Мен ўлсам, Ёрига кетди деб билинг,
Ортимдан йиғламанг, қувониб кулинг.
Ўлим айрилиқмас висолдир, дерлар,
Мени Ул, Висолга етди деб билинг.
Дунёга келгандим йиғлаб ва бўзлаб,
Ўтдим умрим аро муҳаббат излаб.
Муҳаббат на даъво, на суврат эмиш,
Магар яшаш экан Дийдорни истаб.
Энди минг-бир савол тушди дилимга -
Ахир қандай пешвоз чиқай ўлимга?
Йўл шудир, яшаш бу, дедилар аммо,
Эплаб юролмадим Ёрнинг йўлига.
Юрдим нечаларнинг изинда зор-зор,
Андак ишқ берсалар деб қилдим безор.
На қалам, на калом устасидамас,
Хонақоҳ тўрида экан чин бозор.
Кириб, ул “бозордан” насиба олдим,
Тош қалбим қўрига ишқ чўғин солдим.
Ёндим, куйдим дедим, «жимгин» дедилар,
Сукутнинг таълимин алардан олдим.
Лол бўлди забоним то ундан бери,
Тилимга қулф солди тариқат Эри.
Ва деди: бу жавҳар, кўмирмас билгил!
Унга толиб керак, тужжормас деди.
Мени ўлдиради энди шул дардим,
Чун қалбим ёқади тирнайди бағрим.
Дунёларда йўқдир илож мен учун,
Ёлғизгина чорам – Висолдир, Ёрим.
Мен ўлсам, Ёрига кетди деб билинг,
Ортимдан шодланиб, қувониб кулинг.
Ўлим айирмади бизлардан уни,
Билъакс Висолга етди деб билинг.
🆎🆎🆎🆎🆎
@mahmudmustafo