Йиллар давомида селхона бўлиб ётган Паркентсой бўйида 77 та кўп қаватли уйлар ва пойтахт билан боғлайдиган тезюрар поезд йўли қурилиши режалаштирилган. Бу ўзгаришлардан аксарият аҳоли хурсанд бўлишига қарамай, бир-икки ваҳимачиларни таъсирида айрим одамлар саросимага тушиб қолишган.
Бир томондан, уларнинг хавотирини ҳам тушунса бўлади, чунки олдинги даврларда ҳокимлар ўзбошимчалик билан «снос»лар қилиб одамларни анчагина қўрқитиб қўйишганди. Ҳозир ундай замон эмас, пулини келишса, давлатга беради — бўлмасам йўқ.
Баъзида йўлларда яккамохов бўлиб, бузилмай қолиб кетган уйларга кўзимиз тушади. Ўша уйлар эгалари бошида рози бўлишмаган, йўл уйни айланиб ўтган. Энди эса харидор йўқ.
Бу ерда ҳам шундай ҳолат: ҳеч ким уйидан қувиб солинмаган, бирорта хонадон бузилганича йўқ. Ер ва мол-мулклар баҳоланиб, фақат хонадон эгалари тўлиқ рози бўлганидан кейингина бузиш-қуриш ишлари бошланади.
Мулоқотдаги энг муҳим гап ҳам шу бўлди: «Рози қилмасдан туриб, ҳеч кимнинг уйи бузилмайди». Бу Давлат раҳбарининг ҳокимлар олдига қўйган қатъий талаби ва сиёсати экани тушунтирилди.