Дунё маркетологлари шундай юришлар қиладики. Сиз улар хоҳлаган ҳаракатларни бажараётганингизни ҳатто сезмайсиз ҳам.
Ўзим истаганим учун кола ичяпман, деб ўйлайсиз. Мерседес миниш менинг азалий орзуим, деб ишонасиз.
Кола ўрнига пепси харид қилган пайтингиз эса, бу танловни ўзингиз қилганингизга аминсиз. Аслида, иккисидан бирини танлаш имконингиз ҳам маркетологлар ҳийласи эканини тасаввур ҳам қилмай қоласиз баъзан.
Хўш, улар бизларни шундай бошқариш учун нималар қилишади? Бизни ўрганишади. Кундалик одатларимиз, қизиқишларимиз, қандай тарзда айтилган гапга қандай реакция кўрсатишимиз ва ҳоказо ва ҳоказо...
Улар истаган ишни бажаряпмизми, демак улар бизни ўзимиздан кўра яхшироқ "танийди". Бундай таниш учун эса улар кўп ва хўп меҳнат қилади. Кузатади, таҳлил қилади. Ва... Яна меҳнат қилади: бизни ҳаракатга чорлайдиган сўзларни териб-териб, бизга эшиттиради, бизни таъсирлантирадиган роликлар ишлайди, ҳар жойларга ёзувлар ёки ўзини эслатувчи ранг ва шаклларни жойлаб, онг остимизга жойлашиб олишга, биз учун "эски таниш" мақомини эгаллашга ҳаракат қилади. "Эски таниш" бўлганда ҳам, яхши, ёқимтой "эски таниш" мақомини эгаллайди.
Ва биз, тиш пастаси хариди учун чиққанимизда, аксар ҳолларда "эски таниш"имиз "Colgate"ни танлаймиз. Баъзида эса, "янги таниш"ларимизни ҳам "эски таниш"ларимиз номи билан атаб юраверамиз. "Памперс", "Тефаль" каби. Бу худди яқинда уйланган аёлини вафот этган хотинининг исмини айтиб чақиришдек эшитилса кераг-ов ўша янги брендлар учун))
Хуллас, ўйлаб кўрсак, бизга бу каби таъсир ўтказиш осон эмас. Бунинг учун гуруҳ-гуруҳ жамоалар меҳнат қилади.
Уларнинг меҳнат натижасига қараб туриб, Ўзбекистондаги маркетингни кузатсангиз, сабрсизроқ ва дангасароқ эканимизни англайсиз:
"Нимага энди биз ўйлаб, таҳлиллар ўтказиб, таъсирли роликлар ишлаши учун бутун гуруҳга пул сарфлашимиз керак? Четдан машина олиб киришни қийииин қилиб ташласак, машинамиз сотилаверади."
"Нимага энди биз дўппини тарғиб қилиш учун янги-янги либос коллекциялари устида бош қотиришга вақт кетказишимиз керак? Ана, маданият вазири шундоқ чиқиб, "ҳамма кияди!" дейди, тамом. Шунгаям энди одамларнинг феъл-атворини ўрган, уларга ёқадиган қилиб гапир, қилиб ўтирамизми?.."
"Нимага энди биз ишлаб чиқараётган маҳсулотимиз сифати ҳақида қайғуришимиз керак? "Шуни ичсанг, қиммат машиналаримиздан бирини ютиб оласан", — деймиз, бўлди. Савдодан тушган пулларни санаб улгурмаймиз."
"Чинакам брендлар маркетологлари аҳмоқ, жамоа бўлиб бош қотириб, қатор-қатор стратегиялар ишлаб чиқади. Мана, биздан ўргансин ишлашни. Иш дегани мана бундай бўпти. Маркетинг дегани, бундоқ бўлади..."
Ўзбекистонда худди шундай ўйлайдиган бизнес эгалари кўплаб топилади.
Маркетологни ишга олишади-да, нима қилишни унга ўзлари айтиб туришади. Борди-ю, маркетинг нуқтаи назарини келтирса, қабул қилгилари келмайди.
Ўзларини бошлиқ бўлмай қолаётгандек сезишадими, директорлик рутбасидан тушиб қоляпман, деб ўйлашадими... Боз устига, кутишга вақтлари йўқ. Тез бўлиши керак, тез, тез, тез.
Одамлар эса, иложсиз нексия сотиб олади-да, уни ичида "қачон мерседес минаркинман" деган ширин хаёллар оғушида йўллар кезади. Ҳеч бўлмаса, рулини ўрнатиб олишади)
Бунинг сабаби битта. Мерседес маркетологлари эркин. Одамларни ўрганади, уларга комфорт керак, деган хулосани беради. Ишлаб чиқарувчи эса, маҳсулотини сотиш учун шунга мослайди.
Бошқаларидан ажралиб турадиган жиҳатимиз шу дейди-да, рулда ўтирган ҳайдовчи машина ичидаги комфорт туфайли ўзини шердек ҳис қилаётганини кўрсатиб беради.