ИНДАМАСЛАР ОЛАМИ
Индамаслар оламин сайр айладим,
Сайр этиб мен бериё хайр айладим,
Энг ажиб олам экан бу олами,
Сайр қилсин бўлса ҳар кимнинг ғами.
Унда беравзан экан ҳар бир бино,
Ул биноларнинг ичинда йўқ ҳаво,
Сўриси йўқ, саҳни йўқ, айвони йўқ,
Ақраболар йўқ, азиз меҳмони йўқ.
Беўчоғу бепалосу бетанур,
Бетаому белибосу қайда нур,
Томи ҳам, девори ҳам тупроғ эрур,
Эски ғордан ҳам қоронғуроқ эрур,
Қору ёмғир томларин қилмиш хароб,
Лойга айланмиш тани олийжаноб,
Бу бинолар ёнма-ён, катта-кичик,
Баъзиси кимнинг уйи номи битик.
Баъзисин устида нақшинкорлик,
Санги мармарга битик ёдгорлик.
Эрми, хотинми, қарими, ёшми,
Ёки жоду кўзми, қийғоч қошми,
Камбағалми, бойми ё олими дин,
Ёки ҳоким, ё ҳаким ул ким эди.
Ё гадоми, ё ҳалим ёки чапан,
Ким таниб олгай суякнинг рангидан.
Бир-биридан фарқи йўқ ҳеч кимсанинг,
Пўсти йўқ сўнгак эрур жисми анинг.
Ким такаббур бўлса ҳам даъвоси йўқ,
Нозанинлар нозу истиғноси йўқ.
Макр этишга ҳоли йўқ маккорнинг,
Ҳоли йўқ тоат учун диндорнинг.
Бир нафас ҳам оғзи бадбўй маст йўқ,
Сўккучи тил, ургучи зўр даст йўқ.
Қўйди-чиқди йўқ унинг рўзғорида,
Урди-йиқти йўқ унинг бозорида.
Бирни юзга, юзни мингга сотгучи,
Ажралиб сармоядан жим ётгучи.
Элни беҳуда маломат айлаган,
Оғзидан гул ўрнига чиқмиш тикан.
Кимсада йўқ мадҳу васфу лофу қоф,
Йўқ ғараз ҳам дағдаға, жангу масоф.
Ким риёкору мунофиқ, беҳаё,
Қолмиш элнинг лаънатига доимо.
Беадаб, безорию хулқи ёмон,
Улфати бўлмиш ул манзилда илон.
Бунда мансаб йўқ, хушомадгўй йўқ,
Зебу зийнат бирла рангу бўй йўқ.
Бунда йўқ ҳеч кимга таҳқири назар,
Хор кимдир, билмадим ким мўтабар.
Балки майгун лабдан унмиш лолалар,
Лола юзлар қайда, йўқдир волалар.
Жим ётур ман-ман деган боз-бозлар,
Бетида тупроғ эрур пардозлар.
Тадбиру пуркорлик қўл келмамиш,
Ҳийлаю айёрлик қўл келмамиш.
Қўл узатмайдир тамаъ бирла гадо,
Йўқ сахий аҳлида ҳам лутфу сахо.
Пора-пора порахўрлар жисми ҳам,
Эл аро буткул йўқолмиш исми ҳам.
Ноилож золим ётибдир бемажол,
Нотавон мазлумда ҳам йўқ қийлу-ҳол.
Оғзида тупроғ хасис, очкўз, бахил,
Ҳаммасин еб ебти қўймай йилма-йил.
Алдаёлмасдан ётур алдоқчилар,
Коми қум тўлган ётур айғоқчилар.
Қўйнида йўқдир қаламкаш дафтари,
Йўқ эрур қонхўр қўлида ханжари.
Йўқ уларда ихтиёру иқтидор,
Қишми, кузми, бехабар, ёзми, баҳор.
Қанча минг йиллар эрурки кун ботур,
Қанча минг йиллар эрурки тонг отур,
Кеча кундуздан хабарсиздир улар,
Буткул эрмас бу тасаввур мухтасар.
Тек ётур, хомуш ётур, жим-жим ётур,
Тупроғин баъзан шамол бир қўзғотур.
Ота-она бирла фарзанд бир-бирин,
Чеҳрасига ташлай олмас кўз қирин.
Эру хотин, бирла хешу ақрабо,
Бир-биридан бехабардур мутлақо.
Бу сўзим эрмас хурофотдан дарак,
Бу ҳақиқат олами – ибрат демак.
Соати бунда саёҳат айладим,
На саёҳат, минг надомат айладим.
Кўзда ёшим бўлган эрди пардадор,
Йиғлади дил парда ичра зор-зор.
Ваҳмдан лекин тетик тутдим ўзим,
Бир томонга ногаҳон тушди кўзим.
Бир маконе бўлди менга жилвагар,
Устидан унмишу гўё найшакар.
Қабр аро қўшнай садосин авжи бор,
Бу садо лол айлади беихтиёр.
Шу замон кўнглимга етди бир сурур,
Зам-зами қалбим аро бахш этди нур.
Кел дегандек бўлди менга шул замон,
Бу нидони тинглади жисмимда жон.
Мен дедим, эй меҳтари қўшнайнавоз,
Най рамузидан хабар бергил, бироз,
Не сабаб жойингда ўзга файз бор,
Бу маконинг нега гўё лолазор?
Сен ким эрдинг бунда келмасдан бурун,
Мужда бергил менга ҳолингдан бу кун?
Деб кўзим юмдим қилиб бошимни хам,
Келди гўё менга бир овоз шу дам.
Айди: “Эй фарзанд, мен айтай тинглагил,
Не десам, сен, зарра шак келтирмагил,
Аввало, мен поку беозор эдим,
Элни шод этгувчи парҳезкор эдим,
Умр ўтказдим ҳалол меҳнат билан,
Элни хурсанд айладим санъат билан.
Доимо қилдим бахилликдан хазар,
Яхшиликни ўйладим шому саҳар.
Ота-она дилларин шод айладим,
Руҳларин ҳар лаҳзада ёд айладим.
Яхши ният эрди қалбимда чироқ,
Мен эдим кина-кудуратдан йироқ.
Ҳеч бир инсонга хиёнат қилмадим,
Ҳеч ёмон ишларга одат қилмадим.
Эл учун ҳар ишда қилдим мардлик,
Қилмадим нокаслигу номардлик.
Тўғри йўл бирлан кечирдим мен ҳаёт,
Юрту халқим менга қилди илтифот.
Менда ҳаргиз йўқ эди кибру ҳаво,
Шу сабабдан бўлди эл мендан ризо.
Давоми👇