уни англаш ва англатишга янгича ёндашув
Биринчи мақола
Ҳар кимга ато этилавермайдиган фавқулодда салоҳият эгаларига нисбатан қўлланадиган “феномен” тушунчаси Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов сиймосига узукка қўйилган кўздек мувофиқ келади. Бу ибора замонамиз шоиру адибларидан фақат унгагина нисбат берилгани, мазкур эътироф улкан адибу олимларга тегишли экани замирида ҳам теран маъно бор. Биринчи бўлиб атоқли ёзувчимиз Одил Ёқубов: “Абдулла Орипов феномени ҳали охиригача англанмаган бир тилсимдир”, дея шоир ижодига юксак баҳо бергани адабиёт аҳлига маълум. Ушбу иборани адабиётшунослигимиз қаҳрамони Озод Шарафиддинов ҳам айнан Абдулла Ориповга нисбатан қўллаган. “Мувашшаҳ” сарлавҳали тадқиқотида олим: “ХХ аср шеъриятида, қолаверса, жаҳон шеъриятида Абдулла Орипов феноменини тўла бўлмаса-да, бир қадар мукаммалроқ очиб берадиган дурустроқ бир мақола ҳам ёзган эмасман. Ҳар гал бу ишга киришмоқчи бўлганимда, бу шеърият қаршисида қаламимнинг бениҳоя ожизлигини ҳис қилардим”, дея куйинчаклик билдирган эди. Аслида, улуғ шоир шеъриятига доир энг теран тадқиқотларни айнан Одил Ёқубов ва Озод Шарафиддинов яратгани сир эмас. Бу икки мутафаккирнинг мазкур фикрларида Абдулла Орипов ижодининг миқёси нечоғлиқ юксак ва кўламли экани, уни тўлақонли тадқиқ этиш осон эмаслиги эътироф этилган. Атоқли шоир ва журналист Абдусаид Кўчимовнинг “Мен шоирман, истасангиз шу...” бадиасини ўзбек бадиий тафаккурининг чўққиларидан бўлган ана шу феноменни англаш ва англатиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири сифатида баҳолаш мумкин.
Қалам аҳлининг аксари одатда мавжуд қолиплар доирасида фикрлайди, ижоди ҳам шунга монанд тарзда кечади. Кўпчилик ўрганган анъаналарни янгилаш, фикр ифодасининг ўзгача шаклларини излаб топиш, моҳиятни бошқалардан фарқли ва теран ёритиш, ҳайратланарли бадиий кашфиётлар яратиш осон эмас. Бунинг учун муаллифдан чуқур билим, учқур тахайюлдан ташқари, юксак ижодий тафаккур ҳам талаб этилади. Абдулла Орипов шеърият оламининг остонасидаёқ ўз ижодий дастурини:
Мен шоирман,
Истасангиз шу,
Ўзимники эрур шу созим,
Бировлардан олмадим туйғу,
Ўзгага ҳам бермам овозим...
дея белгилагани ва умри давомида уни аъло даражада адо этгани эътиборга олинса, унинг миллий шеъриятимиз юксалишида тутган ўрни аниқ-тиниқ намоён бўлади. Абдусаид Кўчимовнинг ана шу ижодий дастур сарлавҳага олинган бадиаси Абдулла Ориповнинг шахс, шоир ва мутафаккир сифатидаги образини ўқувчи қалби ва шуурига муҳрлай олиши жиҳатидан миллий адабий-эстетик тафаккурдаги ўзига хос янгилик сифатида баҳоланишга лойиқ. Бадианинг қиммати нималарда кўринади?
Биринчидан, бош қаҳрамон – Абдулла Орипов билан саккиз адабий гурунг тафсилотларини ўз ичига олган бадиа миллий адабиётшунослигимиз ва бадиий публицистикамизда шу пайтгача кўрилмаган янгича шакл ва услубда яратилган. Давоми...
Нурбой Жабборов