🥀ҚАРИНДОШЛИК ЎЛМАСИН🥀
Бир пайтлар уйимиздан аримасди меҳмонлар,
Тез-тез йўқлаб келарди холалар-у, аммамиз.
Унитилмас, бетакрор эди ўша замонлар,
Дастурхон атрофида хурсанд эдик ҳаммамиз.
Оппоқ унлар туш эди,қўлда донни янчардик,
Арпа,тариқ унидан нонлар ёпиб ер эдик.
Бир ҳафта кўришмасак қалбга соғинч санчардик,
"Меҳмон келса эшикдан,ризқи келар" дер эдик.
Қўшнилар ҳам жигардек, йўқларди бир-бирини,
Бор товоғим, келгин деб,илингани ош эди.
Ҳеч ким яқин дўстининг сотмас эди сирини,
Оқибат деган занжир,жигарларга бош эди.
Кибр деган кам эди, сизлардилар гўдакни,
Ўғил ота ёнида, ёнбошламас керилиб.
Саратонда ҳовлига ёзиб қатор тўшакни,
Набиралар, жиянлар ётар эдик терилиб.
Ошга қўл чўзилмасди, ота чойга келмасдан,
Эзгулик деган дарахт, очар эди куртаклар.
Телефонга овуниб ўсмас эди гўдаклар,
Эшитиб улғаярди аллалар-у, эртаклар.
Ҳозир ўзгарган замон, ё одамлар ўзгарди,
Шукур дейиш камайди, ошиб кетди ноламиз.
Ҳар ким ўзи билан банд, тугамас рўзғор дарди,
Жигаримиз кўришга юбормаймиз боламиз.
Жигарларни йўқлашга интилмайди юраклар,
Ётиб қолиш майлига, вақт бўлмас бир соатга.
Ҳамма нарса телфонда, тикон босди йўлаклар,
Айтинг дўстлар йиғлайми, кулайми бу ҳолатга.
Қариндошлар, қондошлар, оқибатдан бурманг юз,
Бизни қондош қилганга шукроналар айтайлик.
Омонат дунёсида тушиб турсин кўзга кўз,
Борди, келди кунларга келинг яна қайтайлик.
Мактуба ШАЙДО