Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Нурали Сафоевнинг тиббиёт ҳодимлари касб байрами муносабати билан байрам табриги
❗️Ҳурматли тиббиёт ходимлари! Буюк Ибн Сино издошлари!
Халқ саломатлиги йўлида сидқидилдан меҳнат қилиб келаётган Сиз, азиз ҳамкасбларимни юртимизда кенг нишонланаётган Тиббиёт ходимлари куни билан самимий муборакбод этаман. Ушбу байрам ҳар йили мамлакатимиз миқёсида нишонланиб, бу кунда соҳада салмоқли натижаларга эришган тиббиёт ходимлари давлатимизнинг нуфузли мукофотлари билан тақдирланиши эзгу анъанага айланиб улгурди.
Барчамизга яхши маълум, миллий тиббиётимиз кўплаб синовлар, мураккаб шароитлардан ўтиб, бугун соҳада мутлақо янги трансформация жараёнлари кечмоқда. Таъбир жоиз бўлса, Ўзбекистонда тиббиёт трансформацияси узоқ муддатга мўлжалланган стратегия, умуммиллий лойиҳа даражасида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ушбу лойиҳани амалга оширишдаги энг катта куч, шубҳасиз, Cиз — малакали шифокорлар, маҳоратли устозлар, меҳрибон ҳамширалар ҳисобланасиз.
Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг соҳага қаратаётган юксак эътиборига “лаббай” деб жавоб беришимиз, халқимиз саломатлигини сақлаш, уларни тизимдан рози қилишимиз учун барча шароитлар муҳайё қилинмоқда.
❗️Қадрли ҳамкасблар!
Одамлар бирор хасталикдан дард чекса, жони оғриса, энг аввало, кимдан нажот кутади? Албатта, кечаю кундуз ёрдамга шай, ўз касбига, қасамёдига содиқ тиббиёт ходимларидан! Буюк олим Гиппократ: “Табобат – барча илм ва ҳунарлар ичида энг қийини ва шарафлиси”, деганда нақадар ҳақ эди.
Халқимиз тиббиёт ходимларини дунёдаги энг улуғ касб эгалари, фидойи инсонлар сифатида билади ва машаққатли меҳнатини юксак қадрлайди. Бу эса, сизу-бизга катта масъулият юклайди.
Тилагим, шу халқ, шу Ватан учун чин дилдан хизмат қилиш, элнинг меҳрига сазовор бўлиш шу миллат фарзанди сифатида барчамизга насиб этсин! Сизга узоқ умр, сиҳат-саломатлик, оилавий хотиржамлик, файзу барака тилайман.
Байрамингиз муборак бўлсин!
Нурали Сафоев,
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи.