Самира қизи айтган совчиларни унча хушламади:
- Қўй, қизим, ҳеч кўнглим бўй бермаяпти. Ўзимиз томондан ҳам яхши йигитларга сўрашяпти. Узоқнинг донидан, яқиннинг сомони яхши, дейдилар. Уларингни ҳали бир марта ҳам кўрмаганману, негадир ҳар сафар айтганингда юрагимни алланечук ғашлик қоплайди. Болам, ўшалар келмай қўяверишсин-а?..
- Ойижон, нега унақа дейсиз? Элбек ака жуда ҳам яхши инсон. Шундай яхши йигитнинг оиласи ёмон бўлармиди? Ойижоним, илтимос, йўқ деманг. Улар келишсин, ойилари билан танишинг, кейин бирорта холам билан бориб Элбек акамларнинг маҳалласидан сўраб-суриштиринг, ана ундан кейин бирор гап айтарсиз. Балки, фикрингиз ўзгарар... Ахир мен ҳар қанақа одамни ёқтириб, ҳар қанақа одам билан етаклашиб кетавермайман. Сизнинг, дадамнинг орзулари билан ўйнашишга ҳаққим йўқ менинг, буни яхши биламан.- Самодил онасига илтижоли тикилди. Самира чуқур “уҳ” тортди:
- Майли, қизим, келаверишсин-чи, қолгани бир гап бўлар. Биласан-а, мен сенга мен учун ҳам бахтли бўлишни уқтирганман, мен учун ҳам бахтли бўлишга ваъда бергансан. Шу ваъдангни, қулоғингга қуйганларимни унутмасанг, кимни севсанг ҳам, энг аввало онангни эсингдан чиқармасанг, бўлгани.
- Хавотирланманг, дедим-ку, ойижон. Кўнглингиз тўқ бўлсин, ҳамма айтганларингиз эсимда.- Самира қизининг гапларига ишонишни астойдил истаса-да, кўнглидаги ғуборлар аримас, аллақандай тушуниксиз ҳиссиётлар чангалида қийналар, ҳатто ярим тунда ҳам қизининг ётоғига кириб, унга узоқ термулиб ўтирар, сочларини силаб, бахтини сўраганча дуо қиларди.
Совчилар келадиган куни қизининг елиб-югураётгани, ҳали эшик-деразаларнинг ромларини қайта-қайта артса, бир қараса ойналарни артади. Дам қўли қўли тегмай яхна овқатларни дастурхонга мос ликопчаларга қўйса, дам соатдан кўз узмай ширинликлар пиширар, унинг жонсараклиги бир томондан Самиранинг ғашини келтирса, бир томондан қизининг улғайгани, янги ҳаётга қадам қўйишни астойдил истаётгани, юрагини орзиқтирарди. Қизи улғайибди, турмуш қуришни, оилали бўлишни хоҳлаяпти. Бунинг нимаси ёмон? Ҳар бир қиз вақти келиб оила қуриши, ота уйини тарк этиши керак. Бу- табиат қонуни, ҳаёт ҳақиқати. Бунда ҳеч қанақасига ғайритабиийлик йўқ, инсон бахт учун яратилган. Бахт эса – сени тушунадиган, ардоқлайдиган инсон билан яшаганингда. Бироқ ҳаётнинг ўзига хос мезонлари бўлади. Баъзан сени мени тушунади, деб ўйлаганинг бутунлай бегона, кўнглим талпинади, деганинг юрагингга терс бўлиб чиқиши ҳам мумкин. Шунинг учун, тақдирни тақдир қилган Яратганга таваккал қилганларнинг кўпчилиги бахтли яшайди. Ҳаёт – қарама қаршиликлар майдони, шахмат ўйинига ўхшайди. Бир томонда оқ доналар, бир томонда қора. Баъзан кетма кет қора доналар ўйинига дуч келинади, айримларнинг ҳаётида эса, аввал яхши кунлар нашъу намоси, сўнг эса қора кунларнинг имтиҳони бошланади. Энди Самиранинг қизига бахт кулиб боқсин-да. Бу дунёда уни боғлаб турган ягона инсон- қизи. Ҳамма орзу-умидлари, келажагининг истиқболи шу қизига боғлиқ. Яраланган юрагининг яккаю ягона малҳами. Ғамлардан, дунё ташвишларидан чарчаганида ҳаётга умид, муҳаббат уйғотадиган, уни яхши кунлар олдиндалигига астойдил ишонтирадиган шу- қизи. Мана шу қизи улғайиб, янги ҳаёт остонасида турибди энди. Боланг кўз ўнгингда тез катта бўларкан, билмай, уни бола хаёл қилиб юрар экансан...
- Ая, чиқинг, келишди, шекилли.- Самодил ташқаридан шундай деб овоз берди-ю, лип этиб ичкари уйга кириб яширинди. Самиранинг оёқ-қўли титраб, ҳаяжондан талмовсираган куйи дарвозахонага чиқди. Оппоқ машинани тўлдириб келган совчи хотинлар бирин-кетин тоғорасини қўлтиқлаб тушиб келаверишди. Тамойилига кўра, Самира уларни кўриб ҳайрон бўлгандай бўлди. Аммо... Меҳмонлар яқинлашиб, кўришишга икки-уч қадам қолганида ҳайратдан тош қотди. Аёлнинг боши айланиб, мияси ғувиллар, совчиларнинг бири-ёши кекса кампир Самиранинг ўтмишдан қолган юрак доғларини тирналишига сабаб бўлди. Бир оздан кейин, Самира ҳай-ҳайлашаётган хотинларни ичкарига бошлади-ю, ҳалиги кампирга қарамасликка уриниб тили аранг калимага келтирди: