БАХТИНГНИ АВАЙЛАГИН.....
Қизим, бахт ҳеч кимга мукофотдек тутқазилмайди. Унга ўзинг эришасан. Қачонки, сабр-қаноат ва шукрни унутмасанг... Бувим раҳматли айтган бу гаплар ҳаётим ҳикматига айланган. Одатда, биз кексаларнинг гап-сўзларини эшитамизу, ҳар доим ҳам маъносига аҳмият беравермаймиз. Ҳаёт уммонида сузганинг, умр майдонида курашганинг сари доно элнинг ҳар жумласи ўрни билан айтилганига иқрор бўласан киши.
Бугун ишга келаётганимда сен қўнғироқ қилиб қолдинг.
- Яхшимисан, дугонажон? Ишларинг жойидами? Жуда ҳам зерикиб кетдим. Қайнонамнинг кўнглига қарайми, эримнинг инжиқлигини кўтарайми. Бир томонда болалар. Эҳ, жонимга тегиб кетди ҳаммаси...
Сенинг доимий ёзғиришларингга, нолишларингга кўникиб қолганман. Сени ўзгартиришга, ҳаётда бундоқ оптимистроқ бўлишга ўргатишга ҳар қанча уринмай барибир ҳеч фойдаси бўлмаяпти...
- Ношукрлик қилмаяпсанми? Сенга неча марта айтганман-а, фарзандлари бўла туриб зерикдим, дегани аёл нафратга лойиқ. Нега зерикасан-а? Шукр қилмайсанми, бошингда эринг, қучоғингда фарзандларинг бор. Жонимга тегди деган иддао яхшиликка эмас...
Сенга узоқ гапирдим. Ҳамма гапларимни айтиш учун тушадиган бекатимдан анча олдинроққа тушволиб, гаплашиб келдим. Ҳаётнинг гўзаллигини, дунёнинг омонатлиги, неъматларнинг қадри... Куюнганим сари энсанг қотаверди:
- Нега тушунмайсан, ахир, ҳаётим бир хил. Ранги йўқ, мазмуни йўқ... Эр дегани бундоқ романтик бўлса, байрамларда эрим билан ёлғиз айлангани борсак, чиройли гуллар совға қилса, ўзи бежирим кийимлар олиб келса... Концертгами, театр томошасига чипта олиб келса “онам билан борасан деб қайнонамга қўшиб юборади. Бундоқ гул кўтариб келишни билмайди. Байрам ё туғилган кунлар бўлса, қўлимга пул бериб, ўзингга ёққан нарсани оларсан дейди. Шу ҳам ҳаётми?!.
Шуям ҳаётми?!...
Ҳаммасини мураккаблаштирадиган, ҳаётимизни чигаллаштирадиган иддао. Айтгин, сен қандай ҳаётни орзу қилгандинг? Ҳашаматли уй-жойинг, савлатли, топармон-тутармон, меҳнаткаш эринг, ширингина фарзандларинг, дуогўй ота-онанг, сен ва фарзандларингнинг хизматига шай турган қайнона-қайнотанг...
Дугонажон, ҳар икки-уч ойда нималарнидир баҳона қилиб жанжал кўтарасану, лаш-лушингни йиғиштириб онангникига жўнайсан. Аслида ўзинг ҳам яхши биласан, уч бола билан ота уйингга сиғмайсан. Кафтдеккина ҳовлида икки келинойинг, болалари билан яшашяпти. Тўхта, дугонажон, келинойиларингнинг ҳаётига разм солганмисан? Ҳеч қачон уларнинг тилидан ношукрлик, нолиш, ёзғириш учганми? Бир солиштир-чи, сенинг турмушинг билан уларнинг турмуши орасида қанча тафовут бор экан? Катта аканг беш йилдан бери хорижда ишлайди. Уйланиб олган, болаларига, келинойимга онда-сонда пул жўнатишини айтмаганда, деярли рўзғор келинойимнинг бошида дейсан. Шу келинойинг бирор марта тиш ёриб, бировга дардини дастурхон қилганми? Ҳаётидан нолиб, ёзғириб юрганини ҳеч кўрганмисан? У бундай қилмайди. Чунки, билади, ношукрлик аҳволни баттар абгор қилади. Қўлингдаги бор нарсанинг ҳам баракасини кеткизади. Келинойинг шукр қилади. Тан-жони соғ, қўлида дипломи бор, ишлаяпти, куч-қуввати бор. Фарзандлари соғ-саломат. Биласанми, дугонажон, бу дунёда инсон учун энг муҳим нарса соғлиқ! Соғлиқ бўлмаса ҳеч нарса татимайди. Ким бахтли, соғлом киши бахтли. Кимнинг кўнгли хотиржам, ўзи ва яқинлари, фарзандлари соғлом кишининг кўнгли хотиржам. Ким бой, ўзи ва яқинлари соғлом, ҳар куни дори-дармон учун дорихоналарда сарсон юрмайдиган киши бой. Сен мана шу неъматлар қадрини унутиб қўймаяпсанмикан? Майли, сен айтганингча бўлсин, турмушингда ўзинг айтмоқчи, романтика бўлмасин, эринг сени хиёбонларга айлантиргани олиб чиқмасин, томошаларга қайнонангга қўшиб жўнатсин. Хўш, буни нимасини ёмонликка йўйиш керак? Эринг романтикани билмаса бу унинг айби эмас, аксинча, ютуғи. Қолаверса, сенинг ҳам бахтинг, суюнавер. Шундай романтикларни биламан, хотини–болалари уйда тишини сўриб ўтиради, романтик жаноб эса бегоналарга пул сарфлаб, қиммат қаҳвахоналарда базмлар уюштириб юради. Нима эмиш, у киши яшашни билармишлар. Яшаш дегани шу эканми?........