Палтовнинг маъноси ҳақида икки хил фикр бор. Биринчи версияга кўра, Палтов “пўлат тоғ” сўзларидан олинган бўлиб, кейинчалик Палтов, Палтау дея ўзгаришга учраган. Иккинчи версияга кўра “бол тоғ” Полтоғ-Полтов-Палтов-Палтау тарзида ўзгарган.
Шаршара олдида нафас ростлагач, юқорига кўтарила бошладик. Асосий сўқмоққа чиқиб олгунча кескин кўтарилиш талаб қилинади. Палтов водийси булут билдан қопланган. Айрим булут қатламлари биздан пастда бўлса, айримлари юқорида парвоз қилмоқда.
Кечаси қор ёққани учун кунгай тарафдаги сўқмоқдан юриш осон кечди. Палтов қишлоғига етганда шу ерлик қирғиз киши билан гаплашиб қолдим. Биз чиқаётган Додекатим чўқисининг маъноси ҳақида сўрадим. Ривоят қилишларича, бир замонлар Палтов қишлоғига душманлар ҳужум қилганда, эркаклар ҳимоя учун пастда қолган, аёллар тўдалашиб, шу чўққига чиқиб олишган экан. Шундан бу чўққи "тўда хотин" деб ном олган экан. Кейинчалик рус топографлари чўққи номини Додекатим деб харитага туширишган.
Қишлоқдан ўтаётганимизда бўриларнинг увиллаган овозини эшитдик, лекин ўзини кўрмадик. Чўққигача икки йўл мавжуд: нисбатан тикка, кескин кўтарилиб бориладиган қисқа йўл; айланиб ўтиб бориладиган, лекин нишаблик пастроқ бўлган узун йўл. Биз узун йўлни танладик. Тоғнинг терскай тарафларида қор қалинлиги 1 метрга етади. Айрим жойлар музлагани учун йўл очиб бориш осон эмас.
Соат 13 ларда денгиз сатҳидан 2015 метр баландликдаги Додекатим (Тўдахотин) чўққисига етиб бордик. Чўққи усти яссироқ бўлиб, бемалол ўтириш мумкин. Ўновлон шу ерда тушлик қилдик. Тушишда тикроқ, лекин қисқароқ йўлдан ҳаракатландик. Айрим жойларда сирпаниб тушдик.
Кейинги манзилимиз Обираҳмат қишлоғи бўлди. Аввал Обираҳмат шаршараси олдидаги археологик қазишмалар ўтказилган жойни кўрдик. Сўнг юқорига кўтарилиб, асосий ғорни қидирдик.
Офлайн харитада ғор ўрни бироз нотўғри кўрсатилган экан. Лекин ғорнинг оғзи кўринмайди. Мен бир тарафдан, шериклар иккинчи томондан ғор оғзини қидириб топдик. Пастдан қараганда ғор оғзи умуман кўринмайди. Ғор пастга қараб кетгани учун яқинига бормагунингизча топиш қийин.
Обираҳмат ғори кенг ёйсимон шаклда бўлиб, эни 20 метрча келади, чуқурлиги 5 метрга яқин. Тепада туйнуги бор. Айрим пайтлари ғор қиясидан чучук сувли шалола оқиб тушади. Ғор ичкариси тупроғи нам. Ҳозир ташқарида ҳарорат -5 даража бўлса, ичкарида 10-15 даражани ташкил этади. Ғорга кираётганимизда унинг ичидан кўршапалак ва каптарлар учиб чиқди. Ғор остида ҳам бир туйнук бўлиб, кейинги залга олиб чиқади. У ерга махсус жиҳозлар билангина тушиш мумкин.
Обираҳмат ғорини тарихчи олимлар мустье маданиятига доир қадимги манзилгоҳ сифатида баҳолашади. Ғор ичида узоқ вақт давомида ҳосил бўлган 21 маданий қатламнинг умумий қалинлиги 10 метрни ташкил этади. Ғорни 1962 йили A. Муҳаммаджонов ва С. Насриддинов топган. Ғордан найзасимон қуроллар, нуклеуслар, турли хилдаги тош кесгичлар, понасимон қуроллар, бигизлар топилган. Топилмалар Ўрта Осиёда тош даврининг энг бой коллекцияларидан бирини ташкил қилади. Шунингдек, ғордан бир неча ҳайвон, жумладан ғор шери суяклари топилган.
Ғордан чиқиб, Палтовсой тарафга тушдик. Сойдан ўтиб, яна бироз кўтарилиб, эрталаб юрган сўқмоғимизга тушиб олдик.
Шу куни жами 18 км йўл юриб, 1156 метр кўтарилдик.
Тошкент – Бурчмулло – Палтов – Тўдахотин – Обираҳмат
19 январь 2025 йил
@davronbekt
Видеоси: https://www.youtube.com/watch?v=8FGE4j3LDQk