Дин, хусусан Ислом ҳаётга мазмун берганидек, бундай ҳолатга тушган инсонларни ҳам қутқаради – “Аллоҳ раҳмон ва раҳим, ҳар қандай гуноҳни кечиради” дейилади оят ва хадисларда.
Лекин ўша оятлар ва хадисларга боғлиқ воқеаларга, мана шу ўгитлар илк бор янграган даврларга эътибор берсак, саҳобаларнинг бир гуноҳ учун ўзларини нақадар маломат қилганликларини, юқоридаги ҳолатга тушиб, ҳаётлари қанчалик издан чиқиш ҳолатига келиб қолганини кўрамиз. Қизиқ, улар Аллоҳ ҳар қандай гуноҳни кечириши мумкинлигини билмасмидилар?
Билардилар.
Фақат буни яшаш тарзларининг марказига қўйиб олмагандилар. “Беайб парвардигор”, “Худонинг ўзи кечирсин-у” деган гапларни ўзларига нисбатан ишлатмасдилар.
Тавбанинг энг асосий шартларидан бири ўша қилиб қўйган гуноҳ учун ҳақиқий пушаймонликдир. Мана шу пушаймонликни ҳис қилмай туриб, виждонимизни қийнамай туриб, Аллоҳнинг кечиришидан умид қилиш мантиқсизлик...
Энди, ўйлаб кўринг, қайси айбингиз, гуноҳингиз учун ҳалигача виждонингиз қийналади, бировга айтишга уяласиз, ўзингизни кечирмайсиз, бошқа такрорламайсиз, Аллоҳнинг жазосидан қўрқасиз? Ана ўша гуноҳингиз, иншооллоҳ кечирилгандир... Яна борми бошқа?