Трампнинг агрессив протекционизми (импорт божхона тўловларини кескин ошириш) долларнинг қадрини мамлакат ичида тушишига олиб келади, яъни инфляция ўсиш суръатларини оширади. Чунки импорт қимматлашади ва ички маҳсулотга талаб кескин ошиб, нархлар кўтарилади. Бу эса иш ҳақи ўсишига ҳам олиб келади. Иш ҳақининг ўсиши эса яна нархлар ўсишига сабаб бўлади. Меҳнат муҳожирларининг агросаноат, қурилиш, хизмат кўрсатиш соҳаларида кескин камайиши оқибатида иқтисодда салбий таъсир кўрсатмай қўймайди.
Бошқа тарафдан, АҚШдан доллар жаҳон бозорларига савдо орқали тушиши камаяди, доллар ҳажми қисқаради, унга талаб ошиб, доллар курси кўтарилади. Савдо урушлари амалиёти натижасида кўпгина реал бозорларда муқобил тўлов воситаларига ўтиш кузатилади: бу эса яна доллар мавқеининг тушишига сабаб бўлади. Доллар инфляцияси албатта бошқа валюталар инфляциясини кучайтиради, жаҳон ва миллий иқтисодиёт яна бир инқирозга кириб боряпти.
Албатта Трамп бундай ўйламайди. Трампча: савдо урушларида АҚШ ғолиб бўлади, ғолиблик эса иқтисодий устунликни кафолатлайди. У протекционизм ички ишлаб чиқаришни кучайтиради, бу иш ўринлари таъминотига ва аҳоли даромадининг ўсишига олиб келади деб ўйлайди. Бу ниҳоятда таҳликали қадам. Ўз миллиардлари ва репутациясини тикишга ўрганиб қолган бизнесмен энди бутун мамлакат иқтисодиёти, ижтимоий-сиёсий тузумни ва жаҳондаги нуфузини ўта хавфли ўйинга тикиб юборяпти.
Булардан ташқари Трампнинг асосий рақиби бу АҚШнинг юз йиллар давомида шаклланиб келган "checks and balance" (чекловлар ва мувозанатлар) тизимидир. Агар уни босқичма-босқич йўқота бошласа, бу янги АҚШ бўлади, у айтаётган "Эски Улуғ Америка" эмас. Парадокс шуки, у республикачилар партияси байроғи остида келиб, айнан аксил-республикачи сиёсат олиб боради. Трамп гигант Банан-Республикасининг отасига айланмоқда. Бу банан республикаси банан империяга айланадими-йўқми, пайдо бўладиган ички низолар натижаси кўрсатади.
Ҳозирдан маълумки, у ва унинг атрофидагилар янги авлод кадрлар табақасини шакллантира бошлади. Улар республикачи ғояларга ишонган кадрлар эмас, балки юқоридагилар нима деса шуни тўғри деб маъқуллайдиган функционерлардир. Айримлари кўр-кўрона роботга ўхшаб ҳаракат қилса, айримлари ўз садоқатини кўрсатиб "ўз ўйинини" олиб боради. Қарабсизки, "коррупция, хуш келибсан!".
Трамп бу ўз жамиятининг маҳсули, эртами-кечми шундай одам келиб қолиши муқаррар эди. Эски иқтидор одамлари ва зиёли элита ўзлари ўз ғояларига хизмат қила олмай, қандайдир постмодерн ўйинларига берилиб кетиб, халқидан узоқлашиб қолганди. Халқ эса узоқни ўйламай, фақат бугунги кун ташвиши билан яшайди, сиёсий қадриятлар тизимининг бузила бошлаганини пайқамай қолади. Яна эътибор беринг, Трамп ўз ўғлини тез-тез намойиш қиляпти. Ўзи кейинги муддатга номзодини қўйиши мумкин (бунга қонуний чеклов йўқ), бир амаллаб икки муддат туриб берса, ўғли сайловга тайёр бўлиб қолади. Ҳақиқатда қандай ва нима бўлади, номаълум, лекин унинг фикрлаш тарзини шундан пайқаса бўлади.
Кейинги икки-уч йилда АҚШда диктатура, автократик ёндашув, фуқаролик низолари, сепаратизм кайфиятларини тўла қонли кўринишида ёки уларнинг аломатларини тез-тез кўрамиз деб ўйлайман. Кўп нарсани ёш авлод хал қилади. Унинг ота-оналари 2001 йил 11 сентябрдан кейин келган кўп аксил-демкоратик чораларга рози бўлган эди (анти-террор уруши баҳонасига ишониб). Ёш авлод Трампга овозини берганлигини ҳам кўрдик. Аммо қанчалик бу ишончини сақлай олади, вақт кўрсатади. Сақлай олмаганда, қанчалик қарши чиқиш қила олади, бу ҳам катта савол. Янги "Катта Банан Империя"га рози бўлиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас, чунки лойиқ бўлганингга рози бўласан.
@subnazar