Қиёс
Бир кўзи ожиз одамни чиройли бўлмаган аёлга уйлантиришибди. Эр ўз аёлининг чеҳрасини кўра олмагани учун бошида ҳеч қандай муаммо юзага келмабди.
Кунлардан бир куни у инсоннинг кўзларини жарроҳлик йўли билан даволаш имкони пайдо бўлибди. Докторлар аёлга "яқинда эрингизнинг кўзи кўрадиган бўлади, лекин сиз бу амалиётни қабул қиласизми? Унга розилик берасизми?" деб сўрашибди.
Аёл узоқ ўйлабди, эримнинг кўзи очилгач, мени севмай қўяди, ҳатто мендан юз ўгиради, деган хавотир унинг фикру хаёлини қуршаб олибди. Аммо, турмуш ўртоғини азбаройи яхши кўрганидан, унинг учун фойдали бўлган нарсани танлабди.
"Майли, унинг кўзлари очилса бас, ундан сўнг мени истамаса ҳам майли", дебди ўзига ўзи ва амалиётга розилик берибди.
Жарроҳлик амалиёти муваффақиятли кечиб, беморнинг кўзларидаги боғич олинадиган вақт келгач, кеча-кундуз унинг ёнидан жилмаган вафодор рафиқасининг юраги ҳаяжон ва изтиробдан қинидан чиқиб кетгундай тез ва шиддат билан ура бошлади.
"Эрим мени кўрса, ҳафсаласи пир бўлади, мендан кўнгил узади" деган хавотир ҳали-ҳануз уни тарк этмаганди, чунки.
Беморхонада фақат эр-хотин иккиси эди.
Бироқ, кутилмаган нарса юз берди. Эр кўзларини очар-очмас қаршисида кўрган аёлига "сен нақадар гўзал экансан!", деди.
Бу ибратли ҳикоядан икки хил сабоқ олиш мумкин:
Биринчиси, эр аёлини кўзи билан эмас, қалби билан севган. Зотан, унинг аёли зоҳиран гўзал бўлмаса-да ботини гўзал эди. Шу боис, унинг ташқи кўриниши эр учун муҳим бўлмаган.
Иккинчиси эса, эр аввал ҳеч қандай аёл зотини кўрмагани учун унда ўзгалар билан солиштириш имкони бўлмаган.
Ҳаётда кўп ғам ва аламларимиз қиёслаш ортидан келади. Дард ва оғриқ, алам ва изтироблар нисбий бўлиб, солиштириш туфайли кўпайиб озайиши мумкин.
Доим ўз ҳолатимизни ўзгалар билан таққослаймиз ва ҳаётдан норози бўламиз. Тўрт мучаси соғ бўлган инсонларни кўрганда ўзимиздаги хасталикларни катталаштирамиз.
Иқтисодий масалада ҳам шундай: ўзимиздан бойроқ, ўзимиздан муваффақиятлироқ инсонларни кўрганда ғамга ботамиз.
Ўзгалар билан қиёслашни қўйинг, ҳатто ўзимизни ўзимиз билан қиёслаганда, бугунги бахтсиз ҳолатимизни ўтмишдаги қувончли кунларимиз, бахтли онларимизга қиёслаганимизда ҳам дард-дунёмиз қоронғи бўлиб кетади.
Шунинг учун айтадиларки, аввалдан осон ҳаётга ўрганган, егани олдида емагани ортида бўлган, дабдабали ҳаёт кечирган инсонлар бирдан пастга тушиб қолсалар, молу дунёлари қўлдан кетса, янги воқеликка кўниколмай қийналиб қоладилар.
Нима учун шундай?..
Чунки, бундай инсон ўзининг машаққатли кунларини аввалроқдаги фаровон ҳаётига таққослайверганидан дарди ҳам ортаверади.
Агар эскидан оддий ҳаёт кечирганда эди, қийинчилик кўрганда эди, фақирликнинг аччиқ таъмини тотганда эди, ҳаётида юз берган кескин ўзгаришлар, пулсизликлар эҳтимол уни бу қадар ларзага солмаган бўларди.
Бунга бир мисол келтираман. Ҳар куни югуриб-елиб, ўйнаб-кулиб юрган инсон бирдан тўшакка михланиб, оёқ-қўли ишламай қолса, унинг руҳий ҳолати туғилгандан бери ногирон бўлган инсон билан бир-хил бўлади, деб ўйлайсизми?.. Эҳтимол, у сиқилавериб, ўзини адои тамом қилади. Аммо, туғилгандан бери ёки гўдаклик чоғидан ногиронлик аравачасида юрадиган инсон эса ҳаётдан завқ олиб, ўз ҳолатидан мамнун бўлиб яшашда давом этаверади.
Ё бўлмаса, кейинчалик аъмо бўлиб қолган бир рассомнинг руҳий изтироблари билан туғилишдан кўзи кўрмайдиган инсоннинг руҳий ҳолати бир-хил бўлиши мумкинми?.. Ваҳоланки, айни дамда уларнинг вазияти бир-хил, дардлари муштарак, аммо ўз мусибатларига қарашлари ҳар-хил.
Худди шунга ўхшаб, бугунги қийинчиликларимизни азалдан чекиб келаётган бўлсайдик, уларнинг ҳозирги мавжудиятига қарамай умуман ҳис қилмасдик. Ҳатто, улардан қайсидир маънода лаззат ҳам олаётган бўлардик. Агар, аввалроқ бугунгидан ёмонроқ кунларни кўрган бўлсайдик, бугун муаммо сифатида кўраётган нарсаларимизнинг кўпини эҳтимол муаммо ҳисобламасдик.
Иван Гончаров "Обломов"да ҳаётнинг икки юзини бир жумлага сиғдиришга ҳаракат қилиб, шундай дейди: "кимдир ҳар куни эрта билан ишга кетиб, кеч соат бешгача ишлаш мажбуриятида бўлгани учун ғам чекса, кимдир бундай бахтдан маҳрумлиги учун хўрсинади".