Менинг исмим Аброр ва мен омадли инсонман. Жудаям. Мен билан содир бўлган ва бўлаётган жараёнларнинг кўпини шу орқали осонроқ тушунтирса бўлади. Айниқса сўнгги 4-5 йилликни.
Green Card лотореясида ютуқ чиқиб қолгани учунгина бундай демаяпман. Бу жуда ёрқин наъмуна, катта мисол. Лекин бу кўплаб шундай воқеаларнинг бири холос. Ундан аввал ва кейин ҳам буни қайта-қайта тасдиқловчи ҳолатлар етарлича бўлган.
Пароли алмашиб кира олмай қолганим твиттердаги эски саҳифамнинг энг юқорисига омадли инсон эканлигим ҳақидаги твитни 2014 йилнинг апрелида михлаб (пин) қўйган эканман. Яшил карта воқеаларидан анча илгари.
Лотореяга ютуқ чиқиши — ҳеч қайси воқеалар ривожининг мантиқий давоми эмас. Унга ҳаракат қилиш, муносиб бўлиш, ютиш учун асослар тайёрлаш мумкин эмас.
Ўйласам, мен ҳозир ишлаётган соҳамга келиб қолишим ҳам айнан шунақа бўлган. Агар ўзим билан бўлмаганида, бу сценарийга ишонмасдим. Аҳад Қаюмликда айблаворардим ҳикоячини.
Трамп тоға ўнг қўлини кўтариб, қасамёд қилаётган куни АҚШга кириб келган, боши айланиб инглиз тили филологиясида ўқиб, ҳар доим футбол журналистикасида ишлаган Аброрнинг, бу ерда ҳеч бир танишсиз, ҳеч қандай режасиз нимани қойиллатиши номаълум эди. Ўзи билан олиб келган маблағи бемалол кўнглига мақул иш чиққунига қадар яшаб туришга етмасди. Иккита чемадан, озгина қарз ва кичик оиласини олиб келганди холос у Ўзбекистондан. Яна... омадини ҳам. Яхшиямки.
Энг тез жойлашиш мумкин бўлган иш — пицерияда ҳайдовчилик эди. Зўр вариант. Америкадаги ягона танишим — синфдошим бир рақам берди. Итальянланлар пицериясида ишлайдиган ўзбек йигитнинг рақами. У эртасигаёқ ишни гаплашиб берди. Кунига 12 соатлаб, ҳафтада 6 кун ишлай бошладим. Бошқа иш қидиришга шунчаки вақт қолмаганди ва шу тарзда икки-уч ой ўтиб кетди.
Менга бироз ёрдам бериш мақсадида Ирош мен уйда бўладиган кунимга ўзига кунлик ишлар қарарди. Машинада обориб келиш, қизимга қараб туришим мумкин эди. Шунақа якшанбаларнинг бирида Facebooдаги эълон орқали бир уйни тозалашга бордик. Етиб борганда аниқланишича — ўзбекистонликлар уйи. Уй эгаси ҳовлида ўғли билан ўйнар ва русча-ўзбекча аралаштириб гапирарди. Машиндан тушдим, бордим, танишдим. Гаплашдик. Ўзбекстондан қачон келганим, нима иш қилишим, инглиз тилини билиш-билмаслигимни сўрагач, "Биласизми, менинг ўз компаниям бор. Логистик компания. Катта юк машиналарига буюртмалар топиб бериш билан шуғулланамиз. Биз ҳозир диспатчер қидиряпмиз, мана контактим, телефон қилинг", деди.
Икки ҳафталардан кейин "Davis Cargo"да компания асосчисининг ўзидан иш ўрганишни бошладим. Кейин бошқа тажрибали мутахассислар олдида ўтириб, ҳар битта гапини ёзиб, ишлатган сўзларини ёдлаб ўтирдим. Иккинчи ҳафтада биринчи буюртмани олдим.
Икки ярим йил давомида турли сменаларда, турли вазифаларда ишладим. Диспетчерлар жамоасига етакчилик қилдим, компаниянинг Тошкентдаги офиси очилишида иштирик этдим, ўзбекистонлик йигитларга иш ўргатиш учун икки бор хизмат сафари билан Ватанга юборишди.
Шу компанида танишганим, кейинчалик ўз ишини бошлаган дўстим кейинроқ мени Оҳайо штатига чақриди. Яхши таклиф берди. Мен унинг компаниясига қўлдан келганча ёрдам беришга ҳаракат қилдим, у эса менга ўз компаниямни очиш борасида кўмаклашди. Бу йилдан бошлаб эса бутун эътиборни мана шу компанияни ривожига қаратишга қарор қилдим.
Авваллари каналда ишим ҳақида ёзишим шарт эмас деб ҳисоблардим ва бу ҳақида деярли ёзмасдимам. АҚШдаги ҳаёт ҳақида ёзиш ва гапиришнинг ўзи етарли деб ўйлардим. Энди эса иш ҳаётнинг янада каттароқ қисмини банд этадиган бўляпти. Бу ҳақида бўлишиш яхши деб ўйладим.
Америкада логистика соҳаси ўзбеклар учун бегона эмас. Юздан ортиқ катта ва кичик трак компаниялари бор ўзбеклар томонидан асос солинган. Янги тенденция бошлаётганим йўқ. Менинг агар улардан биргина фарқим бўлса, бу — мен бу соҳани эмас, соҳа мени танлаган. Ўзига шукрлар бўлсин.
"Leo Logistics" лойиҳасида ватандош ҳайдовчилар янада кўпайса бундан фақат ҳурсанд бўламан! Ўз юк машинаси бор ҳайдовчиларни ҳам, ижарага трак олиб ишлашни истагидаги ҳайдовчиларни ҳам бирдек ҳамкорликка чақираман.
(380) 867-0926
(321) 347-9686
[email protected]