Семиришдан қандай қутулиш мумкин?
Иш фаолиятимиз туфайли кун давомида ўтиришга мажбурмиз ёки автобусда бўш ўрин бормикан, дея жой қидирамиз. Уйга келгач эса аҳвол яна шу: уй юмушлари билан бир оз шуғуллангандан сўнг “чарчадим”, деб ойнайи жаҳон қаршисига ёнбошлаб оламиз. Овқатлангандан кейин ҳам ҳаракат йўқ. Оқибати маълум: йилдан-йилга тана вазнимизга вазн қўшилиб, кўпайиб бораверади. Таниш-билишларнинг кўришганда кинояли гаплари, бозорда ёқтирган кийимингизнинг сизбоп ўлчамининг йўқлиги ҳам майли-я, аммо ортиқча вазн тобора соғлиғимизга таъсир қилиб бориши ёмон.
Энди яхшилаб ўйлаб кўринг, балки ўзингизни қўлга олиб, озишга ҳаракат қиларсиз?
Семиришнинг сабаб ва оқибати
Маълумки, истеъмол қилинган овқат танамиз учун қувват манбаига айланади. Аммо биз кам ҳаракатлансак ёки нотўғри овқатлансак, ҳаётимизда асаббузарлик кўп бўлса, қувватнинг ярми сарфланиб, қолган қисми ёғ қатлами сифатида танада қолиб, кўпаяверади. Хуллас, семириш танамизда моддалар алмашинувининг бузилиши сабабли рўй беради.
Ортиқча вазн ташқи кўринишнинг ўзгаришига ва бир қатор касалликларнинг ривожланишига олиб келади:
*қонда қанд миқдорининг ошиб кетиши (қандли диабетнинг 2 тури);
*хафақон касаллиги;
*саратон ишемик касаллиги, инсульт;
*саратон. Ёғли, қовурилган таомлар таркибида канцероген (саратон чақирувчи) моддалар ҳосил бўлади. Шунинг учун бу каби овқатларни ҳафтада бир мартадан ортиқ истеъмол қилмаслик тавсия этилади;
*тунги апноэ (уйқу пайтида нафас олишнинг бузилиши) семиз кишиларда кўп кузатилади;
*суякларнинг мўртлашиб, синувчанлигининг ошиши. Тана вазни камайганда ҳамда кальцийга бой дармондорилар қабул қилганда бу хавф ортда қолади;
*ўт-тош касаллиги. Семиз кишилар қонида холестерин даражаси юқори бўлади. Бу хавфли омил эса жигар, ўт-тош касалликларига йўл очиб беради;
*ҳайзнинг кечикиши. Кўпинча семизлик гормонлар фаолиятининг бузилиши билан боғлиқ бўлади. Бу эса ўз навбатида аёллар саломатлигига ҳам таъсир қилмай қолмайди.
Озмоқчимисиз, истеъмолингизга эътиборли бўлинг!
Ярим тайёр ёки тайёр маҳсулотлар истеъмолига чек қўйинг, негаки, ишлаб чиқарувчилар тайёр маҳсулотларга иштаҳани қўзғатувчи қўшимчалар қўшишади. Мисол учун, турли хилдаги пишириқ (печенье), колбаса, чипс, қотирилган нон, ярим тайёр маҳсулотлар: чизбургер, гамбургер ва ҳ.к. лар таркибида Е621(натрий глутамат) қўшимчаси мавжуд. У иштаҳани қўзғаб, маҳсулотни меъёрдан ортиқ истеъмол қилишга ундайди.
Писта чақманг. Баъзилар иштаҳани йўқотиш учун кунгабоқар пистаси ёки ерёнғоқ чақишни хуш кўрадилар. Асло бундай қилманг. Негаки, бир пиёла писта чақиш бир лаган ёғли палов ёки қовурма гўштни ейиш билан баробар. Писта чақишни бошлаган одамнинг тўхташи нақадар қийинлигини ҳисобга олсак, қанчалик семириб кетиш мумкинлигини тасаввур қилаверинг.
Ётишдан олдин албатта бир пиёла қатиқ ичишга одатланинг. Бу нафақат оздиради, балки ошқозон-ичак муаммоларидан ҳам халос қилади.
Овқатнинг миқдорини камайтиринг. Кўп овқат ейиш натижасида ошқозон деворлари кенгайиб кетади. Бу одатга айланса, семиришдан қутулолмайсиз. Аксинча оз-оздан, аммо ҳар 3-4 соатда овқатлансангиз, ошқозон торайиб, мияга очиқиш ҳақидаги сигналлар бормайди.
Цитрус мевалар ҳидидан баҳраманд бўлинг. Маълум бўлишича, лимон, мандарин пўстидан таралаётган ҳидлар иштаҳани “алдайди”. Қорнингиз очган заҳоти цитруслар пўчоғини паст оловда куйдириб ҳидласангиз, иштаҳа ўз-ўзидан йўқолади.
Сақич чайнаманг. Бу ҳолатда ошқозон шираси кўпроқ ажралиб бу ҳам иштаҳани очади. Бундан ташқари, сақич таркибида углеводлар мавжуд. Улар эса танага сингиши билан ёғларга айланади. Сақични фақат овқатдан кейин 15 дақиқа чайнаш мумкин.
Тез озиш мумкинми?
Албатта, бугунги кунда кенг тарғиб қилинаётган бир ой, боринг-ки бир ҳафта давомида ортиқча ҳаракатларсиз “мўъжизали озиш” усуллари ёрдамида озасиз. Аммо бунинг соғлиққа зарари йўқ, деб ким кафолат беради? Бу каби усуллар организм учун зарарли бўлиб, унинг зўриқиб ишлашига олиб келади. 1-2 ойдан кейин йўқотилган килограммлар қайтиши ҳам мумкин. Бундай қалтис усуллардан фойдаланиш ўрнига тана вазнини аста-секинлик билан камайтириб бориш тавсия этилади.
@ozish_maktabi