— Сен сира сиқилма, — деди Нормат бу гаплар кўксини нақ тешиб ўтаёзган бўлса-да, яна ўзини босиб. — Мен ҳаммасини тушунаман. Сеникида бир минут ҳам қолмайман. Жинни бўлганим йўқ жигаримнинг оиласига совуқчилик тушириб. Ана, туман марказига борсам, ҳайҳотдай меҳмонхона бор. Шунчаки… Сизларни соғиниб келувдим-да, синглим! Сен сира кўз ёш қилиб ўзингни қийнама! Бўпти, яхши ўтиринглар! Яхши кунларда кўришайлик илойим!..
Турсуной ортиқ бир сўз демади. Норматни ташқаригача кузатди-ю, дарҳол ўзини ичкарига олди.
Нормат катта йўл бўйлаб кетиб борарди-ю, деярли ҳеч нарсани идрок эта олмасди. Қулоқлари остида фақат бир сўз. Синглисининг «Эрим мени сиздан қизғона бошлади», деган биргина гапи жарангларди. Шу ёқимсиз, ҳақоратга йўғрилган жумлалар миясида айлангани сайин ғазаби қўзғар, қўйиб беришса, Соливойни хумордан чиққунча дўппослар шашти бор эди.
«Энди нима бўлади? — ўйларди у теваракка ҳиссиз назар ташлаб. — Туғишган синглимникига сиғмадим. Сиғмаганим ҳам уёқда қолиб, очиқчасига ҳайдалдим. Бало келса ботмонлаб келиши шу бўлса керак. Бунданам баттари бўлмайди. Шу мараз ўтган йили ҳам оёқларимни ўпиб, изимни кўзга суришга ҳозир-у нозир эди. Мана, ишсиз, оиласиз, ватансиз қолганимни эшитибоқ, тўнини тескари кийибди. Нима бўлгандаям куёв ёв экан-да! Дўстлик қилмас экан-да! Бу-ку майли. Буёғига нима қиламан энди. Шаҳарга жўнавориш ҳам кўнгилга сиғмайди. То бобом, бувижонимнинг қабрини зиёрат қилмагунча, кўзимга ҳеч нарса кўринмайди. Демак, туман марказидаги меҳмонхонага боришим керак. Ўша ерда бир-икки кун яшаб, болалигим ўтган кўчаларда тўйиб айлансам, бас. Кейин ими-жимида жўнасам ярашади. Бироқ меҳмонхонада, ўша атрофда танишлар кўриб қолса-чи? Нима дейман? Қанақа баҳона тўқийман? Тўхта, Манзураникига борсам-чи? Уям эрининг гапига кириб ҳайдаб солармикан ё? Йўқ, ундай қилиши… Дарвоқе, Манзура ўгай сингил-ку менга! Отаси бошқа бўлса… Туғишганим нима қилди-ю, ўгай нима қиларди?!. Ачинармиди? Ҳечам-да! Бўлиб ўтган гапларни эшитса, устимдан кулар боплаб!.. Тўғри, шу кунгача Манзурадан ёмонлик кўрмаганман. Кўришиб қолса, атрофимда пойи-патак бўларди. Ёмонимни яшириб, яхшимни оширарди. Аммо… Отаси ўз таъсирига тушириб олган бўлса-чи? Худди ўгай отам каби менга ўқрайса-чи? Тўнғиллаб берса-чи?.. Йўқ, нима бўлгандаям бир бош суқиб ўта қоламан. Вазиятга қарайман. Сал қалтислигини сезсам, яхшиликчасига, обрўйим борида жўнаб қоламан. Ана унда меҳмонхонадан бўлак илинж қолмайди…»
Нормат таниш кўча рўпарасига етганда, таваккал ўша тарафга бурилди…
Янглишибди, Манзура Норматнинг маҳзун ҳикоясини эшитиб, бир муддат унсиз йиғлади. Ора-сирада Норматга ер остидан ачиниш, меҳр аралаш қараб олди. Лекин қараганини сездирмади. Орага жимлик чўккачгина шоша-пиша кўз ёшларини енгига артди-да, Норматга қайноқ чой узатди.
— Хафа бўлманг-у, аммо бекор борибсиз опамникига, — деди у ер чизиб. — Ўша ярамас эрининг қанақалигини билардингиз-ку! Нега тўғри меникига келавермадингиз?..
Бу саволга жавоб қайтариш Нормат учун жуда мушкул эди. Ўртага «туғишган», «ўгай» деган сўзни аралаштиришдан, билиб-билмай хато қилишдан жуда чўчиётганди. Олдинига нима дейишни, ўзини қандай оқлашни билмай гарангсиди. Лекин… Бўлмади. Охири ёрилди.
— Қара, Манзура, — деди томорқа тарафга бош буриб, жўхоризорни ўйчан кузатаркан. — Турсуной… Ҳалигидай… Туғишган, жигар бўла туриб шундай деди. Бу, ахир…
— Мен ўгайманми?..
Нормат Манзуранинг қўққисдан берган саволини эшитди-ю, аъзойи бадани увишган каби бир неча ўн сония тош қотди. Манзура эса ҳануз ундан жавоб кутиб жавдирарди.
— Бу нима деганинг, аҳмоққинам? — деди Нормат ниҳоят сал ўзини ўнглаб. — Ким сени ўгай деди?
— Деб ҳам кўринг-чи, — деди Манзура Норматнинг кўзларига тик боқиб. — Ўша кунданоқ қайтиб бетингизга қарамайман.
— Қўй, ундай дема! Сен билан биз бир қориндан талашиб тушган ака-сингилмиз. Зинҳор бу сўзни оғзингга олма, синглим!..