📝ТАВФИҚ АЛЛОХДАН!
"... Мен - дейди ушбу ҳикояни сўзлаб бераётган одам, - бир неча йилдан бери намоз ўқийман, Аллоҳнинг ибодатида қойимман. Пайғамбаримизнинг (с.а.в) "ўзига яхши кўрган нарсаларини биродарига илинмагунича инсон етук мўмин бўла олмайди", деган сўзларини эшитганимдан сўнг, бор эътиборимни яқинларимга қаратдим.
Кўрган одамларимга исломни илина бошладим, кимгадир таъсир қилдим, кимдир сўзларимни олмади. Ҳидоят Аллоҳдан, дейишади. Табиийки, чақирувнинг энг ҳақдорлари қўшнилар ҳисобланади.
Бир қўшним бор эди, ёши ўттиз тўққизга кирган, Аллоҳнинг фазли билан бой-бадавлат эди. Ҳар йили катта маъракалар қилар, қориларни чақирар ва одамларга ёрдам бериб турар эди. Бу фазилатлари олдида намоз ўқимаслиги кимларгадир сезилмаса-да, мени жуда қийнарди. Қўшним бўлгани учунми, сал қаттиқроқ гапиришга ҳаддим сиғарди. Ҳар кўрганимда билганларимни илинардим унга. Аммо қўшним нуқул бир гапни айтиб мени гўёки мот қиларди:
"Намоз ўқийман, мунча қўймайсиз, қўшни. Бошқаларга ўхшаб қариб қартайиб ўқирман, демаяпман-ку. Мана кўрасиз, икки ойдан сўнг қирқ ёшимни нишонлай, зўр туғилган кун қилиб берай, эртасига эрталаб, бомдод намозига сиз билан чиқмаган эркак бўлмасин!"
Бу сўзларга ўрганиб қолган бўлсам-да, қўшнимни Аллоҳнинг байтига чақиришда давом этавердим. Ўша орзиқиб кутилган дам ҳам етиб келди. Туғилган кун, замонавий тил билан айтганда юбилей дабдабали ўтгани ҳақида эшитдим. Камида йигирма маротаба туғилган кундан кейинги кунни эшитганим боис, эрталаб туриб, қўшнимнинг олдига чиқишга бел боғладим. Туғилган кунга шариат рухсат бермагани учун бормадим, аммо кечқурун қўшнимнинг эшигини тақиллатиб, эртани унутманг-а, деб қўйдим.
Озгина ичганиданми, унинг юзида дарҳол розилик аломати сезилди.
"Майли, майли, эсимда, эртага эрталаб, ҳозиргина меҳмонларни чиқариб юборгандим, - деди-ю, киришга ҳозирланди.
Мен уйдан узоқлашганим боис, охиридаги гапи элас-элас эшитилди: Лекин сал бошим оғриб турибди-да...
Ана шу охирги гап юрагимнинг ўртасини тешиб ўтгандек бўлди. Унга қараб тасалли бермоқчи эдим, аммо кириб кетган экан.
"Ҳа, энди ичган-да, боши оғриса, эртага тарқаб кетади", деган ўй ила уйга қайтдим.
Ухладим, тушимда қўшнимни кўрибман. Эмишки, саҳрода юрганмишмиз, иккимиз. Жуда чанқаб кетибмиз. Қани энди сув кўринса эди, деган орзу билан узоқ юрибмиз.
Ва ниҳоят саҳро ўртасида булоқ кўринибди-ю, иккаламиз югуриб кетибмиз. Мен биринчи бўлиб етиб борганимдан сўнг, қўшнимни ўйламай, сув ича кетибман. Ичиб, қониб бўлгач, қўшни ичинг, деб орқага қарасам, қўшним йўқ эди. Ия, қаёққа кетди экан-а, деб ўйлаб турганимда, уйғониб кетдим.
Турсам, соат уч ҳам бўлмаган эди. Ёнимда аёлим ётарди, пайғамбаримиз cоллоллоҳу алайҳи ва васаллам ёмон туш кўрсаларингиз, бировга айтмангиз, деб уқтирганлари боис, уйғониб кетган аёлимга ҳам бу тушни айтмадим, чап томонимга туфлаб қўявердим. Лекин буёғига уйқу келавермади...
Секин ташқарига чиқдим. Юрдим, ҳаёлимдан ўша машъум туш кетмасди. Соат учда қўшнини чақириш... қандай бўлар экан...
Йўқ, Аллоҳ асрасин, Аллоҳ жонини омон қилсин. Эрталаб худо хоҳласа, бомдодга чиқамиз, дедим-у, уйга кириб ётдим.
Икки соат ўтмасдан, эшик таққилаётганини эшитиб, уйғониб кетдим.
Чиқсам, қўшнимнинг аёли турарди. Йиғлайверганидан кўзлари шишиб кетганди.
-"Қўшнижон, эрим икки соат олдин қаттиқ оғриб қолди, дўхтир чақиргани болаларимни турғузгунимча, касали баттар бўлди. Болаларим дўхтирга боришга эндигина тайёрланишаётган эди, эрим омонатини топширди".
"Соатга қарасам, роппа роса тўрт бўлганди"...
Мен бу хотиннинг сўзларидан гарангсиб қолгандим. Чунки ўша пайти бомдод соат тўртдан беш дақиқа ўтганда кирарди.
Субҳаналлоҳ !, Аллоҳ таъоло бу бандасини бомдод вақтига кириб боришига ҳам йўл қўймабди. Субҳаналлоҳ !, қирқ ёшлик тўйимни ўтказаман-у, эртасига бомдодга чиқаман, деган одам айнан бомдод кириши арафасида жон беришини қаердан ҳам билсин...
Бир танишим дуо қилганда яқинларга иймон, тавфиқ тилаш керак деган эди, тавфиқ фақат Аллоҳдан экан...
📚ИБРАТЛИ ҲИКОЯ ВА ҲАЁТИЙ ВОҚЕАЛАР ФАҚАТ БИЗДА📚