Аёл керак бўлса эрининг этагида намоз ўқирди: унинг йўлини пойлайдиган, кутадиган...
Эр қаёқлардандир санғиб қайтса ана ўша хотинини уни кутиб Қуръон ўқиб ўтирган ҳолида топарди.
-Ухламадингми?
-Келгунингизча ҳавотир оламан, телефон қилсам, рулда бўлсалар мени деб бир фалокат бўлмасин дейман. Яхшиям Қуръон бор, шуни ўқиб сизнинг йўлингиз очиқ бўлишини сўраб ўтирибман дадаси...
"Ҳм" деб қўярди эр шунда... Кейин қизиқ бўлмаса ҳам сўраб қўярди: "Бугун неча пора ўқидинг?"
-Етти пора!
-Қачон хатм қиласан?
-Эртага!
-Бу нечинчиси?
-Ўн тўққизинчиси, кўпайишгунимизча Аллоҳга ваъда берган миқдоримни бажариш насиб этсин, илоҳим...
-Ин шаа Аллоҳ...
Эр шундан кейин аёлини ҳурсанд қилгани чўнтагидан эллик минг сўм чиқариб унга тутқазарди.
Аёл эса дарров Қуръонини бошига қўйиб, эрини дуо қилишга тушарди.
-Илоҳим бирингизга мингнинг баракасини берсин, мен учун бошингиз ҳамиша омон бўлсин!
Эртаси кун.
Аёл эрини бомдодга уйғотди. Жуфтининг туриши қийин. Икки ракаат намозни аранг диққатини тўплаб ўқиди. Кейин секин яна деразани чертди. Ичкари жим.
Кейинги намоз ўқилиши билан у яна кафт очиб эрини дуо қилишга тушди: бу сафар тез, чунки жуфти ҳали бомдодга турмади!
"Аллоҳим ҳалолидан бер, осонидан, жонини қийнамай, соғлиғини йўқотмай топадиган-ҳалолини рўпара қил. Машаққатини озайтир. Бизнинг бахтимизга доим соғ қил."
Сўнг ҳалиям шунча уйғотишларга турмаган ёрига бироз аччиғи чиқиб, қўшиб қўйди:
"Илоҳим тақвосини кучайтир!"
Эр аранг намозини ўқигач, яна бироз тин олди.
Сўнг ясаниб, пайпоғигача дазмол урилган кийимларини кийиб кўчага йўл оларкан, остонада аёлига рўпара бўлди:
-Яхши бориб келинг! Илоҳим ризқимизни ҳалолидан етказсин, ишингиз доим юришиб кетсин!
Уни яна дуо билан кузатган аёли машинани қиздираётган пайтида ҳам дераза орқали кузатиб, уни ҳамон дуо қилаётганини эр биларди.
-Алло, асалим яхши ётиб турдизми? Мусулмон одам бомдод ўқимайдими, турақолинг! Сизга кечаги айтган пулингизни қилиб қўйдим: уч юз "кал"миди?
Телефон ортидаги ишвали овоз эркаланиб товуш берарди:
"Неа, бугун беш юзга чиқди, кеча сразу бермадизу! Кетган шунча асабларимни ҳаққи нима бўлади?"
"Хўп, туринг битта чўм-чўм қилиб ширингина бўлиб олинг, боряпман!"
У шундан сўнг елкаси оша уйи деразасига қараб қўярди. Бу пайтда аёл бу назарни хайрлашишга йўйиб "омин"ини якунларди: "Эримнинг бирига мингнинг баракасини бер. Болаларимнинг ризқини бутун қил, Роббим.
У эрини яхши кўрарди. Ибодатига имкон бергани учун. Оғзи чучиган нарсани олиб келиб илингани учун. Бир ҳафтада бир марта кўчаларни айлантириб келгани учун. Фарзандларини яхши кўргани учун...
Эҳҳе, ўшанда унинг- кўз кўрар жуда кўп яхши кўришлари бор эди, ажаб!
Қирқинчи хатмни у бола кўп питирчилайдиган бўлиб қолгани учун тик туриб ўқиди. Мана ваъда бажарилди.
Бироқ фарзандининг туғилиши бошқа бир воқеаларга уланиб кетди.
Остонага уй даво қилиб келган аёлнинг рангидан тупроқ ёғиларди. Бунақа хунук аёлни кўрган эмас. Эрига бир оғиз гап айтди:
"Шунчалик дидингиз йўқ экан, айтмайсизми ўзим сизга энг чиройли қизни совчи бўлиб олиб бермайманми?"
Эр бу гапни ўз аёлидан кутмаганди. Табиийки, танлов ўртага чиққан пайтда аёли томонга ёпишди.
"Сенсиз яшолмайман. Хато қилдим, аммо сендан воз кечмайман!"
"Унда бундан бу ёғига қанақа бўлсам, чидайсиз! Чунки энди ҳеч нарса аввалгидек бўлмайди!"
Шу шарт билан у аёлининг ёнида қолди. Ич-ичидан "мен учун жонини беради" деб юрган аёлининг гапларидан ҳайратда эди.
Ҳа, аёл ва эркак севгисининг ғалати фарқлари бор. Эр-севса ҳам ҳиёнат қилавериши мумкин бўлганидек, аёл ҳам гарчи жонидан ортиқ кўрадигандек туюлса-да, ўша жонни вақти келганда юлиб ота олади!
Бежиз унинг қирқта жони бор деб айтишмаган. Қирқта жон! Биринчиси, иккинчиси майли, аммо қирқинчи жонда гап катта! Ана ўша қирқинчи жонда аёлни яшашга ундовчи яхши хотиралар ва яшашдан совутувчи ёмон хотиралар аралаш яшайди...