Ҳарбийлар ва ҲМҚО ходимларининг хизмат вақтида диний расм-русумлар ва маросимларни бажариш ҳуқуқини чекловчи Қонун - инсон ҳуқуқларига зид!
Бир ҳафтадан сўнг, яъни 2024 йил 29 декабрь куни 1008-сонли Ўзбекистон Республикаси Қонуни кучга киради. Ушбу Қонун билан мамлакатдаги барча кучишлатар тузилмалар ҳудудида диний расм-русум ва маросимлар ташкил этиш, шунингдек ҳарбийлар ва ҲМҚО ходимларининг хизматни ўташ вақтида диний расм-русумлар ва маросимларни бажариши таъқиқланади.
Охирги йилларга келиб, фуқаролар қаторида ҳарбийлар ва ҲМҚО ходимларининг феълида ҳам динга муносабат анча кучайди. Намоз ўқийдиган, Рамазонда рўза тутадиган ходимлар сони йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Улар бу амалларни иш шароити оғир бўлишига қарамасдан бажаришмоқда.
Ўзи диний мавзу жуда, жуда, жуда нозик мавзу бўлиб ҳисобланади ва ушбу соҳада ўта эҳтиёткорлик билан барча дунёвий қонунчилигимиз нормаларини чуқур ўрганиб кейин гапирмасам, ўзимни ҳам жавобгар қилишлари хеч гапмас!
Дин соҳасининг мутахасиси бўлмаганим учун ушбу Қонуннинг оғир диний-маънавий оқибатлари, ҳарбийлар ва орган ходимлари кайфиятига салбий таъсири ҳақида гапирмоқчи эмасман. Мазкур мақолада фақатгина ушбу Қонуннинг инсон ҳуқуқларига зид эканлиги ҳақидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тахлили тақдим этилади.
Бошладик:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 35-моддасига кўра: Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади.
Бироқ, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунда ҳам бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ҳам “виждон эркинлиги” тушунчасига тўлиқ таъриф берилмаган.
Шунингдек, “диний расм-русум ва маросимлар” тушунчаси таърифини ҳам кўрмадим. Яъни намоз ўқиш, рўза тутиш диний расм-русум бўлиб ҳисобланиши ёки йўқлиги бирор нормада кўрсатилмаган.
Аммо ☝️
биринчидан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 18-моддасида:
“Ҳар бир инсон фикр, виждон ва дин эркинлиги ҳуқуқига эга; бу ҳуқуқ ўз дини ёки эътиқодини ўзгартириш эркинлигини ва таълимотда, тоат-ибодат қилишда ва диний расм-русм ҳамда маросимларни оммавий ёки хусусий тартибда адо этиш, ўз дини ёки эътиқодига якка ўзи, шунингдек, бошқалар билан бирга амал қилиш эркинлигини ўз ичига олади.”, - деб кўрсатилган.
иккинчидан, 1966-йил 16-декабрь куни Нью-Йоркда қабул қилинган “Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида”ги халқаро пактнинг 18-моддасида:
“1. Ҳар бир инсон фикр, виждон ва дин эркинлиги ҳуқуқига эга. Ушбу ҳуқуқ ўз ихтиёри билан ўзига маъқул динни қабул қилиш ва эътиқод қилиш эркини, якка ҳолда, шунингдек бошқалар билан биргаликда, ошкора ёки хусусий тартибда ибодат қилиш, диний ва бошқа урф-одатларни ва маросимни бажариш эркини ҳам ўз ичига олади.", - деб кўрсатилган.
Ушбу ҳалқаро ва маҳаллий Қонун ҳужжатларида айнан қайси ҳолатларда дин ва эътиқод эркинлиги чекланиши кўрсатилган. Улар орасида фуқаро ҳарбий хизматчи ёки орган ходими бўлгани сабабли унинг бу ҳуқуқлари чекланиши назарда тутилмаган.
Ўзбекистон ратификация қилган халқаро норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар маҳаллий Қонун ҳужжатларидан устувор эканлигини мактаб боласи ҳам билса керак.
учинчидан, Диний амалларни бажариш ҳуқуқи - ҳар бир инсоннинг, қайси ишда ишлашидан қатъий назар муқаддас ҳуқуқи бўлиб ҳисобланади ва уни чеклаш инсон ҳуқуқларига (Human rights) зид деб ҳисоблайман.
Зеро, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 19-моддасида:
"Ўзбекистон Республикасида инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига биноан ҳамда ушбу Конституцияга мувофиқ эътироф этилади ва кафолатланади. Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳар кимга туғилганидан бошлаб тегишли бўлади.", - деб кўрсатилган.
Менимча, Ватани учун ёшлигини, кучини, вақтини, маблағини, оиласини бахш этиб ишлаётган ходим - хизмат вақтида намоз ўқишга, рўза тутишга, тушлик вақтида жумага чиқишга ва бошқа фарзларни бажаришга ҳақли бўлиши лозим!
Каналга уланиш:
@advocatekulbayev