Homidjon Ishmatbekov @tuhur Channel on Telegram

Homidjon Ishmatbekov

@tuhur


Ушбу телеграмм каналда сиз диний илмий-оммабоп маълумотларга эга бўлиб борасиз. Аллоҳ таоло барчамизга билганларимизга амал қилмоқликни насиб айласин.

tuhur (Uzbek)

Assalomu alaykum! Siz "tuhur" nomli Telegram kanaliga xush kelibsiz. Bu kanalda siz diniy ilmiy-ommabop ma'lumotlarga ega bo'lishingiz mumkin. Kanalda Alloh ta'olo barqamizga bilganlarimizga amal qilmoqlikni nasib aylasishingiz uchun qiziqtirici ma'lumotlar, foydali narsalar va fikr-mulohazalar sizni kutmoqda. Bu kanal sizga ma'naviyat, diniy bilimlar va foydali maslahatlar bilan o'z munosabatingizni kuchaytirishga yordam beradi. Sizga uncha savol bo'lsinmi? "tuhur" kanali sizga javob beradi. Xo'sh, kanallashuvni yig'ishga tayyormisiz? Keyinroq tashrif buyuring va bilimga yo'l qo'yuvchi manzillarimizni qidiring! Sizni "tuhur" kanalida ko'rishimizni kutib qolamiz.

Homidjon Ishmatbekov

20 Nov, 09:16


Қуръони каримда доимо кеча кундуздан олдин зикр этилади:
وَهُوَ الَّذِي خَلَقَ اللَّيْلَ وَالنَّهَارَ وَالشَّمْسَ وَالْقَمَرَ
“У кеча ва кундузни, Қуёш ва Ойни яратган зотдир” (Анбиё сураси, 33-оят).
Бу Ислом динида кун Қуёшнинг ботиши, яъни кечанинг кириши билан бошланишига далолат қилади.

Қуръони каримда доимо ўлим ҳаётдан олдин зикр этилади:
كَيْفَ تَكْفُرُونَ بِاللَّهِ وَكُنتُمْ أَمْوَاتًا فَأَحْيَاكُمْ
“Ўлик эканингизда сизни тирилтирган Аллоҳни қандай инкор этасиз?” (Бақара сураси, 28-оят).
الَّذِي خَلَقَ الْمَوْتَ وَالْحَيَاةَ لِيَبْلُوَكُمْ أَيُّكُمْ أَحْسَنُ عَمَلًا
“У сизларни қайси бирингиз чиройлироқ амал қилувчи эканингизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган зотдир” (Мулк сураси, 2-оят).
Бунинг сабаби, инсон аввал бошда ўлик бўлган, сўнгра Аллоҳ таоло уни тирилтирган.

Қуръони каримда доимо ейиш ичишдан олдин зикр этилган:
كُلُوا وَاشْرَبُوا وَلَا تُسْرِفُوا
“Енглар, ичинглар, лекин исроф қилманглар” (Аъроф сураси, 31-оят).
كُلُوا وَاشْرَبُوا هَنِيئًا بِمَا كُنتُمْ تَعْمَلُونَ
“Сизлар қилиб ўтган яхши амалларингиз эвазига бемалол еб-ичинглар” (Тур сураси, 19-оят).
Бунинг сабаби, таом тановул қилингач албатта, кетидан суюқлик ичиш фойдалидур.

Шунингдек, Қуръони каримда доимо мевалар гўштдан олдин зикр этилган: 
وَأَمْدَدْنَاهُم بِفَاكِهَةٍ وَلَحْمٍ مِّمَّا يَشْتَهُونَ
“Биз уларни кўнгиллари истайдиган мева ва гўшт билан қувватлантирурмиз” (Тур сураси, 22-оят).
وفاكهة مما يتخيرون ، ولحم طير مما يشتهون
“Ўзлари танлаб оладиган мева ва иштаҳалари тортадиган қуш гўштлари билан таъминлармиз” (Воқеа сураси, 20-21-оятлар).
Бунинг сабаби, таомланишда аввал мева еб, ундан кейин гўштли таомни тановул қилиш фойдалидир.

Валлоҳу аълам биссавоб.

https://t.me/tuhur

Homidjon Ishmatbekov

20 Nov, 07:45


Илоҳий қонунлар;

1.Ким “ҳамд” айтишни ўзига одат қилса, унга доим яхшиликлар тўхтовсиз етиб туради.
2.Ким “ла ҳавла вала қуввата илла биллаҳ” калимасини доимий айтиб юрса, ҳар қандай қийин ишлари юришиб кетаверади.
3.Ким Расуллуллоҳга салавот айтиб юришни одат қилиб олса, гуноҳлари кечирилиб, барча ташвишлари арийди.
4.Ким Аллоҳни хотиржамлик вақтларида кўп эсласа, Аллоҳ таоло уни энг қийин вақтларида эслайди.
5.Ким Аллоҳ таолога таваккул қилса, Аллоҳ унга кифоя қилади.
6.Ким Аллоҳнинг ўзидан ҳожатларини тиласа, Аллоҳ уни беҳожат қилиб қўяди.
7.Ким Аллоҳга илтижо қилса, Аллоҳ уни Ўз паноҳига олади.

https://t.me/tuhur

Homidjon Ishmatbekov

18 Nov, 10:12


Бировга чоҳ қазисанг ўзинг тушасан

Ривоят қилинишича, икки аёл қози Ибн Абу Лайлонинг ҳузурига киришибди. У ўз замонида машҳур қозилардан бўлган. Қози: "Аввал ким гапни бошлайди?" деб сўради. Улардан бири иккинчисига: "Сен бошла", деди. Биринчи аёл сўзга чиқиб: "Эй қози, менинг отам вафот этган. Бу аёл менинг аммам бўладилар. Мен бу кишини онам деганман. Чунки отамдан кейин у мени ўз тарбиясига олди, ювиб, тараб вояга етказди", деди. Қози: "Кейин нима бўлди?" деб сўради. Аёл давом этди: "Амакимнинг бир ўғли бор эди. У менга совчи бўлиб келди. Аммам мени унга никоҳлаб берди. Аммамнинг ҳам бир қизи бор эди. Орадан уч йил ўтиб, аммам турмуш ўртоғимни хулқи яхши эканлигини кўргач, унга ўз қизини беришни таклиф қилди. Қизини зийнатлаб, турмуш ўртоғимга кўрсатди. Эримга қиз ёқиб қолди. Аммам унга шарт қўйди: "Сенга қизимни турмушга бераман, лекин эвазига менинг жияним, яъни аёлингни тақдирини мени қўлимга топширасан" деди. Турмуш ўртоғим бу шартга рози бўлди. Тўй куни аммам келиб менга: "Эринг қизимга уйланди, сенинг масалангни менга топширди, сен талоқсан", деди. Шу тариқа бир кеча-кундузда мен талоққа чиқдим. Ундан кўп ўтмай аммамнинг турмуш ўртоғи узоқ сафардан қайтиб келди. Мен унга: "Эй аммамнинг турмуш ўртоғи, менга уйланасанми?" деб сўрадим. У машҳур шоир эди. Аммамнинг турмуш ўртоғи таклифимга рози бўлди. Лекин мен ҳам унга шарт қўйдим: "Агар менга уйлансанг аммамнинг, яъни хотинингни тақдирини менинг қўлимга топширасан" дедим. У бу шартга ҳам рози бўлди. Шунда аммамни чақирдим. Унга: "Эринг сенинг тақдирингни менга топширди, сен талоқсан", дедим ва аммамни талоқ қилган бўлдим. Кейин унинг турмуш ўртоғига турмушга чиқдим. Худо умрингизни узоқ қилсин эй қози, -деди аёл.
Бу воқеани эшитган қози ўрнидан туриб кетди ва: "Эй Худо!" деб ҳайратда қолди. Аёл: "Ўтиринг, ҳали асосий воқеа бошлангани йўқ", деди. Қози: "Давом этинг", деб унга жавоб қилди.
Аёл давом этди: "Бир муддат ўтиб, шоир эрим вафот этди. Аммам эса собиқ турмуш ўртоғидан мерос талаб қилиб келди. Мен унга: "Бу менинг эрим, сенинг меросда ҳаққинг йўқ?" деб айтдим. Турмуш ўртоғим вафотидан кейин идда муддатим тугагач, аммам ўз қизи ва куёви, яъни менинг биринчи эрим билан келди ва уларни мерос масаласида ҳукм чиқаришларини талаб қилди. Биринчи эрим мени кўриши билан ўтмишдаги бахтиёр кунларимизни эслаб, менга қайта муҳаббати уйғотди. Мен унга: "Менга қайтасанми?" дедим. У: "Ҳа", деб жавоб берди. Мен унга: "Лекин бир шарт билан: аммамнинг қизининг тақдирини менга топширасан", дедим. У рози бўлди. Шунда аммамнинг қизига: "Сен талоқсан", дедим. Воқеанинг бу тарзда ривож топишини кўрган қози Ибн Абу Лайло бошини қўллари билан чангаллаб қолди ва: "Савол қаерда?" деб сўради.
Аммам: "Эй қози, мен ва қизим талоқ қилинганимиз ва бошқа бир аёл эса икки эркакни ва меросни эгаллаб олиши қонунга зид эмасми?", деди. Ибн Абу Лайло қози: "Аллоҳга қасамки, бунда ҳеч қандай шариатга зид нарсани кўрмадим. Бир киши икки марта уйланиб, икки марта талоқ қилган ва ишни бошқа бировга топширган", деди.
Шундан сўнг қози ҳокимнинг олдига бориб воқеани сўзлаб берди. Воқеани эшитган ҳоким кулгудан ўзини тўхтата олмай: "Эҳ, шум кампира! Бировга чуқур қазима, ўзинг унга тушасан, дейишар эди, бу эса бутун бошли денгизга чўкибдику!" дебди.

https://t.me/tuhur

Homidjon Ishmatbekov

18 Nov, 06:38


National Geographic телеканали иккита маймун устида ўтказилган тажрибани намойиш қилди. Гап шундаки, иккита маймунни ёнма-ён қафасга қамаб, уларнинг ҳар бирига биттадан кичик ҳажмдаги тош берилди. Сўнгра улардан тошни қайтариб бериш сўралди. Биринчи маймун тошни қайтариб бергани эвазига унга мукофот тарзида битта бодринг берилди. Маймун бодрингни олар экан, қувончдан сакраб ўйнади ва иштаҳа билан уни ея бошлади.
Иккинчи маймун тошни қайтариб берганида эса, унга бир вош қизил узум совға қилинди. Буни кўрган биринчи маймундаги бояги қувонч йўқолди.
Иккинчи марта яна маймунларга биттадан кичик тош берилди ва яна қайтариб бериш талаб этилди. Биринчи маймун тошни қайтариб берганида унга яна бодринг берилди. Маймун бодрингни олди, аммо аввалгидек қувонч билан эмас ва уни ейишга ҳам шошилмади. Балки, иккинчи маймунга нима берилишини кутиб турди. Иккинчи маймунга яна узум берилганини кўргач, бодрингни ғазаб билан улоқтириб ташлади.
Тажриба учинчи марта ўтказилганда, биринчи маймунга тош берилиши билан уни олиб улоқтириб ташлади, ҳатто совғани ҳам кутмади. Сабаби, у биринчи марта мукофотга бодринг олганида қанчалик қувонган бўлса, кейинги икки галда бошқа маймун ҳам у билан бир ҳил амалиётни бажаришига қарамай унга мазалироқ бўлган узум берилаётганини кўргач бодрингни улоқтириб ташлади.
Ушбу тажрибадан шу нарса маълум бўлдики, ижтимоий адолат бу касб орқали топиладиган нарса эмас, балки у фитрий инстинкт экан. Демак, ижтимоий адолатнинг таъминланиши инсонларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашларининг асосидир.

https://t.me/tuhur

Homidjon Ishmatbekov

18 Nov, 05:21


Ҳаёт ҳақиқатлари:

Танадаги нуқсонни икки метр мато билан ёпиш мумкин, аммо фикрлашдаги нуқсон биринчи мунозарадаёқ фош бўлади.
Касаллик фақат танадагина бўлмайди, балки ахлоқда ҳам бўлади. Шунинг учун қачон хулқи ёмон одамни кўрсангиз, Аллоҳдан унга шифо сўраб дуо қилинг. Шу билан бирга Аллоҳ сизни ундай балодан омонда қилгани учун Унга ҳамд айтинг.
Барчамиз нутфадан яралганмиз, аслимиз тупроқдан, энг қиммат кийимимиз ипак қуртининг сўлагидан, энг лазиз таомимиз асаларининг чиқиндисидан, охир борар жойимиз ер остидаги ўра.

https://t.me/tuhur

Homidjon Ishmatbekov

18 Nov, 05:01


Ота насиҳати

Солиҳ бир киши ўз ўғлига шундай деди: "Ўғлим, айтадиганларимга диққат билан қулоқ сол, зеро булар сенга дунё ва охиратингда нафи тегади".
Ўғил деди: айтинг отажон, жон қулоғим билан тинглайман.
Солиҳ киши деди: Вафосиз одам ақлсиз бўлади. Ростгўйлиги йўқ одамда мардлик ҳам бўлмайди. Илмга иштиёқсиз одам билимга эга бўлмайди. Ҳаёсиз одам карамли бўлмайди. Бетавфиқ кимса ҳеч қачон тавба қилмайди. Илмдан фойдалироқ ҳазина йўқ. Ҳилмдан кўра кўпроқ фойда келтирувчи мол йўқ. Одобдан кўра юксакроқ ҳасаб йўқ. Ақлдан ишончлироқ ҳамроҳ йўқ. Ўлимдан кўра ишончлироқ далил йўқ. Гуноҳларни тарк этишдан кўра фойдалироқ эҳсон йўқ. Гуноҳлардан кўра оғирроқ юк йўқ. Тафаккурдан кўра афзалроқ ибодат йўқ. Ёлғондан кўра ёмонроқ нарса йўқ. Аҳмоқликдан кўра ортиқроқ такаббурлик йўқ. Жаҳолатдан кўра ортиқроқ фақирлик йўқ. Таъмагирликдан ортиқ хорлик йўқ. Бахилликдан қабиҳроқ ор йўқ. Қаноатдан кўра ортиқ бойлик йўқ.
Эй ўғлим, ким ҳақиқатга қарши курашса албатта мағлуб бўлади. Ким мусулмоннинг айбини очишга уринса, Аллоҳ унинг ўзини шарманда қилади. Ким ўзининг фикри билан мағрурланса адашади. Ким одамлардан ўзини юқори олса хор бўлади. Ким машварат қилса надомат қилмайди. Ким уламоларнинг мажлисида ўтирса ҳурмат топади. Ким ақлсизларнинг мажлисида ўтирса таҳқирланади. Ким оз гапирса оқибати хайр бўлади. Ким ёлғончилик билан танилса ҳеч қачон унга ишонч билдирилмайди. Ким шаҳватга берилса охир-оқибат шарманда бўлади.
Эй ўғлим, мен барча тотли нарсаларнинг мазасини татиганман. Лекин офиятдан кўра тотлироғини кўрмадим. Аччиқ нарсаларни ҳам тотиб кўрганман. Лекин одамларга муҳтож бўлиб қолишдан аччиқроғини кўрмадим. Оғир тош ва темирларни ҳам кўтариб кўрганман, лекин қарздан кўра оғирроқ юкни кўрмадим.
Эй ўғлим, яхшилар билан ошна бўл, ёмонлардан йироқ бўл. Чунки, яхшилар билан ошна бўлсанг сени қадрлашади, зулмга учрасанг сенга ёрдам беришади, гапирсанг гапингга қулоқ солишади. Аммо ёмонларга яқин юрсанг сени қадрлашмайди, омонатингга хиёнат қилишади, сирингни очиб шарманда қилишади, керак бўлмай қолганингда ташлаб кетишади.
Эй ўғлим, дин ва ахлоқда ўзингдан юқори бўлганларга боқ, молу давлатда ўзингдан қуйи бўлганларга боқ.

https://t.me/tuhur

Homidjon Ishmatbekov

18 Nov, 04:34


Инсоният тарихида цивилизация

Бир куни бир талаба антрополог олима Маргарет Миддан инсоният тарихидаги цивилизациянинг энг биринчи белгиси нима экани ҳақида сўради. Ҳамма олимадан цивилизациянинг илк белгиси сифатида қалпоқлар, кулолчилик идишлари ёки ов қилиш ускуналарини мисол қилиб келтирса керак деб ўйлади. Аммо Маргарет Миднинг жавоби барча кутганларнинг тескариси бўлди. У шундай деди:
"Инсоният тарихиди энг қадимий цивилизациянинг биринчи белгиси бу – оёқ суягининг синиб, яна қайта тузалиб ҳаётга қайтган одамнинг суяклари топилмасидир. Оддий ҳолда ҳайвоннинг оёғи синса, унинг яшаб қолиши мушкул. Оёғи синган ҳайвон йиртқичлардан қочиб кетолмайди, хавфдан сақланолмайди, сув ичиш учун дарёга бора олмайди ёки ов қила олмайди. Устига-устак, осонлик билан ёввойи ҳайвонларга ўлжа бўлади. Чангалда суяги синган ҳеч қандай ҳайвон нажот топмайди, чунки суякнинг тузалиши учун анча вақт керак бўлади. Бизнинг топилмамиз, яъни синиб сўнгра тузалган оёқ суяги – бу шикастланган кишига кимдир ғамхўрлик қилиб соғайиши учун қайғургани, уни ҳимоя қилгани ва парвариш қилганини англатади. Инсонга ҳаётнинг қийинчиликларини енгишга ёрдам бериш – цивилизациянинг бошланиш нуқтасидир. Цивилизация – бу ижтимоий ўзаро ёрдамдир".

https://t.me/tuhur

Homidjon Ishmatbekov

16 Nov, 06:50


Маърифий суҳбатлар: Динимизда бағрикенглик масаласи

Homidjon Ishmatbekov

14 Nov, 14:56


Соҳта салафийларга ўхшаган мазҳабни инкор қилувчи тоифалар орасида шундай савол юради: тўрт мазҳаб имомларининг сўзларини Пайғамбаримиз (ﷺ)нинг сўзларидан устун қўйиш мумкинми?
Аслида, бу жуда ҳам чалғитувчи савол ҳисобланади. Аслида биз тўрт мазҳаб имомларининг сўзларини Пайғамбар (ﷺ)нинг сўзларидан устун қўймаймиз, балки Пайғамбар (ﷺ)нинг ҳадисларини тушунишда уларнинг тушунчаларини ўзимизникидан афзал деб биламиз. Фиқҳий ҳукмларда гоҳида Имоми Абу Ҳанифа, Имоми Молик, Имоми Шофеъий ёки Имоми Аҳмад ҳадиснинг зоҳирий маъносига зид бўлган фикр билдиришган ҳолатлар бор. Бунинг сабаби ҳадиснинг заифлиги ёки унинг саҳобий ёки тобеинда тўхтагани, бошқа ҳадис билан бекор қилингани ёки унинг санад ва матн жиҳатдан бошқалардан пастлигини кўрганликлари сабабли бўлади.

Ёш ва илмда тажрибасиз йигитлар эса, баъзи имомларнинг «Агар ҳадис тўғри бўлса, у менинг мазҳабимдир» ёки «агар менинг мазҳабим ҳадисга зид келса, менинг мазҳабимни деворга уринг» "ҳамманинг гапи қабул қилиниши ҳам, рад этилиши ҳам мумкин, фақат ушбу қабр соҳиби бундан мустаснодир" деган сўзларини қўллаб, жамоатнинг фикрини чалғитмоқчи бўладилар. Ҳақиқат шуки, имомлар — Аллоҳ улардан рози бўлсин — бу гаплари билан фақат уларга етиб келмаган ҳадисларга ишора қилганлар, аммо бу жуда камдан-кам учрайди. Уларга етиб келган ҳадисларни тушунишда ижтиҳод қилганлар ва ўз қоидалари асосида улардан ҳукм чиқарганлар.
Бир ҳадиснинг имомларга етиб келмаганини исботлаш жуда қийин, чунки улар барчаси ҳам ҳадис билимдонлари саналадилар. Масалан, Имоми Моликнинг "Ал-Муватто", Имоми Абу Ҳанифанинг "Муснад", Имоми Шофеъий ва Имоми Аҳмаднинг ҳам "Муснад" асарлари бор. Улар ва мазҳаб издошлари ҳам ҳадис билимдонлари бўлиб, улардан ҳеч нарса махфий қолмаган. Аслида суннат бизларга улар орқали, уларнинг мазҳабдаги издошлари орқали етиб келган.

https://t.me/tuhur

Homidjon Ishmatbekov

13 Nov, 18:03


Бир киши уйида деворнинг остида ухлаб ётар эди. Бир пайт шайтон келди, қараса киши қаттиқ ухлаяпти. Одам суратида келдида унинг елкасидан қаттиқ туртиб: Эй киши, уйғон ва ўрнингдан тезда тур, ҳозир устингга девор қулайди, деди. Киши чўчиб уйғонди ва тезда ўзини девордан четга олди. Бир зум ўтмай девор қулади.
Бир ўлимдан қолган киши хурсанд бўлди ва одам суратидаги шайтонга: Эй яхши инсон, сиздан жуда миннатдорман, яхшилигингизни сира унутмайман. Исмингиз нима?- деди.
- Исмим Иблис, деди.
- Иблис?
- Ҳа, мен Иблисман.
- Иблис бўлсанг, қачондан бери сен одамларга яхшилик қиладиган бўлиб қолдинг.
- Яхшилик? Қандай яхшилик?
- Аҳир ҳозир мени ўлимдан сақлаб қолдингку? Агар сен уйғотмаганингда девор устимга қулаб, мени босиб қолган бўлар эди.
- Менга сенинг ҳаётингни қизиғи йўқ. Агар мен сени уйғотмаганимда, деворни остида қолиб шаҳид бўлар эдинг. Мен сени шаҳид бўлиб ўлишингни ҳахламадим, холос, деди.

https://t.me/tuhur

Homidjon Ishmatbekov

13 Nov, 17:29


Маъруф Кархий раҳимаҳуллоҳ ёронлари билан  Бағдодда дарё ёқасида ўтирган эдилар. Шунда дарё ёқалаб бир қанча ёш йигитлар гаплашиб, кулишиб, рақс тушиб, маст бўлиб ўтиб қолишди. Бошқа бир йўловчилар Маъруф Кархийни таниб қолиб: Эй Шайх, бу йигитларнинг Аллоҳга исён қилиб юришларига индамай турасизми? Уларни дуоибад қилмайсизми?-дейишди. Шунда Маъруф Кархий ҳазратлари қўлларини осмонга кўтариб: Эй Аллоҳим, уларни бу дунёда хурсанд қилиб қўйганингдек, охиратда ҳам уларни хурсанд қилгин, деб дуо қилдилар. Бояги кишилар бундан ҳайрон бўлиб: уларни дуоибад қилиш ўрнига уларни ҳақига дуоихайр қилдингизку?-дейишди. Маъруф Кархий раҳимаҳуллоҳ: агар Аллоҳ таоло уларни охиратда хурсанд қилса, демак уларни бу дунёда тавба қилишларига муваффақ қилади, дедилар.

Абу Ҳомид Ғаззолий - Иҳёу улумиддин.

Бу ривоятдан шу нарса маълум бўладики, Аллоҳнинг дўсти бўлган валий зот Маъруф Кархийнинг тариқатларида инсонларга ҳидоят ва яхшиликни ихлос билан тилаш асос қилиб олинган.
Умуман олганда барча тасаввуф тариқатлари инсонларга фақат эзгулик тилашни ўзларига асос қилиб олган, уларга на зоҳирда ва на ботинда зарар беришдан буткул йироқ.
Зеро, Аллоҳ яратган махлуқотларга нисбатан дилда ёмон кўриш ва нафрат сақлаш Ислом дини ахлоқидан эмас.
Тўғри, гуноҳ ҳар доим ҳам ёмон кўрилади, лекин гуноҳкорнинг ўзидан нафратланилмайди.

https://t.me/tuhur

Homidjon Ishmatbekov

12 Nov, 17:48


Қандай қилиб ҳаётингизда бирор марта ҳам ютқазмаслигингиз мумкин?

Айтишларича, аббосийлар халифалиги даврида доимо дўстлари билан баҳслашиб юрадиган бир дамашқлик савдогар бўлган экан. Бир куни у дўстларига:
"Мен ҳаётимда бирор марта ҳам тижоратда зарар кўрган эмасман", деди.
Дўстлари истеҳзоли табассум билан:
"Қандай қилиб ҳаётингда ҳеч қачон зарар кўрмадинг? Бундай бўлиши мумкин эмас", дейишди.
Савдогар улардан ўзини синаш учун бирор муаммоли тижорат таклифини беришларини сўради. Шунда дўстлари унга:
"Ироқда хурмо сотиб, фойда топиш етти имконсизликдан биридир, чунки у ерда хурмо чўлдаги қум каби кўп", — дейишди.
Савдогар: "Мен сизларни тушундим ва таклифингизни қабул қилдим", деди. Шундан сўнг у Ироқдан келтирилган хурмоларни сотиб олиб, аббосийлар пойтахти — Бағдодга йўл олди.
Айтишларича, ўша пайтда халифа Воcиқ Биллоҳ баҳорни томоша қилиш учун Мосулга йўл олган экан. Мосул Ироқнинг энг гўзал шаҳарларидан бири бўлиб, "икки баҳор онаси" номини олган эди, чунки унинг об-ҳавоси ёзда ҳам, қишда ҳам баҳордай бўлар эди.
Саёҳатдан қайтиш чоғида халифанинг қизи бўйнидаги олтин зебигардонини йўқотиб қўйган ва йиғлаб отасига шикоят қилган эди. Шундан сўнг халифа уни топиб келган кишига катта мукофот ваъда қилиб, қизини унга никоҳлаб беришини эълон қилди.
Дамашқлик савдогар Бағдодга яқинлашганда, одамлар зебигардонни излаш учун йўлга отланганларини кўрди ва улардан бу шошилинчликнинг сабабини сўради. Улар зебигардон воқеасини айтиб беришди ва уларнинг каттаси:
"Афсуски, биз узоқ йўлга чиқибмизу ўзимиз билан таом олишни унутибмиз, таомсиз қайтишга қийналиб қоламиз, таом олиш учун ортга қайтсак бошқалардан ортда қолиб кетишимиз мумкин", — деди.
Шунда савдогар уларга: "Менда хурмо бор,  олсангиз сотаман," — деди. Одамлар ундан хурмони қиммат нархда сотиб олишди.

Халифа Воcиқ Бағдодда хурмо сотиб фойда топган дамашқлик савдогар ҳақида эшитиб, у билан кўришишни истади. Савдогар халифанинг ҳузурига бориб ўзи ҳақида сўзлай бошлади:
"Эй, ҳукмдор, Аллоҳ давлатингизга барака берсин. Мен савдони бошлаганимдан бери ҳеч қачон зарар кўрган эмасман."
Воcиқ ундан бунинг сабабини сўради. Шунда у жавоб берди:
"Мен етим бола эдим, онам эса ногирон эди. Мен кичиклигимдан уни парвариш қилар, ишлаб пул топар ва иккимизнинг кундалик ризқимиз учун ҳаракат қилар эдим. Йигирма ёшга етганимда, онам касал бўлиб, ётиб қолди. Вафот этиш арафасида у мени ҳақимга дуо қилиб, диним ва дунёмда ҳам ҳеч қачон зарар кўрмаслигимни, замонамизнинг энг шарафли оиласига куёв бўлишимни, қўлимга қум олсам олтинга айлантриб қўйишини Аллоҳдан сўраб дуо қилган эди".
Савдогар гапира туриб беихтиёр ердан бир сиқим қумни қўлига олди. Воcиқ унинг бу сўзларини мийиғида кулиб эшитаётган эди, бирдан савдогарнинг қўлидаги қумни орасида бир нарсани ялтираганига кўзи тушди. Унга қараган эди, қўлидаги ялтироқ нарса халифанинг қизининг йўқотган зебигардони бўлиб чиқди.
Шундай қилиб, онанинг дуоси билан бу дамашқлик савдогар тарихда биринчи бўлиб Ироққа хурмо сотиб, кўп фойда топган тижоратчи ва халифа Воcиқнинг қизига уйланиб унинг куёвига айланди.

Онанинг дуоси ҳақиқатдан ҳам ижобат бўлган эди.

Хулоса:
Ҳеч ким сизга ташқаридан келиб, ҳаётингизга гўзаллик олиб кирмайди.
Сиз ўз қалбингиз эшикларини очиб, тиришқоқлик билан саъй-ҳаракат қилишингиз ва энг гўзал нарсаларни ўзингиз топишингиз керак.
Аллоҳ сизнинг ёрдамчингиз бўлишидан ҳеч қачон ноумид бўлманг.

Ё, Аллоҳ, бизга ота-оналаримизга хизмат қилиш бахтини насиб эт. Улар вафот этган бўлсалар, уларнинг гуноҳларини кечир ва раҳматингга ол.
Бу ҳикояни ўқиб бўлгач, ота-онангиз ҳақига дуо қилиб қўйишни унутманг.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга салавотлар айтиб, у зотга салом йўлланг.

https://t.me/tuhur

Homidjon Ishmatbekov

12 Nov, 12:42


Шайх Муҳаммад Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир бемор аёлнинг ҳузурига кирганларида у аёл касалликни лаънатлаётган, иситмани сўкаётган экан. Шунда аёлнинг бу иши У зотга ёқмади ва аёлни юпатиш учун: "Иситма одамларнинг гуноҳларини ҳудди олов темирнинг зангини кетказгандек кетказади», дедилар.

Бу дегани, биз касаллик микробларини етиштириб, уларни кўпайтириб ўзимиз яхши кўрган кишиларимизга совға қилишимиз керак экан дегани эмас. Аммо баъзи одамлар буни шундай тушунмоқчи бўладилар...Ахмоқликнинг минг тури бор деганларидек, уларнинг фикрлаши мана шунга тўғри келади.

Инсон жанг пайтида тупроққа булғаниши, оғир ва машаққатли йўлларни босиб ўтишга мажбур бўлиши мумкин. Лекин у ҳаётдаги қаттиқ шароитларда ҳам, агар мустаҳкам иймонли, қадр-қимматли бўлса, Аллоҳга яқинлашаверади.

Мусулмоннинг шундай азоб-уқубатларга учраши Аллоҳ уни унутганлигидан ёки раҳматидан четлатгани учун эмас. Аммо, афсуски, бу тушунча таназзул ва турғунлик даврларида мусулмонлар орасида кенг тарқалди. Биз аввал айтганимиздек, ҳаёт қийинчиликлари одамларнинг иродасига қараб кўпаяди ёки камаяди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: «Каримнинг ўғли, каримнинг ўғли, каримнинг ўғли, карим Юсуф ибн Яъқуб ибн Исҳоқ ибн Иброҳим». Юсуф алайҳиссалом анбиёлар бағрида улғайган ва чуқур ер қаърига қадалган дарахтнинг илдизидан унган бир пайғамбар бўлиб, Аллоҳ уни энг олий даражалар ва пайғамбарлик мартабаси билан шарафлантирган. Бу карим зотнинг ҳаётига назар солинг: у бир қийинчиликдан чиқса, яна бошқасига тушар эди.

Болалик пайтида онасидан айрилди, сўнгра ака-укалари унга нисбатан ҳийла ишлатишди ва отасининг бағридан олиб, уни қудуққа ташлашди, у ерда номаълум тақдирини кутиб ётди. Савдогарлар келиб уни қул қилиб олиб кетишди ва энг арзон баҳога сотишди. Миср подшоҳи уни сотиб олди, аммо қасрда яшаш вақтида маккор фитналарга дуч келди. У иффатли, пок бўлса-да, туҳматга қолди. Ҳеч қандай айбсиз бўлсада жиноятчилар қаторида бир неча кун ёки бир неча ой эмас, балки бир неча йил қамоқда қолди! Агар бошқа кимсанинг ўтмиши шундай бўлганида эди, у нафақат ер юзидаги инсонларга, балки осмон аҳлига нисбатан ҳам нафрат ва адоватда бўлган бўлар эди. Аммо Юсуф алайҳиссаломчи, зиндон деворлари ортида Аллоҳнинг ўзига суянди, Аллоҳнинг борлигига шубҳа қилганларга Роббини танитиб, инкор қилганларга Унинг фазлини тушунтирар эди.
يَا صَاحِبَيِ السِّجْنِ أَأَرْبَابٌ مُّتَفَرِّقُونَ خَيْرٌ أَمِ اللَّهُ الْوَاحِدُ الْقَهَّارُ (39) مَا تَعْبُدُونَ مِن دُونِهِ إِلَّا أَسْمَاءً سَمَّيْتُمُوهَا أَنتُمْ وَآبَاؤُكُم مَّا أَنزَلَ اللَّهُ بِهَا مِن سُلْطَانٍ ۚ إِنِ الْحُكْمُ إِلَّا لِلَّهِ ۚ أَمَرَ أَلَّا تَعْبُدُوا إِلَّا إِيَّاهُ ۚ ذَٰلِكَ الدِّينُ الْقَيِّمُ وَلَٰكِنَّ أَكْثَرَ النَّاسِ لَا يَعْلَمُونَ (40)
"Эй икки ҳамзиндонларим! Турли-туман илоҳлар яхшими ёки ягона ва ғолиб Аллоҳми? Сизлар Уни қўйиб, ўзларингиз ва ота-боболарингиз атаб олган номларгагина сиғиняпсиз. Уларга Аллоҳ бирор ҳужжат тушурмаган бўлса?! Ҳукм фақат Аллоҳ ихтиёридадир. У Ўзидан бошқага сиғинмасликка буюрган. Тўғри дин мана шудир! Лекин кўпчилик одамлар буни билмайдилар".

Бу фозил кишиларнинг хулқидир — дунё роҳатини йўқотсалар ҳам, диннинг софлигини қўлдан бермайдилар. Улар бошларига тушган мусибат сабабли ўзларига бўлган эҳтиромни ҳам йўқотмайдилар.

"Мусулмоннинг хулқи" китобидан.

https://t.me/tuhur

Homidjon Ishmatbekov

12 Nov, 11:50


Ибратли воқеа

Халифа Ҳарун ар-Рашид ғазабланган ҳолда ўз хотинига: "Агар мен жаннат аҳлидан бўлмасам, сен уч талоқсан", деди. Кейин у айтиб қўйган сўзидан афсус қилди. Чунки у хотинини жуда яхши кўрар эди. Хотини ҳам бу ҳолдан қаттиқ қайғуга тушди. Шундан сўнг Ҳарун ар-Рашид фатво олиш учун уламоларни тўплади.
Уламолар унга: "Ҳеч ким бировни жаннат аҳлидан эканлигига фатво беришга журъат эта олмайди, демак талоқ амалга ошган", дейишди. Ҳарун ар-Рашид оғир вазиятга тушди ва: " Наҳотки, бутун Бағдодда бу масалани ечадиган бирорта уламо қолмаган бўлса?!", деди.
Шунда айъёнларидан бирлари: "Бору, лекин у одамлардан узлатда яшайди. Унинг исми — Лайс ибн Саъд", деди.

Лайс ибн Саъд ўз замонасининг машҳур фақиҳларидан бири бўлиб, Мисрда туғилиб ўсган ва у ерда вафот этган. У мадиналик имом Молик ибн Анасдан ҳам фақиҳроқ эди, лекин унинг шогирдлари унинг илм ва фиқҳини ривожлантирмадилар. Имом Шофеъий уни таърифлаб: "Лайс Моликдан кўра билимдон эди, аммо унинг шогирдлари унга хизмат қила олмадилар", деган эди.

Бу хабарни эшитган Ҳарун ар-Рашид: "Уни олиб келинглар", деди. Уламолар унинг олдида ўринларидан туриб, қайтадан ўтирдилар.

Бу ҳолат уламолар ўртасида эътироф этилган одат бўлиб, уламога нисбатан ҳурмат саналади. Шунинг учун "Фалончи унга туриб, ўтириладиган олимдир" дейилар эди.

Ҳарун ар-Рашид масалани унга тушунтириб берди.
Лайс ибн Саъд Ҳарун ар-Рашидга: "Эй мўминларнинг амири, сиз билан ёлғиз қолмоқчиман, буюринг қолганлар чиқиб кетсин", деди. Уламолар чиқиб кетишди. Лайс ибн Саъд Ҳарун ар-Рашиддан Қуръони каримга қўлини қўйиб қасам ичишини сўради. Ҳарун ар-Рашид қасам ичди. Шундан сўнг, Лайс ибн Саъд: "Эй мўминларнинг амири, сизни ёлғончиликда айбламоқчи эмасман, балки ўз нафсингизни алдамаслигингиз учун қасам ичишингизни сўрадим. Сиздан сўрайман, сиз қачонлардир ёлғиз қолиб, фақат Аллоҳни эслаб, қўрқинчдан кўз ёшларингиз соқолингизга оқиб тушган даражада йиғлаганмисиз?"-деб сўради. Ҳарун ар-Рашид: "Албатта, бундай ҳолатлар кўп марта содир бўлган", деб жавоб берди. Шунда Лайс ибн Саъд унга Қуръони каримдан «Ар-Раҳмон» сурасининг
  وَلِمَنْ خَافَ مَقَامَ رَبِّهِ جَنَّتَانِ
"Ва кимки Роббисининг олдида туришдан қўрқса, унга икки жаннат бордир" (46)- оятни ўқиб берди.
Шундан кейин у уламоларга киришга рухсат берди ва уларга: "Мен сизларни камситиш учун эмас, балки мўминларнинг амири ўз нафсини алдамаслиги учун сизларни чиқишингизни истадим", деди. Уламолар унинг фатвосига рози бўлдилар.

Абдуллоҳ ибн Умар розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Аллоҳдан қўрқиб йиғлаш мен учун минг динор садақа қилгандан афзалроқдир". Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган одам дўзахга кирмайди", деганлар.

Бу воқеа гўдакларга аллалаб ухлатиш учун эмас, балки катталарга уйқудан уйғонишлари учун ҳикоя қилиб бериладиган қиссадир.

Ё Аллоҳ, бизларни ҳам Сенинг зикринг билан қалблари ларзага келиб, қўрқиб, кўзларидан ёш тўкадиганлар қаторида қилгин. Аллоҳнинг пайғамбарлари ва расулларининг энг шарафлисига салавоту саломлар бўлсин.

https://t.me/tuhur

Homidjon Ishmatbekov

12 Nov, 10:29


Бир ҳаким зот  айтган эди:
Мени фақат бир аёлгина енгган. У қўлида усти ёпилган товоқ кўтариб келаётган эди. Мен унга: товоқда нима бор?-деб сўрадим. У эса: агар ёпган эканмиз, нима учун қизиқасиз?-деб мени ҳижолат қилди.
Бу бир умрга татигулик ҳикмат бўлди.
Демак, нимаки одамларнинг кўзидан беркитилдими, уни очишга ҳаракат қилманг. Ҳеч бир кимсанинг иккинчи юзини изламанг. Қанчалик ёмон бўлмасин, у сизга фақат яхши томонини кўрсатади ва бу унинг сизга кўрсатган эҳтироми бўлади. Бас, шундай экан, сиз ҳам унга эҳтиром кўрсатинг. Ҳар бир инсоннинг ўзи биладиган ёмон томони бор, уни ҳатто ўзидан ҳам яширади. Бошқаларнинг сирини ковлаштириш фақат ёмон гумон ва зулм эшигини очади.

https://t.me/tuhur

Homidjon Ishmatbekov

12 Nov, 10:00


Девордаги ёриқ

Девор ёриғида яшайдиган чумоли бутун оламни ўзининг ярим ёки бир метр доирадаги ҳудудида кўради. У умри давомида доимо битта иш — ердан нон бўлакларини уйига ташишдан бошқа ишни қилмайди, бор ҳаёт шу кичик дунё ва шу бир бўлак нон учун яшаш деб ўйлайди. Уни айблаш ҳам тўғри эмас, чунки унинг ҳислари олиб борадиган чегара шундан нарига ўтмайди.

Аммо инсончи, инсон бу ёриқ оддий деворнинг ёриғи эканини, девор эса бир хонага тегишли эканини, бу хона эса бир нечта хонадан иборат квартиранинг бир қисми эканини, бу квартира эса кўплаб квартиралардан таркиб топган бир уйда эканини, уй эса катта бир шаҳардаги юзлаб уйларнинг бири эканини, шаҳар эса бир мамлакатнинг пойтахти эканини, мамлакат эса Африка қитъасидаги кўплаб мамлакатлардан бири экани, Африка эса, унга ўхшаган яна бешта қитъанинг бири, беш қитъа эса Ер аталмиш сайёрада, Ер эса, Қуёш системасидаги унга ўхшаган яна саккизта сайёранинг бири, тўққиз сайёра эса, яна миллионлаган  сайёралардан бир нечтаси холос, миллионлаган сайёралар эса, осмон аталмиш фазода сузиб юриши, осмон эса, етти осмоннинг энг қуйиси экани, етти осмон эса, унинг яратувчиси Роббул оламиннинг мулки ва тасарруфида эканлигини билади.
Инсон шуларнинг ҳаммасини билиб туради, аммо шунга қарамай, кўпчилик одамлар худди чумоли каби, ўз-ўзини чекланган доираси ичида қолган маҳбуслар каби яшашади. Ҳар бири ўзининг бир неча метрлик доирасида айланиб, ўз устидаги юкни кўтариб, ҳаётни фақат кундалик рўзғор-ташвишлари, ўзига кифоя қилгудек нон ва аёл, бола-чақадан бошқа нарсани кўрмай ўтказади.
Кўпчилик одамлар ўзлари учун ясаган бошпана ёки хонадонда, нафрат ва камситиш, ўч олиш ва адоватлар гирдобига шўнғиб дунёдан ўтиб кетишади.

Шундай одамлар ҳам борки, ўзига тўрт деворли қамоқ ясаб олиб, руҳий тушкунлик ва хомушликка берилиб кун ўтказади. Аммо олам кенг ва имкониятлар чексиз. Ҳар куни янги ва ҳайратланарли нарсаларни кашф қилиш учун чексиз имкониятлар мавжуд.
Нега баъзи инсонлар ҳудди чумолидай девор ёриғига кириб олиб, ўзини оламдан иҳота қилиб олади? Нега нафрат билан яшаб, кимдандир ўч олиш аламида куйиб яшайди? Нега одамлар бир-бирини алдайди? Нега миллатлар бир-бирини босиб олишга интилади? Ахир атрофда етарлича ризқ-насиба борку?!

Нега бу қадар қийинчилик ва тушкунлик? Ахир борлиқ, оламдаги гўзаллик, тартиб, ақл билан яратилган меъёрли тизим, бизларга ягона адолатли Аллоҳ борлигини англатмайдими?
Нима учун биз ўз ковагимиздан чиқишга уринмаймиз? Нима учун биз ўзимизнинг шахсий ғам-ташвишларимиздан ортиб, юртимиз, ватанимиз ташвиши билан яшашга ўтмаймиз? Ватанимиз ҳақида қайғуришимиз бизларни бутун дунё ҳақида қайғуришга, ер юзини обод қилиш, унда танчликни барқарорлаштиришга интилиш сари етаклайди. Бутун дунёда тинчлик ўрнатиш ва дунё халқлари ўртасида тотув ва иноқликни қарор топтириш охир оқибат Ер сайёрасини обод бўлишлиги, осмонлар ва ердан баракотлар чиқишига сабаб бўлади. Ер юзини обод қилиш орқали биз ўзимизни яратган, бутун оламларнинг яратувчиси бўлмиш Аллоҳ таолонинг ҳузурида азиз ва мукаррам бандалар қаторида бўлиш бахтига муяссар бўламиз.
Нега бизлар ўзимизни курашлар ва ихтилофлар билан банд қиламиз? Нега ўзимизнинг жуда катта имкониятларимизни унутиб, кичик муаммолар гирдобида қолдирамиз?

  Доктор Мустафо Маҳмуд - Руҳ ва тана

https://t.me/tuhur

Homidjon Ishmatbekov

12 Nov, 06:08


Бўлган воқеа

Бир бева аёл бор эди. Ёлғиз боши билан фақат Аллоҳ таолодангина мадад сўраб болаларини боқар эди. Шу ҳолатда у болаларига меҳр, шафқат ва хотиржамлик улашар эди. Аёл сабрли ва имонли бўлгани учун ҳам болаларини боқиш ва тарбиялашга ўзида куч топар эди.
Бир куни кечаси болалари билан ухлаб ётган пайтда, шамол кучайиб, шиддат билан ёмғир ёға бошлади. Уйининг томи юпқа, деворлари эса, жуда нимжон эди. Аёл болаларидан хавотирланиб уйқуси қочди. Уларни бағрига олиб, бир оз бўлсада бағрининг тафти билан уларни иситган бўлди.
Довул кучайгандан кучая борди. Уйнинг девори эса, ёриқларидан шамолнинг гуввилашини эшиттирар, аёлнинг хавотирини янада оширар эди. Бир пайт аёл ўрнидан туриб, кичик бир қоғозни олди ва унга бир неча калималарни ёзди. Сўнг уни деворнинг ёриғига тиқиб қўйди ва яна болаларини бағрига олиб ётди
Бу пайтда аёлнинг ўғилларидан бири унинг деворга нимадир қўйганини кўриб қолди!

Орадан ойлар ва йиллар ўтди… Болалар катта бўлишди. Ҳаммалари билимли, касб-ҳунарли инсонлар бўлиб етишишди. Шаҳардан каттароқ уйга ҳам кўчиб ўтишди. Аммо, она уларнинг бу бахтли кунларида узоқ яшамади, бир йилга бормай вафот этди. Бир куни онадан қолган ширин хотираларни  ёдга олиб ўтирганларида, катта ўғил ёмғирли кечада онасининг девор ёриғига қоғоз парчасини тиқиб қўйганини эслаб қолди.
Оға-инилар эски уйларига шошилишди. Уйга етиб келишгач, катта ўғил девор ёриғидаги тошни олиб ташлаб, у ердан бир парча қоғозни олди... Шу пайт гўё ер қимирлагандек бўлиб, уйнинг деворлари тебраниб кетди. Уй қулаб тушишидан қўрқиб, болалар уйдан тезда қочиб чиқишди ва уйнинг деворлари қулаб тушди… Бир неча лаҳзалик сукунатдан сўнг, ўғиллар юзларидаги ҳайрат ва ҳаяжон билан бир-бирларидан нима бўлди, деб сўрашди. Ўғиллардан бири: “Қоғоз сиздами, ака?"-деб сўради. У: “Ҳа, мана”, деди. Улар ҳаммаси бир овозда: “Очинг, нима ёзилган экан!” дейишди. Катта ўғил қоғозни очганида, унга онаси фақат биргина жумла ёзиб қўйган экан "Аллоҳнинг изни билан тек тур...".

Ушбу жумланинг буюклиги ва аёлнинг имон ишончининг кучи деворни қулашдан тийиб турган эди.
Фарзандларига меҳр ва шафқат кўрсатган она ўзидан кейин ҳам фарзандларига яна бир буюк сабоқ қолдириб кетди. У ҳам бўлса Аллоҳга таваккул қилиш, ҳар қандай ҳолатда Унга суяниш сабоқи эди.

Аллоҳга ишонч – бу буюк бир неъмат, афсуски, бизнинг кўпчилигимиз бундан ғофилмиз.

https://t.me/tuhur

Homidjon Ishmatbekov

12 Nov, 05:10


Куйган нон

Бир йигит айтади: "Кечки вақт отам ишдан келгач, онам дастурхонга таом тортти. Дастурхонга қўйилган нон бир оз куйган эди... Отам таомни ер экан, ноннинг куйганига парво қилмас, аксинча онамга табассум билан боқар эди. Кейин мендан институтимда нималар бўлгани ҳақида сўради. Мен отамга қандай жавоб қайтарганимни эслай олмайман, аммо отамнинг куйган нонни овқатга ботириб ҳузур билан еяётганини эслайман. Овқатланиб бўлгач мен дарсларимни тайёрлаш учун турганимда, онам отамдан нонни куйдириб қўйгани учун узр сўради. Отам эса онамни юпатиб: "Азизам, ҳечам ҳижолат бўлма, баъзида мени куйган нон егим келиб қолади, бугун шундай бўлди", деди. Ётоғимга киришдан олдин отамга "хайрли тун" тилар эканман, ундан ростдан ҳам куйган нон ейишни ёқтирасизми, деб сўрадим. Отам менга табассум ила шундай жавоб берди: "Ўғлим, онанг бугун қаттиқ чарчаган ва уй юмушларидан толиққан. Билиб қўй, озгина куйган нон еган билан ҳеч нима бўлмайди. Ҳаммамизда ҳам камчилик бор, бу дунёда ҳеч бир  одам мукаммал эмас. Биз баъзи нарсаларда камчиликларни қабул қилишни, бошқаларнинг нуқсонларини тан олишни ўрганишимиз керак. Бу муносабатларни мустаҳкам ва узоқ давом этишига олиб борадиган энг муҳим омиллардан биридир. Бир оз куйган нон туфайли қалбни синдирмаслик керак. Одамлар бир-бирларини кечиришга ва бир-бирларининг камчиликларини кўрмаганга олишга, бундай май-чуйда нарсаларга эътибор бермасликка ўрганишлари лозим. Давомий танқид ҳар қандай яхши нарсани ҳам ёмонга айлантиради! Агар дарахт доимо шамолнинг босимида қолса, у баргларини ҳам, меваларини ҳам тўкиб юборади. Худди шу каби, одам ҳам доимий танқид остида қолса салбий хусусиятга эга бўлиб қолади. Шундай экан, сизлар ҳам бир-бирингизнинг яхши сифатларингизни айтиб мақтанг ва хатоларни кечиринг. Чунки гўзал сўзлар гўё калитдек бўлади, улар оғизларни ёпади ва қалбларни очади".

https://t.me/tuhur

Homidjon Ishmatbekov

11 Nov, 09:14


"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қалбидан ҳис қилиб яшамайдиган, амалларида ва фикрларида У зотнинг сийратларига эргашмайдиган мусулмон кишининг бир кеча кундузда минг марталаб салавот айтиши ҳеч қандай манфаат келтирмайди.

Шуни билингки, муҳаббат агар қуруқ гап бўлса у жуда арзон бўлади, агар у етакловчи ва ўрнак бўлса шунчалар қийматли бўлади!

Шайх Муҳаммад Ғаззолий

https://t.me/tuhur

Homidjon Ishmatbekov

09 Nov, 01:31


Маърифий суҳбатлар: Сабр ҳақида