МУВАФФАҚИЯТЛАРДА ҲАМКОРЛАРНИНГ ҲАМ ҲИССАСИ БОР
Бугунги кунда спорт федерациялари билан ҳамкорлик қилаётган ташкилотлар доираси кенгаймоқда. Барчаси спортимиз ривожи, ҳамюртларимизнинг саломатлиги йўлида баҳоли қудрат кўмакларини аяшмаяпти. Бунинг самараси, жамоаларимиз, спортчиларимиз халқаро миқёсдаги нуфузли мусобақаларда оламшумул натижаларга эришиб, давлатимиз байроғини кўкларга кўтаришмоқда.
2024 йилнинг сентябрь ойи эди. Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмасининг раиси Қаҳрамон Қуронбоев хизмат сафари билан Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Термиз шаҳридаги “Сурхон” спорт мажмуасида гандбол бўйича U-20 қизлар ва ёшлар жамоалари ўртасида ўтказилаётган Ўзбекистон кубоги ўйинларини бевосита кузатди. Ўшанда, Қаҳрамон Қўчқорович вақт топиб, Ўзбекистон гандбол федерацияси мутассаддилари, тренерлар ва спортчилар билан учрашиб, уларнинг фикр-мулоҳазалари билан қизиқди. Фурсати билан раис юртимизда гандболни янада ривожлантириш, уни янги босқичга олиб чиқиш борасидаги таклиф ва истакларини билдириб ўтди. Ҳатто, мамлакатимиз терма жамоаларининг ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этишда қўллаб-қувватлашини таъкидлади. Айни дамда, спортимиз жонкуярининг айтганлари амалда исботини топмоқда.
Бинобарин, “Беш ташаббус олимпиадаси - 2024” доирасида илк бор ташкил этилган “Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси кубоги” қисқа фурсат ичида маҳалла ёшларининг севимли мусобақасига айланиб улгурди. Ваҳоланки, бир неча босқичда уюштирилган ушбу биринчилик 10 мингга яқин маҳалланинг деярли 800 минг нафар 17 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёш гандболчиларни қамраб олгани сўзимизнинг яққол ифодасидир.
Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси раҳбарияти ўтган йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон U-18 ўсмирлар ва U-20 ёшлар жамоаларининг Халқаро гандбол федерацияси (IHF) кубогининг Осиё қитъаси босқичи олдидан икки ҳафталик ўқув-машғулот йиғини учун Бўстонлиқ туманининг баҳаво ва сўлим ҳудудида жойлашган Чарвоқдаги дам олиш масканини ажратиб берганлиги ҳам ҳар қанча эътирофга лойиқдир. У ерда яратиб берилган шарт-шароит ва имкониятлар эса гандболчиларимизни илҳомлантирди, ғалабалар сари етаклади, очиғи уларга мотивация берди. Бу рост, албатта. Бунинг натижаси, ёшларимиз ҳиндистоннинг Лакхнау шаҳрида уюштирилган мусобақада билдирилган ишончни тўла оқлашди. Иккала терма жамоамиз ҳам биринчи ўринни эгаллаб, IHF кубогининг қитъалараро босқичига чиқди. Эндиликда, ҳал қилувчи босқичда гандболчиларимиз зиммасига Осиё қитъаси шарафини ҳимоя қилишдек масъулиятли вазифа юклатилган. Бунинг учун жамоаларимиз тўлақонли тайёргарлик жараёнини ўташи лозим бўлади. Ўқув-машғулот йиғинларига янада жиддий ёндошиш талаб этилади. Негаки, қитъалараро босқичида нафақат барча қитъанинг энг кучли термалари қатнашади, шунингдек, ёш тоифаси бўйича ғолиб чиққан жамоа жаҳон чемпионати йўлланмаси соҳибига айланади. Демак, мундиал чиптасини қўлга киритиш учун қулай имконият вужудга келган. Бундан унумли фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга.
Умуман олганда, Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси нафақат спорт федерациялари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган, қолаверса, ҳудудларда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, маҳалла аҳолисининг турли қатлами орасида спорт турларини оммалаштириш ҳамда мусобақалар ўтказишни ҳам йўлга қўйган. Айниқса, уюшма раисининг ташаббуси билан “Пайшанба – жисмоний тарбия ва спорт куни” этиб белгиланганлиги, “Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам”, “Спорт - саломатлик гарови” сингари кўплаб оммавий спорт тадбирларининг ташкил этилаётгани нуроний отахонлар, хотин-қизлар ва ёшларни бирдек қувонтирмоқда. Зеро, булар ҳамюртларимизнинг соғликларини тиклашга хизмат қилаётир.
Икром ХУДОЙБЕРГАНОВ,
Ўзбекистон журналистлар уюшмаси аъзоси.
КАНАЛИМИЗГА АЪЗО БЎЛИНГ
👇👇👇
https://t.me/uzbhandballfederation