20 - "А" КОМАНДА ЁҲУД ПСКОВДАН НОРОЗИЛИК МАКТУБИ
(Қандахор рейдида, БТРни олд томонида чордона қуриб уч аскар овқатланаётган бўлган. Мина шундай аниқликда учиб келганки, деярли дастурхонда портлаган.
Ёрдамга етиб келган полк тиббий хизматчиси катта сержант Ёдгор Эгамназаров (Бешариқлик) тушундики, иккита аскарга ёрдам бериш тугул, қаерда оёғи, қаерда боши бўлиб кетганини кўрди. У жон-жаҳдда учинчини, икки оёғи узилиб кетган бироқ, ҳаёт аломати борига ёпишди. Икки сон титилиб бир қулочдан бўлиб, жгутга (Чарм қайиш) сиғмайдиган даражада, дейди Ёдгор.
Жгутлар қўйилган, промедол (2 мл тубикда наркотик укол) қилинган. Физроствор (Вақтинчалик қон ўрнини босувчи томирдан юборилувчи суюқлик) улаган. Вертолёт чақирган.
Бу Ёдгорни хизматдаги кундалик ишларидан эди. Икки ярим йил мабойнида қанчадан қанча сафдошларини ҳаётини сақлаб қолган. Бундан эса аввало ўзи мамнун эди.
Хизмат тугаб, 90 - йиллари Тошкентда ўқиб юрганида эса, бир мактуб келади.
Хатда эса, бошдан оҳиригача Егор, (Ёдгор) нега мени ўшанда қутқариб қолгансан, барибир ўша дўстларимсиз, оёқларимсиз одамдек яшолмаяпман, 5 -10 дақиқа кечикканингда қийналмай ўлволаридим, деган ўта норозилик изҳори битилган эди, деб ёшлигимизни эсладик, Ёдгор ҳожи билан.
Мен унга назар солар эканман, ўзи ҳам Андижонда умуртқасидан жарроҳлик йўли билан даволаниб келган, букчайиб, қийшайиб қадам босар эди.
Умр бўйи мактабда рус тили ўқитувчиси бўлиб ишлаётган, отасини кўрмаган, онаси эса "20 - "А" команда афғонга кетадиган команда" деган гапни эшитиб қон босими ошиб кетиб, вафот этган, сочлари кўнгли каби оқариб бораётган ИНСОНни тўртта нон олиб Тошкентдан Фарғонага Умрангиз қабул бўлсин деб, йўқлаб келганимдан ўзимдан ўзим ҳурсанд эдим.
Дарвоқе, биз афғончилар фақат ўзимизни ўзимиз ҳурсанд қилиб юрамиз.
Псковдан (Андрейдан) келган мактуб эса, мени бефарқ қолдирмади, зеро уни ўрнида мен бўлишим ҳам мумкин эди)
Қандахорда ўлмасмидим, қусиб қон,
Мўлтирайман, қалтирашиб тутар нон.
Қора қонга қоришган у қаро кун,
Нега мени қутқардинга, Егоржон?!
Ўзбек дўстим, нега раҳми жўшасан,
Ёрдам деса, жондан кечиб шошасан,
Қонингда бор, аниқ ўша-ўшасан,
Нега мени қутқардинга, Егоржон?!
Сал бўлмаса ўзинг ўққа учардинг,
Бир лаҳзада бордан йўққа учардинг,
Мени пана қилиб, судраб-қучардинг,
Нега мени қутқардинга, Егоржон?!
Тил тортмасдан бу дунёдан ўтардим,
Ё жаннатга, ё дўзахга кетардим,
Сени ўйлаб қанча қадаҳ кўтардим,
Нега мени қутқардинга, Егоржон?!
Ўликманми, тирикманми билмайман,
Шохи синган дарахтдайман, жилмайман,
Онам ўтса, итга керак бўлмайман,
Нега мени қутқардинга, Егоржон?!
Жонбахш миллат, кўзларингдан айланай,
"Терпи" деган сўзларингдан айланай,
Қанча чидай, бўзларимдан айланай,
Нега мени қутқардинга, Егоржон?!
Мирзога айт, сенга атаб шеър қилсин,
Билмасалар, биз қон тўккан ер билсин,
Тинчлик бўлсин, фарзандларинг кўп бўлсин,
Нега мени қутқардинга, Егоржон?!
http://T.me/mirzolarningmirzosi.
https://www.YouTube.com/channel/UCoRsvGN9EjQ5VZBL0iYEHQg.