#Ҳадис_909
ЧАҚАЛОҚЛИГИДА ГАПИРГАНЛАР
Суҳайб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
📗 «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизлардан аввал ўтган умматлардан бирида бир подшоҳ ўтган. Унинг сеҳргари бор экан. Сеҳргар қариганда подшоҳга:
«Мен қариб қолдим. Менга бир ёш йигит берсанг, сеҳрни ўргатиб қўйсам», деди.
Подшоҳ унга сеҳр ўргатиши учун бир йигитни берди. Унинг йўлида бир роҳиб (диний олим) бор экан. Йигит ўша роҳиб ҳузурига келиб, унинг сўзларини эшитиб, ажабланиб, (бироз вақт) ўтириб қоларди. Қачон у сеҳргарни олдига бормоқчи бўлса, роҳиб олдидан ўтар, уни олдида ўтирар эди. Сеҳргарнинг олдига кеч қолиб борса, урар экан.
Йигит бу ҳақда роҳибга шикоят қилди. Шунда у:
«Қачон сеҳргардан қўрқсанг, «Уйимдагилар тутиб қолишди», дегин. Уйингдагилардан қўрқсанг, «Сеҳргар тутиб қолди», дегин», деди.
Шундай қилиб, у йўлда кетаётса, улкан, даҳшатли бир ҳайвон одамларни ўтказмай қўйганини кўрди. Шунда йигит «Аллоҳга сеҳргарнинг иши мақбулми, роҳибникими – биладиган кун келди», деб хаёлидан ўтказди. Бир тошни олиб:
Аллоҳим, агар роҳибнинг иши сенга сеҳргарнинг ишидан кўра маъқулроқ бўлса, мана шу ҳайвонни ўлдиргин, одамлар ўтиб кетсин», деб тошни отса, ҳайвон ўлди ва одамлар ўтиб кетди. Гапни роҳибга айтган эди:
«Эй болам, бугун сен мендан афзалсан, ишинг мен кўриб турган нарсага етибди, келажакда балоларга гирифтор бўласан, ўшанда менинг сиримни бировга айтмагин», деди.
Йигит кўр, пес ва одамларни бошқа дардларини даволайдиган бўлди. Подшоҳнинг кўр бўлиб қолган бир дўсти эшитиб қолди. Йигитга кўп ҳадялар келтириб:
«Менга шифо берсанг, мана шуларнинг ҳаммаси сеники», деди.
«Шифони мен эмас, Аллоҳ беради, агар иймон келтирсанг, дуо қиламан, сенга шифо беради», деди йигит.
У иймон келтирди. Аллоҳ унга шифо берди. Сўнг унинг кўзи тузалиб, подшоҳнинг олдига бориб, олдин ўлтирганидек ўтирди. Подшоҳ ундан:
«Эй фалончи, кўзингни ким қайтариб берди», деб сўради.
«Роббим», деб жавоб берди у.
«Мендан бошқа Роббинг борми?» деди подшоҳ.
У бўлса:
«Менинг ҳам, сенинг ҳам Роббимиз – Аллоҳ», деб жавоб қилди.
Уни тутиб, йигитга далолат қилгунча азоблайверди. Бас, йигит келтирилди. Подшоҳ унга:
«Эй болам, сеҳринг кучли бўлиб, кўр, пес ва бошқа касалларни даволайдиган бўлибсан», деди.
«Мен ҳеч кимга шифо бермайман, шифони Аллоҳ беради», деди йигит. Подшоҳ йигитни тутиб, азоблаб, охири роҳиб ҳақидаги маълумотни олди. Роҳибни келтириб, «Динингдан қайт», деган эди, кўнмади. Бошидан арра солиб, арралаб, иккига бўлиб ташлашди. Сўнг подшоҳнинг дўстига «Динингдан қайт», дейишди. У ҳам кўнмади, уни ҳам арралаб, иккига бўлиб ташлашди. Сўнгра йигитни келтириб, унга ҳам «Динингдан қайт», дедилар. У ҳам «Йўқ», деб жавоб қилгач, подшоҳ бир гуруҳ одамларига:
«Йигитни тоғ чўққисига олиб чиқинглар, динидан қайтса, қайтди, бўлмаса чўққидан ташлаб юборинглар», деб буюрди. Йигитни чўққига олиб чиқишганда у:
«Аллоҳим, Ўзинг билиб, мени булардан қутқаргин», деб дуо қилди. Тоғ силкиниб, ҳаммалари чўққидан қулаб, ҳалок бўлишди. Йигит подшоҳ ҳузурига қайтди. Подшоҳ ундан:
«Шерикларингга нима бўлди», деб сўради.
«Аллоҳ мени улардан қутқарди», деб жавоб берди йигит. Подшоҳ яна бир гуруҳ одамларга йигитни топшириб:
«Буни қайиқ билан денгизни ўртасига олиб боринглар, динидан қайтса, қайтди, бўлмаса чўктириб юборинглар», деб буюрди. Уни олиб кетишди. Денгизда йигит:
«Аллоҳим, Ўзинг билиб, мени булардан қутқаргин», деб дуо қилди. Қайиқ ағдарилиб, подшоҳнинг барча одамлари ғарқ бўлиб, йигит яна подшоҳнинг олдига борди.
«Шерикларингга нима бўлди?» деб сўради подшоҳ.
«Аллоҳ мени улардан қутқарди», деб жавоб қилди йигит ва подшоҳга:
«Менинг айтганимни қилмагунингча мени ўлдира олмайсан.», деди.
«У нима?» деди подшоҳ.
Шунда йигит:
«Ҳамма одамларни бир тепаликга тўплайсан, мени дарахт шохига осасан, ўқдонимдан бир ўқ оласан, ўқни камонга қўйиб, сўнг «Йигитнинг Роббиси – Аллоҳнинг номи билан», деб, камондан отасан, шундагина мени ўлдиришинг мумкин», деди.