Қалбимда ишқимни авайлаб,
Aйт сени севганим ёмонми?!
Вулқондек ҳисларни жиловлаб,
Кимнидир жим севиш осонми?!
Тик боқиб қаролмай кўзига,
Ҳаётим деёлмай ўзига,
Етолмай бир илиқ сўзига,
Кимнидир жим севиш осонми?!
Ичимда яшайди арслонлар,
Қалбимни кемирар сиртлонлар,
Жонимда тўфон-у исёнлар,
Кимнидир жим севиш осонми?!
Бошидан саробга ошиқман,
Бир яйраб куйланмас қўшиқман,
Эй, Худо, мен қандай ошиқман?!
Кимнидир жим севиш осонми?!
Жонимни ёндирган қутқулар,
Қалбимда бир умр армонми?
Яшриниб йиғлайди туйғулар,
Кимнидир жим севиш осонми?!
Бедорлик дорига осилиб,
Расмини кўксингга жим босиб,
Дилда сирли мактублар ёзиб,
Кимнидир жим севиш осонми?!
Йиғлайсан, кулишга мажбурсан,
Дод демай куйишга мажбурсан,
Жимгина суйишга мужбурсан,
Кимнидир жим севиш осонми?!
Руҳимда исёнлар-сокинман,
Қиёмат довуллар-сокинман,
Ичимда қон йиғлаб-сокинман,
Кимнидир жим севиш осонми?!
Вужуди, ҳам руҳи сарсонман,
Балки мен гуноҳкор, ёмонман,
Бунчаям ҳасрати-жаҳонман,
Кимнидир жим севиш осонми?!
Қонаган жонимга туз сочиб,
Бу шундай жим севар замонми?!
Кўзимга қалампир, кул босиб,
Кимнидир жим севиш осонми?!
Бир марта юзларин силолмай,
Дунёга жар солиб севолмай,
Осонми... жим севиш осонми?!
Кимнидир жим севиш ёмонми?!
©Шаҳноза Жураева
🎵
@sanamyagona777