Молик ибн Анас раҳимаҳуллоҳ айтдилар:
«Мадинада, бизларда айби йўқ одамлар бор эди. Улар бошқаларнинг айбларини гапириб бошлашди. Бориб-бориб ўзларини айблари ҳам ошкор бўла бошлади.
Шунингдек, аксинча, айрим айби, хатоси бор кимсалар ўзгаларнинг айблари ҳақида сукут қилардилар, гапирмас эдилар. Уларнинг айблари ҳам унут бўлиб кетди».
[Хулосатул-Асар 4/195 ва бошқа манбалардан]
Имом Молик ибн Анас раҳимаҳуллоҳдан нақл қилинган ушбу чуқур ҳикмат ахлоқ ва инсонлар билан муомала қилишда муҳим дарсларни ўз ичига олади. Бу ҳикмат шунга ишора қиладики, бошқаларнинг айбларини ахтариш у инсоннинг ўзида мавжуд айбларга ҳам диққат қилинишига олиб келади. Энди аксинча, ўзгаларнинг айблари ҳақида сукут сақлаган ва ҳилм-васфи билан айбларни ёпган одамнинг айблари эсдан чиқади ёки унутулиб кетади.
Айни шу каби сўзлар Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳдан ҳам нақл қилинган.
Шундан хулоса қилиб айтадиган бўлсак:
1. Ўзингизнинг ислоҳингиз муҳимроқ.
Инсон бошқаларнинг айбларини излашдан кўра, ўзини тузатишга эътибор қаратиши керак.
2. Айбларни ёпиш фазилати:
Бошқаларнинг айбларини ёпган одамга Аллоҳ бу дунёда ҳам, охиратда ҳам ёрдам беради.
3. Сукут ва ҳилмнинг таъсири:
Бошқаларнинг айбларига сукут қилиш инсоннинг ҳурматини оширади ва унинг айблари ҳам тилга олинмаслигига олиб боради.
Бу сўзлар салаф солиҳларнинг нафс тарбиясидаги ва жамият билан раҳм-шафқат асосида муомала қилишдаги ҳаёт тарзини ёрқин намоён этади.