Media24.uz @media24uz Channel on Telegram

Media24.uz

@media24uz


Ўзбекистонда ва дунёда содир бўлаётган энг муҳим воқеаларга назар

Мурожаат учун: @media24uzbot

Media24.uz (Uzbek)

Media24.uz kanali O'zbekistonda va dunyoda sodir bo'layotgan eng muhim voqealarga nazari bor kanaldir. Bu kanalda O'zbekiston va dunyo bo'ylab yangiliklar, jamiyatda sodir bo'layotgan muhim voqealar, siyosiy va iqtisodiy yangiliklar, madaniy va sport yangiliklari, texnologiyalar va ko'pgina boshqa maqolalar bilan taqdim etiladi. Media24.uz kanali foydali va obro'li ma'lumotlar bilan abadiy bilimdon bo'lish uchun mo'ljallangan. Agar sizga yangiliklar, voqealar va maqolalar haqida to'liqroq tushuncha bo'lishni xohlagan bo'lsangiz, bu kanal barcha kerakli ma'lumotlarni taqdim etadi. Media24.uz kanali bilan birga bo'lib, dunyo bilan aloqada bo'lishingizda siz ham eng so'nggi va muhim yangiliklardan xabardor bo'lasiz. Uni obunachilari uchun yo'riqnoma sifatida qo'llanib keladi. Unda yangiliklar va voqealar bilan tanishib, dunyoning har bir joyidan farqli farzandlarni ta'kidlay olasiz.

Media24.uz

05 Nov, 17:36


Жиззахдаги қонунсизликка мисол

Халқ депутатлари Жиззах вилояти кенгашининг биринчи сессияси эртага, 6 ноябр куни соат 11 да бошланиши керак эди. Бу ҳақда ҳокимнинг ўзи қарор имзолаган.

Аммо қонунсизлик, ўзлари имзолаган қарорга ўзлари қарши чиқиш авж олганини скриншотдаги ҳолат исботлаб турибди.

Ҳокимиятнинг расмий хабарига кўра, сессия бугун ўтиб, Эргаш Солиев ҳокимликка тасдиқланиб бўлган.

@media24uz

Media24.uz

01 Nov, 09:54


Банкларнинг алдамчи рекламалари кўпчиликни куйдиряпти

Банклар микроқарз бўйича алламбало рекламаларни ижтимоий тармоқларда айлантириб, одамларни чалғитишни зўр эплаяпти.

Рақобат қўмитаси бир неча банкларнинг ана шундай алдамчи ҳаракатларини ўрганиб, молиявий жарималар қўлламоқда.

Яқинда Даврбанк ва Ҳамкорбанк рекламаларини ўрганиб, аслида рекламада тилга олинмаган, аммо амалда анча юқори фоизларни фош этганди.

Бундай банклар ҳали кўп. Масалан, TBC банк ҳам шундайлардан бири. Грузия банки 100 млн сўмгача микроқарзни йиллик 49 фоиз билан ажратади. Аммо кредит расмийлаштириб, пулни олиб бўлмагунингизча бу фоиз ҳеч қаерда кўринмайди.

Ана шу алдамчи ҳаракат(сизлик) оқибатида кўп одамлар чув тушяпти. Албатта, ўзбек тили бўйича қонунларни ҳурмат қилмайдиган хорижий банкдан бундан ортиғини ҳам кутиш мантиқсизлик.

@media24uz

Media24.uz

31 Oct, 13:30


Безбетликда ҳокимларимизга тенг келадигани топилмайди чоғи

Мана, сайловлар ўтди, аммо ҳокимларимизнинг қонунларимизга сурбетларча тупуриб қўйишлари тўхтамайдиган кўринади.

Бугун Тошкент ҳокими Шавкат Умрзоқов иссиқлик тизими тарифларини яна ошириш ҳақида қарор чиқарган. "Отопление" нега ёқилмаётганини энди тушунгандирсиз.

Бу йил ҳисобидан иккинчиси, апрелда ҳам қимматлаганди. Буниси майли, қарор эълон қилинган кундан эътиборан кучга кириши айтилган.

Қонунчиликка кўра, коммунал хизматлар нархи ошадиган бўлса, камида 15 кун олдин ОАВда эълон қилиниши керак. Рақобат қўмитаси мана шу масалага эътибор қаратиши мумкин (ҳокимиятларга кучи етар).

Бу ҳокимларимиз инсон қадрини бир пул қилса, қонунларга тупуриб қўйса, бири номақбул қилиқлари билан-да "тахти"дан тушмаса, яшасак майлими? Сизларга ўхшаб бюджет пулини кемирмаяпти-ку бу халқ!

Тошкентликлар ёмғир(Жаҳонгир Ортиқхўжаев)дан қочиб, дўл(Шавкат Умрзоқов)га тутилган экан-ку!

@media24uz

Media24.uz

31 Oct, 07:48


Дераза-эшикларни синдиринг!

Ўзавто Моторс компанияси янги Кобалт дея аталаётган чироғи қорайтирилган машинани 155 млн сўмдан сотувга чиқаришни бошламоқда.

Монополистлиги етмагандек, магнитофонсиз чиққани камдек, қиммат бўлишига қарамай, халқ бойкот қилмайди, аксинча автосалонларнинг ойнаю эшикларини синдирар даражада талашадилар.

Хўрозқанд чет элники деса ялайдиган одамлар битта машинани шунчаки "мойка" қилиб, яна уни 9 ой куттириб сотса-да, талашиб олаверади.

Шунинг учун ҳам Ўзавто Моторс касодга учрамайди.

Бошқа иложимиз йўқ, дейдиганларни тўғри тушунамиз, ҳатто Шевроле машиналари бозорини синдирган электрокарлар ҳам монополлаштириб юборилди.

@media24uz

Media24.uz

29 Oct, 16:04


Шавкат Умрзоқов бугун янги қарорни имзолади

Аммо у ҳамма кутаётган иситиш мавсумини бошлаш ҳақида эмас, балки Бектемирдаги 2 та уйни ҳокимиятга ўтказиш ҳақида.

Бугун Ўзбекистоннинг энг иссиқ ҳудуди Сурхондарёда иситиш бўйича қарор чиққан, 1 ноябрдан бошланади.

Мактаб, боғча ва поликлиникалардагилар яна озроқ сабр қилса, кунлар исиб кетади.

@media24uz

Media24.uz

29 Oct, 10:09


"Куртка кийиб ўтирса, унчалик совуқмас-ку, намунча ваҳима қилади бу журналистлар", деётгандир иссиқ кабинетида ўтирган пойтахт ҳокими Шавкат Умрзоқов.

Унинг бундай ўйлашига сабаблар етарлича, зеро "ЎзавтоМоторс"да ишлаган пайти танқидларга эътибор бермаслик ва жамоатчилик фикрини инобатга олмаслик ҳадисини олган.

@media24uz

Media24.uz

29 Oct, 04:06


Қарор чиқармасданам халқ қарғишини олиш мумкин

Шу пайтгача чиқарган қарори сабабли кўп танқидга учраган ҳокимлар энди бунинг аксини исботлаяпти.

Шундай совуқда иситиш мавсумини бошлаш ҳақида қарор чиқармаган Тошкент шаҳар ҳокими буни исботламоқда.

Веолиа компанияси ҳам осон қутулди, ҳаммасини ҳокимиятга тўнкаб қўя қолди.

Иситиш тизимини қачон ёқишини кутамизми ёки қарғаб ўтирганимиз яхшироқми?

Сайланмаган ҳоким бўлса, шу аҳвол, дардингни ҳеч ким эшитмайди.

@media24uz

Media24.uz

28 Oct, 04:11


Энди ёш боламассизлар

Мустақил Ўзбекистон 34 ёшга қараб кетяпти, энди ёш боламас. Ўйин ўйнашни йиғиштириб, сал жиддий ишларни ҳам қилиш керак.

Бир неча кундан бери Тошкентдаги отишма бўйича турли гап-сўзлар, ҳар хил талқинлар юрибди. Аммо бирорта ишончли хабар йўқ.

Бош прокуратура қуролли ҳужум бўлгани, улардан бири ушланганини айтиб чиқди. Аммо кимга суиқасд экани ҳамон очиқланмаган.

Кеча тармоқларда видеолар тарқалиб, 2 гумондор шахс айбига иқрорлигини тан олган. Шунда прокуратуранинг биттасини ушлагани ёлғонми?

Энг ёмони, бош прокуратура ёлғон хабар тарқатмасликни сўраб, жавобгарлик борлигини айтиб, таҳдид қилди. Унда рости нима эканини ўзлари ҳам айтмаган.

АОКА деган ташкилот бу баёнотга қўшилиб, журналистларни огоҳликка чақирган ва огоҳлантирган. Бироқ гап нима ҳақдалигини ҳеч ким ошкор қилмаяпти.

Ҳаммаси мавҳум: ёлғон хабар тарқатманглар, бунга жавобгарлик бор. Хўп, гап қайси ёлғон хабар ҳақида кетяпти? Ким, нима, қачон, қаерда?

Бўлди энди, ёш боламассизлар! Тошкентда бемалол қуролли ҳужум бўлиши катта воқелик ва хавфсирайдиган ҳолат! Кимдан нимани яширяпсизлар?

Аввал ўзинглар ёлғон хабар тарқатишни бас қилинглар!

@media24uz

Media24.uz

26 Oct, 12:55


Шуҳрат Қўшақбоевич охирги кундан унумли фойдаланмоқда

Эртага парламент сайлови ва ҳокимларнинг маҳаллий кенгашларга раислик қилиши бекор бўлади. Қарорлар имзолаб олиш учун бугун охирги кун.

Андижон вилояти ҳокими миллиардлаб пуллар ажратиш ҳақидаги кенгаш қарорларини айнан бугун имзолаган. Эртага дам олиш куни, қарорлар имзоланмаслиги мумкин (лекин имзоланишиям мумкин, олдин бунақасини кўрганмиз).

Хўш, андижонлик депутатлар кенгаши бугун нималарга пул ажратишга қарор қилишди?

▪️Футбол ассоциацияси вилоят бўлимининг иш ҳақи учун 260 миллион сўм;
▪️вилоят паралимпия бўлимининг иш ҳақи учун 200 миллион сўм;
▪️вилоят кураш федерацияси бўлимининг иш ҳақи учун 260 миллион сўм;
▪️вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси ходимларини мукофотлаш учун 300 миллион сўм;
▪️ёқилғи харажатлари учун 150 миллион сўм;
▪️мулкий зарарларни компенсация қилиш жамғармасига 8,3 миллиард сўм;
▪️Болаларни соғломлаштириш ва аҳоли саломатлигини тиклашга кўмаклашиш жамғармасига 800 миллион сўм;
▪️вилоят ҳокимлиги қўриқлаш хизматидан бўлган қарздорлиги учун 500 миллион сўм;
▪️Ҳарбий маъмурий сектор жамғармасига – миллий гвардия учун 150 миллион сўм;
▪️болалар майдончаси қуриш учун 850 миллион сўм ва лойиҳа ҳужжатлари тайёрлаш учун 50 миллион сўм;
▪️вилоят прокуратураси ҳудудида “Меҳмонхона” бино иншоотларини қуриш учун 500 миллион сўм;
▪️“Динамо” спорт мажмуасини қуриш, таъмирлаш, лойиҳалаш ишлари учун 300 миллион сўм.

Хуллас, бугуннинг ўзида ҳокимият 11,7 млрд сўмдан кўп ажратиб ташлаган. Ҳали кечгача вақт бор, балки яна чиқиб қолар. Агар яшириб қўйишмаса.

Адлия вазирлиги яширмасликни ва эртага қарор чиқмаслигини назорат қилади деган умиддамиз.

@media24uz

Media24.uz

25 Oct, 14:24


Шуҳрат Абдураҳмонов яна 10 йилдан кейин ҳокимликдан кетади, агар...

Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов 5 йилдан икки муддатга қайта тайинланади ва яна камида 10 йил лавозимида қолади.

Агар 27 октябрдаги сайловдан кейин ишдан олинмаса. Президент имзолаган қонун билан ҳокимлар кетма-кет икки муддатдан ортиқ лавозимда қолиши тақиқланди. Ҳокимлик муддати 5 йил.

Агар эчки халақит қилмаса, деганларидек, якшанба кунги сайловдан кейин кўп нарса аниқлашади. Вилоят ҳокимлари кенгаш раислигидан кетади (шунинг учун имкон борида босиб қолишяпти).

Нега айнан Шуҳрат Абдураҳмоновни ёздик. Чунки у Ислом Каримов давридан бери ишлаётган ягона ҳокимдир. Қолаверса, бу креслода ўтирганига 10 йилдан ҳам ошиб кетди.

Аслида 5 йилдан 2 та муддатни ўтаб бўлди, аммо янги қонун билан булар ҳаммаси ноллаштирилади. Сенат раиси Танзила Норбоева ҳам 2 муддат раислик қилди, аммо яна қолиш эҳтимоли катта.

Хуллас, Андижон вилояти ҳокими тағин 10 йил лавозимда ўтириши кутиляпти. Аммо 2035 йилда аниқ у ҳоким бўлмайди. Унгача "қўлимиздан балоям келмайди".

@media24uz

Media24.uz

25 Oct, 10:35


Шавкат Умрзоқов дренаж учун яна пул ажратяпти

Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов пойтахт дренаж тизимини яхшилаш учун 6 млрд сўм ажратган. 2023 йил апрелда ҳам 700 млн сўм айнан шу йўналишга сарфлангани айтилганди.

Пуллар ростанам дренажга харж қилинганми-йўқми, униси номаълум, чунки кўчаларни сув босиши асло бартараф бўлмади. Ҳатто президент ахийри гапириб чиқди.

Камига сув тошқинлари билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун жами 20 млрд 400 млн сўм ажратилиши режалаштирилган.

Нимагадир бизнинг ҳокимлар ажратган пуллар ҳам, ўша муаммолар ҳам ҳеч тугамайди-я!

@media24uz

Media24.uz

23 Oct, 04:40


4 кун иш, 3 кун дам

Ғарбда ҳафтасига 4 кун ишлаб, 3 кун дам оладиган тажрибани синаб кўришган ва бу ижобий натижа берган.

45 та компания ходимлари 6 ой давомида 4 кун ишлаган ва 3 кун дам олган. Лекин ойликка таъсир қилмаган, кам маош тўланмаган. Шу билан бирга компаниялар иқтисодий ҳолати ҳам ўзгармаган.

Аксинча ходимлар ҳолати жисмонан ва руҳан яхшиланган, иш унумдорлиги ошган. Ишга бўлган иштиёқ ва меҳр янада жўш урган. Улар бу тажрибани давом эттириш ниятида.

Гап қандайдир Сусамбил ҳақида кетмаяпти. Бу тажриба Германияда ўтказилган.

Кўп ойлик оласан, 7 кун ярим кечагача ўтириб ишлашга мажбурсан, деб биров уришмаган.

Ишдан кейин (яъни соат 18 дан сўнг, билмаганлар учун маълумот) ҳамма уйига кетишга ҳақли, биров уни мажбурлаб олиб қолса, ё қўшимча ҳақ тўлаши, ё жавобгарликка тортилиши керак.

Ишдан ташқари вақтда (кечасими, эрталабми) бўлар-бўлмас мажлисбозликлар қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бу қонун! Ўзбекистонда амалда бўлган қонунда шундай!

Ташкилотлар ходимларини ҳашар баҳонасида пахтага ё бошқа ишларга жалб қилмайди. Бу ҳам қонун!

Нормал давлатда (масалан, ана Германияда) ходимлар зўр бериб ишлаши ва зўр бериб дам олиши шарт! Оила ва бола-чақасига вақт ажратиши, ўз фарзандларини, фарзандлари эса ота-онасини таниши керак.

@media24uz

Media24.uz

15 Oct, 10:30


Бирдан куз келиб, бирдан ёмғир ёғиб қолди-да...

Кузда салқин ва ёмғирли ҳаво бўлиши тайин. Қиш совуқ, аёзли ва қорли келади. Баҳорда салқин ҳаво, ёмғир ва шамол бўлади. Ёзда эса аниқ иссиқ кузатилади.

Булар исбот талаб қилмас теоремалар, яъни табиат қонунлари. Неча минг йилдан бери шу фаслларда шу ҳолатлар кузатилади, буни ёш бола ҳам билиб, шунга яраша тайёргарлигини кўради.

Масалан, кечаги илиқ ёмғир пайтида трансформаторлар портлаб кетишида энергетиклар куз кутилмаганда келди-да, дейиши мантиқсизлик, абсурдизм ва жиннилик. Яхшиси, бориб даволанинглар.

Агар бундай демаса ҳам, кузми, қишми, баҳорми, ёзми, фарқи йўқ, ҳар қандай об-ҳавода портлаб кетадиган трансформаторларимиз бор экан, тизимда мантиқсиз, абсурд ва телба одамлар ишлаяпти дегани.

Чунки ақли соғлом киши трансформатор ёниб кетмаслиги учун барча эҳтиётини очиқ ҳавода, кун иссиғида қилиб олади. Уйимиз томи тешик бўлса, ёзда ямаймиз, деразасида кўз бўлмаса, дейлик, кузда беркитамиз.

Сабабини аниқ биламиз, буёғига совуқ, ёғинли ҳаво бўлади. Агар носоз ток ҳисоблагичимизни тузатмасак, қишда ўт чиқиши мумкин.

Тушундингиз-а, аномал сўзи ортидан ўйлаб топилган ҳар қандай баҳона гаплар аслида абсурдизм холос. Тизимнинг чириганини вақтинча ёпиб кетиш, иқтисодчи блогер айтмоқчи, вазиятбай ишлаш кўникмасидан.

Мана, метан ва пропан, ортидан бензин нархлари осмонга учяпти. Навбатлар ҳалитдан бошланди. Аммо вазиримиз подкастга чиқиб, у қилдик, бу қилдик, деб қуруқ мақтанишдан уялмайди, халқ қарғишидан, ёлғон сўз жавобгарлигидан қўрқмайди.

Биламиз, энергетика вазирлигига бу гапларимиз негативдек кўринади, парвосига ҳам келмайди. Яқин ярим йилда совуқ вазиятдан чиқиб олишса бўлгани.

Очиғи, берилган ваъдага ишониб, умид қилиб ўтирибмиз. Балки йил охиригача яхшиланиб қолар, гарчи ўша пайтда изғирин кунларнинг ярми ўтиб кетган бўлса-да.

@media24uz

Media24.uz

15 Oct, 04:33


Кобалтни "янгилаш"дан мақсад нархни ошириш бўлса керак

Ўзи шундоғам қиммат ҳисобланган Кобалт машинасини янада қиммат нархда сотиш учун ЎзавтоМоторс зўр янгиланиш эълон қилган.

Chevrolet Cobalt Midnight номи билан ғилдирак ва чироқларни ўзгартириб, янги Кобалт деб мақтанишяпти.

Буларнинг янгилигиям ўзига ўхшайди: ҳеч нима ўзгармайди, фақат халққа зиён (улар фақат каналлардаги постларни ўчиртиришни зўр эплашади, бу пост ҳам эҳтимолдан холи эмас).

Асакадаги заводда чиқиши режалаштирилаётган машинани қиммат нархга ва камида 6 ой кутиб сотиб олишга тайёрланинглар.

@media24uz

Media24.uz

14 Oct, 05:35


ТВ каналларга берилган 1 ойлик муҳлат тугаганига 1 ой бўлди

Рақобат қўмитаси барча турдаги телеканалларга сўров юбориб, рекламаларини қонунчиликка мослашлари ҳақида кўрсатма ва бунинг учун 1 ойлик муддат берганди. Бу муддат тугаганигаям 1 ой бўлди.

Кўрсатмада телеканаллар 1 ой ичида рекламага оид ўз фаолиятини амалдаги қонунчилик талабларидан келиб чиқиб мувофиқлаштириши ва қайта кўриб чиқиши сўралган эди.

ТВ каналлардаги ҳолат ўзгармаган. Рақобат қўмитаси эса мум тишлаган.

Чунки бу ҳолат ҳозирги кунда истеъмолчилар ҳуқуқларига тупуриб қўйилган энг оммабоп усуллардан бирига айланиб улгурган. Бу ҳақда аввал ёзганмиз.

@media24uz

Media24.uz

09 Oct, 16:05


Ортга қайтмас ислоҳотларни ортга қайтараётган валломатлар кимлар?

Мажбурий ва бола меҳнати билан терилган пахталар туфайли бир қанча "қора рўйхатлар"га тушгандик. Бу рўйхатлардан чиқиш учун Шавкат Мирзиёев жуда қатъий ва қаттиқ курашди.

Яхшики, ҳозир бундай рўйхатларда турмаймиз. Пахтамиз ҳам тоза, ҳалол маҳсулот сифатида тан олина бошлаган бир пайтда бирдан 2016 йилга қайтгандек бўляпмиз.

Бугуннинг ўзида тарқалиб улгурган пахта теримига мажбурловлар буларни исботлаб турибди. Яна балогардон ўқитувчилар. Байрам ўтишини кутиб туришганмиди?

Энг тубан ва пасткашлик шу даражага етдики, бола пули ва пенсияларни бермаслик таҳдиди билан пахтага мажбурлаш кампанияси бошланган (аудиода).

Президент ўз қатъияти билан эришган ортга қайтмас ислоҳотларни ортга қайтаришда кимлар қатнашяпти, қайси валломатлар манфаатдор? Балки мақсадлари давлат раҳбарини ёмонотлиқ қилишдир.

Аввало ҳукумат қарори билан пахтага субсидия ажратиш ҳақидаги қарор бу ислоҳотларга болта ургандек қабул қилиняпти.

Энг ёмони эса бундай даҳшатли жараёнлар Иброҳим Абдураҳмонов қишлоқ хўжалигига бош бўлган даврга тўғри келяпти. Балки тасодифдир. Аммо устоз Угвей айтганидек, тасодифлар тасодифан бўлмас.

Негадир Абдураҳмоновнинг қадами қишлоқ хўжалигига ҳам, олимларга ҳам хуш келмаяпти.

@media24uz

Media24.uz

09 Oct, 10:00


Мол-дунёю жон талаш, ўртада илм-фан талаш

Олий таълим, Қишлоқ хўжалиги вазирликлари ва Инновация агентлиги ўртасида сарсон бўлаётган илм-фаннинг оҳу дардини эшитадиган одам топилмаяпти, топилгани таъқиб қилиняпти.

Гап шундаки, президентнинг "Илмий ва инновацион фаолиятни амалга оширувчи ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва уларни қўллаб-қувватлашнинг тубдан янги тизимини жорий этиш тўғрисида"ги фармони лойиҳаси билан олимларимизни хонавайрон қилиш режаси борлиги аён.

Шу пайтгача илм аҳли ўз ишланмалари, кашфиётлари ва бошқа ихтиролари учун грант, давлатдан ойлик маош олишган, бундай ихтироларга алоқаси йўқлар (масалан, табиат ҳодисалари билан боғлиқ) бюджетдан молиялаштирилган.

Юқоридаги лойиҳа билан ана шу молиялаштиришни бекор этишмоқчи. Олимлар агентлик тасдиқлайдиган лойиҳаларгагина пул оладиган тартибга ўтишмоқчи. Албатта, бу катта эътирозларга сабаб бўлаётир.

Ўзбекистон қаҳрамони, таниқли математик олим Шавкат Аюпов ҳатто катта қайғуриш билан мақола ёзиб чиқди. Бу ҳақда оғиз очганлар таъқибга учрагани айтилмоқда. Шунинг учун ёш олимлар ўз хавфсизлигини ўйлаб, мум тишлаган. Лойиҳа бўйича мажлислар эса ўта махфий ўтказиляпти.

Биз шунчаки вазиятни таҳлил қилиб кўрамиз. Фанлар академиясининг марҳум президенти Беҳзод Йўлдошев тириклигида Шавкат Мирзиёевга ваъда бериб, барча илмий институт ходимларини базавий молиялаштиришга ўтказиб олганди (видеода). Ҳамма хурсанд, ҳамма рози. Олимлар энди пул ҳақида қайғурмасдан ишини қила бошлаганди.

Ўша пайтда Инновация вазирлиги бор эди, вазир Иброҳим Абдураҳмонов бўлган. Кейин бу вазирликни Олий таълим вазирлигига қўшиб, Абдураҳмоновни Қишлоқ хўжалигига қувғин қилишди. Ўртада Инновация агентлиги қолиб кетганди.

Абдураҳмоновнинг таъсири кучли эканини юқоридаги қарордан ҳам билиш мумкин. У илм-фанга ажратилаётган пуллар, грантлардан, "откат"лардан қуруқ қолишни ҳамон истамаётганини, Қўнғиротбой Шарипов эса ўзи билмаган ҳолда битмас-туганмас мол-дунё устига келиб қолганини пайқаш қийин эмас.

Юқоридаги ҳужжат лойиҳаси ана ўша пул васвасасининг ҳосиласи бўлса ажабмас. Чунки ҳужжатни тайёрлаган одамлар соҳани тушунмаслигини Шавкат Аюпов айтиб турибди.

@media24uz

Media24.uz

09 Oct, 05:45


"Селхоз"даги ёнғин тасодиф эмас

Ҳозирча тегишли органлар нимани суриштириб, нималарни билишга улгургани айтилмаётган ва аллақачон эсдан чиқиб кетаётган Аграр университетидаги ёнғин тасодиф эмасдек.

Манбаларимизнинг билдиришича, бинога атайлаб ўт қўйилган. Энг ёмони, у ердаги бир неча ўн йиллик қимматли архив бутунлай ёниб кетган.

Нимага ўт қўйилади? Бирор ҳужжатни яшириш ё ундан қутулиш учун. Ўша кунлари Қишлоқ хўжалиги вазирлиги "Селхоз"да катта текшириш ўтказиши кутилаётган эди.

Бош прокуратура иш очган, натижасини кутяпмиз. Кимлар айбдор бўлади, зарарни ким қоплайди? Ҳаммаси очиқланиши шарт!

Биз эсдан чиқармаймиз.

@media24uz

Media24.uz

07 Oct, 05:21


Энергетика вазирлиги энди мобил иловадан ҳам "пул ювмоқчими"?

Энергетика вазиримиз Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг мақтанишича, 1 декабргача газ қуйиш шохобчаларини назорат қилиш учун мобил илова ишга туширилади.

Лекин вазирнинг ўзи бу иловага "заправкалар"нинг маълумот киритиши ихтиёрий бўлишини айтган. Яъни истаган шохобча нарх ва манзилни киритиши ё киритмаслиги мумкин.

Мобил иловага қанча пул ажратилгани ҳозирча номаълум, аммо бундай фойдасиз ишдан нима фойдалигини тушунмаяпмиз.

Биринчидан, нарх киритилмаса, қайси заправкада газ бор-йўқлиги кўрсатилмаса, бу иловани нима қиламиз?

Иккинчидан, барча заправкалар ишлаб турса, бу иловага ҳожат қолмайди. Ва учинчидан, қишда камида 80 фоиз шохобча ишламайди, қолган борида эса навбат кутиб қолаверасиз.

Демак, бу илова ишга туширилиши на навбатни камайтиради, на нархни пасайтиради ва на аҳоли ўртасида коммуканицияни ривожлантиради.

Шунда бундан ягона мақсад – "пул ювишми"?

Айтганча, вазирнинг ваъдаси муддати тугашига бор-йўғи 3 ой қолди.

@media24uz

Media24.uz

04 Oct, 09:44


Қўрқинчли челленж

Кимўзарга машина ҳайдаш бўйича жуда қўрқинчли челленж бошланган кўринади.

Бир қатор машҳур инсонлар машиналарини мақтангани етмагандек, уни жуда катта тезликда ҳайдаб, йўл қоидаларига ва қонунларга очиқча тупуриб қўйгани билан фахрланишяпти.

Бу ўзига хос челленждек кўриняпти. Чунки энг аввал олимпиада чемпиони бўлган боксчи президент совғасида юриб, тезликни оширганди.

Куни кеча эса хоразмча ашула айтувчи артистлар бу челленжни давом эттиргандек. Бири Жаҳонгир Отажонов, иккинчиси Усмон Наврўзов.

Ҳар икки ашулачи ҳам тезликни соатига 195 км.дан оширган. Отажоновга тезлик оширгани ва телдан фойдалангани учун 5 млн сўм жарима ёзилган, узр сўрамаган.

Наврўзов эса астойдил узр сўраган, унга тегишли тартибда жарима ёзилган, қанчалиги айтилмаган. Дейлик, олдидан адашиб бир мушукча чиқиб қолганида бу узрлари фойда беролмасди.

Демак, бундан баттар челленжларга тайёр туришимиз керак. Ҳали бошланиши шекилли. Чунки жазо сариқ чақалик қийматга эга эмас, қоидани бузишдан биров қўрқмайди.

Масалан, шу хонандалар кимнингдир боласини босиб кетса ёки уларнинг фарзандлари худди шундай челленжда машина тагида қолса, кейин тўхтатилиши мумкин. У пайтда артистларимиз ҳукуматни шаллақиларча ёмонлаб ҳам чиқса керак (Юлдуз Усмоновада кўрганмиз).

Хуллас, қонунларни қўя турайлик, амалдорлар ўзлариям амал қилмаяпти, ҳеч бўлмаса, мурғак болалар ўлимидан ҳайиқиш, уларнинг уволига қолиш деган нарсаларни ўйламаяптими, бу одамлардан, бу жамиятдан қўрқиш керак.

Ўша гап, фарзандларингизни мактаб ва боғчага ёлғиз юборманг. Жилла қурса, ёнида туринг, машина урса, ўзингизни қалқон қилиб, болангизни сақлаб қолишингиз мумкин.

Сенаторларимиз хоналарида ўтираверади.

@media24uz

Media24.uz

04 Oct, 06:47


Комил Алламжоновнинг ўрнига ким тайинланади?

Яқинда ишдан олинган Президент администрацияси департамент бошлиғи Комил Алламжоновнинг ўрнига ким тайинланиши кўпчиликка қизиқ бўлса керак.

Алламжоновнинг ўзи сиёсатдан кетиб, хусусий секторда бизнес билан шуғулланишини айтган. Умид қиламизки, монополиялар сони кўпаймайди.

Президент администрациясидаги ахборот сиёсати департаменти бошлиғи лавозими тугатилса керак, чунки бу лавозим Алламжонов учун очилган эди.

Ахборот сиёсати учун президент матбуот хизмати бор ва бу департамент ҳам Шерзод Асадов бошчилик қилаётган хизматга қўшиб юборилиши мумкин.

@media24uz

Media24.uz

04 Oct, 04:23


Ҳарбий прокурорда инсоф бормикин?

Бозорчиларда-ку инсоф деган нарсани топиш қийин, прокурорлар ҳам энди улар қаторида саналадими?

Суратда ҳарбий прокуроримиз Ботир Қутраджўжаев Андижонда бозор айланяпти, шу пайт қўй гўштининг нархи 65 минг сўм деб ёзиб қўйилган. Бу кўзбўямачиликка прокурор кўз юмяпти.

Прокурорда инсоф бўлса, "ҳой, барака топгур, ё мен кетгандан кейинам шунақа нархда сот, ёки асл қийматини ёзиб қўй", дермиди...

Масалан, Сирдарё ҳокими ўз уйи олдини тозаламаган аҳоли, маҳалла раисига "эшигинг тагини тозалаб юрсанглар бўлмайдими?", деб дакки беришга журъат топа олганди.

Яхши гумонда бўламиз, бизнингча, бу прокурор уйида қўй гўшти емайди, умуман бундай гўшт сотиб олмаган.

Товуқ гўшти еса керак десак, парранда эти ҳам 1 октябрдан қимматлаган.

@media24uz

Media24.uz

03 Oct, 10:58


Рақобат қўмитасининг "тишларини тўкволишди" чоғи

Бир неча кундан бери Рақобат қўмитасининг текширувлари, жазолари ҳақидаги ўткир хабарлари чиқмай қўйди.

Ҳеч кимни аямаётган, ҳақиқий "бўри"га айланаёган қўмитамиз йўлда "аждарҳо"га дуч келган кўринади.

Ҳукумат тизимидаги идораларни назорат қиладиган ва жазолайдиган идора ҳукумат эмас, президентга бўйсуниши лозим аслида.

Энг катта хато шу бўлса керак!

Энди бу "тишсиз бўри" гўшт еёлмайди, ялаб-ялаб қайтаверади шекилли.

@media24uz

Media24.uz

02 Oct, 04:32


Сенаторлар жим

Бойсундаги заҳарланиш қамрови кенгайиб боряпти, айримлар буни ошкора яширишга уринса-да, Энергетика вазирлиги алдаса ҳам, оқибатлар баридан сўзлаяпти. Сенаторлар жим (фақат таъзия билдира олди холос).

Йўлларда мактаб ўқувчилари шунчаки ўлиб кетяпти, Ливан ва Фаластиндаги статистикадан фарқи фақат бизда тинчлик холос. Сенаторлар жим.

Катта эҳтимол билан қуёш панеллари нотўғри ўрнатилишидан бутун бошли бинолар кулга айланяпти. Сенаторлар жим.

Йўл ҳаракати қоидаларига кўпчилик амал қилмаяпти, менсимаяпти ва ҳатто жаримасини тўлаб бўлса-да, яна шу ишини қилишини бемалол айтяпти. Сенаторлар жим.

Қуёш панеллари мажбуран ўрнаттириляпти, тадбиркорлар билан бирга оддий халқ ҳам бундан жабр чекяпти. Сенаторлар жим.

Сенаторлар ҳамон жим. Сайлов арафаси бўлишига қарамай, ўзларини пиар қилиш мақсадида ҳам катта минбарларда популистик нутқ сўзлаб тура олармикин?! Ахир бундан бошқасига ярамайди-да.

@media24uz

Media24.uz

30 Sep, 09:19


Спорт федерациялари ва уларнинг раҳбарлари

Ўзбекистондаги спорт федерациялари ва ассоциацияларига бир қатор амалдорлар ва олигархлар, ҳатто ҳозир қамоқда ўтирганлар, раҳбарлик қилади.

Аввал ваъда берганимиздек, қуйида уларни таништириб ўтамиз.

Бокс федерацияси

раис: Раматов Aчилбой Жуманиёзович – бош вазир ўринбосари;
раиснинг биринчи ўринбосари: Полатов Сакен Джетибаевич – Orient Finans Bank кузатув кенгаши раиси.

Волейбол федерацияси

раис: Бобожонов Пулат Раззокович – Ички ишлар вазири.

Гандбол федерацияси

раис: Мусаев Омонджан Мухаматяминович – “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси раиси.

Дзюдо федерацияси

раис: Камилов Азизжон Якубджанович – Миллий олимпия қўмитаси (МОҚ) раиси ўринбосари.

Теннис федерацияси

раис: Мирсоатов Алишер Кудратуллаевич – Миллий банк раиси

Оғир атлетика федерацияси

раис: Зокиров Ботир Иркинович – “Трест-12” АЖ қурилиш компанияси кузатув кенгаши раиси.

Қиличбозлик федерацияси

раис: Абдусаматов Мақсуд Абдувалиевич – "Капиталбанк" кузатув кенгаши раиси.

Футбол ассоциацияси

раис: Азизов Абдусалом Абдумавлонович – ДХХ раиси.

Йилқичилик ва от спорти федерацияси

раис: Газиев Баҳром Валижонович – МОҚ ижроқўм аъзоси.

Замонавий бешкураш федерацияси

раис: Газиев Баҳром Валижонович – МОҚ ижроқўм аъзоси.

Енгил атлетика федерацияси

раис: Абдуллаев Меҳриддин Раззоқович – Ҳисоб палатаси раиси ўринбосари.

Стол тенниси федерацияси

раис: Кудбиев Шерзод Давлятович – Солиқ қўмитаси раиси.

Чим устида хоккей федерацияси

раис: Аҳмедов Баҳодир Мажидович – Маданият вазири ўринбосари.

Таэквондо ассоциацияси

раис: Ташматов Шерзод Рихсибаевич – МОҚ раиси ўринбосари.

Каноэда эшкак эшиш федерацияси

раис: Исламов Бобур Фархадович – Геология вазири.

Регби федерацияси

раис: Сафоев Содиқ Солихович – Сенат раисининг биринчи ўринбосари.

Сузиш федерацияси

раис: Санакулов Кувондиқ Санакулович – "Навоий кон-металлургия комбинати" бош директори.

Велоспорт федерацияси

раис: Норбаева Танзила Камаловна – Сенат раиси.

Камондан отиш федерацияси

раис: Джураев Рустам Мирзаевич – Миллий гвардия қўмондони.

Ўқ отиш спорти федерацияси

раис: Ойбек Кабилжанович Норинбоев – Жўғрофий жамият раиси.

Спорт курашлари ассоциацияси

раис: Абдувалиев Салим Киргизбаевич – қамоқда.

Триатлон федерацияси

раис: Маҳмудов Виктор Владимирович – Хавфсизлик кенгаши котиби.

Баскетбол федерацияси

раис: Махкамов Илҳом Рустамович – Транспорт вазири.

Қишки спорт турлари ассоциацияси

раис: Шадиев Искандер Касимович – МОҚ раиси маслаҳатчиси

Гимнастика федерацияси

раис: Розукулов Улуғбек Убайдуллаевич – "Ўзавтосаноат" раиси.

@media24uz

Media24.uz

27 Sep, 14:08


Илҳом Маҳкамов ва Қувондиқ Саноқулов федерацияларидаги қилмишлар

Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ва "Навоий кон-металлургия комбинати" раиси Қувондиқ Саноқулов бир вақтнинг ўзида Баскетбол ва Сузиш федерацияларига ҳам раислик қилади.

Федерацияларда эса талон-тарожликлар авжига чиққан. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳисоботларидан маълумот олиш мумкин.

Масалан, Баскетбол федерацияси ижрочи директори Ю.С. ишлар бошқарувчиси С.И. билан жиноий тил бириктириб, спортчилар соғлиғини мониторинг қилишга мўлжалланган 2 дона (аслида етказиб берилмаган) махсус ускуналар учун 197 млн сўмни талон-торож қилган.

Федерациянинг 1-вице президенти Х.Г. корпоратив пластик картадан ноқонуний 162 млн сўм маблағни ўзлаштирган. Улар федерацияга гўёки ҳомийларни жалб қиламан деб, сохта шартнома расмийлаштириб, 130 млн сўмни "туя қилган".

Шунингдек, Сузиш федерацияси мансабдор шахслари федерация бош котиби А.Г.нинг оила аъзолари ва бошқа 15 нафар фуқарони Туркияга дам олишга юбориб, 405 млн сўмни талон-торож қилишган.

Амалда ўтилмаган ўқув-машғулот йиғинлари учун сохта буйруқлар асосида 458 млн сўм, халқаро мусобақа ва ўқув машғулотлари ўтказиш учун ҳомийлар ажратган 1,2 млрд сўм пуллар талон-торож қилинган.

Бошқа федерацияларда ҳам шундай ҳолатлар бўлаётгандир. Тез орада барча спорт федерацияларига кимлар раислик қилаётганини очиқлаймиз.

@media24uz

Media24.uz

27 Sep, 09:15


Россия томони Ўзбекистонга Украина тақдирини эслатишга тушди

Россия федерал кенгаши раиси ўринбосари Андрей Климов деган одам Ўзбекистонга Украина тақдирини эслатиб, унга таққослаш ҳаракатларини бошлади.

Бу жуда жиддий сигнал. Аввалига Мария Захарова (яна бир бор) дегани ички ишимизга аралашаётганди. Депутатимиз Алишер Қодиров "аввал ўз муаммоингни ҳал қилиб ол" деган жавобни берган.

Гап шундаки, Тошкентдаги бир мактабда рус тили дарсида рус тили ўқитувчиси бир ўқувчини русча гапирмагани учун калтаклаганди.

Буни баҳона қилиб, руслар энди очиқчасига таҳдидга ўтишяпти. Ташқи ишлар вазирлари бир-бирининг ички ишига аралашмасликка келишиб олгани дипломатик усул холос. Тиржайиб жон олади, дегандай.

Бу келишув совимай туриб, Климовнинг "акиллаши" жуда шубҳали ва ҳатто хавотирли. Улар Ўзбекистоннинг бошига Украина кунини солиш ниятида эканини айтмоқчи шекилли.

Вазирларимиз ҳам руслар билан "апоқ-чапоқ" бўлишни секин камайтириши керак. Уларнинг пинҳоний ниятлари юзага чиқа бошлаяпти.

@media24uz

Media24.uz

27 Sep, 06:21


Битта жойда 2 та раҳбар алмашиб ишлаяпти

"Тошшаҳарнур" раҳбарлари билан қизиқ ҳолатга кўзимиз тушди. 2 одам бир неча йилдан бери ДУКни алмашиб бошқаряпти.

Булар – Умидбек Рустамбоевич Ражабов ва Шомансур Тўйчиевич Аҳмедов.

Жамоатчиликка маълум бўлишича, 2022 йил августда Ш.Т.Аҳмедов ишдан кетиб, У.Р.Ражабов тайинланган.

2023 йил январда У.Р.Ражабов кетиб, Ш.Т.Аҳмедов келган. Бугун эса Ш.Т.Аҳмедов кетиб, ўрнига яна У.Р.Ражабов тайинланган.

Бир пайтлар Россияни Медведев ва Путин шунақа келишиб, алмашиб бошқариб кўришган эди.

Ё бу лавозимда пул кўп айланади, ё Тошкентда бошқа кадрлар қуриб қолган.

@media24uz