#ТАЛАБА ДЎСТЛАРИМГА.
Қўпорувчилик ва терроризм ўртасидаги бешта асосий фарқни биласизми ?
Қўпорувчиликни таснифлаш концепцияси ва ёндашувларини ишлаб чиқишни мураккаблаштирадиган омил – бу қўпорувчиликни террор ва терроризм билан фарқлаш муаммоси ҳисобланади. Терроризмнинг жиноят-ҳуқуқий таърифи масаласида олимлар ўртасида ягона келишув мавжуд эмас.
Ҳозирги вақтда терроризмнинг 200 га яқин тушунчалари мавжуд бўлиб, уларнинг ҳеч бири умумий қабул қилинмаган.
Жиноят кодекси 161-моддасига кўра, қўпорувчилик, яъни Ўзбекистон Республикасининг давлат органлари фаолияти ёки ижтимоий-сиёсий вазиятнинг барқарорлигига ёки иқтисодиётига путур етказиш мақсадида одамларни қириб юбориш, уларнинг соғлиғига зиён, мулкка шикаст етказиш ёки уни нобуд қилишга қаратилган ҳаракатлардан иборат.
Жиноят кодекси 155-моддасига кўра, терроризм – халқаро муносабатларни мураккаблаштириш, давлатнинг суверенитетини, ҳудудий яхлитлигини бузиш, хавфсизлигига путур етказиш, уруш ва қуролли можаролар чиқариш, ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштириш, аҳолини қўрқитиш мақсадида давлат органини, халқаро ташкилотни, уларнинг мансабдор шахсларини, жисмоний ёки юридик шахсни бирон бир фаолиятни амалга оширишга ёки амалга оширишдан тийилишга мажбур қилиш учун зўрлик, куч ишлатиш, шахс ёки мол-мулкка хавф туғдирувчи бошқа қилмишлар ёхуд уларни амалга ошириш таҳдидидан иборат.
Терроризм тушунчаси формуласи Ўзбекистон Республикасининг "Терроризмга қарши кураш тўғрисида" ги 2000 йил 15 декабрдаги 167-II-сонли қонуни билан баён этилган (батафсил қаранг).
Қўпорувчилик ва терроризм мақсадларининг маълум бир умумийлигига қарамай, кўриб чиқилаётган ҳодисалар ўртасидаги баъзи фундаментал фарқларни аниқлаш мумкин.
Демак, қўпорувчилик ва терроризм ўртасидаги конкрет фарқлар қуйидагилардан иборат:
биринчидан, терроризм тинчлик ва инсониятнинг хавфсизлигига қарши, қўпорувчилик эса, бевосита Ўзбекистон Республикасига қарши жиноят ҳисобланади;
иккинчидан, қўпорувчиликда жиноятчиларнинг ҳаракатлари қоида тариқасида иқтисодий зарар етказишга қаратилган бўлса, терроризмда улар аҳолини қўрқитиш ва вазиятни беқарорлаштиришга қаратилган. Қўпорувчиликнинг мақсади, асосан, давлатни иқтисодий-ижтимоий жиҳатдан заифлаштириш бўлса, терроризмда эса халқаро муносабатларни мураккаблаштириш, қарор қабул қилишга мажбурлаш ёки қарор қабул қилишдан қайтариш ҳисобланади;
учинчидан, қўпорувчи одатда яширин ҳаракат қилади, террорчи эса намойишкорона ҳаракат қилади ва оммавий ахборот воситалари ва аҳолининг эътиборини тортади. "Қўпорувчилик" соф ҳарбий атамадир. Айни вақтда терроризм ҳеч қачон аноним бўлмайди. Агар намойишкорона мақсад бўлмаса, террор бутун маъносини йўқотади. Аксинча, қўпорувчиликнинг ажралмас шарти махфийликдир - операцияни из қолдирмасдан амалга ошириш;
тўртинчидан, қўпорувчиликда жиноий ҳаракатнинг моддий хусусияти биринчи даражали аҳамиятга эга. Терроризмда эса сиёсий ва салбий-ҳиссий жиҳатлар муҳим ҳисобаланди;
бешинчидан, терроризм жиноятининг мақсадлари шунчаки (қўпорувчиликдаги каби) давлат органлари фаолияти ёки ижтимоий-сиёсий вазиятнинг барқарорлигига ёки иқтисодиётига путур етказиш ёки мулкка шикаст етказиш ҳисобланмайди. Санаб ўтилган мақсадлар террорчилик ҳаракатларининг бир жиҳати холос. Терроризмда давлатнинг суверенитетини, ҳудудий яхлитлигини бузиш, хавфсизлигига путур етказиш, уруш ва қуролли можаролар чиқариш, ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштириш устувор мақсад ҳисобланади. Қўпорувчиликда муайян инфратузилмани вайрон қилиш устувор вазифа сифатида қўйилади.
P.S. Бир қарашда ўхшаш бўлган мазкур жиноят таркиблари аслида ўзаро кескин фарқ қилувчи қилмишлар ҳисобланади.