Ҳақиқатан, ҳар бир ота-она фарзандига тарбия-одоб берар экан, энг аввало саломлашишни ўргатади. Жаҳонда одобнинг бу жиҳатига эътибор бермайдиган бирор миллат ёки халқ йўқ. Бежизга доно халқимиз "Гапнинг боши-калом, одоб боши-салом", демаган.
Бирор нотаниш киши билан кўришиб-танишмоқчи бўлсангиз, салом беришингиз билан гап-гапга қовушади, ўртадаги бегонасираш, ноқулайлик барҳам топади. Ҳатто мухолифингизнинг ҳузурига "Ассалому алайкум", (Сизга тинчлик-омонлик бўлсин) деб кирсангиз, у жаҳлидан тушади, кеки йўқолади, кўнгли сизга мойиллашади. Саломлашишнинг савоби, бунга бериладиган ажр-мукофотлар-ку, ҳаммасини босиб кетади.
Абдуллоҳ ибн Аббос: "Ҳар бир нарсанинг ниҳояси бор, саломнинг ниҳояси баракотдир", деганлар.
Салом бериш ва алик олиш хусусида ахлоқ-одобимизнинг қуйидаги бир қанча кўрсатмалари бор:
"Аввал салом, кейин калом" (яъни бошқа гап-сўзлар).
"Салом бермагунича, бировни таомга чақирманглар".
"Оила аъзоларингиз ҳузурига, яъни уйингизга салом билан киринг, шунда сизга ҳам, оилангиз аъзоларига ҳам барака ёғилади".
"Одамларнинг Яратганга энг яқини бошқаларга энг аввал салом берганидир".
"Бир-бирларингиз билан саломлашиб юринглар, шунда ўрталарингизда меҳр-муҳаббат уйғонади".
"Одамларнинг бир-бирларида олтита ҳақлари бор: салом бериш; чақирса, бориш; маслаҳат сўраса, жавоб қайтариш; аксирса, соғлиқ ва шифо тилаш; бемор бўлса, бориб кўриш; вафот этса, жанозасида қатнашиш".
"Саломга алик олиш шарт, бордию алик олинмаса, салом берувчига зарари йўқ".
"Йўлдан ўтиб бораётган одам кўпчиликдан бир кишига салом берса кифоя қилади, ўтирганлардан бир киши алик олса етади".
Оқил ва одобли киши дўстлари ва яқинлари билан учрашганда, одамлар олдидан ўтаётиб, бирор мажлис ёки жамоат жойига кирганда, "Ассалому алайкум", деб салом бериши зарур.
Саломни янада тўлиқ ва маънодор қилиш учун "Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ", яъни (Сизга тинчлик-омонлик, Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти бўлсин), дейилади. Алик олиш ҳам саломга яраша чиройли ва мукаммал бўлиши керак.
Салом бериш Пайғамбар алайҳиссаломнинг кўрсатмалари (суннат), унга алик олиш эса Аллоҳ таолонинг буйруғи (фарз) ҳисобланади.
Ҳар бир киши ўз хонадонига кирганда ҳам оила аъзоларига салом беради.
Салом тўлиқ, сўзларини бузмай, одоб билан берилади, у "салом", "сомалайкум" (маъноси: сизга ўлим бўлсин), "салом бердик", "привет", "хайрли кун" каби бузуқ шаклларда бўлмаслиги лозим.
"Ижтимоий одоблар"китобидан
Яқинларингизга ҳам улашинг!
https://t.me/Hazrati_ibn_Abbos