Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллар ҳақида васиятлари
Абу Ҳурайра розияллоху анхудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, бир ишга шоҳид бўлса, яхшиликни гапирсин ёки жим турсин! Аёлларга яхши муомала қилинглар, чунки аёл қовурғадан яратилган. Қовурғанинг энг эгри жойи унинг юқорисидир. Уни тўғрилашга уринсанг, синдирасан, (шу ҳолича) ташлаб қўйсанг, эгрилигича қолаверади. Аёлларга яхши муомала қилинглар!» (Имом Муслим ривояти).
Шарх:
Ислом аёлни ғамхўрлик ва унинг ҳақига риоя қилиш йўли билан турли хатарлардан ҳимоя қилади. Унинг қадрини оширди. Уни ҳурматлаш ва яхши муомала қилишга чорлади. Ислом олдинги умматларнинг чиркин одатларини бартараф этди. Аёл, олдинги умматлардагидек, шайтон ҳам, жин хам эмас. Сотиладиган ва сотиб олинадиган матоҳ хам эмас. Балки у эркак каби бир аслданnяралган. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Эй, одамлар! Сизларни бир жон (Одам)дан яратган ва ундан жуфти (Ҳавво)ни яратган ҳамда иккисидан кўп эркак ва аёлларни таратган Раббингиздан қўрқингиз!» (Нисо сураси, 1-оят). Пайғамбарлар саййиди Муҳаммад соллаллоху алайҳи ва саллам «Аёлларга (яхши) муомалада бўлинглар» деб нидо қилганларидек, уларни ҳимоя қилайлик ва улар билан яқин бўлайлик! Улардан ким камчилик ёки нуқсон топса, ғазабланмасин ва қаттиққўллик ҳам қилмасин. Чунки Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Албатта, аëл қовурғадан яратилган. Қовурганинг энг қийшиқ жойи унинг юқорисидир. Уни тўғрилашга уринсанг, синдириб қўясан. Агар ташлаб қўйсанг, қийшиқлигича қолаверади. Бас, аёлларга (яхши) муомалада бўлинглар!» деб марҳамат қилганлар. Киши аёл билан муроса-ю мадора қилиши керак, унинг ишларига сабр қилиши зарур. Чунки Аллоҳ таоло аёллар туфайли жонларни турли хилқат ва табиатда яратди. Худди Аллоҳ таоло Имроннинг аёли ҳақида хабар берганидек: «Ахир, (у кутган) ўғил бу қиздек (хислатли) бўлмасди» (Оли Имрон сураси, 36-оят). Ушбу ҳадисдан маълум бўладики, албатта, аёллар билан афв сояси остида сиёсат қилиш ва уларнинг баъзи камчиликларига сабр этиш зарур. Ким уларнинг истакларига ва камчиликларига қарши курашса, уларнинг катта-ю кичик ишларидан камчилик ахтараверса, ўзи билмаган нарса билан шуғулланиб қолади ҳамда бошини тоқати етмайдиган ишга суқиб қўяди. Кошки у Набиййи муҳтарам соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Уни тўғрилашга уринсанг, синдириб қўясан. Агар ташлаб қўйсанг, қийшиқлигича қолаверади. Бас, аёлларга (яхши) муомалада бўлинглар!» деган сўзларини тушуниб етса! Ва шундан хулоса чиқариб, тоқати етмайдиган ишга киришмаса?! Аёлдаги яхшилик ва латофатни кўриб, у билан аҳил бўлиш, гарчи қийин бўлса-да, сабр ва бунинг ортидан ажрни жамлайди. Чунки ана шу қийшиқликни тўғрилашга киришиш мутлақо беҳуда ишдир. Бу ҳақда Имом Муслим ривоят қилган саҳиҳ ҳадис бор. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар: «Аёл киши (эгри) қовурғадан яратилган. У ҳеч қачон тўғри бўлмайди. Ундан шундайлигича эгрилигича фойдалансанг, фойдаландинг. Уни тўғрилашга уринсанг, синдириб куясан. Уни синдиришинг эса, талоғини беришингдир». Эркак кишининг дунёда аёли билан тинч-тотув яшаши, унга қаноат қилиши зарур. Оила мустаҳкамлиги сабр билан бўлади. Бунинг учун эса «ҚИЙШИҚЛИК»ка кўз юмиш керак.
«Аёллар ҳақида муборак қирқ ҳадис шарҳи» китобидан.