Кўрик-танлов
ЁҚУБЖОН ДОМЛА – III ЎРИН СОҲИБИ
Сўнгги йилларда мамлакатимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган хайрли ишларнинг амалдаги инъикосини янги очилаётган масжидлар, мадрасалар, “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курслари, умра квотаси олиб ташлангани, ҳаж квотаси оширилгани ва яна бошқа кўплаб ислоҳотлар мисолида яққол кўриш мумкин.
Шунга монанд тарзда халқимизнинг ҳам маърифати юксалиб, савияси ошиб, муқаддас динимизнинг соф таълимотидан яхшигина хабардор бўлиб боряпти. Бу эса имом-хатибларимиздан ўз устида тинимсиз ишлаш, изланиш, кўп китоб мутолаа қилиш, замон билан ҳамнафас яшашни талаб этмоқда.
Табиийки, бу жараёнда Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Йил имоми” кўрик-танлови имомларнинг билим савияси, тажрибалари янада ошишида, малакалари мустаҳкамланишида, улар ўртасида соғлом рақобат муҳити шаклланишида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бугун, 13 ноябрь куни республикамиз масжидларида фаолият юритаётган имом-хатиблар иштирокида интиқиб кутилган “Йил имоми – 2024” кўрик-танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри босқичларида ғолибликни қўлга киритган 14 нафар имом-домла ўзаро беллашди.
Улар орасида Тошкент вилояти Бекобод тумани “Чаноқ” жоме масжиди имом-хатиби Ёқубжон домла Бухарбаев ҳам бор.
Имомлик катта масъулият, шу билан бирга, шараф ҳамдир. Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:
بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ
وَإِذِ ابْتَلَى إِبْرَاهِيمَ رَبُّهُ بِكَلِمَاتٍ فَأَتَمَّهُنَّ قَالَ إِنِّي جَاعِلُكَ لِلنَّاسِ إِمَامًا
«Эсланг, Иброҳимни бир неча сўзлар билан Рабби имтиҳон қилганида, уларни мукаммал адо этди. Шунда (Аллоҳ): “Албатта, Мен сени одамларга имом (пешво) қиламан”, деди…» (124 оят).
Оят мазмунидан шундай хулоса чиқариш мумкинки, имомлик юқори мартабадир. Иброҳим алайҳиссалом кўп имтиҳонлардан муваффақиятли ўтганларидан кейин Аллоҳ таоло иноят қилиб, имомлик вазифасини адо этган. Бундан ҳар қандай кишига имом деб эргашиб бўлмаслиги ҳам маълум бўлади. У катта синовлардан ўтган, етук салоҳият ва иқтидор соҳиби каби улуғ фазилатларга эга солиҳ киши бўлиши лозим.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم-
« الإِمَامُ ضَامِنٌ وَالْمُؤَذِّنُ مُؤْتَمَنٌ اللَّهُمَّ أَرْشِدِ الأَئِمَّةَ وَاغْفِرْ لِلْمُؤَذِّنِينَ ».
«Имом зиммасига олувчидир, муаззин омонатдордир. Ё Аллоҳим, имомларни тўғри йўлга бошла ва муаззинларни мағфират қил» (Имом Абу Довуд ривояти).
Таъкидлаш жоизки, жамиятимизда “имом” ва “имомлик” тушунчалари кўп қўлланади. Уларни айнан инсонларни Қуръони карим ва ҳадиси шарифда белгилаб берилган кўрсатмаларга оғишмай амал қилишга чорловчи, хайрли ишларга ундовчи ва юртда кечаётган ислоҳотларни онгли тушунувчи киши маъноларида ишлатамиз.
Имом – юксак даражада эзгу маданиятли ва ўз соҳасини чуқур эгаллаган, билимдон ва ақл-заковатли мутахассис бўлиши ва ўз билимини мунтазам ошириб, чуқурлаштириб бориши керак.
Жумладан, имом нутқ маданиятига, яъни равон гапириш, фикрини чиройли ва тушунарли, таъсирчан қилиб баён этиш, аниқ ифодалаш малакаларини эгаллашга алоҳида эътибор қаратиши керак. У ҳозирги замон ютуқларидан, янгиликларидан хабардор бўлиши ва унга танқидий ва таҳлилий ёндаша олиши керак.
Ана шу хислатлар Ёқубжон домлада бор. Шу боис у “Йил имоми – 2024” кўрик-танловида 3-ўринни қўлга киритди.
Фурсатдан фойдаланиб, Тошкент вилоятида фаолият юритаётган барча имом-хатиблар, имом ноиблари ва шахсан ўз номимдан Ёқубжон домлани бугунги муваффақияти билан қутлайман.
Аллоҳ таоло барча имомларимизга дини мўбини йўлида қилаётган хизматларига яраша улкан муваффақиятлар ато этсин.
Жасурбек домла РАУПОВ,
Тошкент вилояти бош имом-хатиби
Дўстларингизга ҳам улашинг:
https://t.me/joinchat/AAAAAEGj0hkBXGlopIDbXA