Турклар Ер юзининг энг гўзал, энг серҳосил ва серсув, серқуёш ўлкаларига асрлар давомида ҳукмдор бўлдилар. Ўша шонли ўтмишда Шош отасидан изн олди, дуо олди ва Сайҳундан тепага чиқиб улкан тоғлар ўртасидаги бепоён водийга кирди. Бу водийнинг шарқида бағри маъданлар билан тўлиб тошган тоғлар бор эди, ичида эса дарёлар тўлғониб оқади, ўрмонларидаги дарахтлар қўлларини осмонга кўтариб илк майса чоғидан бошлаб Ҳақ таолога ҳамду сано ўқийди, чангалзорларида йўлбарсу шерлар, қоплону бўрилар даврон суради, кийик ва оҳулар ҳам тирикчилик гаштини сурадилар, қушларнинг саноғи йўқ – бургуту булбул, беданаю қарқуноқ, товусу тустовуқлар, тўтию какликлар, қумрию читтаклар, чағалай ва лочинлар – бу водийдан уларнинг барчасини топиш мумкин.
Шош ўзига эргашган бир қанча улус, хотинлари, бола-чақалари билан водийнинг қоқ ўртасига келиб жойлашди. Бу ерда шабада сайр қилади, тоғ гулларининг ифорини ўйноқи насим димоқларга тутади, қишда оламни оппоқ кумуш гилам қоплайди, кўкламда ерга зумрад ёпинчиқ ёпилади, фалакда етти рангда товланган камалакдан ўқ узилади, ёзда меваларнинг ширалари тилни ёради, кузда олтин ўлка қалбларни титратиб юборади.
Шош бу водийни ўн йил тадқиқ этди, яшаш мумкин эканига амин бўлди, сўнг улусини шаҳар қуришга сафарбар этди. Маъданлар қайнаб тошган тоғдан – уни Оҳангарон деб атадилар кейин – харсанглар келтирди. Бу харсангларни кестирди ва водийнинг энг гўзал қисмига пойдевор солдирди, сўнг осмонга етгулик деворлар кўтарди, деворларнинг тагларига чуқур хандақлар қаздирди, ҳар юз қадамда девор узра миноралар қурдирди, бу миноралар узоқлардан кўринарди ва ундаги одам узоқларни ҳам кўра оларди. Шу тариқа водийда улкан шаҳар барпо бўлди. Бу шаҳар тарҳини ўзи ўйлаб топгани ва бош бўлиб қурдиргани учун йўлбошчининг номи қўйилди – шаҳар Шош деб аталди.
Шош ёшлигидан кўп жангларда қатнашган эди, катта бобоси Туркнинг кенжа боласи Чин кунчиқарда ўз давлатини қурганига минг йиллар бўлган эди, аммо бора-бора амакиваччалар бегоналашди, қонлар айниди, ораларида кўп жанглар кечди, Шош бу урушларда қатнашди. Кўп шаҳарларга борди ва шаҳар қуришни ўрганган эди, шунинг учун у қурган шаҳар жуда кўпчиликнинг ҳавасини келтирарди. Шаҳарга сув кириши ҳам ҳисобга олинган, шаҳарнинг нақ этагидан кесиб ўтадиган улкан дарё айниқса, кўзлар қувончи, қалблар сурури эди. Бу дарёга Чирчиқ деб исм бердилар. Чирчиқ атрофидаги яшил тепаликлар, чангалзор, қамишзорлар, қуюқ ўрмонлар... Хилма хил балиқлар, ҳайвонлар, қушлар Шошни жаннатга эвирган эди гўё.
Четдан келганлар шаҳарга маҳлиё бўлардилар, тош билан кўтарилган шаҳарни Тошкент деб атадилар. Тиллари келишмаганлар эса Чоч ҳам дедилар.
Шош тарихида минглаб хоқон ва султонлар ўтди. Бу шаҳарга ҳар бир душман ҳавас билан қарар эди.
Шаҳарнинг тартиби, айниқса, ақлларни лол этарди: ҳунармандлар бир ҳудудга тўпланган эдилар, кўнчилар, дегрезлар, дурадгорлар, косиблар маҳалласи... Сўнг камончилар, қиличбозлар, сарбозлар маҳалласи... Фақиҳлар, қорилар, олимлар маҳалласи... Шаҳар атрофида боғлар, экин ерлари...
Айниқса, халқи тавҳид дини келгач, ёппасига динга киргач, янада юксалди. Давлат раҳбари бир хотин эди, аммо у юртни бузуқликка тўлдирди, қадимдан келаётган хабарларга кўра бир пайғамбар келиши керак эди, у ҳақ дин хабарчиси бўлиб, эшитган борки, унга бўйсуниши талаб этилади, бу ҳақиқатни унутмаганлар араб ўлкаларидан ана шу дин жарчилари келганини билдилар.
Шош яна узоқ йилларни турфа ҳолда яшади. Бу орада Қўқон, Қашқар, Лабзак, Тахта-пул, Қорасарой, Сағбон, Чиғатой, Кўкча, Самарқанд, Камолон, Бешоғоч ва Қайтмас деган дарвозалар тикланди. Тешик-қопқа, Янги Махма, Сарбоз каби кичик дарвозалар пайдо бўлди.
Милодий ҳисобда ўн тўққизинчи аср. Мусулмонлар саноғида эса ҳижратнинг ўн иккинчи юз йили тугаб, ўн учинчи юз йил бошланмоқда.