#Мақола
Ҳар кунимиз ҳайит бўлсин!Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларида у (мадиналик)ларнинг икки байрами бўлиб, улар ўша кунларда ўйин-кулги қилишар эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Бу икки кун қандай кун?” деб сўрадилар. Улар: “Биз жоҳилиятда шу кунлари ўйин-кулги қилар эдик”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Албатта, Аллоҳ сизларга у иккиси ўрнига улардан кўра яхшироқ – Азҳо (Қурбон ҳайити)
ва Фитр (Рамазон ҳайити)
кунларини берди”, дедилар
(“Сунан” эгалари ривоят қилишган). * * *
Тонгдан масжидлар ҳайит намозини адо этишга келганлар билан тўлади. Аёл-қизлар эса қуёш чиқмай туриб ҳовли, кўчаларни тозалаб қўйишади. Масжидга бораётганлар бу озодаликдан баҳра оладилар. Бир-биримизни ҳайит билан табриклаймиз. Дастурхонлар тўкин, таниш-нотанишлар эса ширинсўз, меҳрибон бўлишади. Айниқса, болажонлар бу кунда ҳадялар олиб, қувнашади. Қариндошлар дийдорлашади.
Бироқ ҳайитни байрам қилиш ўрнига уни азадай ўтказадиганлар ҳам бор. Масалан, бирор инсон вафот этса, “Биринчи ҳайитлик”, “Иккинчи ҳайитлик” дея таъзия маъракалари қилиш ҳолатлари учрайди.
Ҳайит кунлари қабристонга бориш ҳам дуруст эмас. Айрим ҳудудларда келин томонидан ҳайитлик дея тоғора-тоғора овқатлар, қимматбаҳо буюмлар юборилади. Айниқса, юкли келиннинг меҳмон кутиши, тез-тез “келинсалом” қилиши унинг саломатлигига жиддий зарар етказиши мумкин.
* * *
Азиза опанинг ҳам бошига шундай иш тушди. Эрига қандай айтади? Олим ака: “Онаси, бу ой бироз қийналамиз, ойлигим билан тўйдаги қарзларни ёпамиз”, деган эди. Қизи келиб, қайнонаси ҳар гапида қўшни келиннинг ўтган йилги ҳайитлигини мақтаётганини, улардан ҳам шуни кутаётганини айтиб кетди. Ўнта тоғораю бошдан-оёқ сарпо бўлмаса ҳам, жилла қурса, ярмини жўнатиш керак. Қизининг “Ойи, ҳайитлик олиб келасизми?” дейишидан масала жиддий эканини англади. Эрига айтди ва... Кечқурун қизига қўнғироқ қилди: “Дадангнинг қон босими ошди. Ҳозир шифохонадамиз...”
Афсуски, бундай ҳолатлар кам эмас. Рўзғорига оғирлик қилган кераксиз талаблардан кимнингдир тоби қочса, баъзан бу иллат ажримларга, қариндошлик ришталари узилишига сабаб бўлмоқда.
Амр ибн Ясрибий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Мусулмон кишининг кўнгилдан чиқариб бермаган моли (олувчи учун)
ҳалол бўлмайди”, деганлар
(Имом Ҳоким ривояти). Бир ўйлаб кўрайлик, тўй қилганига ҳеч қанча вақт бўлмай, яна тоғоралар, сарполар қилишга ким ҳам рози бўларди? Бу ҳолатларни бартараф этишга ҳаракат қилиняпти. Лекин муаммолар ҳамон оз эмас. Тарғибот ишларини кўпайтириб, имом-хатиблар, отинойилар салбий иллатларни бартараф этишга ҳисса қўшишяпти. Амалларимизнинг гўзал бўлиши ўзимизнинг ихлосимиз, нафсимизни ҳой-ҳаваслардан тия олишимизга боғлиқ. Рамазон ҳайитини суннатга мувофиқ ўтказайлик. Иншоаллоҳ, бунинг учун ҳам ажру мукофотга сазовор бўламиз.
Мансура МЕЛИБОЕВА,Сирдарё вилояти"Мўминалар", 3-сон, 2024 йил
@muminalaruzb