Мустафо тиббиёт текширувлари хулосасига кўра ақлини тамомий йўқотган.
У ўзини идора қила олмайди, нима қилаётганини билмайди, ақл юритиб бир ишга қарор қила олмайди, чунки ақл неъматидан маҳрум бўлган.
Лекин тавфиқ неъматидан маҳрум бўлмаган.
Ақли йўқ бўлсада азон овозини эшитиши билан Мустафо ўрнидан туриб масжидга энг биринчи бўлиб кириб келади.
Таҳоратни билмасада таҳорат олади.
Намоз ўқишни билмасада, намозни фарзию суннатини ажрата олмасада намоз ўқишга туради.
Одамлар жамланиб намозга қомат айтилгунча ўқиш ёзишни билмаган Мустафо Қуръонни очиб уни ўқиётгандай ўтиради.
Намоздан сўнг Қуръон ўқувчиларга тақлид қилиб Қуръонга қараб ўтиради.
Ақлини тамомий йўқотган Мустафо азондан сўнг масжидни топиб келмоқда.
Сизчи, эй ақл сохиби, сиз азон вақтида қаерларда юрибсиз?
Ақли йўқ инсон таҳорат суви билан покланаётган вақтда,
сиз, эй ақл эгаси, нималар билан кирланиб юрибсиз?
Шу ақли ожиз Қуръонни қўлига олганда сиз нималарни қўлингизга оляпсиз?
Ақли йўқлардан қалам кўтарилган, яъни уларнинг хато камчиликлари ёзилмайди, улар мукаллаф эмас.
Сизчи, ақлингиз бўлиб туриб, соғлом қодир бўла туриб ҳам намозлардан ухлаб ётасиз!
"Нажотга келинг" деган нидони қулоғингиз эшитмайди, сиз уйқуга тўйиб қуёш чиққанда туриб ўқиб оласиз, чунки сизда Мустафодаги олий ҳиммат йўқ,тилингиз бор, лекин қалбингиз ўлган.
Мустафо охират тижоратини қилаётган вақтида сиз дунё тижоратида бўласиз.
Мустафони оёқлари масжидга етакласа сизнинг оёқларингиз маъсиятга етаклаяптими?
Мустафо ўқишни билмасада, Қуръон ўқувчиларига тақлид қилса сиз кимларга тақлид қилиб ўтяпсиз!?
Ёки Мустафо яшаётган ерларда масжиддан бошқа борадиган жойлар йўқлиги учун у доим масжидга боряптими!?
Бошқа тақлид қилишга ҳеч ким йўқлиги учун у намозхонларгагина тақлид қиляпти, деб ўйлайсизми ?
Уни кўчасида ҳам, бурчак- бурчакда сигарет тутатиб, ўтган кетганга бўридай оч назарини ташлаб ўтирган нафси бузуқлар тўлиб ётибди.
Унинг йўлида ёши кап-катта бўлсада бошини телефонга энгаштириб кеча-ю кундуз умрини бетайин ўйинларда, беҳаё томошаларда ўтказаётган "ақли" бор ақлсизлар қанча.
Бир масжиди бор ерни ўнта бозори бор. Ҳар бозорга етаклаб кетувчи инсон шаклидаги шайтонлари бор.
Йўллар тўла чойхона- кафелар,
унда ичиб чекиб ўтирган қанча бенамозлари бор.
Нега Мустафо уларга тақлид қилиб кетидан кетмаяпти?
"Ақлсиз" Мустафо бенамозлар орасидан ўтиб масжидни топиб бора оляпти.
Нега кечасигача мусиқа тинглаган қулоқлар азонни эшитишдан тўсилиб қолди?
Нега оёқлар масжидга олиб боролмай қолди?
Нега қўллар Қуръон тутолмай қолди?
Чунки инсонлар Аллоҳни танимай қолди.
Улар Қуръон ўрнига қўлига сигарет олди.
Аёллари кўчада, эркаклари уйида ўйин ўйнашга қолди.
Қалбларни
охират ишончи тарк этиб, дунё муҳаббати эгаллаб олди.
Дунёнинг кетидан чопинг, сигарет тутатиб масжидлардан истаганча қочиб ўтинг.
Охирги борган жойингиз масжид бўлади.
Охирги эшитган нарсаларингиз Қуръон тиловатлари бўлади.
Шовқин сурон бозорлардан сўнг,
охирги борар маконингиз "тинч"гина мозор бўлади.
Масжидга кирасиз, лекин намоз ўқишга туролмайсиз,
сизга намоз ўқилади.
Афсус, фойдаси тегмайди.
Дуолар қилишади, бирор дуодан фойда олмайсиз.
Ортингиздан қўйлар сўйиб ошлар беришади,
сиз унда тошлар тагида бўласиз.
Ўша куни бир соатга намоз ўқиш учун қайтишни орзу қиласиз.
Фақат бир дақиқага тавба қилиш учун қайтишни орзу қиласиз.
Ўша куни Мустафога айланиб "ақлсиз" бахтли бўлишни орзу қиласиз.
Ўқишни билмасангизда, Мустафодай Қуръон ушлаб ўтиш учун қайтишни сўрайсиз ҳали.
Бугун вақтингизни муҳимроқ ишларга сарф қилинг!
Чопинг дунё топинг, алданг, ичинг, чекинг, ҳаромлардан лаззат топинг.
Фаҳшлар қилинг, "юлдуз" бўлинг, нопоклар орасида иззат топинг.
Ким нимада яшаса, ўшандай ўлим топади.
Ким қандай ўлим топса, ўша ҳолда маҳшарга қайтади.
Имтиҳондасиз... истанг ҳалол истанг ҳаром бўлиб яшанг.
Лекин тонггача бормисиз ё йўқ...
Балки кейинги тонг қабристондаги бир қабр соҳиби бўларсиз.
Йўқ- йўқ, мен ҳали узоқ яшайман деганларни қанчаси қабрида "Йўқ-йўқ, қайтаринглар", деб ётибди.
Буни қаердан ҳам биласиз?
Билганингиз, ишонганингиз, имон келтирганингиз тобут устида бўлиб қолмасин...