. Ҳаракатланган ҳар қандай одамни ва уйларни ҳам мўлжалга олган бомбалар ва реактив самолётларнинг орқа фондаги овози остида унинг гўдагининг йиғиси эшитиларди. У ҳозиргина аниқ қилиб "матбуот" деб ёзилган машинада ўтирган дўстининг портиллаб кетганини кўрганди. Ва портлашдан сўнг у қўшни хонадонда чинқириқлар эшитган, бироқ ташқарига чиқа олмаганди, акс ҳолда ўзи ҳам очиқ нишонга айланарди.

On Palestine, N. Chomsky, I. Pappe and F. Barat

@readnroll

Read'n'Roll

07 Feb, 10:43


​​#brieview

Китоб - The Invisible Gorilla (C.Chabris and D. Simons)

Мавзу - диққатимиз, хотирамиз, интуициямиз, билимимиз ва ақлимизга асли таяниб бўладими ва уларга керагидан ошиқча ишонишимиз кундалик ҳаётда қандай оқибатларга олиб келади.

Позитив - шу кунчага ўзингиз, зеҳнингиз ва идрокингиз тўғрисидаги хомхаёллардан қисман бўлсада халос бўласиз.

Негатив - муаллифлар китобни чўзиб юборган. Китобдаги кераксиз қайтарилишлар олиб ташланса, китобнинг 50% қолади.

Субъектив баҳо - 5.8/10 (чунки кераксиз чўзиб юборилган).

~ brieview = brief + review

@readnroll

Read'n'Roll

06 Feb, 13:02


#interesting

S. Pinker'нинг айтишича, Noam Chomsky дунёдаги энг кўп cite қилинган 10 та ёзувчилар қаторига кирар экан.
Маълумот тўғрими деб манбаларни текширсам ҳақиқатдан ҳам шундай экан.

Тўлиқ рўйҳат - Marx, Lenin, Shakespeare, Aristotle, the Bible, Plato, Freud, Chomsky, Hegel ва Cicero.

@readnroll

Read'n'Roll

05 Feb, 09:26


#оффтоп

Классик мусиқа тинглаш инсоннинг зеҳнини оширади деган гап деярли тамомийла афсона экан.

Бу ҳақида кўпроқ маълумот учун The Invisible Gorilla китобининг The Magic Genius of Mozart бўлимини ўқишни тавсия қиламан.

@readnroll

Read'n'Roll

30 Jan, 05:51


Rijksmuseum, Amsterdam

(асар номи ва муаллифи эсимдан чиқиб қолди)

@readnroll

Read'n'Roll

09 Jan, 09:10


​​#smth

Одатда, биз бирор нарса ҳақидаги билимимизни у нарсанинг бизга таниш эканлиги билан адаштириб қўямиз экан¹. Жуда ҳам қизиқ фикр. Бу ҳақида ҳеч бунчалик чуқур ўйланмаган эканман. Маласан, оддий велосипедни олайлик. Ўзимизга ўзимиз "Велосипед қандай ишлайди?" деган осон саволни берайлик ва велосипед тўғрисидаги билимларимизни 1дан 7гача баҳолайлик.

Баҳоладингизми? (Ўзингизга неча баҳо берганингизни, илтимос, шарҳларда ёзиб қолдиринг)

Билимингиз даражасини аниқлаб олганингиздан сўнг қаршингизда тўрт яшар болакай турганини тасаввур қилинг ва унга велосипед қандай ишлашишини бир чеккадан тушунтиришни бошланг: нега баллонлар бир-биридан маълум масофада жойлаштирилган, нега педальлар иккита, уларнинг вазифаси қандай, нега занжир велосипеднинг ўртасида ва ҳкз. ва ҳкз. Яъни велосипед қандай ишлашини тушунтираётганингизда унинг энг муҳим қисмларининг тузилишидан тортиб улар нега айнан шундай эканлиги ҳақида ҳам қисқача бўлсада маълумот беришга ҳаракат қилинг.
Бу жараённи бошлаганингизда, ҳаёлингиздаги болакайнинг навбатдаги "Нега?" деган саволига жавоб бера олмай қолганингизда, велосипед тўғрисидаги билимларингиз ўз поёнига етган бўлади.

Ўтказилган тажрибаларда², аксарият қатнашчилар ўз билимларини ўртача 4,5 балл билан баҳолайдилар. Бироқ уларнинг билим деб ўйлаган иллюзиялари асл нарсани велосипедни кундалик ҳаётларида кўп кўрганликлари, яъни у нарса билан таниш эканликлари эди.

Манбалар:

1. Chabris, C., & Simons, D. (2011). The invisible gorilla. HarperCollins.

2. R. Lawson, “The Science of Cycology: Failures to Understand How Everyday Objects Work,” Memory and Cognition 34 (2006): 1667–1775.

@readnroll

Read'n'Roll

08 Jan, 10:10


"Азобларимизнинг энг йирик манбаси ўзимизга ўзимиз сўйлайдиган ёлғонларимиздир."

Охирги 3-4 йилда ўқиган энг яхши китобларимдан бири шу бўлди. Ярмидан кўп бўлимларини ҳаттоки қайта-қайта ўқиб чиқдим. Китобда ментал соғлигимизнинг ҳолати баданимизга, турмуш тарзимизга, ўзимизни бошқалар олдида тутишимизга ва ҳкз.ларга қандай таъсир кўрсатиши ҳақида илмий далилларга асосланган маълумотлар берилган.

Вақтингиз бўлса, Сиз ҳам ўқиб кўринг.

@readnroll

Read'n'Roll

06 Jan, 11:07


​​#smth

Ақлсиз ақллилар

Yale Университети психология профессори Брайн Шолл ўзи билан боғлиқ бир латифа айтиб беради. У студентлик даврларида Хитойда тахминан 2500 йил аввал ўйлаб топилган қадимий Go ўйинини ўрганади. Брайннинг фикрича, ўз устида бироз шуғулланса, бу ўйинни билган барча дўстларини юта олади.

Кунларнинг бирида у Нью Йоркка боради ва уерда бу ўйиннинг устаси фаранг бўлган бир танишини учратиб қолади. Имкониятни қўлдан бой бермай, Брайн таниши билан ўйинни ўйнайди ва фақатгина ярим балл фарқ билан ютказади. Натижалар бу даражада яхши бўлишидан ҳайратланган Брайн, университетидаги Go ўйнида эксперт бўлган бир профессорга бу ҳақида мақтанади. Профессор бошини бироз чайқаб, шундай жавоб беради: "Одатда, ўйинни ҳақиқатдан ҳам яхши билан ўйинчилар ўзларидан анча кучсиз бўлган рақибга дуч келганларида, уни имкон қадар балларда кам фарқ билан ютишга ҳаракат қиладилар."

Эсингизда бўлса, Даннинг-Крюгер-Эффекти тўғрисида қисқа пост ёзгандим. Даннинг ва Крюгерни бу мақолани¹ ёзишга ундаган инсон 1995-йил Питсбургдаги бир йирик банкнинг икки филиалини куппа-кундузи маскасиз ўмаргани тушган жаноб Вилер эди. Моҳир ўғри қўлга тушгандан сўнг, полиция ҳодимлари унга банк видеокамераларига олинган видеони кўрсатиб, ундан банкни нега маскасиз ўмармоқчи бўлганини сўрашади. Жаноб Вилер видеода юзи кўринганлигидан қаттиқ ҳайратланиб, шундай жавоб беради: "Ахир мен юзимга лимон шарбатини суртиб олгандим-ку. Юзим кўринмаслиги керак эди."

Ҳаммамиз биламиз-ки, болалар сувга лимон шарбатини аралаштириб уни кўринмас сиёҳ сифатида ишлатадилар. Машхур ўғримиз ҳам шу мантиқ бўйича ўйлаганди: лимон шарбатини юзимга суртиб олсам, юзим кўринмас бўлиб қолади.

Энг ачинарлиси шундаки, Вилер бундай ақлсизликни фақатгина бир марта қилмайди; у айни тарзда бир неча марта турли хил банкларни ўмаргани тушади. Психология олимлари бу феноменни ўзга бўлган ишонч иллюзияси деб номлайди².

Ҳудди Даннинг-Крюгер-Эффектида тушунтирилганидек, ўзига ортиқча ишонган ва (ҳануз) етарлича билимга/маълумотга/қобилиятга эга бўлмаган одамлар ўз қобилиятларини ошиқча даражада юқори баҳолашга мойилдирлар. Айтайлик, бирор бир мавзуга янги кириб келган эксперт, ҳали мавзунинг асл миқёсини англамагани сабабли, дастлаб ўзини бу соҳада энг зўр деб ҳисоблайди. Вақт ўтиб, ўрганаётган мавзуси бўйича кўпроқ билим йиғгани сари, бу мавзуда қай даражада тажрибасиз бўлганини англаб бораверади. Худди Go ўйнида ўзини сал кам чемпион деб ҳисоблаган профессор Брайн сингари.

Демак...

Манбалар:

1. Kruger, J., & Dunning, D. (1999). Unskilled and unaware of it: How difficulties in recognizing one's own incompetence lead to inflated self-assessments. Journal of Personality and Social Psychology, 77(6), 1121–1134.

2. Chabris, C., & Simons, D. (2011). The invisible gorilla, HarperCollins.

@readnroll

Read'n'Roll

05 Jan, 08:24


​​...биз фаол жамоатчиларга айланмаймиз. Биз шунчаки фаол эканлигимизни унутиб қўямиз. Биз барчамиз бошқаларга нисбатан раҳм-шавқат, сахийлик ва севги билан туғилганмиз. Биз барчамиз адолатсизлик ва таҳқирлашни кўрганимизда безовта бўламиз. Барчамиз, асл табиатимизда, атрофдагилар тўғрисида ҳавотирланувчи инсонлармиз. Барчамиз олганимиздан кўра кўпроқ қайтаришни хоҳлаймиз. Барчамиз бирдамлик ва ҳамроҳлик яккалик ва худбинликдан муҳимроқ бўлган дунёда яшашни истаймиз. Барчамиз чиройли нарсаларни баҳам кўришни, қувонч, шодлик ва севгини ҳис қилишни ва биргаликда тажрибалар ўтказишни хоҳлаймиз.

Бироқ бизнинг бир муаммомиз бор. Катта муаммо. Биз ўйлашга вақтимиз бўлмаган жамиятда, даврда яшаяпмиз. Биз ортга қадам ташлаб, нафасни ростлаш кўпчилик учун имконсиз ҳашамга айланган замондамиз.

Биз шундай дунёда яшаяпмизки, асосий таълим тизими болаликданоқ барчамизга давлатга қулоқ солиш ва бўйсунишни ўргатади ва эркин фикрлашимиз, ўзимизни ўрнатилган меъёрлардан фарқли тарзда ифодалашимиз учун ҳеч қандай имконият бермайди.

Биз “ҳеч нарса” (харид қилиш, телевизор томоша қилиш) “бир нарса”га айланган ва асл “бир нарса” (ҳордиқ чиқариш, мулоҳаза қилиш, улашиш) кераксиз нарсалар билан тўлдирилишга муҳтож бўлган бўшлиққа айланган жамиятда яшамоқдамиз. Бизнинг онгимиз, қалбимиз биз учун яратилган, кўзўнгимиздаги билбордларга ёпиштирилган материалист ҳечлик ва маркетинг, реклама ва ваҳший капитализм томонидан ҳужайраларимизга босилган татуировка томонидан аста-секин забт этилмоқда.

Бизнинг дунёмизнинг пулти фақатгина иккита тугмачага эга: “play” ва “fast forward”. Биз қидираётган тугмача эса “pause”.

On Palestine, Noam Chomsky, Ilan Pappe and Frank Barat

@readnroll

Read'n'Roll

01 Jan, 09:22


"У ўзини ҳаммадан узоқ ҳис қиларди, гўё юраги музлаб қолган ва гўё у шиша девор ортида яшаётгандек. У ўз-ўзига қарши ҳам туйғусиз, карахт бўлиб қолганди. У бир лаҳзали ғазаб ва уятдан ташқари ҳеч нимани ҳис қила олмасди. У устарани олиб ойна қаршисига келганда, ўзини базўр таний олганини тасвирлади."

The Body Keeps the Score, Bessel van der Kolk

@readnroll

Read'n'Roll

31 Dec, 10:40


​​#оффтоп

Атрофдаги кўринмас гориллалар

Simons ва Chabris инсонларнинг визуал эътиборини ўрганиш учун 1999-йил Гарвард Университетида қизиқ тажриба¹ ўтказадилар.
Университет талабалари ёрдамида икки олим сал кам 1 дақиқа давом этган видео тайёрлайдилар². Видеода оқ ва қора кийим кийган икки гуруҳ баскетбол ўйнайди. Тажриба давомида қатнашчилардан видеодаги оқ кийимли ўйинчиларнинг коптокни бир бирига неча марта узатганликларини санашлари сўралади. Истасангиз, постимни ўқишдан аввал ўзингиз ҳам тажрибада иштирок этиб, видеони шу линк орқали кўринг ва жавобингизни пост остидаги шарҳларда қолдиринг. Бундан сўнгра постни ўқишда давом этсангиз бўлади.

Тажрибанинг асл мақсади қатнашчилар оқ кийимли гуруҳ коптокни бир бирига неча марта узатганликарини топа оладиларми йўқми аниқлаш эмас, балки бизнинг визуал эътиборимизнинг камчиликларини топиш эди.
Сал кам 1 дақиқали видеода тахминан 9 сония давомида горилла костюмини кийиб олган бир талаба баскетбол ўйинининг қоқ ўртасида уёқдан-буёққа айланиб юради, камеранинг қаршисига туриб бир неча сония кўкрагига қаттиқ уради ва сўнгра майдонни тарк этади.
Ҳар бир қатнашчидан қуйидаги саволлар сўралади ва аксарият қатнашчилар шу тарзда жавоб беради:

С: Коптокни узатишни санаш топшириғи давомида бирор ноодатий нарса кўзингизга ташландими?
Ж: Йўқ.
С: Видео давомида ўйинчилардан ташқари бирор нима кўрдингизми?
Ж: Бир неча лифт, "S" ҳарфи чизилган деворлар.
С: Ўйинчилардан ташқари бирор кимса кўрдингизми?
Ж: Йўқ.
С: Гориллани кўрдингизми?
Ж: Нима, нима?

Тажриба кўп марта турли хил шартлар остида фарқли-фарқли қатнашчилар билан ўтказилади, бироқ тажриба натижалари ҳеч ўзгармайди: қатнашчиларнинг деярли 50 %и (!) видеодаги гориллани умуман кўрмайди.
Олимлар буни шундай изоҳлайди: одатда, биз кутилмаган объектларга етарлича эътибор бера олмаймиз ва фанда бу феномен эътиборсизлик кўрлиги деб аталади.

Изоҳлар:
1. D. J. Simons and C. F. Chabris, “Gorillas in Our Midst: Sustained Inattentional Blindness for Dynamic Events,” Perception 28 (1999): 1059–1074.

2. Тажриба видеоси линки - http://www.theinvisiblegorilla.com/videos.html

@readnroll

Read'n'Roll

02 Mar, 14:49


#танлов

Илк бор To Kill a Mockingbird (Мазахчини ўлдириш) асарини ўқиганимда, ақлимда китоб билан ассоциация бўлиб қолган сўз виждон бўлган. Ундан бери китобни уч марта ўқиб чиқдим. Ҳалигача бу китоб ҳақида эшитганимда, ҳаёлимга дарҳол виждон сўзи келади.

21-март соат 22:00га қадар (Ўзбекистон вақти бн), шарҳлар остида "Виждон нима?" деган саволга қисқа жавоб ёзиб қолдиринг.
5 нафар ғолиб random йўли орқали 22-март куни аниқланади.
Соврин - Мазахчини ўлдириш асари.

p.s. Постни дўстларингизга ҳам улашинг!

@readnroll

Read'n'Roll

28 Jan, 10:56


Сўровнома.

Тез кунда "Мазахчини ўлдириш" (5×) асари совринга қўйилган кичик танлов ўтказмоқчиман. Ғолибларни аниқлаш қандай бўлишини истардингиз? Random? Лайклар? Бошқа бир таклиф?
Фикрингизни қисқача билдириб ўтсангиз, танлов яхши ўтишига ёрдам бўлади.

Олдиндан катта раҳмат!

@readnroll

Read'n'Roll

24 Jan, 06:54


Мен сиёсатчи эмасман ва мен учун барча сиёсий мафкуралар-у партиялар сариқ чақага қиммат. Мен - инсонман. Менинг сиёсатим инсонийлик!

Die Traumbude, Erich Maria Remarque

Read'n'Roll

18 Jan, 12:41


Узоқ кутилган кун келди. Бир неча йиллик мақсадим рўёбга чиқди 🎉

Мазахчини ўлдириш ҳар бир китобсеварга маънавий озуқа бера олади деган умиддаман. Китоб ҳақидаги фикрларингизни кутиб қоламан.

Ҳурмат билан @readnroll