“Она тилимиз - миллий маънавиятимиз”
Албатта, ўзбек тилимизга бўлган эътибор, муносабатнинг тубдан ўзгарганини алоҳида эътироф этиш лозим. Ўзбек тили мавқеини тиклашга мустақилликка эришиш арафасидаёқ дадил қадамлар қўйилиши халқимиз руҳини беҳад кўтариб юборган. 1989 йилнинг 21 октябрида “Давлат тили хақида”ги қонуннинг қабул қилиниши, мустабид тузум таркибида турган Ўзбекистон учун аслида осон кечмаган албатта.
Истиқлолга эришилгач эса ўз тилимизнинг ўз хаётимиздаги аҳамияти янада кучайиб кетди. Давлатимиз томонидан тил сиёсатига истиқлол сиёсатининг узвий бир қисми сифатида қаралди. 1995 йил 21 декабрда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги Қонуни янги таҳрирда тасдиқланди. Мазкур Қонун 24 та моддадан иборат бўлиб, бу қонуний хужжат миллий она тилимиз – ўзбек адабий тилининг хуқуқий асоси бўлиб хизмат қилмоқда.
Президентимиз, Шавкат Мирзиёевнинг она тилимиз ривожи учун муттасил юксак эътибор кўрсатаётганликлари сиз билан бизни ҳам бу борада тобора фаол бўлишимизни тақазо эътиб турибди. Президентимиз таъбири билан айтганда, “Она тилимиз – миллий маънавиятимизнинг битмас туганмас булоғидир. Шундай экан унга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки муқаддас инсоний бурчимиздир” деб бежизга айтилмаган.
Мана, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига ҳам роппа роса 35 йил бўлди. Ўтган давр ичида она тилимизни ривожи учун жуда кўплаб ишлар амалга оширилди.
Бирлашган Миллатлар ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессияси минбарида Президентимиз тарихда илк бор ўз она тилимизда оламшумул нутқ сўзлади. Ҳайратона ходиса халқимиз кўнглида бениҳоя фахру-ғурур уйғотди.
Тилимизнинг тарихдаги аҳволига бир назар солсак, у қадар қувона олмаймиз. Агар ҳақиқатни айтадиган бўлсак, туркий ўзбек тилимизнинг бошидан кўп камситишлар ўтган. Яъни авваллари араб ва форс тиллари ёнида қадрсизлангани ҳаётий ҳақиқат. Минг шукурки, сўз мулкининг султони Алишер Навоий бобомиз саъй-харакатлари ила кўҳна тилимиз “таҳқир ва ҳақорат ботқоғидан - шеърият осмонига” кўтарилди. Ўзбекона “Хамса” дек беш достонли беқиёсу - бетакрор асар дунё аҳлининг буюк маънавий меросига айланди.
Ўзбек тили дунёдаги қадимий, гўзал ва бой тиллардан бири ҳисобланади. Тилнинг беқиёс имкониятлари қадимги тошбитикларда, халқимизнинг замонлар синовидан ўтиб келаётган мақол ва ҳикматли сўзлари, бетакрор иборалари, достонларида, шоир ва ёзувчиларимиз асарларида яққол кўриш мумкин.
Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг "Бобурнома"си, Абдулла Қодирийнинг бетакрор романлари, Чўлпон, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуфларнинг ўтли шеърияти она тилимизда ёзилган бебаҳо дурдоналардир.
Она тилим - аъло тилим (шеър)
Ўтмиши бор, тарихга бой,
Навоийдан олган чирой.
Орзу ҳавас бунда талай,
Она тилим – аъло тилим.
Яна қайта туғилгансан,
Бахт – иқболга ёғрилгансан.
Ўлкамизга нур бўлгансан,
Она тилим – аъло тилим.
Хозирги XXI асрда жаҳонда 6000 га яқин тил мавжудлиги фанга маълум. Илгари 8000 талигини ҳисобга олсак, 2000 таси йўқолиб кетганлигини аниқлашади. Тилнинг тириклиги - миллат барҳаётлиги, тилнинг яшовчанлиги – миллат барқарорлигидир.
Бизнинг она тилимиз туркий тиллар оиласига мансуб бўлиб, жонли тил сифатида қипчоқ, қарлуқ, ўғиз лаҳжаларида намоён бўлади. Ўзбек адабий тили эса ана шу лаҳжалардаги сўзларнинг маълум бир меъёрига келтирилган шаклидир. У муттасил ўсиб, ривожланиб бормоқда. Унинг ривожида албатта Алишер Навоий бобомизнинг хизматлари беқиёсдир.
Ҳазрат Навоий тил хақида шундай ёзадилар: "Кўнгил хазинасининг қулфи тилдир. Ул хазинанинг калитидин сўз бил". Ўз она тилимизга бўлган муҳаббатни халқимизнинг, одамларнинг самимий суҳбатларида, юксак ахлоқий фазилатларида кўриб, беихтиёр шундай эл фарзанди эканлигимиздан фахрланамиз.