ВОЙДОД, АФҒОНИСТОН БЎЛИБ КЕТДИ.
Ассалому алайкум, тутуруқли оиладан чиққан, тутуруқли ўқирманлар. Яқинда Самарқандда автобусда аёллар ва эркакларни жойини алоҳида қилган ҳайдовчи ҳақидаги воқеани кузатдим. Айнан шу мавзуда анча олдин ёзган эдим. Шу ҳикояни яна бир улашай.
Японияга янги келган пайтларим эди. Уйдан ўқишимгача метрода 45 дақиқача вақт кетади. Ҳар куни бир хил йўлдан қатнайман. Бир куни шошилиб, югуриб метрога чиқдим. Япон метролари эрталаб шунақа тирбанд бўладики, манзилингизга етиб олгунча ўзингизни қамалиб чиққан маҳбусдек ҳис қилиб юборасиз.
Хуллас, шошилиб катта тезликда чиқиб олдим. Бир чеккароғига бордим, суяниб тик-турган ҳолда кетаябман. Тўсатдан кўзим рўпарамдаги битта қизга тушди. Менга шунақа меҳр билан тикилаябди-ки, одамни ҳижолат қилиб юборадиган даражада. Секин телефонимга қараган киши бўлиб, кўзимни олиб қочдим. Бу Япон қизлари ғалати эканку, бизни Ўзбек қизларига сал кўпроқ қараб қўйсангиз уялиб ерга кириб кетади. Булар сизни ерга тиқворар экан. Шунақа ҳаёллар миямда ғужғон айланиб турган пайтда, секиииинннн кўзимни телефондан кўтариб қарасам, у қиз ҳали ҳам тикилиб ўтирибди. У қизга ёнидаги яна битта қиз қўшилди. Кейин ёнидаги 1-2 та жувонлар ҳам қўшилишди. Ҳаммасини кўзи менда. Энди, «Вапшим» тамом бўлдим. Энди телефонни орқасига яшиниб бўлмайди. Энди каттароқ нарса керак деб, сумкамдан китобимни олиб, юзимни беркитадиган даражада кўзимни олдига олиб келиб, ўқий бошладим. Ўқиш қайда, мия ҳар доимгидан 10 баробар кўпроқ ишлай бошлади. Ҳаёлда минг хил фикрлар.
Аям ҳар доим мани ўғлим дунёдаги энг келишган йигит, истарали йигит, ким кўрса ёқтириб қолади, одамларни қизига совчи келса, мани ўғлимга совчи келаябди деб мақтаниб юрардилар. Ўша пайтлари типратикан ҳам боласини юмшоғим деганидек, аямларга шундай кўринсам керак деб ўйлар эдим. Аммо, бу Япон қизларининг менга бу даражада меҳр-муҳаббат билан қарашига қараганда аям ҳақ эканлар. Ҳақиқатдан ҳам фавқулотда «Черезчур» келишган йигит эканман деб ўйлаб турсам, бир қиз мен томонга қараб келаябди. Кўзларида меҳр мужассам. Ҳудди «Тўрт қадам қолади, етишга сенга» деб романтик қўшиқ айтиб келаётгандай. Ниҳоят етиб келди: «Сумимасен, кочирава жосеи сенёуша нан десукедо» ( Кечирасиз, бу фақат аёллар минадиган жой) деб қолдику. Ҳаммаси тамом бўлди. Келишган йигитлигим ҳам бир тийин бўлиб, келишолмай қолди))
Қарасам катта қилиб ёзиб қўйилган экан: «Фақат аёллар учун» деб. Узр сўрадим-у, шунақа катта тезликда қочдимки, шу билан у аёллар бошқа кўришмади мени))
Хуллас, Японияда тирбандлик пайтида аёлларга тегажоғлик бўлмасин, ноқулайлик бўлмасин, эркаклар билан ёпишиб тиқилиб кетмасин деб фақат аёллар миниши учун алоҳида «Вагон»лар ташкил этишган. Поезд, метроларда шунақа шилқимлик, тегажоғлик бўлганки шуни йўлга қўйишган. Ҳаттоки, атайдан аёлларга тиқилиб, ҳамма жойига ишқаланган Япон эркаклари кўпайгани учун ҳам шунақа қилишган. Энг қизиғи, бизда энди бошланган "Аёллар ҳуқулари" деган нарса, Японларда анча олдин бошланган. Ривожланиб-ривожланиб, чўққисига етганда, "Аёллар учун алоҳида вагонлар" талаб қилишни бошлашган. Кўраябсизми? Сиз чўққига етганда талаб қиладиган ҳуқуқингизни биз ҳозирдан таклиф қилаябмиз))
Шунинг учун ўзимизда бўлган воқеадан диний фон ясаб, тўғрими нотўғрими мусулмонларга қарши чиқсам бўлди деб, «Войдод Афғонистон бўлиб кетди, Сурия бўлиб кетди» демасдан оддий қабул қилаверинг. Зеро, тиқилиб, ишқаланиб, ғашингизга тегадиган, атай шунақа пайтларни пойлаб юрадиган «Моняк»лардан дан ҳалос бўласиз. Бу мавзуга қарши чиқаётган аёллар, нима бўлопти сизга? Майнангиз жойигами? Сизга автобус, поездда, шилқимлик қилишса ёқоптими? Булли қилингеeе😁
Мабодо, бизда ҳам Транспорт вазирлиги уйғониб, шу тизимни жорий қилишса, фавқулотда келишган эркаклар ва «черезчур» гўзал аёллар эҳтиёт бўлинг! Манга ўхшаб адашиб миниб олиб куйиб юрманглар))
Bahodir Iskandarov
https://t.me/BahodirIskandarov