Ражаб ойида юз берадиган бидъатлардан
Савол: Баъзи одамлар Ражаб ойини айрим ибодатлар билан хослашади, масалан, Рағоиб намози, (ушбу ойнинг) 27-кечасини ибодат билан ўтказиш. Бу амалларнинг шариатда асоси борми? Аллоҳ сизни мукофотласин.
Жавоб: Ражаб ойини Рағоиб намози билан хослаш, ёки унинг 27-кечасини бу кеча Исро ва Меърож кечаси деб эътиқод қилган ҳолда нишонлаш, буларнинг барчаси бидъат бўлиб, жоиз эмас ва шариатда асоси йўқ амаллардир. Бу ҳақида муҳаққиқ уламолар огоҳлантирганлар. Бу мавзуда бир неча марта ёзганмиз ва одамларга тушунтирганмиз. Рағоиб намози бидъатдир. Бу намозни баъзи одамлар Ражаб ойининг биринчи жума кечасида адо этадилар. Шунингдек, 27-кечани Исро ва Меърож кечаси деб эътиқод қилган ҳолда нишонлаш, буларнинг бари бидъат бўлиб, шариатда асоси йўқ.
Исро ва Меърож кечасининг айнан қайси кун эканлиги аниқ эмас. Агар аниқ бўлган тақдирда ҳам, уни нишонлаш жоиз эмас. Чунки Набий ﷺ бу кечани нишонламаганлар, шунингдек у зотнинг тўғри йўлдаги халифалари ва бошқа саҳобалари ҳам нишонлашмаган. Агар бу амал суннат бўлганида, улар биздан аввалроқ буни бажарган бўлардилар.
Барча яхшилик уларнинг (саҳобаларнинг) йўлига эргашиш ва улар юриб ўтган манҳаж бўйлаб юришдадир. Аллоҳ таоло айтади:
﴿ وَالسَّابِقُونَ الْأَوَّلُونَ مِنَ الْمُهَاجِرِينَ وَالْأَنصَارِ وَالَّذِينَ اتَّبَعُوهُم بِإِحْسَانٍ رَّضِيَ اللَّهُ عَنْهُمْ وَرَضُوا عَنْهُ وَأَعَدَّ لَهُمْ جَنَّاتٍ تَجْرِي تَحْتَهَا الْأَنْهَارُ خَالِدِينَ فِيهَا أَبَدًا ۚ ذَٰلِكَ الْفَوْزُ الْعَظِيمُ ﴾
«Муҳожир ва ансорларнинг биринчи пешқадамлари ва уларга чиройли амаллар билан эргашган зотлар — Аллоҳ улардан рози бўлди ва улар ҳам Ундан рози бўлдилар. Яна (Аллоҳ) улар учун остидан дарёлар оқиб турадиган, улар абадий қоладиган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Мана шу буюк бахтдир» (Тавба: 100). Шунингдек, Расулуллоҳ ﷺ шундай деганлари саҳиҳ иснод билан собит бўлган:
مَن أحدث في أمرنا هذا ما ليس منه فهو ردّ
«Кимки бизнинг мана бу ишимизда (динимизда) унда бўлмаган нарсани пайдо қилса, у рад этилади». Ҳадис саҳиҳ эканига иттифоқ қилинган (Бухорий (2697), Муслим (1718)).
Шунингдек, у зот алайҳиссолату вассалам дедилар:
مَن عمل عملًا ليس عليه أمرنا فهو ردّ
«Ким (динимизда) биз буюрмаган амални қилса, у рад этилади». Муслим ўз "Саҳиҳ"ида ривоят қилган. «У рад этилади» (деган сўзларининг) маъноси, яъни бу амал уни бажарган кишига қайтарилади (қабул қилинмайди).
Шунингдек, у зот ﷺ хутбаларида шундай дер эдилар:
أما بعد، فإن خير الحديث كتاب الله، وخير الهدي هدي محمد ﷺ وشر الأمور محدثاتها، وكل بدعة ضلالة
«Аммо баъд, сўзларнинг энг яхшиси — Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг энг яхшиси — Муҳаммад ﷺ йўли. Ишларнинг энг ёмони — янги тўқиб чиқарилганларидир. Ҳар бир бидъат — залолатдир». Бу ҳадисни ҳам Муслим ривоят қилган (Муслим (1435), Насаий (1560)).
Шу сабабли барча мусулмонлар суннатга эргашиши, унга риоя қилиши ва уни ўзаро тавсия этиши, ҳамда бидъатларнинг барчасидан эҳтиёт бўлишлари лозим. Бу Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларига амал қилишдир:
﴿ وَتَعَاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوَى ﴾
«Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз» (Моида: 2). Яна Аллоҳ айтадики:
﴿ وَالْعَصْرِ إِنَّ الْإِنْسَانَ لَفِي خُسْرٍ إِلَّا الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ وَتَوَاصَوْا بِالْحَقِِّ وَتَوَاصَوْا بِالصَّبْرِ ﴾
«Аср (вақти)га қасамки, (барча) инсон зиён-бахтсизликдадир. Фақат иймон келтирган ва яхши амаллар қилган, бир-бирларига ҳақ (йўли)ни тавсия этган ва бир-бирларига (мана шу ҳақ йўлида) сабр-тоқат қилишни тавсия этган зотларгина (нажот топгувчидирлар)» (Аср: 1-3). Шунингдек, Набий ﷺ ушбу сўзлари:
الدين النصيحة، قيل: لمن يا رسول الله؟ قال: لله ولكتابه ولرسوله ولأئمة المسلمين وعامتهم
«Дин – насиҳатдир». Саҳобалар сўрашди: «Кимга, эй Расулуллоҳ?» Расулуллоҳ ﷺ дедилар: «Аллоҳга, Унинг китобига, Унинг Расулига, мусулмонларнинг бошлиқларига ва оммасига». Муслим «Саҳиҳ»ида ривоят қилган (Муслим (55)).