Бу дунёда сизни энг бахтиёр қиладиган нарса нима? Мол-дунё, мансаб-мартаба, аёллар, муҳаббат, шон-шуҳрат, обрў-эътибор, ўзгаларнинг олқишларими?
Агар сиз бахтингизни ушбу нарсаларда деб билсангиз, билингки, қалбингизни хиёнаткор ва ғаддор қўлларга топширипсиз, у сизга фақат бахтсизликни истаб, мунофиқлик қилади, минг тусда товланади.
Агар бахтингизни мол-дунёда деб ўйласангиз, билингки, у абадий эмас. Чунки, мол-дунё бир кун қўлдан кетади. Тилло ва долларнинг қиймати доимо бир ҳалатда собит турмайди.
Агар мансаб-мартаба, обрў-эътиборни бахт деб билсангиз, бу борада тарих бизга етарли сабоқ берган. Бугун сиз арслонга миниб юрган бўлсангиз, эртага унинг емишига айланишингиз турган гап.
Агар бахтни одамларнинг олқишларида деб билсангиз, шуни унутмангки, одамларнинг фикрлари ҳам ҳар куни ўзгариб туради.
Демак, сиз бор сармоянгизни беқарор банкка қўйибсиз, ўзингизни ваҳшат ва ғурбат оламига отибсиз, йўлтўсарларнинг меҳмонхонасига жойлашибсиз, охир оқибат хотирингиз жам бўлмайди, роҳат топмайсиз, эмин-эркинлик нималигини билмайсиз. Умрингизни охирги лаҳзасигача хотиржамлик таъмини тотмайсиз. Чунки, сиз ўзингиздаги энг қиммат нарсани, руҳингизни саботсиз нарсаларга алишдингиз. Ҳимматингизни ўткинчи лаҳзаларга инъом қилдингиз. Қалбингизни беқарор ва зоил нарсаларга боғладингиз. Виждонингизни вақт ваҳшийлари ғажишига қўйиб бердингиз.
Агар бахтингизни аёлнинг муҳаббатида деб билсангиз, қани у доимо ўзгармай турадиган аёл? Қаерда экан у ўзгаришни қабул қилмайдиган қалб? Ундай қалблар фақат ўзлари қилмайдиган нарсаларни айтадиган, ҳар водийда дайдийдиган шоирларнинг шеърларидагина бўлади.
Баъзи ориф зотларнинг ҳисобларига кўра етмиш минг пайғамбар ер юзини кезиб ўз қавмларига ушбу гапларни етказишган. Шу дарсни уларга қайта ва қайта ўтишган. Айни гапларни такрор ва такрор айтишган.
Одамлар эса, ҳали хануз ўз ҳолларича қолмоқдалар. Бирортаси ўзининг бурнидан нарини кўрмайди. Ҳалиям ўзларининг аввалги жоҳилиятларида, арзимас нарсаларни елка тутиб мудофаа қиладилар, ўлим фариштаси гўё уларни эмас, бошқаларни олиб кетадигандек эътиборда бўладилар.
Аслидачи, улар бугунгичалик ҳалокатли ва аянчли ҳолатда бўлмаганлар. Қуръони карим уларга хитобан шундай дейди: "Ўзингизга боқинг, кўрмаяпсизларми?"
Доктор Мустафо Маҳмуд - "Ислом, у нима?" китобидан.
https://t.me/Amuziyosiuz