Ўзбек тилида Афғонистонга дахлдор баъзи сиёсий атамаларни ишлатиш бўйича фикр-мулоҳазалар
Халқимиз "Тил билган - эл билади" деб бежизга айтмайди. Хорижий тиллардан кириб келган сўзлар ёки атамаларни қўллашда лисоний қоидаларга амал қилиш ўзбек тилининг нуфузи ва жозибасини янада кучайтиради. Бироқ, баъзи сиёсий атамалар ёки қисқартмалар мавжудки, уларни ўзбек тилида истифода этишда маълум бир хатоликларга йўл қўйилади:
1. НАТО. Ушбу сўз инглиз тилида "NATO" (North Atlantic Treaty Organization) тарзида ёзилади. Ўзбек тилида Шимолий Атлантика шартномаси ташкилоти деб таржима қилинади. Аммо, унинг қисқартмасини "НАТО" деб ёзиш ёки айтиш одатий ҳолга айланган. Балки бунга рус тилидаги адабиётлардан олиниб, ўзбек тилига таржима қилингани сабаблардан биридир. Бу бироз баҳсли масала, албатта. Аммо бизга маълумки, БМТ, ШҲТ сингари ташкилотларни расмий маълумотларда инглиз тилидаги қисқартмасидан эмас, балки ўзбек тилидаги қисқартмасидан фойдаланамиз. Шу жиҳатдан, бизнингча, ушбу ташкилотни "НАТО" эмас, балки ўзбек тилида ШАШТ деб ўзгартириб ёзиш мақсадга мувофиқ.
2. Толибонлар. Мазкур атама араб тилида “толиб” (ўқувчи, таҳсил олувчи) ва форс тилидаги кўплик ясовчи “он” қўшимчасини қўшилишидан ҳосил бўлган. Бироқ аксарият ҳолатларда ушбу атама ўзбек тилида “толибонлар” дея нотўғри талқин этилиб, тавтологияга йўл қўйилади. Шу нуқтаи назардан бундай сиёсий атамани “Толибон” ёки “толиблар” деб талқин этиш ва уни қўштирноққа олиб ёзиш лисоний жиҳатдан мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
3. Ўзбек генерали (маршалл) Абдурашид Дўстум. Афғонистон мавзусига оид кўплаб хорижий адабиётларда Абдурашид Дўстум ҳақида сўз кетса, уни олдидан ўзбек генерали деган сўз ҳам қўшиб ишлатилади. Буни ҳаттоки ўзбек тилидаги адабиётларда ҳам учратамиз. Аслида у афғон фуқаросими, демак афғон генерали (маршалл) деб ёзилиши ёки айтилиши лозим.
4. Қобул. Ушбу сўз дарий тилида كابل тарзида, яъни бошланиши коф ҳарфи билан ёзилади. Шу сабабдан уни Қобул деб айтиш ёки ёзиш жоиз эмас. Шаҳарнинг келиб чиқиши ва номи ҳақида кўплаб афсоналар мавжуд. Улардан бирида шундай дейилган: “Ўз даврининг подшоҳларидан бири отлиқлари билан бирдан тўхтаб қолишига тўғри келди. Чунки бошқа йўл йўқ бўлиб, олдинда кўлнинг кенгликлари ва унинг ўртасида яшил, сирли орол бор эди. Подшоҳ бироз ўйланиб, вазирларини чақириб, ўтиш жойи тайёрлашни буюрди. Улар яқин ва узоқ қишлоқлардан кўплаб сомон олиб келишди, уни кўлга қуйишди, кўприкни тупроқ қатлами билан мустаҳкамлаб ўтиш жойини тайёрлашди. Оролга "сомон кўприк"дан ўтгач, подшоҳ гўзал мусиқа садоларини эшитди. Оролда моҳир мусиқачилар яшаб, бўш вақтларини мусиқа ва рақсга бағишлаган эди. Уларнинг ижросига мафтун бўлган подшоҳ шу ерда шаҳар қуришга қарор қилди. Оролга қилган сафари хотирасига шаҳарга Капул (сомон кўприк) деб ном беришни буюрди. Подшоҳнинг амри бажо келтирилиб, ям-яшил водийда шаҳар пайдо бўлди". Вақт ўтиши билан Капул номи Кобулга айланди ва унинг атрофида катта кўл қолдиқлари сақланиб қолди.
Бундан ташқари, Кобул шаҳри аҳолиси орасида Кобул сўзининг этимологиясида афғонча имлога асосланган яна бир талқин мавжуд. Унга кўра, Кобул آب در بين گل (гуллар орасидаги сув) маъносини ифодалайди.
Умуман, бунга ўхшаш сўзлар, атамалар ёки қисқартмаларни кўплаб учратиш мумкин. Бу ердаги энг муҳим жиҳат шундаки, уларнинг орасида ўзига хос сиёсий ишорани англатувчи сўзларнинг ҳам мавжудлиги илмий ва сиёсий доиралар томонидан ушбу сўзларни қўллашда эътиборли бўлишни ва лозим топилса жиддий ёндашувни талаб этади.
👉@suhrob_buranov