Ўқув йили бошланиши арафасида мактабларнинг ошхоналари ҳеч бир ҳуқуқий асос бўлмасада, аукцион орқали сотишга мажбурлаш бошланганди. Ҳатто аукцион орқали бир неча мактабнинг ошхонаси сотилган ҳам.
Жамоатчиликнинг эътирозларидан кейин Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова августдаги журналистлар билан ярим ёпиқ учрашувида (ёпиқ Ўзбекистонда шунақаси урф бўлган) мактаб ошхоналари сотилмаслигини, бошланган ҳаракатлар тўхтатилишини маълум қилганди.
Шундан кейин мактаблар ва мактаблар директорларига турли кўринишдаги босимлар вақтинча тўхтаганди.
Қарангки, жамоатчилик кўзини шамғалат қилиб, муаммо вақтинча босди-босди қилингани билан бу ёқда орқаваротдан мактаблар ошхоналарини аукционда сотиш ишларига гўёки қонуний тус бериш ҳаракатлари тўхтамаган. Ҳеч қурса, ҳаракатларни тан олиб, бошлаётган ишларини жамоатчилик муҳокамасига қўйишмаган.
Демак, 11 январь куни имзоланган ҳукумат қарорига кўра, энди мактаб ошхоналарининг ижара ҳуқуқини сотиш масаласи Давактивга топширилган, қарор билан тегишли низом ҳам тасдиқланган.
Мана энди мактаб ошхоналаринии аукционда сотиш учун ўзбек чиновникларида ҳуқуқий асос бор.
Бу кейсда ғирт иккиюзламачилик мавжуд, аввало мактаб ошхоналари аукционда сотилмайди деб туриб, орқаваротдан қарор чиқариб олиниши бўлса, иккинчиси, аксар ўзбек чиновникларининг болалари ва набиралари давлат мактабларига боришмайди (улар 5 маҳал овқати ва бассейни мавжуд бир неча минг долларлик энг қиммат хусусий мактабларда), яъни давлат мактаби ошхонасида аҳвол қанақа, у ерда тижорий ошхона қилса бўладими ўзи, бунга талаб борми, умуман тасаввури йўқ бўлган корчалонлар ҳеч қурса жамоатчилик фикрини ўрганишни ҳам истамаган. Барака топгурлар, шу мактабларга сиз оёғи ердан узилган ўзга сайёраликларнинг эмас, халқнинг боласи боради. 2 минг сўмлик пирожкидан қанча даромад топса бўлади? Ижарага олинган ошхона ижара пулини тўлаш учун 2 минг сўмлик пиражки нархини қанчага ошириш керак? Ўзи кичик ва ўрта тадбиркорларга тижорий маскан сифатида мактаб ошхонаси қизиқми? Бирон бир ўрганиш, сўров ё тадқиқот ўтказилдими? Ëки доим улги оладиганингиз шимолдаги каби мактаблар ошхонасини қайсидир олигархларга топширмоқчимисизлар? Балки бу бюджетдан бир неча триллион сўмлик "бепул нонушта" ўзлаштириш лойиҳасининг таркибий қисмидир?
Ҳа, мактаблар ошхонаси ижара ҳуқуқини сотишдан тушган пулларни нима қилмоқчисизлар? Фестивал ўтказасизларми ё сингапур-сомали дарсликлари учун ишлатасизларми?
Отабек Бакиров
t.me/davr24official