— Ана, кўрдингизми? Қизидан пул қизғанган одам келинига берармиди? Энди нима қиламиз-а?
— Нимани нима қиламиз?
— Нимани бўларди, икки ҳафтадан кейин жиянимнинг тўйи.
Анави қўшнимиз, Маъмура кенойи Туркиядан жуда чиройли кўйлаклар олиб келибди. Битта қизилини кийиб кўргандим, вой-вой… — кўзларини юмиб, тамшанди Нодира, — Маъмура опанинг ўзи воҳ, деворди. Ўшани олмасам, ўламан.
— Қўйинг-э, битта кўйлакка ўлманг. Қанча экан ўша матоҳ? Маъмура кеннойи ўзининг нархини ҳам қўшиб айтадиган одати бор, — кулди Зарифа.
— Тўғри айтасиз, ўлмайман. Лекин биласиз-ку, ёқтирган нарсамни олмасам, касал бўлиб қоламан. Ҳозир кириб ойижондан сўрайман, қолгани ўзимда бор, — ўрнидан туриб кетди Нодира.
— Ҳай-ҳай, ўзингизни босинг, овсинжон. Сўрасангиз ҳам, кўйлакка деб эмас, ўғлимнинг боғчасига деб сўранг, — ўргатди Зарифа маъноли кулиб.
— Балосиз, опа, балосиз. Барибир, икки ёш катталигингиз билинади, — Нодира бу ёғини боплайман, дегандек кўз қисиб, қайнонаси ўтирган хонага йўл олди.
Бироқ кўп ўтмай, дами чиққан коптокдек шалвираб чиқиб келди.
— Ҳа, овсинжон, кампирни кўндиролмадингизми? — Зарифанинг овозидаги хайрихоҳликни сезган Нодира йиғлаб юборди.
— Ўлар бўлсам ўлиб бўлдим, опажон, бу зиқна кампирнинг дастидан. Шу ҳовлига келин бўлиб тушганимга олти йил бўлди. Аммо олти пуллик қадрим йўқ.
— Йиғламай гапиринг, пул бермайман, дедими?
— Ойижонни билмагандай гапирасиз-а. Қачон норозилигини шартта гапирган у. Ё ўғлидан айттиради ёки ширин сўз билан овозингизни ўчиради. Ҳозир ҳам пулдан гап очишим билан, «Қодиржоннинг пластик карточкасида озроқ пул бор, шундан тўланг. Болаларим шўрлик биримиз икки бўлармикин, деб йиғаётган пулнинг баракасини учирмайлик. Сизлар енг, мен ёқа бўлиб, рўзғорни тебратайлик. У пулларга, насиб қилса, биттангиз ватанлик бўлиб қоласиз», деди. Эртага пенсия олармиш. Пенсиянг бошингдан қолгур! Ўғлига телефон қилиб, бир чақмасамми?! Онам тўғри айтади, бу кампир ўлмаса, бизга тинчлик йўқ, шекилли.
— Сиз қизишманг. Қодиржон онасининг чизган чизиғидан чиқмайди. Дарров пулни бизга топшириб ҳам қўймайди.
— Нега хотиржамсиз-а, нега хотиржамсиз?! У онаси бўлса, биз хотинимиз-ку ахир! Болаларининг онасимиз. Бизни боқишга мажбур улар! — жазаваси тутди Нодиранинг. — Пули кафанликка буюрсин, илоҳим!
— Ҳа, баракалла, — овозини пасайтирди Зарифа. — Ойижоннинг қон босими баланд. Давлениеси кўтарилишига сал ёрдамлашворсак, уй-жой ҳам, ўғиллари ҳам, мол-дунёси ҳам ўзимизга қолади.
Нодира бирдан ҳушёр тортди. Сўнг аста овсинининг ёнига чўккалади…
— Ойижон, бугун чоршанба, муродбахш кун. Опажон билан маслаҳатлашиб кечқурунга тугун ош қилсак, дегандим. Ўғилларингиз ҳам мусофир юртларда юрибди, — деди нонушта чоғида Нодира.
— Ойижон, гузардан бир килогина қўй гўшти олиб келайликми ёки тайёр қийма яхшими? — дастурхонга фотиҳа ўқилгач ўрнидан қўзғалди Зарифа.
— Қўй гўштидан мазали чиқади, қиймага ишонч йўқ, — камзулининг чўнтагини кавлади Хосият хола.
— Ойижон, ўзимда бор, қўяверинг, эгнимга тузукроқ кўйлагимни кийиб олсам бўлди.
— Опажон, уйдаги уннинг ранги сал хирароқ. Икки кило ун ҳам ола келинг. Хамирини ўзим юпқа қилиб ёяман. Пулингиз етмаса, бераман, — очиқ чеҳра билан деди Нодира.
— Йўғ-э, овсинжон, акам кеча келганида бир ойга етадиган пул ташлаб кетган. Ўзим олиб келаман. Сеники-меники бор эканми? Сиз болаларга қараб туринг.
Зарифа шундай деб, чопқиллаб чиқиб кетди. Нодира ошхонага йўл олди.
«Кўз тегмасин, уч-тўрт кундан буён овсинлар аҳил бўлиб қолишди. Болаларининг ўртасига ҳам тушишмаяпти. Бундай олиб қараганда, талашишларига нима бор ўзи? Топган-тутганимиз, бор-йўғимиз шуларники бўлса. Эртага каттаси уй қуриб чиқиб кетса, эгачи-сингил бўлиб юришса, болалари ҳам бир-бирига меҳрибон бўлади. Инсоф бергани рост бўлсин, ўғилларим соғ-саломат бағримга қайтсин. Қўшганлари билан қўша қарисин, — келинларининг аҳиллигидан қувониб, кўзига ёш олди Хосият хола. — Қодирим полвон, унча-мунчага чарчамайди, аммо Нодиржон сал нозикроқ-да. Қодир бўйимда бўлиб қолгач, Нодиржонни сутдан чиқарганим чатоқ бўлган экан. Ҳозирги эсим бўлганда эмизаверардим. Ҳа, майли, мусофир юртларда болаларимни Ўзингнинг паноҳингга топширдим, Худойим.........