“Го.уз”, “НмаГап” лойиҳалари орқали танилган блогерлар – Кама (Камол) ва Абока (Аброр ака)ни 15 суткага қамаб қўйишгани юзасидан Фарҳод Канадастоний кўп яхши саволларни ёзиб қолдирибди. Фарҳод ака берган бу азалий саволларга бирор қўшимча қилиб бўлмағай. Фақат бу оловли саволлар ҳароратини ошириш мумкин, холос.
Ҳозир кўпчилик рилсварақлаш касаллигига чалинган-ку, мен ҳам бу борада истисно эмас. Тунов куни рилс варақлаётсам, аввалига қорқиз либосидаги Муҳаммадисо Абдулхаиров чиқиб қолди. Кейин, кўп ўтмай, энажон ролидаги Ўткир Муҳаммадхўжаев белини кўтаролмай чиқди. Иккиси ҳам эски, Каримов замонидаги клип ва фильмлардан парчалар эди. Аёл либосидаги шу ва бошқа эркакларни давлат ва хусусий телеканаллар неча қайта кўрсатган.
Уларни қўйинг, мана, кеча ҳам рилс варақлаб ётсам, “Дев билан пакана”нинг Аваз қассоб (оғзи шалоқ) қўшниси Мурод тараша (бойвочча)ни ошга таклиф қилиб келадиган саҳнаси чиқиб қолди. Қассоб қурмағур эшикдан киришидан (“вай #%$@, нечта эшик бор ўзи бетта”) то чиқиб кетгунича (“вай #%$@, манби балуларин зўракан, ва-ай”) сўкинади. Тинимсиз. Фақат бир хил. Худди Абокадек... “Дев билан пакана”ни ҳам телевизорда кўрсатишган.
Зап замонлар бўлган экан-да - артистлар қамалиб кетишдан ҳам қўрқмай роль ўйнайверган экан. Мен ҳали “Ўткан кунлар”нинг 1997 йилги янги экранизациясида Отабек Зайнабни сўкадиган саҳнаси ҳақида гапирмадим; уни ҳам телевизорда кўрганман, ичимда: “вай #%$@, нима деди ҳозир?!” деб китобини очсам, ўша гап ростан бор экан (шу жойида алдадим – у вақтларда ҳали сўкинишни билмайдиган беғубор бола эдим, эҳ). Балки ўша вақтда ҳам баъзилар бу гапларни эшитиб, бу саҳналарни кўриб, очиқчасига сўкинган, балки ғазаблангандир ҳам.
Лекин, бахтимизгами ё бахтсизлигимизгами, у вақтларда интернет бўлмаган-да – Аваз қассобнинг хатти-ҳаракати ҳам, Отабекнинг сўкиниши ҳам, Валижондан тортиб Муҳаммадисогача ҳаммасининг аёл образида чиқиш қилиши ҳам жамоатчиликда қандай оммавий норозилик уйғотганини билмаганмиз, эшитмаганмиз. Балки норозилик уйғотмагандир ҳам. Одамлар тоқатлироқ бўлгандир. Одамлар жиддий гап билан ҳазил-мутойибани фарқига борадиган, юморни тушунадиганроқ бўлгандир. Ким билсин.
Хуллас, эски Ўзбекистонда креатив фаолият қайсидир давргача, қайсидир жабҳаларда, маълум бир сабабларга кўра, эркинроқ бўлгандек кўриниб кетди. Бу, албатта, бир лаҳзалик хато тасаввур бўлиши эҳтимоли катта ва ўша даврнинг ҳозиргидан ёмон ва шафқатсиз цензураси, Жаслиқлари, расмий даражадаги сегрегацияси ва бошқа хил ёмонликларини оқламайди.
PS. Эсимга тушиб қолди – “Сетора”нинг қайсидир бир йилги концертидан кейин (шу, бир асрдан бошқа асрга ўтаётган йилларимизда-да ишқилиб), қизлар саҳнага ҳаддан ташқари очиқ-сочиқ чиққани учун, “уларни Каримовнинг ўзи “запрет” қилибди”, деган гаплар ҳам чиқувди. У концерт ҳақида гапирмаган одам қолмаган; видеопрокатларда ҳам кассетаси энг кўп ижарага берилган концертлардан бири бўлса керак... Концертни қўя туринг, қизларнинг ўзи бир интервьюсида “Вафодоринг” деган клипимиз ҳозир телевизорга ўтолмаган бўларди, деганди. Ваҳоланки, у вақтларда бу клип, масалан, “Давр”дан кейин қўйиб юбориларди.